Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / АЛЕКСАНДР НАЙМАРК – ИСЛОМ ТАРИХИ ҲАҚИДА

АЛЕКСАНДР НАЙМАРК – ИСЛОМ ТАРИХИ ҲАҚИДА

Аввал хабар берилганидек, 4 май куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ташкил қилинган онлайн-семинарнинг навбатдагиси бўлиб ўтди.

Тадбирда юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасалар илмий ходимлари ва талабалар, шунингдек, АҚШ, Германия, Туркия илмий доиралари вакиллари ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Бу галги семинарда АҚШнинг Хофстра университети профессори, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё дастури директори Александр Наймаркнинг “Бухорода шаҳзодалар, зодагонлар, савдогарлар, шаҳар камбағаллари ва деҳқонлар томонидан исломнинг қабул қилиниши” мавзуидаги маърузаси тингланди.

Олим илмий тадқиқотларини асосан археологик топилмалар – сопол буюмлар, деворий суратлар, танга ва бошқа шунга ўхшаш ашёвий далиллардаги манбаларга таянган ҳолда амалга оширгани ҳақида сўзлаб, Марказий Осиёга ислом дини кириб келгандан сўнг халқнинг нафақат диний қарашларида, балки турмуш тарзи ва миллий анъаналарида ҳам туб ўзгаришлар бўлганини таъкидлади.

– Зардуштийлар учун олов, ер ва сувнинг поклиги муҳим аҳамият касб этган бўлса, мусулмонлар учун инсоннинг ҳам тани, ҳам қалби поклиги жуда ҳам муҳим эди, – деди Александр Наймарк.

Шунингдек, олим Бухорода шаҳзодалар, зодагонлар, савдогарлар, шаҳар камбағаллари ва деҳқонларнинг исломни қабул қилишига доир илмий ёндашувлар, замонавий тадқиқотлар, ёзма манбалар, археологик ва нумизматик манбалар ҳақида сўзлади. Масалан, Бухорхудотлар даврида зарб этилган нумизматик манбалар ўша замон ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этади. Жумладан, уларда зардуштийлик ва христианликка доир қарашлар акс эттирилганини кўриш мумкин. Варахшадан топилган деворий суратлар эса ўша давр ҳукмдорлари ва маҳаллий аҳолининг диний тасаввур ва эътиқоди тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

– Бунят ибн Туғшода даврида зарб этилган танга пулларнинг бир томонида сулола тамғаси ва иккинчи томонида эса исломий матнлар учраши, ўша йилларга келиб, Бухорхудотлар ислом динини қабул қилганини англатади, – дея илмий далиллар билан ҳикоя қилди олим.

Анжуман қизиқарли савол-жавоб ва муноазаралар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …