Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ МАЪРИФИЙ ЙЎЛ БИЛАН КУРАШИШ УСУЛИНИ ЭКСПЕРТЛАР ЮҚОРИ БАҲОЛАМОҚДА

ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ МАЪРИФИЙ ЙЎЛ БИЛАН КУРАШИШ УСУЛИНИ ЭКСПЕРТЛАР ЮҚОРИ БАҲОЛАМОҚДА

ТИНЧЛИК — буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади. Осуда ҳаёт, яратувчанлик, фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларимизнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам, қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келган. Аммо воқелик тинчлик кўплаб мамлакатлар учун ҳали-ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ҳозирда мамлакатлар тинчлигига раҳна солувчи омиллар турлича, давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табиий офатлар… Лекин бу омилларнинг ичида бугунги кунда энг хатарлиси, ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани экстремизм ва терроризм эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда.

Террор хавфи ҳозирги замонда энг хавфли ҳамда оқибатларини башорат қилиш қийин бўлган ҳодисага айланиб улгурди. Террорчилик актлари бегуноҳ инсонларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, жамият фаровонлигига хизмат қилувчи моддий ва маънавий бойликларнинг йўқ қилиниши, кишиларнинг тинч-осуда кундалик ҳаёт тарзи барбод бўлишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, бугунги таҳликали ва мураккаб замонда дунё бўйлаб юз бераётган кескин вазиятлар, ўзаро зиддиятлар, миллатлар ва динлар ўртасида турли можароларга сабаб бўлиши билан бирга дунёда ўрнатилган мавжуд тартиботларни ҳам из­дан чиқармоқда.

БМТнинг терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган 11 та Конвенция, 2 та протоколи мавжуд бўлиб, Ўзбекистон уларнинг аксариятини ратифика­ция қилган.

БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланди.

Бу жараён мамлакатимизнинг минтақавий ташкилотлардаги фаолиятида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Жумладан, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. ШҲТ доирасидаги Аксилтеррор марказининг Тошкент шаҳрида жойлаштирилиши ҳам республикамиз экстремизм ва терроризмга қарши курашдаги фаоллигининг эътирофи саналади. Республикамиз АҚШ, Россия, Хитой, араб-мусулмон давлатлари ва Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан бу йўналишда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Республикамизда сўнгги йилларда экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамда мустақил экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган, қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисабатан кечиримлилик сиёсатини олиб бориш, ёшларни турли бузғунчи оқимлар таъсиридан асраш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш долзарб вазифалардан бири этиб белгиланган.

Интернет орқали тарғиб қилинаётган ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар кўламини янада кенгайтириш, комплекс илмий тадқиқотлар ва китоблар тайёрлаш, нашр этиш, бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масаласини илгари суриш орқали Ислом динининг асл мазмун-моҳияти юзасидан семинарлар ва конференциялар ташкил этиш, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Шундагина юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва бағрикенглик муҳитини асраш, уни келажак авлодларга ҳам етказиш имконига эга бўламиз.

Даврон МАХСУДОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Инсон ва қонун” газетаси
2021 йил 20 апрель, №16 (1272)

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …