Home / АЛЛОМАЛАР / МАКҲУЛ НАСАФИЙНИНГ “АР-РАДД” АСАРИНИ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

МАКҲУЛ НАСАФИЙНИНГ “АР-РАДД” АСАРИНИ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

Бу табаррук диёрдан қанчадан қанча буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ифтиҳор бағишлайди.

Тарихдан маълумки, ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор берилганлиги барчага маълум.

Юртимиздан етишиб чиққан Бухорий, Самарқандий ва Насафийлар  каби кўплаб диний ва дунёвий илмларнинг дарғаларини тарбиялаб вояга етказган. Мазкур олимлар орасида муносиб мақомга эга бўлган машҳур аллома Абул Муин Насафийнинг катта бобоси Макҳул Насафий бўлиб, у нафақат Насафда, балки бутун ислом оламида ўз даврининг мутакаллим алломаси сифатида шуҳрат қозонган сиймоларидан бири деб эътироф этилган.

Олимнинг тўлиқ исми Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий бўлиб, унинг таваллуд санаси ҳақида ҳозирча манбаларда бирор маълумот учрамайди. Аммо вафот этган йили ҳақида барча манбаларда 318/930 сана кўрсатилган. Макҳул Насафий юксак илму маърифати билан танилиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулолаланинг асосчиси сифатида ҳам машҳурдир[1].

Ушбу ўринда шуни айтиб ўтиш жоизки, юртимиз мустақиллиги шарофати билан миллий ва диний қадриятларимизнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган аждодларимизнинг ҳаётлари ва сермазмун илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди деб айтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Бинобарин ушбу ўринда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Термизга ташрифи давомида айтган: “Насафий алломаларлар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим бўлади. Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига синдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб яшашига жуда катта ижобий таъсирини кўрсатади”[2], сўзлаpини келтиришимиз ўринлидир.

Кўриниб турганидек, ташқи таҳдидларга қарши курашишнинг энг мақбул ва маъқул йўлларидан бири аждодларимизнинг асрлар оша исботини топган меросига таянган ҳолда олиб борилган ташкилий-амалий ҳаракатлардир.

Алломаларимизнинг илмий-маънавий мероси, ислом ва унинг ғоялари, диний, миллий-маънавий қадриятларимиз, юртимиздан етишиб чиқиб, бутун дунёда машҳур бўлган буюк алломаларнинг ҳаёти ва калом илмига бағишланган илмий меросларига асосланган ҳолдагина ислом дини ғояларини бузиб талқин қилишга уринаётган оқимларнинг асл мақсадларини фош қилиш мумкин бўлади.

Кейинги сатрларда Макҳул Насафийнинг “Ар-Радд” асарини бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтар эканмиз.

Ҳақиқатдан ҳам Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланишида буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлган бўлса-да,  Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафийнинг ҳам хизмати беқиёсдир.

Алломанинг “Китобур радд ала аҳлил бидаъи вал аҳва” (“Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”) номли учинчи рисоласи бевосита калом илмига алоқадор бўлиб кенг шуҳрат топган[3]. Ушбу асар калом илми тарихида алоҳида ўрин эгаллаган бўлиб, шу йўналиш пойдеворини ташкил этган ноёб асарлардан ҳисобланади, жумладан диний-ақидавий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганиш ҳозирги давр учун ҳам илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги ушбу мавзунинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. 

Макҳул Насафийнинг мазкур асари, биринчидан, фирқаларнинг ҳар бирини моҳиятини баён қилиб, сўнг, аҳли сунна ва-л-жамоанинг уларга бўлган жавобини баён қилган, уларнинг нотўғри ғояларини очиб ташлаб уларга нисбатан раддиялар келтирган. Аллома ўзнинг“Ар-Радд” асарида олтита – ҳарурийлар, қадарийлар, жаҳмийлар, рофизийлар, жабарийлар ва муржиъийлар каби асосий оқимларга раддия берган ҳамда жами бўлиб 72 адашган фирқаларнинг моҳиятини  тўлиқлигича баён қилиб ўтган. Ушбу 72 та ботил фирқалар сохта таълимот вакиллари бўлиб, биз уларнинг моҳиятини оқилона англашимизда мазкур асарнинг аҳамияти каттадир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бу асар айниқса, ҳозирги ёшларимизнинг юксак маънавий камолотга етишиб, соғлом эътиқод билан тарбия топишида муҳим маънавий-маърифий, илмий ва амалий манба бўлиб хизмат қилади.

Абдуҳалим Муҳиддинов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Илмий тадқиқотлар бўлими илмий ходими

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004.
  2. Исфаҳоний. Салжуқийлар давлати тарихи, 52-бет.
  3. Абдусаттор Жуманазар. Насаф. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2006. -Б. 167-183.
  4. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Сиҳоҳ” асарлари.
  5. Ибн Можа ривояти.
  6. Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь, Исо Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат. Сурхондарё вилояти.
  7. Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази, 2007.
  8. Абдуллоҳ Саъад. Ўрта Осиё олимлари каталоги”дан). Араб тилидан Н.Жабборов таржимаси. // Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2006/3. –Б. 174.
  9. Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий. Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби. Араб тилидан Ҳ.Муҳидинов таржимаси. -Т.: Тошкент ислом университети, 2012. -Б. 69.
  10. Абу Саъад Самъоний. Ал-Ансоб. –Байрут: Дору-л-жанон, 1988. Т. 3. –Б. 375,376;
  11. Даминов И.И. Абу-л-Муин Насафий. –Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2013. – 108 б.
  12. Рудолф У. Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. –Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2001. -Б. 86.
[1] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: 2008. – Б. 366.
[2] Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь. Сурхондарё вилояти,  Имом Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат.
[3] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. Т – 2008й.– Б. 95.

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …