Home / МАҚОЛАЛАР / ЎСМАТ OTA КИМ БЎЛГАН?

ЎСМАТ OTA КИМ БЎЛГАН?

Мовароуннаҳр тарихи, маданияти ва маънавиятини юксак даражага кўтаришда самарқандлик алломаларнинг ўрни беқиёс бўлган.

Бу соҳада нафақат Самарқанд шаҳри, балки унга туташ қишлоқлардан етишиб чиққан муҳаддис, фақиҳ, мутакаллимларни ҳам тилга олиб ўтиш мумкин. Шундай алломалардан бири ўз даврининг машҳур фақиҳи ва мутакаллими Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандийдир. У ўзидан асло долзарблигини йўқотмайдиган улкан илмий мерос қолдирди. “Лубоб ул-калом” (Калом илмининг жавҳари), “Тариқат ул-хилоф фил фиқҳ байнал аиммат ал-аслоф” (Ўтган уламолар ўртасида фиқҳ, илмидаги ихтилоф йўллари), “Базл ан-назари фил усул” (Фиқҳ асосларига чуқур назар) ва “Мийзон фи усул ал-фиқҳ” (Усули фиқҳда мезон) каби асарлари бизгача етиб келган. Асосан Туркия, Миср ва Уммон тадқиқотчилари томонидан батафсил ўрганилиб, нашр этилган.

Алломанинг тўлиқ исми Абулфатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқандий бўлиб, манбаларда у зот 1095 йили Самарқанд қишлоқларидан бири – Усмандда туғилиб, 1157 йили 64 ёшида шу ерда вафот этгани айтилади.

Ёзма манбаларда аллома туғилиб ўсган жойнинг “Асманд” ёки “Усманд” деб номланиши билан боғлиқ кўпгина ихтилофлар мавжудлиги келтирилган.

“Усманд” атамаси вақт ўтиши билан товуш ўзгариши натижасида “Усмат”га айланган. Буни вилоят марказидан етмиш километр узоқликда жойлашган шу номли шаҳарча ҳамда туман марказида, Қўрғонтепа пойида Ўсмат ота зиёратгоҳи мавжудлиги ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, бахмаллик ёзувчи Саййид Азим тарихчи олимлар Олимжон Жўраев ва Жалолиддин Жўраев фикрига таяниб, Ўсмат ота қабрини ўсматлик машҳур фақиҳ, ўз даврида шариат қонунларининг йирик билимдони ҳисобланган Абулфатҳ Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандий номи билан боғлайди.

Алоуддин Усмандий қатор исломий илмлар, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган илм ал-хилоф (мунозара илми) бўйича етук олим ҳисобланган. У илм аҳли орасида кечадиган баҳс-мунозараларда чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам илм аҳли орасида “Оламнинг устуни”, “Устун”, “Диннинг устуни” каби юксак унвонлар билан машҳур бўлган. Аллома ўзидан улкан илмий-маънавий мерос қолдирган бўлиб, ҳаммаси араб тилида ёзилган. Манбаларда аллома ҳаёти давомида исломнинг калом, мунозара илми, тафсир ва усули фиқҳ, соҳаларига оид ўн учта ноёб асар ёзгани баён этилади. Бизгача олтита асари етиб келган бўлиб, нусхалари жаҳон кўлёзма фондларида сақланмоқда.

Алломанинг мотуридия калом мактаби қарашларини ўзида акс эттирган “Лубоб ул-калом” номли шоҳ асарининг икки кўлёзма нусхаси сақланиб қолган. Улардан бири Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Қора Чалабийзода бўлимида сақланади. Бу асарнинг энг қадимий нусхаси бўлиб, у араб ҳарфлари билан нуқталарсиз, настаълиқ хатида ёзилган. Китоб Али ибн Нажмуддин исмли хаттот томонидан 1303 йилда – аллома вафотидан қарийб бир ярим аср ўтгач кўчирилган. Асар туркиялик олим доктор Муҳаммад Саид Узерварли томонидан тадқиқ этилиб, 2005 ва 2019 йилларда нашр этилди.

Асарнинг иккинчи қўлёзма нусхаси эса Сулаймония кутубхонаси Шаҳид Али Пошо бўлимида сақланади. Бу нусха хаттот Юсуф ибн Байрамбек ибн Исмоил ибн Исо томонидан 1412 йили настаълиқ хатида кўчирилган.

Ҳанафия мазҳаби мотуридия эътиқодига асосланган мазкур асар муқаддимасида муаллиф уни ёзишдан кўзланган мақсад эътиқодни соғломлаштириш ва тузатиш эканини билдириб ўтади. Кўплаб бўлимлардан ташкил топган “Лубоб ул-калом”да, энг аввало, илм турлари, инсон ҳаёти ва жамиятдаги ўрни ҳақида қимматли фикрлар билдириб ўтилади. Ушбу асарда тўғри маълумотларга эга бўлиш учун оламни билиш керак, дейилади. Беш сезги аъзоси, ишончли хабарлар берувчи манбалар (Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар) ҳамда инсоннинг ақл-идроки ва салоҳияти муҳим вазифа касб этиши алоҳида таъкидланади.

“Лубоб ул-калом” асари Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” ва “Таъвилот ул-Қуръон”, Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асарларида ўз аксини топган аҳли сунна вал жамоа ақидасини кенг тарғиб этишда ўзига хос манбадир. Уларда илгари сурилган мавзуларнинг “Лубоб ал-калом”да ҳам ўз ифодасини топгани фикримиз далили. Зеро, бу асар, муаллиф айтганидек, эътиқодни тузатишни бошловчи кишилар учун ҳидоят манбаи бўлсин, деган мақсадда ёзилган.

Усмандийнинг “Лубоб ул-калом” асари ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш учун муҳим манба ҳисобланади. Айниқса, ботил даъволарни илгари сураётган оқимларга қарши ғоявий зарба беришда қўл келадиган омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Алоуддин Усмандийнинг Мовароуннаҳрда мотуридия таълимотининг кенг ёйилишига қўшган ҳиссасини инобатга олиб, Бахмал туманидаги Ўсмат ота зиёратгоҳини зиёрат туризми объектига айлантириш мақсадга мувофиқ.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори ўринбосари
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 4 март, №45 (301)

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …