Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “ХАМСА” АСАРИДА ТАСВИРЛАНГАН АНТИК ДАВР ОЛИМЛАРИ

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “ХАМСА” АСАРИДА ТАСВИРЛАНГАН АНТИК ДАВР ОЛИМЛАРИ

Алишер Навоий ўз асарларида антик файласуфларнинг номларини келтириб, уларнинг илмий жасоратини баён этади. Маълум бўладики, ҳазрат антик даврда яшаб ўтган олим ва уламоларнинг илму ҳунарларидан, фан ва ихтироларидан етарлича воқиф бўлган, улар тўғрисидаги китобларни шубҳасиз кўп ўқиган. Мисол учун,

“ … Ки айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,

Алардин ҳар бир Афлотунға ҳамаҳд”.

– маснавийси фикримизнинг далили бўла олади. Арабий, форсий ва эски туркий манбаларда учрайдиган Афлотун исми орқали замонавий илмий манбаларда антик давр олими Платонга нисбат берилишини яхши биламиз. Алишер Навоий ҳазратлари уни сифатлаб, бундай мисраларни келтиради:

“Сипеҳр аҳволининг соҳиб вуқуфи,

Жаҳоннинг корбанду файласуфи.”[1]

Ушбу сўзларни ҳозирги тилимизда бундай ифода этса бўлади: ер юзи аҳволини биладиган киши, жамиятшунос ва фалсафа билан машғул бўлган дунёдаги етакчи файласуф.

Дарҳақиқат, Платон милоддан аввалги 427-347 йилларда Афинада яшаб ўтган қадимги юнон файласуфи ва олимидир. У ўзининг асосий субстанциялар ҳақидаги асарлари ҳамда сиёсат, давлат тузилиши, давлатни бошқариш масалалари ёритилган ёзма ёдгорликлари билан машҳур.

“Хамса”га кирган “Фарҳод ва Ширин” достонининг турли бобларига тааллуқли бўлган қуйидаги маснавийларга диққатингизни тортмоқчимиз. Шоир “Юнон мулки” тўғрисидаги ўз тасвирларини XX бобнинг сарлавҳаси бўладиган даражага олиб чиқади. Ушбу сарлавҳанинг парчаларидан қуйидаги кўринишларни ҳукмингиз учун келтиришни лозим топдик. Ундан сўнгра эса яна шеърий парчаларга эътибор қаратишингиз мумкин, масалан, “XX боб… Фарҳод била Юнон мулкига черик тортиб борурни муқаррар қилғони…” [2]

… Черик солғай Хитоу мулки Чинға,

Юруб чеккай сипаҳ Юнон заминға…[3]

… Киши Юнон сори бормоқ керактур,

Инон ул тоққа бошқормоқ керактур.

…Эрур ғор ичра Суқроти ягона,

Дема Суқрот, Буқроти замона.[4]

…Дегайсен ул маҳалким, килки таҳрир

Чекиб ул тўрт қасрим қилди тасвир:

Бири Юнонға маркаб сурганимни,

Қилиб разм, аждаҳо ўлтурганимни.

Кўриб турганингиздек, Юнон мавзуси ушбу достонларда тез-тез қаламга олинган. Жумладан, Фарҳоднинг Юнонистонга черик солиб бориши мавзуси достондаги бир сюжет ҳисобланса, Чин мулки бир сюжет, шунингдек, Андалусия ёинки Рум диёри мавзуси бир сюжет бўлса, арман гўзали бир сюжет.

Жуғрофий томондан Алишер Навоий жуда кенг, катта муҳитлар ва иқлимларни тасвирлашга интилади. Бу жиҳатдан ҳазрат чинакам тарзда Соҳибқирон ва темурийлар салтанатининг бир тарихнависи ва ёким бир ижодкор тасвирчиси сифатида кўзга ташланади.

Энди яна антик давр Юнонистон мавзусига қайтсак. Бунинг учун достондаги

… Киши Юнон сори бормоқ керактур,

Инон ул тоққа бошқормоқ керактур.

… Эрур ғор ичра Суқроти ягона,

Дема Суқрот, Буқроти замона…[5]

каби мисраларга диққатингизни қаратинг. Бу ерда мисол тарзида Қадимги Юнонистонда яшаб ўтган машҳур файласуф Суқротни олайлик. Ҳақиқатан ҳам Суқрот ўз замонасининг энг буюк донишманди эди. Тарих саҳифаларида Суқрот, яъни Сократ тўғрисида қуйидаги маълумотларни учратиш мумкин. Сократ – эрамиздан аввалги 470-399 йилларда яшаб ўтган қадимги юнон файласуфи. У софистларнинг ғояларини танқид қилган ва ёшлар тарбияси масаласини тарғиб этган. Сократнинг ҳаёти ва таълимоти ҳақидаги муҳим маълумотлар Ксенофонт ва Платон асарлари орқали бизгача етиб келган ва ҳоказо.[6]

Маълум бўладики, Алишер Навоий нафақат Суқрот тўғрисида аён бўлган маълумотлардан хабардор, балки унинг фалсафий ғояларидан ҳам етарлича тасаввурга эга бўлган чинакам зиёли ва ўз давридаги улуғ бир шахс. Албатта, бундай билим ва заковат ҳар қандай одамга ҳам муяссар бўлавермайди. Бунинг учун нафақат иқтидор ва ғайрат-куч ва яна қанча пиру устозлар ва азалий тақдир марҳамати ҳам даркор.

Диққатингизни достоннинг ушбу мисраларига қаратинг:

… Иккинчи Аҳраманға айлабон кин,

Жаҳонни қилғоним қон бирла рангин.

Ушбу маснавийдан шу аён бўладики, ҳатто биргина “Аҳраман” сўзидан ҳисоб олганимизда ҳам, қадимги форсий ва туркий халқларнинг улуғ мероси саналмиш “Авесто” китоби, ундаги воқеалар ва қаҳрамонлардан, асосий ғоя ва сюжет тизимларидан Алишер Навоий жуда яхши хабардор бўлганини билиш мумкин.

Хусусан, ҳазратнинг “Авесто” ва “Шоҳнома” сингари китобларни, Ўрта Осиё, Эрон ва Озарбайжон халқларининг қадимги даврдаги сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаёти, дини, тили, урф-одатлари, дунёқараши ва турли маърифий, маънавий тажрибаси-ю ҳаётий тасаввурларини жуда яқиндан билишининг гувоҳи бўламиз. Бундай сифат ва ҳолатларни биз “Хамса”га кирган достонлар мутолааси давомида қайта ва қайта кўриб, яна амин бўламиз.

“Жаҳонни қон бирла рангин қилган Аҳраман” сўзларини ўқиб, биз албатта “Авесто”даги айрим нарсаларни яна ёдга олгимиз келади. Маълумки, “Авесто”да олам икки асос – ибтидонинг, яъни ёруғлик ва қоронғуликнинг, яхшилик ва ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат. Яхшилик тарқатувчи ва уни ўзида ифодаловчи – Ахурамазда эзгулик рамзи бўлиб, у осмонда; ёмонлик ва бузғунчиликни ифодаловчи – Аҳраман эса ёвузлик рамзи бўлиб, ер остида, зулмат ва қоронғуликда. Ер сатҳи – кураш майдони. Ҳаётдаги турли ўзгаришлар қайси кучларнинг ғалаба қилишига боғлиқ. Мантиқан шу сабабдан инсон, тана ва руҳнинг қарама-қаршилигидан, инсон ахлоқи эса яхши ва ёмон хулқ – одатларнинг олишувидан иборат.

Кейинги ўринларда, юқорида биз таъкидлаётган антик давр мавзуси юзасидан яна бошқа тарихий шахслар ва уларга тааллуқли бўлган тарихий ишлар тасвирларига дуч келамиз. Тўғри, Алишер Навоий тарихий воқеликларга бадиий либос кийгизади ва уларни ўз тасаввури ва илҳом ёғдуси билан биргаликда олиб, ижод қудрати ёрдамида барча намоён бўлган ранглари билан тасвирлаб, бизга тақдим этади. Лекин, албатта, улар қатида маълум даражада ҳикоя учун асос бўлган тарихий реал воқелик ва ҳақиқат сурати ҳам мавжуд.

Яна Алишер Навоий ҳазратлари томонидан битилган шеърий сатрларга мурожаат қиламиз:

Учинч Искандари Румий тилисмин

Ки очтим тенг қилиб ер бирла жисмин.

Бўлуб тўртунч Арастуға рақамкаш,

Ки ғори ичра кирдим аждаҳоваш.[7]

Узоқ замонлардан буён бизга мерос бўлиб қолгани ё тошдан бунёд бўлган бинолар, ё тупроқ – замин ва ё тоғ-тошлар ичидаги ғорлар. Шунингдек, олис ўтмишдан бизга бўй чўзган буюк сиймолар. Улардан бири эса Шарқда Арасту деб ном олган ўша барчага маълум – Аристотель. Алишер Навоий бундай буюк шахсларни тилга олмасдан ўта олмас эди. Ҳазрат ўз тасвирларининг ишончли ва ҳақиқатмонанд бўлиши учун ҳам Арастуни тилга олади ва бу ёрқин сиймони атайлаб бошқа тарихий сиймолардан ажратиб, энг кейинги навбатда тилга олади.

Демак, Алишер Навоийга Арасту тўғрисидаги тарихий далиллар етарлича маълум бўлган. Албатта, ўзидан олдин ўтган юзлаб подшолар ва буюк зотлар, азиз авлиёлар тарихини билган ва тарих саҳифаларига рақам қилган Алишер Навоийдек буюк бир шахс қадимги антик даврни билмайди, десак, қаттиқ янглишган бўламиз.

Арасту – милоддан аввалги 384-322 йилларда яшаб ўтган, у қадимги юнон фалсафаси ва фани тараққиётида янги бир давр яратган буюк мутафаккир.

“Хамса”даги “Садди Искандарий” достонининг 81-боби сарлавҳасида маълум кундалик маиший ҳаёт воқеаларининг тартиби, маълум удум ва анъаналар баёни ўз айланиш давомийлиги ва кетма-кетлигида тасвир қилинади. Алишер Навоий қаламга олган аза расм-русумлари ушбу тарзда берилади:

“Етти ҳакимнинг Cкандар онасиға азо еткургали келмаклари… ”

…Алар чунки бир лаҳза топиб сукун,

Филотун деди борчасидин бурун…

…Тугатгач Филотун доно паём,

Аён қилди Суқрот мундоқ калом…

…Туганди чу Суқротнинг ҳикмати,

Етишти Балиноснинг навбати…

… Балинос чун сўзни қилди адо,

Яна этти Буқрот сўз ибтидо.

…Чу Буқрот ҳарфиға итмом эди,

Дуо бирла донанда Хурмус деди…

…Чу Хурмус деди сўз, бўлуб хокбўс,

Равон бошлади нукта Фарфунюс.

…Чу Фарфунюс этти иршодини

Арасту қилиб нукта бунёдини…[8]

Кўриб турганингиздек, бундай оғир дамлардаги Шарқона сукут, Шарққа хос одоб ва амал тушунчаси, азадорлар олдига қадам ба қадам, бир неча мўйсафиднинг ташрифи… Юпанч учун оҳиста айтилаётган сўзлар, каломлар… Аслида бу сюжет антик давр воқелигининг ижодкор тасаввурида қайта жилоланиши бўлиб, бундай тасаввурлар балки рост, балки рўёдир. Лекин шу нарса аёнки, бу сюжет – Алишер Навоийдек буюк шоирнинг ижод тўқимаси, хаёлидаги реаллик, тарихий ҳақиқат лаҳзаларининг бадиий назм қилиниши…

Бундай олиб қараганда, ҳазрат Навоийдек атрофдаги воқеликларга ўзини масъул санаган шахснинг чинакам ижодий фаоллик манбаси, унинг дунёвий-ижтимоий ва илоҳий-диний эҳтиёжларидан, Соҳибқирон ва темурийлар салтанатининг ёруғ оламдаги аҳамиятини чуқур тушунганидан, залворли мулоҳазаларидан келиб чиққан эмасми?! Ул зоти шарифнинг тарих, абадият олдидаги чеккан азияти, муножоти эмасми?!

[1] Алишер Навоий. Хамса. Тошкент-1986. “Фарҳод ва Ширин”. XIX- боб. 92-бет.
[2]Алишер Навоий. Хамса. Тошкент-1986. “Фарҳод ва Ширин”. XIX боб. 93-бет.
[3] Ўша асар. 94-бет
[4] Ўша асар. 92-бет.
[5] Алишер Навоий. Хамса. Тошкент-1986. “Фарҳод ва Ширин”. XIX боб . 92-бет.
[6] Ўзбек совет энциклопедияси. 10-жилд. 218-бет.
[7] Алишер Навоий. Хамса. Тошкент-1986. “Фарҳод ва Ширин”. XIX боб. 147-бет.
[8]Алишер Навоий. Хамса. Тошкент-1986. “Садди Искандарий”. LXXXI боб. 396-398 – бетлар.
Нуриддин ЮСУПОВ,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …