Home / МАҚОЛАЛАР / ОИЛАДА АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ МАСАЛАЛАРИНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

ОИЛАДА АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ МАСАЛАЛАРИНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

Инсоннинг тақдири, келажак ҳаётидаги ютуқлари ёки муваффақиятсизлиги, бахтли ёки бахтсизлиги, касб танлаши, ҳаттоки кайфияти, унинг оилавий муҳити билан боғлиқдир. Оиланинг тақдири эса инсоннинг ўзига боғлиқ. Жамиятнинг маънавий қиёфаси оилаларнинг қандайлигига боғлиқлиги азалий ҳақиқат. Чунки, оила жамиятнинг ижтимоий-маънавий бўғини, кичик бир вакили бўлиб, айнан оила заминида халқимизнинг бугунги куни ва келажаги бунёд этилади. Агар оилада тартиб-интизом бўлса, унинг аъзолари шу хислатларини хизмат жараёнига кўчиради ва ижтимоий меҳнат фаолиятларида қўллайдилар. Бу эса, уларнинг ўз хизмат вазифаларини юксак даражада бажаришларига сабаб бўлади.

Оила бу одоби ахлоқ, хушмуомлалик, меҳнатсеварлик асосида қурилган бўлиши, инсонлар ўртасидаги муносабат ва мулоқотларда ўта муҳим ва шахснинг феъл-атвори, юриш-туришида алоҳида аҳамият касб этади. Агар оила ўз фарзандини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбияласа, бу ҳис-туйғу унга бутун ҳаёти давомида ҳамроҳ бўлади. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев “Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир[1],” – деган эди. Шарқ мутафаккирлари меросида таълим-тарбия, хусусан, оилавий тарбия масалаларига кенг ўрин берилган. Улар болаларни тарбиялашни жамият тақдирини, миллатнинг келажагини белгилайдиган асосий мезон деб ҳисоблаганлар. Уларнинг педагогик қарашлари замирида ижтимоий идеал сифатида комил инсон ғояси ётади. Улар тарбияда ижтимоий ва биологик томонларнинг ўзаро муносабати ҳақида тўхталиб, тарбияда ирсият ва муҳит таъсири бирдек эканлиги, тан ва руҳ соғломлигининг бирлиги каби масалаларни ўртага ташлайдилар. Уларнинг ақлий, меҳнат, ахлоқий, эстетик ва жисмоний тарбиянинг бирлиги ҳамда уларни амалга ошириш йўллари ҳақидаги ва оилада болалар тарбияси ҳақидаги фикрлари мазкур муаммоларнинг кўпгина жиҳатларини қамраб олади ва улар муайян тарбияшунослик бўйича қарашлар тизимини ташкил этади. Ана шундай дурдона асарлардан бири А.Фитратнинг “Оила” асаридир.

Жумладан, А.Фитрат ўзининг мазкур асарида фарзанд тарбиясида ақлий тарбия, бадан тарбия ва ахлоқий тарбиянинг ўрни муҳимлигини таъкидлайди[2]. Мазкур учта тарбиянинг энг муҳими ахлоқий тарбия ҳисобланади. Ўзингиз хоҳлаганингизча болангизнинг ақлий ва бадан тарбияси билан машғул бўлишингиз мумкин ва қўлингиздан келгунча уни доно ва бақувват қилинг[3]. Лекин ахлоқий тарбия талаб даражасида бўлмаса, ақли ва жисмоний кучини ўзи ёки атрофдагилар зарарига ишлатади. Бинобарин, боланинг ақлий ва жисмоний тарбияси самарасиз қолмаслиги учун фарзанднинг ахлоқий тарбияси билан жиддий шуғулланиб кўп ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлайди, – А.Фитрат.

Ахлоқий тарбия – одам ахлоқини камолга етказиш демакдир, яъни одамни шундай тарбия қилиш керакки, феъли ва амали ўзига ҳам, бошқаларга ҳам фойдали ва манфаат келтирадиган бўлсин. Бошқача айтганда, одамнинг феъли ва ҳаракатида яхши фазилатларни тарбиялаш демакдир. Мамлакатимиз ривожланишининг ҳозирги янги босқичи оилавий тарбияда миллий қадриятлардан фойдаланишнинг замонавий мезонларини ўртага ташламоқда. Бу мезонлар ватанпарварлик, миллий ғурур, миллий онг, миллий ўз-ўзини англаш, миллий тафаккур, миллий тарбия каби тушунчаларда ўз ифодасини топган бўлиб, улар тарбия жараёнининг бугунги кунда ривожланиши учун муайян тарздаги бир мақсадга қаратилганини таъминлайди[4].

Абдурауф Фитрат ахлоқий тарбияни жисмоний ва ақлий тарбиядан кейинги – учинчи бўғин тарбия сифатида уқтириб, у «Инсонни комил, чиройли ахлоқ эгаси, жамиятга фойдаси тегадиган аъзо қилиб шакллантириш»[5], деб уни амалга оширишнинг қуйидаги тизимини таклиф қилади.

  1. Болага ҳикоятлар воситасида ахлоқ қоидаларини тушунтириш. А.Фитрат Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг (XIII аср) маслаги ва ҳикоятларини тавсия қилади, унинг «Гулистон» ва «Бўстон» асарларида кичик ҳикоятлар воситасида ахлоқ қоидаларини баён қилади[6].
  2. Тарбиячининг ўзи ибрат бўлиши лозимлиги. Тарбиячининг сўзи билан хатти-ҳаракати уйғун бўлиб, у хатти-ҳаракати билан барчага ибрат, ўрнак намуна бўлмоғи лозим. Бу борада олиб борилган илмий тадқиқотларда “шахснинг маънавий-ахлоқий камолотида ибрат муҳим ўрин тутади, инсон феъл-атворини фақат панд-насиҳат, дашном ва ваъз айтишлар эмас, балки муносабат ва ибрат шакллантиради”[7], жумладан, ахлоқий онг, ахлоқий хатти-ҳаракат ва ахлоқий муносабат уйғун ҳолда инъикос этади.
  3. Ёмонларнинг ёмонлигини кўрсатиб, яхшиларнинг яхшилигини уқтириб боришда муайян ижтимоий тузум ва муҳитни ҳисобга олиш, яъни ахлоқий тарбия реал воқелик ва амалий жиҳатлари билан маънавий-ахлоқий муҳитни муайян даражада барқарорлаштиради. Демак, ахлоқий тарбияни онгли ва мақсадли олиб бориш функционаллигини таъминлаш инсонда эзгу ахлоқни шакллантиришга асос бўлади. Муайян маънавий-ахлоқий фазилатларнинг тизимли таҳлили жамият маънавий-ахлоқий муҳити тараққиётига ривожлантирувчи таъсир кўрсатади. Жумладан, карамлилик – саховат, яхшилик, демакдир. Бу ҳалол ва пок, меҳнаткаш, меҳрибон бўлиш ва виждон амрига бўйсуниб яшашдир. Карамлилик маънавий-ахлоқий покланиш, ногиронларга, етим-есирларга хайри-эҳсон, яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш, моддий ёрдам бериш каби инсоний фазилатларни қамраб олади. А.Фитрат уни “одамларга яхшилик қилиб, миллатни юксалтириш”[8], деб тушунтиради.

А.Фитрат шижоат фазилатини изоҳлаб шундай ёзади: “Менинг орзуим, фалон жамоани писмадон ғайришаръий ишдан манъ этишдир…. Бу эса менинг ишим, биров мени бу вазифадан манъ этолмайди, чунки бу менинг ҳуқуқимдир… Аслида комил инсон бундай мушкилот ва бемаъни тўсиқлар андишасига бормай эркинлик билан ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланади ва ўз вазифаларини бажо келтиради”[9]. Зеро, шижоат инсонийлик шарафи бўлиб, у инсонга қадр-қиммат ато қилади. Шижоатнинг ҳақиқати қалбнинг матонатидан, руҳнинг саломатлигидан иборат. Бу ахлоқий фазилат замирида мақсадлар сари интилиш туйғуси мавжуд. Ҳар бир шахсда мазкур туйғу шакллантирилиши, унинг онги ва қалбига мазкур фазилат уруғи сепилиши керак.

Маънавий-ахлоқий фазилатлар занжирининг кейинги ҳалқасини саботлилик фазилати ташкил этади. У – улуғ мақсадга етишиш учун қатъий ҳаракатдир. Улуғ ишлар ва буюк мақсадларга интилган одамни ҳеч бир қийинчилик ва тўсиқлар тўхтата олмайди, балки бесабр ва шошқалоқ инсонлар ҳаётда ўз мақсадларини амалга ошира олмайди, натижада, жамият маънавий-ахлоқий муҳитига рахна солувчи иллатлар илдиз отишига сабаб бўлади. Олимлар саботлилик фазилати жамиятда мўътадил муҳитни қарор топтишришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, ушбу фазилат, аввало, ҳар бир кишида, қолаверса, ижтимоий фаол ва албатта, тарбия иши билан шуғулланувчиларда бўлиши кераклигини таъкидлаб, кишида саботлилик фазилатини шакллантириш изчил ва узвий амалга ошириладиган ирода қуввати ва ҳалол меҳнатни талаб қилади. Бу фазилат инсонни кашфиётга бошлайди. А.Фитрат бунга қизиқарли бир ҳикоятни мисол келтиради. Хорун ар-Рашид (IX аср) замонида мусулмон маданияти ривожланди. Ҳатто, соат ихтиро қилинди. Хорун ар-Рашид улардан бирини Франсо (Франция) ҳукмдорига юборди. Ҳукмдор ажойиб совғадан ҳайратга тушди, соатни аъёнларига кўрсатди. Аъёнлари ҳайратда қолиб, хулоса қилдиларки: “Аҳли ислом қутининг ичига шайтонни солиб юборганлар”[10]. А.Фитрат хулоса қиладики, бугун энди франсолар сабот билан ривожланиб, саноатдаги ихтиролари билан шайтонни ҳайратга солмоқдалар. Яна бир маънавий-ахлоқий фазилат ҳалимлилик бўлиб, одамни одамга биродар ва дўст қилувчи, яхшилик ва эзгуликка чорловчи хусусиятга эга. А.Фитрат “Комилу олим инсонлар нафсларини (ўзликларини) шундай тарбиялайдиларки, натижада, афв ва мадора, мулойимлик одатларига айланади”[11] деб ёзади. Демак, ҳалимлик афв (кечиримлилик); муроса (келишувчанлик); мулойимлик (мўътадиллик) каби хулқларни шакллантириш орқали юзага келади. Ўзлигида ҳалимлик фазилати бўлган киши руҳан кучли, хушхулқ, нодонликка қарши курашувчи тинчликсевар инсондир. Ҳалимликни мазмунан тўлдирувчи фазилат садоқатлилик ва садоқат кўрсатиш, яъни инсоний ва фуқаролик ҳуқуқларимиздан фойдаланиш, барча бурч ва вазифаларимизни ҳазрати инсон мавқеига муносиб бажаришни англатади. Садоқат ижтимоий ахлоқ тизими сифатида инсонни икки оламда бахтга етакловчи ва маънавий-ахлоқий омилдир. “Бу дунёда мўътабар, охиратда бахтиёр бўлишни истаганлар, – деб ёзади А.Фитрат, – ўзларида сидқ (садоқат М.Қ.)ни пайдо қилиб, доимий одатларига айлантиришлари керак. Ижтимоий алоқаларнинг ягона назоратчиси сидқу садоқатдир”[12]. Киши ўзлигидаги садоқат туйғуси билан ижтимоий фойдали шахсга айланади. Садоқат эзгу ишларга фидойи бўлиш натижасида шаклланади. Шу маънода, садоқатли киши ҳақиқатгўй шахс сифатида талқин қилинади. Агар оилада садоқат бўлмаса, у уйда осойишталик ҳам бўлмайди, шу боисдан, у аввало микро муҳитдаги ахлоқий ҳаракат ва муносабатларда намоён бўлади.

Маънавий-ахлоқий фазилатлар узвийлиги ва функционаллигини таъминлашда қаноатнинг ўзига хос ўрни бўлиб, у инсонни воқеийликда ҳалол меҳнат орқали топилган неъматларга шукур қилиб яшаш орқали инсоний мартабани сақлаш ва яхшиликка интилишдир. Ўз даврида А.Фитрат ўз замонида таркиб топган қаноат талқинини танқид қилиб, “Биз туркистонликларда ажиб бир ҳолат борки, ахлоқий фазилатларни ва шаръий амрларни ё билмасдан, ё билиб, яъни қасддан хато, ғалати тушунамиз. Масалан, бугун уйда ўтириб, ҳеч ерга чиқмай, саъй-ҳаракат қилмай, қотган нонга рози бўлишликни қаноат деб ўйлаймиз”[13]деб ёзган. Бу қаноат эмас, балки танбаллик ва ношудликдир. Қаноат маънавий-ахлоқий фазилат сифатида мавжуд нарсаларга шукур қилиш, нафсни жиловлаш замирида ахлоқий онг, ахлоқий хатти-ҳаракат ва ахлоқий муносабат орқали ўзи ва халқига манфаат келтирувчи фаолиятдир. У инсонийликни сақловчи мезон, ахлоқнинг таркибий қисми сифатида мавжуд маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш ва ривожлантиришда ахлоқий назорат, ахлоқий бошқарув ва ахлоқий тарбия вазифасини бажаради. Чунки юқорида келтирилган занжир халқалари тизимида ахлоқ ижтимоий онгнинг таркибий қисми сифатида ижтимоий муҳитда ижтимоий тарбияни амалга оширади. Қизиғи шундаки, ахлоқни ижтимоий тарбия ва онгнинг ҳосиласи сифатида тушуниш ислом маданиятида ҳам бўлган. Абу Наср Форобий илмли, ақлли бўлишни ахлоқ фазилатисиз тасаввур қилмаган, “билим, ақл, албатта, яхши ахлоқ билан безалмоғи лозим”[14], дейди.

Бизнингча, шахсни маънавий-ахлоқий тарбиялашда қуйидаги ахлоқий меъёрларга асосланиш кутилган самарани беради:

  1. Шахс иродасини шакллантириш. Ирода ички ҳис-туйғу, аммо муҳим инсоний фазилатдир. Ирода кишида билиш, ҳис қилиш ва чиниқиш қувватини ҳосил қилади. Ирода воситасида шахс олам ва одамни, воқеа ва ҳодисаларни англаб етади, ҳақиқатни теран ҳис қилади, яхшилик ва ёмонлик таъсирида бардошлилик кўникмасини ҳосил қилади. “Шахсда ирода ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, балки у муайян вақт давомида шакллантирилади. Файласуф олим И.Саифназаров ўз тадқиқотларида маънавий баркамолликка эришиш мумамосини тадқиқ этар экан, “…комиллик унинг кўнглидаги, иродасидаги табиий интилишга асосланиши керак”[15] дейди, демак, иродали шахс жамиятнинг онгли индивиди сифатида фаолият кўрсатади, бунинг акси бўлган иродасиз киши эса онгсиз, муте ва ўзгаларга қул сифатида шаклланади. Инсон маънавий-ахлоқий жиҳатдан юксалиши натижасида унинг иродаси ҳам кучаяди.
  2. Шахсни ҳақиқатгўй қилиб вояга етказиш. Ҳақиқатгўйлик муҳим ахлоқий қадрият сифатида шахснинг маънавий – ахлоқий қиёфасида алоҳида ўрин тутади. Ҳақиқатга интилиш шахсни жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беради. Шу маънода, ҳақиқатгўйлик шахс характерини шакллантирувчи омиллардан биридир.
  3. Шахсни инсонпарвар қилиб вояга етказиш. Инсонпарварлик шахс фаолиятига таъсир кўрсатувчи ва уни баҳоловчи муҳим ахлоқий тамойиллардан бири. Шахс ўз фаолиятида инсонпарварлик фазилатини намоён қилмас экан, у жамиятнинг илғор кишисига айлана олмайди. Зеро, жамиятимиз ривожининг ҳозирги босқичида маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади. Чунки жамиятимиз демократик қадриятларни қабул қилиб борган сари унинг аъзоларини «тарбияловчи» даъвогарлар кўпайиб бормоқда. Айниқса, турли диний оқимлар ўз мутаассибона, иллюзионизм хусусиятига бой тарбия йўлларини тиқиштиришга уринишмоқда. Бундай шароитда маънавий-ахлоқий тарбия йўналишларини аниқ белгилаб олиш долзарб масала ҳисобланади. Шу маънода, маънавий-ахлоқий тарбия қуйидаги тамойилларга асосланади: мақсадлилик, онглилик, самарадорлик.

Ўзбекистон шароитида жамият маънавий-ахлоқий муҳитининг асослари ва меъёрлари ўзига хос характерда бўлиши билан диққатни тортади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938 сонли Фармони муҳим аҳамият касб этади. Мазкур Фармонда қуйидагилар назарда тутилади:

– жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан ислоҳ қилиш;

– жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш;

– оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш[16] каби масалаларни атрофлича ҳал қилиш назарда тутилган.

Ўзбекистон шароитида жамият маънавий-ахлоқий муҳитининг асослари ва меъёрларини белгилашда фалсафий фикр тажрибаларидан унумли фойдаланиш лозим. Мисол учун, донишманд Арасту дейди: “Уч омил одамларни яхши ва эзгу хислатли қилади: табиат, одат ва ақл. Бу омиллар инсонда уйғун ҳолда мавжуд бўлиши керак”[17]. Назаримизда, бу фикр эътиборга лойиқ. Унга кўра, инсон табиатни англаши ва унинг ҳаёти табиат қонуниятларига боғлиқлигини тушунмоқ лозим. У тирик мавжудот сифатида табиатдан ташқарида яшай олмайди ва шу сабабли табиатга нисбатан онгли муносабатда бўлиши керак. Шунингдек, инсон ўзи мансуб бўлган халқнинг одатларини ўзлаштирмасдан жамият аъзоси бўла олмайди. У ўз жамиятининг тўлақонли аъзоси бўлиши учун халқининг одатлари, анъаналари ва маданиятини билиши даркор.

Бу икки нарса инсоннинг ақлли бўлишини тақозо этади. Ақлли бўлиш ҳар бир муносабат ва фаолиятда меъёр ҳамда тартибга риоя қилиш демакдир. Шу маънода, инсон назарий билганларини амалиётга татбиқ эта олиши лозим.

Зеро, Арастунинг бу фикри миллий жамият маънавий-ахлоқий муҳити асосларини белгилашда уч муҳим жиҳатга эътибор бериш лозимлигини кўрсатади. Булар:

  1. Табиийлик. 2. Одатлилик. 3. Ақллилик.

Демак, жамият маънавий-ахлоқий муҳитига оид ахлоқий категориялар ўзига хос хусусиятларга эга. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосага келиш мумкин.

Биринчидан, маънавий-ахлоқий муҳитда инсонларнинг ўзаро маънавий ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Бунда шахснинг яхши-ёмонни фарқлаши, виждонли, ор-номусли бўлиши ва бахтли яшашга интилиш кўникмаларини ҳосил қилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, шахсни маънавий-ахлоқий муҳитда ўзаро маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш асосий масалалардан бири. Бунда шахснинг иродасини мустаҳ­камлаш, уни ҳақиқатгўй ва инсонпарвар қилиб вояга етказиш асосий мақсад ҳисобланади.

Учинчидан, маънавий-ахлоқий муҳитда шахсда масъулият ҳиссини тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади. Бу ўринда шахсда адолат, мажбурият ва ҳаётсеварлик туйғу ҳамда кўникмаларини ҳосил қилиш асосий масалалардан биридир.

Умуман, жамият маънавий-ахлоқий муҳити, қадриятлари ахлоқий категориялари асосини, умуминсоний ва миллий фазилатлар негизини яхшилик ва ёмонликни фарқлаш, виждон, ор-номус, ирода, ҳақиқат, инсонпарварлик, адолат, мажбурият ва ҳаётсеварлик каби инсоний фазилат ва хислатлар ташкил этади. Ўзида бу фазилатларни мужассамлаштирган ушбу уйғунлик жамиятда ижтимоий тартиблар, ҳуқуқ, одоб меъёрларини англаб олишга, унга риоя қилган ҳолда ижтимоий ҳаётни қадрлашга олиб келади.

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.06.2018 й., 06/18/5466/1527-сон
[2] Абдурауф Фитрат. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Т.: Маънавият, 2000. Б-83.
[3] Абдурауф Фитрат. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Т.: Маънавият, 2000. Б-83.
[4] http://muzaffar.uz/psixologiya-va-salomatlik/3494-oila-manaviy-axloqiy-tarbiya-uchogi.html
[5] Абдурауф Фитрат. Нажот йўли / Ш.Воҳидов таржимаси. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.157.
[6] Қаранг: К.Ҳошимов ва бошқ. Педагогика тарихи. – Тошкент: Миллий кутубхона, 2006. – Б. 145-155.
[7] Қаранг: Очилова Б.М. Аждодлар меросига ихлосмандлик ва шахс маънавий-ахлоқий камолоти.: Ф.ф.д-ри илмий даражасини олиш учун ёзилган Автор…..ф. – Тошкент: ЎзМУ, 2005. – 22 б.
[8] Қаранг:Абдурауф Фитрат А. Нажот йўли / Ш.Воҳидов таржимаси. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.77-82.
[9] Ўша манба,. – Б.98.
[10] Абдурауф Фитрат. Нажот йўли / Ш.Воҳидов таржимаси. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.10.
[11] Абдурауф Фитрат. Нажот йўли / Ш.Воҳидов таржимаси. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.104.
[12] Ўша манба. – Б.108.
[13] Абдурауф Фитрат. Нажот йўли / Ш.Воҳидов таржимаси. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.111.
[14] Форобий А.Н. Фозил одамлар шаҳри. – Тошкент: А.Қодирий номидаги халқ мероси, 1996. – Б.14.
[15] Саифназаров И. Маънавий баркамоллик ва сиёсий маданият. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.26.
[16] https://lex.uz/docs/4740345
[17] Арасту. Политика. – М.: Мысль, 1997. – 242 с.

 

Матлуба ҚАҲҲАРОВА
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси профессори,
фалсафа фанлари доктори
 Ўктам ШАКАРОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси, PhD

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …