Home / ЯНГИЛИКЛАР / БУЮК АЖДОДЛАРГА МУНОСИБЛИК МАСЪУЛИЯТИ

БУЮК АЖДОДЛАРГА МУНОСИБЛИК МАСЪУЛИЯТИ

Давлатимиз раҳбари 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлиги ҳақида гапириб, ўз тавсия ва таклифларини берганида, кўнглимиз осмон қадар шод бўлган эди.

Мана, орадан икки йил ўтиб ушбу зиёратгоҳда қурилиш ишлари бошланди. Шундай савобли, улуғ ишга муборак Рамазон ойида киришилганида, менимча, алоҳида ҳикмат бор. Зеро, ислом тарихида кўплаб энг улуғ воқеалар айнан Рамазон ойида содир бўлган.

Буюк бобокалонимиз қўним топган қадамжода Президентимиз нуроний ва зиёлилар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди.

— Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илми ва ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ердир, — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

— Шунга мувофиқ мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди, бир неча бор муҳокама қилдик. Лекин яна бир бор кўпни кўрган нуроний оқсоқоллар билан учрашиб, фикрлашсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Давлатимиз раҳбари Рамазон ойи — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой экани, қурилиш айни шу ойда бошланаётгани хайрли, хосиятли бўлишини таъкидлади. Имом Бухорий мажмуасининг обод қилиниши Президентимиз амалга ошираётган хайрли бунёдкорлик ишларининг биринчиси ҳам, комил ишонч билан айта оламанки, охиргиси ҳам эмас. Буни халқаро эътирофлардан ҳам англашимиз мумкин.

Улардан кўзланган бош мақсад ҳақида давлатимиз раҳбарининг ўзи бундай деди: “Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”.

Биз каби меҳнат фахрийлари учун юрт тинчлиги, оилалар тўкислиги керак. Ҳар бир ёшнинг иш билан банд бўлиши, кексаларнинг юрт, фарзандлари ҳақига дуо қилиши муҳим. Мажмуада шундай кенг кўламли ишларнинг амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилади, кўплаб ёшларнинг ҳаёти яхшиланиб, турмуш тарзи юксалади.

Энг муҳими, ўтмиш аждодларимиз руҳи шод этилиб, уларга муносиб эканимиз намоён бўлади.

Ибодулла УМИРОВ,
меҳнат фахрийси
Пайариқ тумани
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 24 апрель, №82 (338)

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …