Home / МАҚОЛАЛАР / ИККИ ЎГИТ ТАРИХИ

ИККИ ЎГИТ ТАРИХИ

Биринчи ҳикоя

Тўйчи бобо айтади (отамнинг онасининг отаси):

– Мўлла бова (отамнинг отасининг отаси) ёши ўтиб қолганидан кейин жумага (намозга) боришга ярамай қолди. Ўша кезлари одамлар жумадан қайтадиган пайтни пойлаб, дарвозанинг олдига чиқиб ўтирар, ўтаётганлардан “Ҳа, Фалончи, намоздан келяпсанми?” деб сўрарди. “Ҳа, мўлла бова!” дейишарди. У “Имом қайси сураларни ўқиди?” деб сўрашда давом этарди. Ҳалиги одамлар “Билмасак, қайсидир сураларни ўқиди-да”, деб жавоб қайтаришарди. Шунда мўлла бова “Ҳай, силарнинг намозларингни ҳам билмадим-да”, деб қўярди. Бора-бора одамлар “Имом бугун фалон-фалон сураларни ўқиди, Мўлла бова”, дейдиган бўлди.

Бу – преамбула, яъни эпиграф. Энди амбуланинг ўзига эътибор беринг:

Ишхонамизда нафақа ёшига етиб қолган ҳожи амаки бўларди. Жума кунлари канда қилмай намозга борар эди. Бир куни ундан “Имом қайси сураларни ўқиди, Ҳожи амак?” деб сўрадим. У киши “Билмасам, қайсидир сураларни ўқиди-да”, деди бепарво. Шунда мулла бобонинг гапларини айтиб бердим. Ҳожи ака эса ҳар жума намоздан қайтганидан кейин олдимга кириб, “Бугун имом фалон ва фалон сураларни ўқиди”, деб кетадиган бўлди. “Ҳожи амак, сизни тергаш учун айтганим йўқ эди, одамни хижолатда ўлдирасиз-ку”, деганларимга қўймай, шу одатни тарк қилмади. “Тергадинг деганим йўқ, сени билсин дедим-да”, деб мийиғида кулиб қўярди ҳар сафар.

 

Иккинчи ҳикоя

 Машраб бобо айтади (отамнинг отаси):

– Совет пайти Ўзбекистонга турли қардош республикалардан адиблар келарди, биз ҳам уларнинг юртида меҳмон бўлардик. Мен кўпроқ гуржиларни “оталиқ”қа олардим. Бир сафар гуржи меҳмоним “Сиз, ўзбеклар нега таомдан кейин фотиҳа қиласизлар, Ислом шунга даъват қиладими? Ҳамма мусулмонлар ҳам фотиҳа қилмайди шекилли?” деб сўраб қолди. “Бошқа мусулмонларни билмадим-у, лекин бизда таом учун, ризқ учун Яратганга шукрона келтириш, кетидан яхши ниятлар билан Аллоҳга илтижо қилиш қатъий одат бўлиб қолган. Эҳтимол, ота-боболаримизга Исломдан олдин ҳам шукр ва яхши ният доим ҳамроҳ бўлгандир”, дедим.

Шу билан бу мавзу ёпилди. Бир неча кундан кейин Самарқандга бордик. Иттифоқо, гуржи дўстим меҳмонхонада бир ўзи нонушта қилишига тўғри келиб қолди. Мен тонги тановулнинг охирларига бориб қолдим. Унга узоқдан кузатиб яқинлашардим. Шу пайт ажабтовур ҳолат рўй берди – меҳмон дастурхонга фотиҳа қилиб ўрнидан турди.

– Тўғри-да, – деди у, – ким қайси динга эътиқод қилишининг нима аҳамияти бор?! Барчани бирдек таомлантирувчи Раззоққа шукрона келтириш бандалик бурчимиз, бандалик одобимиз, ахир.

 Музайяна МАШРАБХОН

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …