Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИНИ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ АСОСИДА ШАРҲЛАБ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИНИ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ АСОСИДА ШАРҲЛАБ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни нозил қилиб, уни инсониятга баён қилиш, ундаги кўрсатмаларга қай тарзда амал қилиш, амал меъёрини инсонларга кўрсатиб бериш ва Қуръонда келмаган бошқа ҳукмларни етказиш масъулиятини юклаган. Бу ҳақида Аллоҳ азза ва жалла бундай дейди:

بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

Маъноси: “Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”.[1]

Бундан Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари ҳам шаръий манба экани, у зотнинг сўзларига алоҳида эътибор бериш лозимлиги, шариат моҳиятини у зотнинг сўзларисиз англашнинг иложи йўқлиги тушунилади. Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам шунга ишора қилиб бундай деганлар:

Молик ибн Анасдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ичингизда икки нарсани ташлаб кетмоқдаман. Модомики, сизлар у икки нарсани маҳкам тутар экансиз, ҳаргиз адашмайсиз. Улар: Аллоҳнинг китоби ва Расулнинг суннатидир”, деб марҳамат қилдилар” (Муваттода мурсал ҳолда ривоят қилинган).[2]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини яхши англаган саҳобалар У зотнинг сўзларини бор куч-ғайратлари билан ўрганишга, бирор сўзларини назардан қочирмасликка ҳаракат қилганлар. Баъзан, бир дона ҳадисни деб узоқ ва машаққатли сафарларга чиқишга жазм қилганлар.

Ҳадис ўрганишга эътибор кейинчалик тобеинларга, улардан табаъа тобеинлар ва шу тарзда кейинги авлодларга ўтиб борган. Ҳадис илмининг ривожланиши саҳобалар давридан бугунги кунимизгача давом этиб келган бўлса-да, олимлар аввалги уч асрни бу борада алоҳида зикр қиладилар. Зеро, ўша уч аср ҳадис илмида алоҳида ўрин тутади.

Биринчи аср саҳоба ва катта тобеинлар асри бўлиб, унда ҳадислар маъносини ўрганиш, нима мақсадда айтилгани ва улардан қандай фиқҳий ҳукмлар чиқариш, ҳадисларни Қуръон оятлари билан уйғун ҳолда эканлигига эътибор бериш асри эди.

Бу даврда ҳадис санадларини ўрганиш ҳали бошланмаган эди. Чунки, бу аср Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда яқин давр бўлгани ва бу давр одамлари диёнат борасида бекаму-кўст бўлганликлари учун ҳам ҳадисларнинг ишончлисидан ишончсизини ажаратишга эҳтиёж йўқ ва табиийки, бунинг учун маълум бир қоидаларни ишлаб чиқишга зарурат йўқ эди. Бу давр саҳобалар ва катта тобеинлар даври эди.

Иккинчи асрда эса ҳадисларнинг ишончлилигини текшириш зарурати туғила бошлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан узоқлашилган сари инсонларнинг омонатдорлиги ҳам ўзгара бошлади. Бу давр инсонларининг тақвоси ҳам саҳоба ва тобеинларнинг тақвоси каби эмас эди.

Шунингдек, иккинчи асрга келиб бир қанча ботил қарашларга эга фирқалар чиқиб, улар ўзларининг даъволарига турли ҳадислардан далил келтиришга ҳаракат қилар эдилар. Бу ҳол биринчи навбатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатланган барча ҳадисларни текширишни, ишончли ҳадисларни ишончсизидан ажратишни талаб қилар эди. Бу эса санад илми, ровийлар ва ҳадис илмига алоқадор бир қанча бошқа йўналишларни пайдо қилди.

Демак, бу давр ҳадис истилоҳлари ва қоидалари пайдо бўлиши, ҳадисларни текширувчи мактаблар вужудга келиши даври бўлди. Абдуллоҳ ибн Муборак, Молик ибн Анас, Суфён ас-Саврий, Суфён ибн Уйайна, Яҳё ибн Саид ал-Қаттон, Абдурраҳмон ибн Маҳдий, Яҳё ибн Маъин, Вакиъ ибн Жарроҳ, Амр ибн Али Фаллос, Али ибн Мадиний ва бу фаннинг асосларини ишлаб чиққан бошқа олимлар иккинчи асрга мансубдирлар.

Учинчи аср эса асосан аввалги асрда ишлаб чиқилган қоидалар ва усуллар асосида ҳадисларни йиғиш, ишончсизини ажратиш, санади ва матнини тўлиқ текшириш, саралаш ва маълум бир йўналишлар асосида китобларга жамлаш асри бўлди.

Бу борада бир қанча олимлар майдонга чиқиб, асарлар ёздилар ва айримлари бошқалардан ўзиб кетди. Уларга Абу Бакр ибн Абу Шайба, Ҳумайдий, Абурраззоқ, Имом Муслим ва бошқаларни мисол қилиш мумкин. Лекин бу асрда юқоридаги ишларни амалга оширишда бирор бир муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий даражасига ета олмади. Ҳадис илмининг барча жабҳасида унинг тенгсиз эканлигини барча олимлар эътироф қилар эдилар. Айниқса, бу эътирофни Имом Бухорийнинг устозларининг ўзлари айтишлари тенгдошлари ва шогирдларининг мақтовларидан беҳожат қилади.

Имом Бухорий ҳадисларни текшириш қоидаларини моҳирона татбиқ қилиб, ишончли тўплам ёзиши у зотни яна ҳам машҳур бўлишига ва “Амирул муъминин фил ҳадис” (Ҳадис борасида мўминлар амири) деб тан олинишига сабаб бўлди. Олимлар унинг асарини осмон ва ер орасидаги Қуръони каримдан кейинги энг ишончли китоб эканига гувоҳлик бердилар.

Имом Бухорийнинг асари энг ишончли саҳиҳ тўплам дея эътироф этилиши ҳадис билан шуғулланган барча олимларнинг эътиборини ўзига тортган. Унга турли йўналишларда шарҳлар, изоҳлар, ровийлари ҳақида маълумотлар ва бошқа 30 га яқин йўналишда китоблар битганлар.

Хусусан, 8 ҳижрий асрда яшаб ижод қилган, “Ҳадис илмида мўминлар амири” лақабини олган олим Ибн Ҳажар Асқалоний “Саҳиҳул Бухорий”га 25 жилдлик шарҳ ёзади ва асарнинг муқаддимасида Имом Бухорийнинг асарига 28 хил йўналишда китоблар ёзилганини айтади. Шарҳларининг ўзи 100 тадан ошиши ва бугунги кунда ҳам шарҳ ёзишлар ҳали ҳам давом этаётгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Асар ҳадис илми борасида шоҳ асар бўлгани учун ҳам дунёдаги барча ислом таълим муассасаларида дарслик сифатида талабаларга ўқитилади.

Республикамизда Имом Бухорийнинг илмий ва маънавий меросини ўрганувчи асосий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом интитутида ҳам учинчи ва тўртинчи босқич талабаларига “Саҳиҳул Бухорий” асари араб тилида тўлиқ дарслик сифатида ўтилади.

Мазкур институтда “Саҳиҳул Бухорий” дарслик сифатида танланишининг бир қанча асослари бор. Улар:

  • “Саҳиҳул Бухорий” китоби ҳадислар жамланган энг ишончли китоб ва биринчи манбадир. Демак, ҳадис фанидан шу асарни дарслик сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳар қандай фанда ҳам талабаларга маълумотлар энг ишончли манба асосида берилиши лозим.
  • Муаллиф аждодимиз бўлганлиги. Аждодларимиз меросини ўрганиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
  • Ҳадис илмида шоҳ асар бўлганлиги сабабидан дунёдаги нуфузли диний таълим муассасаларида ҳам айнан “Саҳиҳул Бухорий” дарслик сифатида фойдаланилади.
  • Президентимиз Шавкат Мирзиёев аждодларимиз асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодни уларнинг бой мерослари асосида тарбиялаш керак эканлигини бир неча бор соҳа мутахассисларига айтиб ўтган.

Асарни дарслик сифатида эътибордан қочирмаслик керак бўлган яна бир муҳим жиҳат бор. Маълумки, асар маълум бир мазҳаб асосида ёзилмаган. Балки у ердаги ҳадислар Имом Бухорийнинг ҳадисларни асарга киргизиш борасидаги шартлари, шунингдек, ҳадис олимлари яратган ишончлилик шартларига мувофиқ бўлган ҳадислардир. Бу эса асардаги барча ҳадислар айнан бирор мазҳабга тўла мувофиқ келмаслигига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, асар сарлавҳаларнинг мураккаблиги ва Имом Бухорийнинг ҳадислардан ҳукм олишдаги шахсий қарашларини ифодалаши асарга эҳтиёткорлик билан ёндашиш заруратини туғдиради.

Бизнинг юрт мусулмонлари қадимдан ҳанафий мазҳаби асосида турмуш кечириши, фатволар ҳам шу мазҳаб асосида берилгани ва диний таълим муассасаларида доим диний дарслар ҳанафий мазҳаби китоблари асосида берилгани “Саҳиҳул Бухорий”ни ҳам ҳанафий мазҳаби асосида шарҳлаб ўқитишни талаб қилади.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти диний ходимларга қўйилаётган замонавий талаблардан келиб чиқиб, диний ва дунёвий фанларни чуқур ўзлаштирган, соф ислом маърифатини халққа етказадиган, мўътадил мазҳаб бўлмиш ҳанафий мазҳабининг далилларини ақлий далиллар билан бирга, Қуръон ва ҳадислар асосида тушунтириб берадиган, мафкуравий хуружларга қарши тура оладиган, турли оқимларнинг ёт ғояларига раддия бера оладиган мутахассисларни тайёрлашни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйган.

Институт асрлар давомида юртимизда шаклланган анъанавий ҳанафий мазҳаби ва мотуридия таълимотига мувофиқ ҳамда хорижий етакчи диний олий ўқув юртлари тажрибасини эътиборга олган ҳолда, сўнгги йилларда ўқув дастурлари янада ривожлантириб бормоқда.

Тошкент ислом институтида “Саҳиҳул Бухорий” ҳанафий мазҳаби асосида ва айни вақтда тўлиқ шаклда дарслик сифатида ўтилишининг бир қанча аҳамиятли жиҳатлари бор:

  1. Асардаги бир қанча ҳадислар ҳанафий мазҳабида ҳам далил сифатида келтирилади. Ҳадисларни ҳанафий мазҳабига қай йўсинда далил эканлиги талабаларга баён қилиб берилади.
  2. Талабалар асардаги ҳадислар, уларнинг “таржиматул боб”лари, яъни ҳадис сарлавҳаларини англашда қийинчиликларга учрайдилар. Зеро, “Саҳиҳул Бухорий” асари талабалар фойдалашиши жиҳатидан бошқа асарларга нисбатан мушкулроқ эканлигини кўплаб ҳадис олимлари эътироф қилган.
  3. Имом Бухорийни олимлар “мужтаҳид” бўлган дейдилар. Буни ҳадисларнинг сарлавҳаси келтирилишида яққол кўришимиз мумкин. Табиийки, асарда бир қанча масалаларда ҳанафий мазҳабига мос бўлмаган ҳадис сарлавҳалари келтирилган. Талабаларга ана шу сарлавҳаларда Имом Бухорий нима демоқчилиги ва ҳанафий мазҳабида бу масала қандай эканлиги ёритиб берилиши зарур.
  4. Шунингдек, охирги даврларда мазҳабларнинг бирортасига эргашмай, ҳадислардан тўғридан–тўғри ўзлари ҳукм оладиган (“бемазҳаб”)лар кўпайгани ҳеч кимга сир эмас. Улар ўзларига “ҳадис саҳиҳ бўлса бўлди, шунга амал қиламиз” деб, ишончли ҳадис тўпламлари “Саҳиҳул Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим” каби асарлардан тўғридан-тўғри ҳукм олмоқчи бўладилар. Бу эса мусулмонлар орасида бир қанча ихтилофлар ва зиддиятларни келтириб чиқармоқда.

Талабаларда турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларнинг асоссиз иддаоларига раддия бера олиш малакасини ҳосил қилиш учун институт талабалари ҳадис фанидан “Саҳиҳул Бухорий”, “Сунани Термизий” асарларининг араб тилидаги матнларини тўлиқ ҳанафий мазҳаби асосида шарҳлаб ўрганадилар.

Агар асар тўлиқ ўқилмай, фақат сайланмаси ўқилса, ёки ҳадислар териб, фақат ҳанафий мазҳабига далил бўлган ҳадисларгина ўқитилса, талабалар тасаввури бир томонлама бўлиб қолиши мумкин. Натижада ҳанафий мазҳабига далил бўлмаган, балки зоҳиран қарши бўлган ҳадисларга дуч келганда, тўғри жавоб топа олмаслик, асосли раддия беролмаслик ҳолатлар вужудга келиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Саҳиҳул Бухорий” ўз йўналишида тенгсиз бўлган асардир. Муаллиф аждодимиз эканлиги бизга ифтихор бағишлайди. Шунинг учун асарни ўрганиш, ундаги ҳадисларни ёш авлодга мазҳабимизга мувофиқ тарзда шарҳлаб ўргатишимиз, кишиларнинг маънавиятини бу билан суғоришимиз, асарни нотўғри талқин қилаётганларга асосли раддия бера олишимиз ва айни вақтда Имом Бухорийнинг мазкур асарини ўрганаётганлар ичида барчага намуна бўлишимиз ҳам Парвардигор ва ҳам халқ олдидаги мажбуриятимиздир.

[1] Наҳл сураси, 44-оят.
[2] Хатиб Табризий. Мишкотул масобеҳ. – Байрут. Дорул фикр, 1991. Б. 100.
Уйғун ҒАФУРОВ
Тошкент ислом институти ректори,
 Фахриддин МАМАНОСИРОВ
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …