Home / ЯНГИЛИКЛАР / Уйғониш, яшариш, покланиш ва эзгулик байрами

Уйғониш, яшариш, покланиш ва эзгулик байрами

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Наврўз айёми муносабати билан “Уйғониш, яшариш, покланиш ва эзгулик байрами” номли тадбир ташкил этилди.

Марказ директори Ш.Зиёдов жамоа аъзоларини байрам билан муборакбод этиб, азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланганини таъкидлади.

Ота-боболаримиз янги йилнинг бежиз баҳорги тенг кунликдан белгиламаган. Бу шунчаки навбатдаги мавсум муқаддимаси эмас, балки ҳаётнинг мутлақо янги палласи бошланадиган айёмдир. Шу кундан эътиборан табиат уйғониб, деҳқон ерга уруғ қадайди, дошқозонларда сумалак қайнайди, ранго-ранг халқ ўйинлари кўзни қувонтира бошлайди. Инсон борки, онгу шуурида ҳам, жисму танида ҳам ўзгача кайфият ҳис этади. Яратувчанликнинг янги уйғонган руҳи ҳар биримизни янги марраларга, кенг уфқларга чорлайди. Бу порлоқ кунлар ҳар бир ҳамюртимизни ўзига хос хайрли амалларга илҳомлантиради.

Марказ жамоаси қадим анъаналаримизни, халқ ўйинларини яна бир бор ёдга олиб, маъсум болаликнинг беғубор тасаввурларини хотирасида қайтадан жонлантириб, бир-бирини самимий қутлар экан, бутун мамлакатимизга тинчлик, ҳар бир гўшага қут-барака, ҳар бир ватандошга саломатлик ва бахт-саодат тиладилар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …