Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҲАР ҚАРИЧ ТУПPOFИ МУҚАДДАС ЗАМИН

ҲАР ҚАРИЧ ТУПPOFИ МУҚАДДАС ЗАМИН

Кўҳна Мовароуннаҳр ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда юксак чўққиларни забт этган юзлаб забардаст алломалар етишиб чиққан замин. Афсуски, Чор Россияси, ундан кейин шўролар салтанатининг исканжасида қолган халкимиз бир ярим аср давомида улуғ аждодлар меросидан мосуво бўлиб қолди.

Истиқлолгача халқимиз фақат дунёвий илмларда бемисл ғайрат-шижоат кўрсатган алломаларимизни танир, улар ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга эди. Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, уларнинг тадқиқот ва кашфиётларини инкор этишнинг ёки махфий тутишнинг имкони йўқлиги сабаблигина шундай бўлди. Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” ёки Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асари аввал русча нашр этилгани, кейин ноилож ўзбек тилига ўгирилгани шундан далолат беради.

Илмий меросга бундай ёндашув халқни юпатиб, оз-оз хўрак билан алдашга уринишдан бошқа нарса эмас. Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асари ўзбек тилига таржима қилинмагани, рус тилидаги нусхаси юртимизда сотувга чиқарилмаганини бошқача изоҳлаш мумкин эмас.

Айниқса, кейинги йилларда маънавий-маърифий меросимизни тиклаш, ўрганиш, ҳаётимизга татбиқ этиш ва дунёга тартиб қилишга давлат эътибори кучайди.

Инсоннинг маънавий дунёсини бойитмай туриб, кўзланган натижага эришиб бўлмаслиги тарихдан барчага яхши маълум. Зеро, дунёвий илмларни пухта эгаллаган, лекин инсоний фазилатларга эга бўлмаган киши башарият тамаддунини ҳаёлдан фаромуш қилиб, ўз қобиғидаги тор манфаатларга чалғиб қолиши мумкин.

Шуни инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбари янги-янги касб-ҳунар ва билимларни ўргатадиган таълим муассасаларини, хориждаги нуфузли академия, университет ва институтларнинг филиалларини очиш билан бирга, бой маънавий-маърифий меросимизни тадқиқ этиб, кенг афкор оммага етказадиган марказларни таъсис этмоқда, улуғ аждодларимиз қўним топган муқаддас қадамжоларни тиклаб, атрофини ободонлаштирмоқда.

Очиқ эътироф этиш керакки, халқимиз Бухорий, Мотуридий, Термизий номларини эшитган, лекин уларнинг хаёти ва илмий жасоратидан мутлақо бехабар эди. Дунё мусулмонларининг аксар қисми эъзозлаб улуғлайдиган, номларини чуқур ҳурмат билан тилга оладиган алломалар ўз она Ватанида эътибордан четда қолиб келаётган эди.

Эндиликда янги ташкил этилган илмий марказлар шу буюк меросни янгидан кашф қилиб, телерадио ва матбуот орқали, рисола ва китоблар билан жамоатчиликка етказмоқда. “Имом Бухорий сабоқлари” дастури анъанага айланди, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий”, Мотуридийнинг шоҳ асари – “Таъвилот ал-Қуръон” илк бор ўзбек тилига ўгирилди ва нашр қилинди.

Шундай хайрли ишларнинг самараси ўлароқ, бугун “Ҳадис илмида Амирул мўминин” киму “Имомул ҳудо” ким эканини, улар қандай хизматлари учун миллиарддан зиёд инсон олдида шундай юксак мартабага кўтарилиб турганини биламиз.

Бу йўналишдаги ишлар мантиқан бир-бирига боғланиб, узвий силсилани ҳосил қилиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу борада белгилаган йўли ўз вақтида одиллик ва оқиллик билан танланганини ҳаётнинг ўзи тасдиқламокда.

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Султан Увайс Қараний зиёратгоҳи ҳам узоқ йиллар давомида қаровсиз қолган, атрофи кўримсиз чакалакзор эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масканни обод қилиш, зиёратчилар учун зарур шарт-шароит яратиш ташаббусини илгари сурганидан сўнг катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, киши кўзини яшнатиб, кўнглини кўтарадиган, руҳий хотиржамлик бахш этиб, яхшиликка ундайдиган мўътабар зиёратгоҳ, барпо бўлди.

Эндиликда халқимиз Султан Увайс Қаранийни ҳам яқиндан таниб, унинг меросидан бохабар бўлади. Манбаларда келтирилишича, ислом оламининг табаррук авлиёларидан бири сифатида эътироф этиб келинадиган, тарихий китобларда “Икки жаҳон куёши”, “Яман юлдузи”, дея улуғланган Султан Увайс Қараний пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан замондош бўлган. Пайғамбаримиз ўзларининг муборак чакмонларини Қаранийга мерос қилиб қолдирган, саҳобаларни унинг дуосини олишга чақирганлар. Шундан ҳам унинг мартабаси нақадар улуғ эканини англаш мумкин.

Иккинчи хаётини бошлаётган зиёратгоҳ бугун тамомила ўзгача қиёфа касб этган. Мақбара бутунлай қайта қурилди. 1400 ўринга мўлжалланган масжид ва таҳоратхона, музей ва кутубхона, фавворалар, дам олиш айвончалари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. Бир вақтда қадамжодан жанубий томондаги Ҳазратнинг онаси хоки кўйилган “Биби-Наима она” зиёратгоҳи ҳам тўлиқ қайта қурилди.

Султан Увайс Қараний зиёратгоҳининг очилиш маросимида иштирок этган олимлар, диншунослар, уламолар, хорижлик тадқиқотчилар ва ёшлар ҳам қисқа муддатда амалга оширилган ишлардан бениҳоя катта таассурот олганини таъкидлади. Яхши ният билан мажмуага Наманган вилоятининг янги “ташриф қоғози” дея таъриф берилди.

Биз олдимизга баланд ва улкан марраларни қўйганмиз. Мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс” пойдевори яратилмоқда. “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси ҳаётимизнинг бош мезонига айланган. Тараққиётни эса илм-маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шундай экан, аждодларнинг бой мероси, юксак маънавият ва етук илму маърифати барчамиз учун порлоқ истиқболга бошловчи ёрқин ва сўнмас маёқ бўлиб қолаверади.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 3 март, №44 (300)

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …