Home / МАҚОЛАЛАР / Муҳаммад (с.а.в.) даврларида Қуръон илми ва Қуръоннинг жамланиши

Муҳаммад (с.а.в.) даврларида Қуръон илми ва Қуръоннинг жамланиши

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга 23 йил мобайнида сура ва оятлар тарзида босқичма-босқич ваҳий фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси билан илоҳий ваҳий сифатида, араб тилида, нозил қилинган.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Ваҳий нозил бўлиш вақти Муҳаммад (алайҳис-салом) учун жуда оғир кечарди. Расулуллоҳ (алайҳис-салом) оятларни унутиб қўйишдан қўрқиб, ёдда сақлаш мақсадида уларни кўп-кўп такрор қилар эдилар.

Қуръони карим нозил қилиниш жараёнида саҳобалар томонидан асосан ёд олиб бориш билан бир қаторга баъзи бир ашёларда ёзилиб ҳам борилган.

Пайғамбаримиз (с.а.в) эса Парвардигордан ваҳийни қабул қилиб олганларидан сўнг, нозил бўлган сура ва оятларни ҳузурларида бўлган саҳобаларга тиловат қилиб берар ва ваҳий котибларига оятнинг жойини кўрсатиб: “Бу оятни фалон суранинг фалон жойига қўйинглар!” деб буюрар эдилар. Улар Расулуллоҳ(с.а.в) айтиб турган оятларни хурмо пўстлоқларига, дарахт баргларига, териларга, ҳайвонларнинг курак суякларига ва япалоқ тошларга ёзиб қўярдилар. Оятларни эшитган саҳобалар эса, уларни дарҳол ёдлаб олишар, бир-бирларига етказишар, маъноларини яхши фаҳмлаш учун такрор қилишар эди[1]

Қуръоннинг ёзиб борилиши ва жамланишига масъул саҳобалардан бўлган Зайд ибн Собитнинг сўзи эътиборга молик: “Биз Пайғамбар (с.а.в) ҳузурларида тери бўлакларига Қуръонни ёзар эдик”. (Ҳоким “Мустадрак”). Яна унинг ривоят қилишича, “Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларида ваҳийни ёзиб борар эдим. У киши менга ёзиб бўлганимдан сўнг “Ўқи!” дер эдилар. Мен ўқир эдим. Агар бирор нарса тушиб қолган бўлса тўғрилар эдилар”. Муслим ривоят қилишича, “Расулуллоҳ (с.а.в): Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб борманглар”, деганлар.

Макка даврда Муҳаммад (с.а.в)га котиблик қилганлар Абдуллоҳ ибн Арқам, Зайд ибн Собит, Жаъфар, Умар, Усмон, Муғийра, Муовия, Холид ибн Саъийд ибн Ослар ҳисобланади.

Амр ибн Ос (р.а) қуйидаги ҳадисни ривоят қилади: “Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг: “Қуръони каримни тўрт киши – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим, Муоз ва Убай ибн Каъбдан ўрганинглар” деганларини эшитдим.[2] Бошқа бир ҳадисда (алайҳиссалом) вафот этган пайтларида тўрт кишидан бошқа ҳеч ким Қуръонни жамламаган эди: Абу Дардо, Муоз бин Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд.

Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида яна ваҳий тушиб қолар деб Қуръонни тўлиқ жамламаганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг вафотларидан сўнг Абу Бакр (р.а) Халифа этиб тайинланди баъзи араб қабилалари диндан қайта бошладилар. Араб жазирасининг шарқида Ямомалик Мусайлама исмли каззоб ва сохта пайғамбар чиқиб, Исломга жиддий хавф сола бошлади. Абу Бакр Сиддиқ унга қарши Холид ибн Валид бошчилигида Ислом қўшинини юбордилар. Шиддатли жангда мусулмонлардан бир минг икки юз киши, шу жумладан етмишга яқин мураттаб қорилар шаҳид бўддилар. Бунинг хабари Мадинага етиб келганда, Ҳазрат Умар (р.а.) ташвишланиб Абу Бакр Сиддиққа мурожаат қилдилар: “Эй амирал мўминийн, бошқа жангларда ҳам кўп қорилар шаҳид бўлаверса, Қуръони карим йўқ бўлиб кетади, деб қўрқаман”.

Абу Бакр Сиддиқ дарҳол Зайд ибн Собитни чақиртирдилар. Ибн Абу Довуд айтади: “Ҳазрат Абу Бакр Қуръони каримни жам қилишга бошлаганларида Умар билан Зайдга: “Масжиднинг эшиги олдида ўтиринглар, кимки Қуръондан икки киши гувоҳлигида бирор нарса олиб келса, уни ёзиб олинглар!” — деб буюрдилар. Ҳазрат Умар (р.а.)нинг эълонларидан сўнг, одамлар ўз қўлларида бўлган, турли ашёларга ёзилган Қуръон оятлари ва сураларини олиб кела бошладилар. Агар икки гувоҳи бўлмаса, улардан ҳеч нарса қабул қилинмас эди”.

Икки гувоҳнинг қандай гувоҳ эканлигида уламолар турли фикрлар билдирганлар. Имом Бухорий: “Яъни ўша ёзув Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзларидан эшитиб ёзилганлигига икки киши гувоҳлик бериши керак эди”, — дейди.

Қуръон суралари шу тарзда қоғоз саҳифаларга кўчириш ва бир жойда жамлаш иши амалга оширилади.

Ушбу жамланма “суҳуф бакрия”– “Абу Бакр саҳифалари” ёки “Абу Бакр мусҳафи” сифатида номланиб, етти лаҳжани ўз ичига олган деб ҳисобланади. Кейинги Усмон мусҳафи эса, умуман олганда, етти лаҳжадан бири Қурайш лаҳжасига кўра ёзилган.

Абу Бакр Сиддиқнинг халифалик даврларида бу Мусҳаф халифа ҳузурида турди. Ҳазрат Умар(р.а.)нинг даврларида ҳам халифанинг қўлида бўлди. Ҳазрат Умарнинг вафотларидан сўнг, ота васияти туфайли мерос буюмлари қаторида Мусҳаф Умарнинг қизлари, Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг завжалари Ҳафса(р.а.)нинг қўлларида бўлди. Қачонки, Ҳазрат Усмон халифалик рутбасини эгаллаб, Қуръонни қайтадан жамлаб, ундан нусхалар кўпайтиришни истаганларида, Ҳафса(р.а.)дан Мусҳафни сўраб олдилар, Қуръонни тартиблаш ва нусха кўпайтиришда ундан фойдаландилар. Кейин Уни Ҳафсага қайтариб бердилар.[3]

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
А. Рахимов

[1] Обидов Р. Қуръон ва тафсир илмлари. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт –матбаа бирлашмаси, 2003.

[2] Имом Бухорий ривояти.

[3]  Обидов Р. Қуръон ва тафсир илмлари. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт –матбаа бирлашмаси, 2003.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …