Home / МАҚОЛАЛАР / ХОЖА МУҲАММАД ПОРСОНИНГ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИДА САҚЛАНАЁТГАН АСАРЛАРИ

ХОЖА МУҲАММАД ПОРСОНИНГ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИДА САҚЛАНАЁТГАН АСАРЛАРИ

Тасаввуф таълимотининг XIV аср охиридаги назариётчиларидан бири, Хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик вакили Хожа Муҳаммад Порсо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофизий Бухорий (1349-1420) Бухорода туғилган, мадрасаларда ўқиб, Қуръон, ҳадис, калом каби турли диний илмларни чуқур ўрганиб, замонасининг забардаст олимларидан бири бўлиб етишган ва Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг Марказий Осиёда нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда тарғиботчиси сифатида машҳур бўлган.

Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафаҳот ул-унс” номли асарида, Али Сафийнинг “Рашаҳот”ида ва бошқа манбаларда Порсонинг ҳаётига доир маълумотлар келтирилган [7: 91].

Хожа Муҳаммад Порсо тафсир, ҳадис, тасаввуф, калом, география, адабиёт, тарих, фиқҳ каби соҳаларда ҳам моҳир олим бўлиб, у ёзган асарлардан қирқтага яқин номдаги асар бизгача етиб келган. Хожа Муҳаммад Порсо қаламига мансуб асарларни шартли равишда қуйидагича гуруҳлаш мумкин: Қуръоний илмлар туркуми, тафсир илмига оид асарлар, ҳадис илмига оид асарлар, калом илмига оид асарлар, усули фиқҳ, фиқҳ, тасаввуфий асарлар, адабиёт, биография, тарих ва география билимлари соҳаси.

Мазкур соҳаларга мансуб асарларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида ҳам сақланади.

Тафсир илмига оид асарлар. Бу гуруҳга муаллифнинг ўз дастхатида битилган ягона нусхадаги нодир асар “Тафсири Хожа Муҳаммад Порсо” [11: 237], шунингдек, “Тафсир сурат ал-Фатиҳа”, “Таржума ва тафсири сувари ас-самоийя” кабилар киради ва уларнинг барчаси форс тилида ёзилган.

Ҳадис илмига оид асарлар туркумига ҳадис олимлари биографиясига бағишланган “Рисола фи силсилат ал-машойих ал-муҳаддисийн” асарини, “Шарҳ-и ҳадис-и ал-Уқайлий – Шарҳи ҳадиси каана” ҳамда “Ал-ҳадис ул-арбаъун” [2] кабиларни киритиш мумкин. Бу охирги асарда муаллиф ўз устозлари орқали ривоят қилган нодир 40 та ҳадисни танлаб олган ва форсча таржимасини ҳам берган. Ҳадис илмига оид асар ҳам форс тилида ёзилган.

Калом илмига оид асарлар. Порсонинг шариат ва тариқат масалаларига бағишланган ва унга катта шуҳрат келтирган асари “Фасл ул-хитоб би-вусули-л-аҳбоб” (“Дўстлар висолига етишда оқ ила қорани ажратувчи китоб”) номли асаридир [14]. Катта ҳажмга эга бўлган бу китоб ислом уламолари орасида қўлланма сифатида фойдаланилган. Асар бир неча марта чоп этилган [13]. Асар 494 та масалага бағишланган бўлиб, бу масалаларнинг ҳаммаси исломда баҳсли ҳисобланган ва Порсо бу масалаларни турли асарларга суянган ҳолда ечиб берган. “Фасл ул-хитоб” муаллифнинг асосий асарларидан биридир.

“Шарҳу Фусус ал-ҳикам”, форс тилида ёзилган [17]. Асар машҳур мутасаввиф Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг тасаввуфнинг назарий масалаларига бағишланган “Фусус ал-ҳикам” номли асарининг шарҳига бағишланган.

“Рисола фил эътиқод вал-амал вал-ахлоқ”, “Эътиқодот” [19: 22], “Ҳафтоду се фирқа” [16: 21], “Муқаддима ли-жомиъ ул-калим” [4: 3] кабилар ҳам калом илмига оид асарлардир.

Қуръон илмлари туркумига араб тилида ёзилган “Рисола фи ал-мийм вуқуф ал-Қуръан”, “Лавозим ул-вақф” рисолалари мансубдир.

Усули фиқҳ масалаларидан баҳс этувчи “Рисола фил-интисор ли-соҳиб “ат-Тавзиҳ” асари араб тилида ёзилган.

Фиқҳ мавзусига оид асарлар гуруҳига араб тилида ёзилган “Рисола фи усул ад-дин ва фурузиҳи ва важибатиҳи”, “Ғурар ал-афкор шарҳу “Дурар ал-биҳор” ҳамда форс тилида ёзилган “Рисола дар нийат-и намоз”, “Маносик-и ҳаж”, “Шарҳи “Фиқҳи Кайдоний” [18: 70] кабилар киради ва улар Ҳанафий мазҳаби фиқҳига оид асарлардир.

Тасаввуфий асарлар орасида Хожа Муҳаммад Порсонинг энг катта асарларидан бири “Таҳқиқот” [12] бўлиб, у тасаввуфнинг назарий масалаларини очиб беришга бағишланган. Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия” асари Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг қудсий калималарини шарҳлашга бағишланган.

Тасаввуфнинг назарий масалаларига оид асарлар Хожа Муҳаммад Порсо илмий меросининг асосий қисмини ташкил қилади ва уларнинг аксари форс тилида ёзилган. Масалан, “Аз анфози қудсияи машойихи тариқат”, “Рисолаи кашфия”, “Мактуби Хожа Муҳаммад Порсо ба Мавлоно Зайнуддин” [3: 1], “Рисола дар одоби мурид” [8: 3], “Рисолаи маҳбубия” [10], “Рисолаи қудсийя васоё сулуки машойих” [9: 32], “Рисол-и тариқат-и Хожагон – Рисола физ-зикр”, “Суханон-и Хожа Порсо”, “Рисола фит-тасаввуф”, “Мактуб”, “Рисолат ал-ҳақоиқ”, “Қавл фил-ажвиба ҳазиҳи ал-асилат ал-мурсала мин Ҳирот ила Бухоро” каби асарлар.

Булардан ташқари, “ал-Фусул ас-ситта” [15: 32], “Рисола-и вужуд” таржимаси каби асарлар араб тилида ёзилган.

Адабиёт соҳасида Муҳаммад Порсонинг “Муншаот”, “Таржума-и баъз-и аз “Наср ул-лаолий”, “Шарҳу ар-Рисола ар рамизат аш-шафия фил-аруз” каби араб тилида ёзилган, араб адабиётига бағишланган асарларини санаш мумкин. Аммо кейинги икки асар Хожа Муҳаммад Порсонинг ғазалларидан тузилган девонлари бўлиб, мутасаввиф олимнинг шоир сифатидаги ҳали кўпчиликка номаълум қиррасини кашф этишга сабаб бўлади. Бу икки девон “Хутба-и дивони уло – дебоча-и девони аввал” ва “Дивон-и соний” деб номланган ва улар форс тилида ёзилган.

Биография туркумига “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” [6: 52], “Рисолаи дар баёни баъзи аз калимоти Баҳоуддин Нақшбанд”, “Маноқиби ҳазрати Хожа Баҳоуддин ан-Нақшбандий”, “Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор” [5: 13], “Рисолаи силсилаи Хожагон” сингари рисолаларни киритиш мумкин, улар форс тилида ёзилган.

Хожа Муҳаммад Порсонинг “Мухтасар тарихи Макка” [7: 9] рисоласи тарих илмига ҳамда “Рисола фил-мазорот” асари географияга мавзусига мансубдир, дейиш мумкин.

Санаб ўтилган асарлар шартли равишда ва бизга ҳозирча маълум бўлган илк маълумотлар асосида гуруҳларга бўлиб чиқилди. Улар орасида номлари икки хил, аммо айнан бир хил асарлар ҳам бўлиши мумкин, айрим рисолалар бошқа мавзуда ҳам бўлиши мумкин, шунингдек, Хожа Муҳаммад Порсо қаламига мансуб янги асарлар ҳам топилиши мумкин. Бу масалаларга кейинги тадқиқотларимизда ойдинлик киритиб бораверамиз, иншааллоҳ.

Ҳозирча юқорида санаб ўтилган Хожа Муҳаммад Порсонинг қаламига мансуб асарларнинг барчаси бизгача етиб келганлиги ва уларнинг Тошкент, Истанбул ва Теҳрон шаҳарларидаги кутубхона фондларида икки юзга яқин нусхада сақланиши аниқланди. Бу ҳолат Нақшбандия таълимотини ўз асарларида илмий жиҳатдан асослаб берган Хожа Муҳаммад Порсо илмий меросининг Марказий Осиё халқлари маданий тарихидаги ўрни анча салмоқли бўлганлигини, унинг асарларидан кейинги авлод олимлари ва мутасаввифлари унумли фойдаланганлигини кўрсатади. Жумладан, кейинги давр муаллифларидан Абдурраҳмон Жомий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Али Сафий, Шайх Худойдод, Тоҳир Эшон каби мутасаввифлар ўз асарларини ёзишда Порсо илмий меросига мурожаат қилишган. Ҳатто, XX аср охирларида вафот этган нақшбандия тариқатининг муршиди, шоир ва олим Исмоилхон Фақирий ҳам тасаввуфга бағишланган илмий асарларида Хожа Муҳаммад Порсонинг асарларидан иқтибослар келтирган. Бу эса Хожа Муҳаммад Порсо илмий меросининг Марказий Осиё халқларининг маданий ва маънавий ҳаётида асрлар оша ўз ўрнига эга бўлиб келганлигини кўрсатади.

Умуман олганда, Хожа Муҳаммад Порсо илмий мероси ва қарашларини ўрганиш нафақат Нақшбандия тариқати асослари, балки умуман, тасаввуф таълимотининг асл моҳиятини янада чуқурроқ ўрганишимиз учун имкон беради. Айниқса, унинг “Фасл ал-хитоб” ва “Шарҳи Фусус ал-ҳикам” номли асарларини таҳлил ва тадқиқ этиш орқали тасаввуф таълимотининг фақатгина аниқ белгиланган расм-русумлар, урф-одатлар ва муайян ахлоқ-одоб қоидаларидан таркиб топган бир мажмуадан иборат бўлмаганлиги, аксинча, бу таълимот инсон, ҳаёт, жамият, дунё, охират, борлиқ, маърифат, ақл-идрок, тафаккур, ҳиссиёт, ишқ… каби минг йиллардан буён инсоният диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келаётган бир қатор муҳим масалалар ва муаммолар хусусида ҳам кўплаб қизиқарли ва ибратли фикрларни тақдим этганлигига яна бир карра амин бўламиз.

Бир сўз билан айтганда, ўрта асрларда Марказий Осиё халқлари маънавиятида салмоқли ўрин тутган Нақшбандия тариқати тарихи ва таълимотини ўрганишда Хожа Муҳаммад Порсо илмий меросининг ўрни ва аҳамияти каттадир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Фахруддин Али Сафий. Рашаҳот ан айн ал-ҳаёт. – Т., 2003.
  2. Хожа Муҳаммад Порсо. Ал-Ҳадис ал-арбаъун – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 8825/IV.
  3. Хожа Муҳаммад Порсо. Мактуби Хожа Муҳаммад Порсо ба Мавлоно Зайниддин. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3100/ХV.
  4. Хожа Муҳаммад Порсо. Мақомоти жомиъул калим. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3039/III.
  5. Хожа Муҳаммад Порсо. Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №2520/II.
  6. Хожа Муҳаммад Порсо. Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2520/I.
  7. Хожа Муҳаммад Порсо. Мухтасар тарихи Макка. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №3844/IV.
  8. Хожа Муҳаммад Порсо. Рисола дар одоби мурийд. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 2520/IV.
  9. Хожа Муҳаммад Порсо. Рисолаи қудсийя ва васоё ва сулуки машойих. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 5501/I.
  10. Хожа Муҳаммад Порсо. Рисолаи маҳбубийя. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси,11067/I; 3844/II 84/II; 8825/V
  11. Хожа Муҳаммад Порсо. Тафсири Қуръон. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №2180.
  12. Хожа Муҳаммад Порсо. Таҳқиқот. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, 10991; 1411; 5465; 7775; 3412; 502/XVIII.
  13. Хожа Муҳаммад Порсо. Фасл ул-хитоб. – Т.: Ғулом Ҳасан Орифжонов нашриёти. (санасиз)
  14. Хожа Муҳаммад Порсо. Фасл ул-хитоб. – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинаси, 3133; 11605; 4335; 1450; 5766; 584; 2238; 1449; 11682; 3188; 5547; 5546; 522/VI.
  15. Хожа Муҳаммад Порсо. Фусул ас-ситта. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3051.
  16. Хожа Муҳаммад Порсо. Ҳафтоду се фирқа. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 10870/III.
  17. Хожа Муҳаммад Порсо. Шарҳи “Фусус ул-ҳикам”. – Шарҳу фусус ал-ҳикам. Истанбул, Сулаймония кутубхонаси, № 01366-002, Шаҳид Али Пошо бўлими.
  18. Хожа Муҳаммад Порсо. Шарҳи фиқҳи Кайдоний. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 4846/II.
  19. Хожа Муҳаммад Порсо. Эътиқодот. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3844/ III.
Масъудхон ИСМОИЛОВ,
ЎзМУ тарих факультети “Манбашунослик ва архившунослик”
кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …