Home / МАҚОЛАЛАР / АБДУРАҲМОН ЖОМИЙНИНГ “БАҲОРИСТОН” АСАРИДАГИ АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

АБДУРАҲМОН ЖОМИЙНИНГ “БАҲОРИСТОН” АСАРИДАГИ АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ

Абдураҳмон Жомий Шарқнинг буюк донишманди, зукко шоири, нақшбандия тариқатининг йирик вакили бўлган. Бугунги кунда эса, ушбу буюк мутафаккирнинг ижодиёти нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам катта қизиқиш уйғониб келаяпти. Ҳазрати Алишер Навоий “қутби тариқат” ва “ҳақиқат асрорининг кошифи” [3: 9], деб улуғлаган. Абдулвосеъ Низомиддин Бохарзий “XV асрнинг қайта қурувчиси ва ислоҳотчиси” [1: 38] деб эътироф этган бу табаррук зот тасаввуф таълимоти тарихида биринчи навбатда “Нафаҳот ал-унс мин ҳазарот ил-қудс” муаллифи сифатида шуҳрат қозонган [8: 9]. Жомий ўзидан бой илмий-адабий мерос қолдирган бўлиб, улардан фақат 52 таси бизнинг давримизгача етиб келган [5: 107]. Жомий ҳам назм ва ҳам наср жанрларига муваффақиятли ижод қилган. Россиялик олим Е.Э. Бертельс бизнинг давримизгача етиб келган мутафаккир асарларини санаб чиқиб, шундай фикр билдиради: “Ушбу рўйхат ўзининг серқирралиги билан ҳайратлантиради” [5: 109].

А. Афсаҳзод ўзининг жомийшунослик бобидаги энг муҳим тадқиқоти – “Нақд ва бар расии осор ва шарҳи аҳволи Жомий” номли асарида бу мавзуга атаб иккита махсус фасл ажратади. “Жомий – мутафаккир олим” ва бешинчи фасли “Жомий – шоир ва ёзувчи” деб аталади. Демак, А. Афсаҳзод Жомий асарларини илм соҳалари, мавзу ва мундарижа, мазмун ва моҳият жиҳатдан умумийлаштириб, иккига бўлган:

1) илмий асарлар;

2) адабий-бадиий асарлар.

А. Афсаҳзод Жомийнинг илмий меросини қуйидагича таснифлайди:

Жомий – адабиётшунос олим.

Жомий – мусиқашунос.

Жомий – тасаввуф тарихи назариясининг забардаст тадқиқотчиси.

Жомий – илоҳийшунос олим [4: 153-192].

Юқоридаги таснифдан Жомийнинг Шарқ илмий тафаккури, хусусан, ислом минтақа маънавиятида тутган мавқеининг тасаввур этиш қийин эмас [8: 18].

Яъни мутафаккир ижодиёти турли соҳаларни қамраб олади: диншунослик, фалсафа, мантиқ, ахлоқшунослик, филология, астрономия, мусиқа, ижтимоий сиёсат ва ҳоказолар. Бадиий насрга таллуқли бўлган Жомийнинг буюк асари “Баҳористон” деб номланади. Бу асар 1486 йилда ёзиб тугатилган. Жомий “Баҳористон”асарини Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асаридан илҳомланиб ёзган ва бу борада шоир ёзадики: “Бу хушкўнгил вақтимизда, қимматли ўғил Зиёвуддин Юсуф араб тили бошланғич қоидаларини ва араб илми қоидаларини тўплаш билан шуғуллана бошлади, маълумки, кичик болалар ва тажрибасиз ёшларнинг қулоғига нотаниш атамалар ва табиатидан узоқ хотималарни ўрганишдан уларнинг қалби чучийди, хотирига даҳшат ғубори ўтиради; шундай бўлгач, унинг дилига мурувват, хотирига қувват бериш мақсадида гоҳ-гоҳ машҳур шайх ва буюк устод Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”идан:

“Гулистон” эмасдир жаннатдин нишон,

Хашак тикони хам анбаргадир кон,

Жаннат дарвозаси ундаги боблар,

Файз тўла қиссалар чин ҳавзи кавсар.

Пардага ўралган нутқлар пинҳон,

Уларга рашк этар хур ила гилмон.

Шеърлари дарахтдир,баланд,ҳосилдор,

Лутф шабнамидан ариқлари бор, – бир неча сатр ўқилар эди. Шу аснода хотиримга унинг шариф сўзларидан шарафланиб ва латиф шеърларидан илҳомланиб, шу турда ва шу услубда бир неча варақ ижод қилиб, ҳозирларга достон ва ғойибларга армуғон этиш фикри келди. Ва бу маъно анжомини топиб бу сурат охирига етди…” [2: 55] маълум бўлаяптики китоб Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” услубида ёзилган бўлиб 8 бобдан иборат. Улар қуйидагилардир:

  1. Дарвишлар ҳақида.
  2. Донолар ҳикмати бобида.
  3. Шоҳлик ва адолат бобида.
  4. Саховат ва карам бобида.
  5. Дўстлик ва муҳаббат бобида.
  6. Мутоибот.
  7. Шеър ва шоирлик бобида.
  8. Масаллар.

Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асари авваламбор тарбиявий-дидактик асар ҳисобланади. Ушбу асарни тушуниш учун сўфийлар ахлоқи ҳамда Ўрта Осиёда жуда ривожланиб кетган футувват равияси моҳиятини яхши тушуниш керак. Чунки асардаги ахлоқий ғоялар футувват равияси ахлоқи ҳамда сўфийлар тариқатига хосдир.

Асарнинг биринчи боби дарвешлар ҳақида ёзилган бўлиб, бу бобда ўша буюк шайхлар, сўфий олимлари ҳақида, уларнинг халққа яқинлиги, ҳоким ва хонларнинг адолат йўлига буриб туришга уринишлари ҳақида ҳикоя қилади. Тарихий манбалардан бизга маълумки XV асрларга келиб тасаввуф шайхлари халқ манфаати учун сиёсий жиҳатдан фаоллашиб, ушбу жараёнда давлат фаровонлиги ва халқ осойишталиги учун сиёсий институтларнинг имкониятларидан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилган. Бунга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг сўзлари мисол бўлиши мумкин: “…Бизгача шайхлар оддий халқ иши билан амирларга, подшоларга мурожаат қилмаганлар, лекин биз бу иш билан ҳамма вақт шуғулланамиз… Биз бундай қилиш зарур деб ҳисоблаймиз” [7: 55].

Қадимий Хуросон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида Х асрдан бошлаб жавомардлик ҳаракати анча кенг ёйилган эди. Жавонмардлар муайян қоида-талабларга риоя этар, маънавий ва жисмоний етукликка интилар, қаердаки бўлмасинлар ва нима иш билан шуғулланмасинлар, мардлик ва олийжаноблик намунасини кўрсатар, зулм ва ҳақсизликка қарши курашардилар, хўрланганлар ва таҳқир этилганларни ҳимоя қилардилар. Улар наздида дунё бойлиги эмас, балки инсон қадри устун турган [6: 113].

Жавонмардлик ёки футувват тариқати ўзида юксак инсоний фазилатларни акс эттириб, Абдураҳмон Жомий даврида ҳам ривожланиб кетган ва албатта, Жомий ижодиётида ҳам маълум даражада ёритиб берилган. Ушбу тариқат Х-ХI асрларда бошланган бўлса ҳам ХIII асрларга келиб футувват ва тариқат бир бири билан қўшилиб кетган. Шу даврда яшаган Хуросон, Эрон ва Мовароуннаҳр шайхлари ўз муридларини мардлик ва фидоийлик, саховат ва қаноат руҳида тарбиялаш, жавонмардликни тариқат шиорига айлантиришга интилганлар.

Абдураҳмон Жомий ижодида ҳам жавонмардлик билан тариқат бир бири билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу боғлиқликни биз Жомийнинг “Баҳористон” асарида кўришимиз мумкин. Ушбу асарда аҳли футувват ва аҳли тариқатга хос бўлган хислатларнинг таҳлили мавжуд. Масалан ушбу хислатлар қаторига олийжаноблик, карам, саховат, ҳаё, адолат ва бошқа юксак инсоний фазилатлар кирадики улар айнан жавонмардлик ойинига хос ҳисобланадилар. Жомий “Баҳористон”ни тўртинчи равзасини айнан “Саховат ва карам” боби деб номлаб, ушбу инсоний фазилатларни нақадар зарур ва қадрли эканлигини тасвирлайди: Саховат бирор нарсага қараб ёки эвазига бирор нарса талаб бўлса, ҳатто, талаб этилган нарса мақтов ва миннатдорчилик бўлгани тақдирда ҳам, у саховат эмас.

Сахий дема саховатига,

Бирор талаб қўйса гар одам.

Сахийликмас,бу савдогарлик,

Бунда йўқдир шараф ва карам.

Саховатдан кимнинг мақсади –

Агар бўлса шуҳрат,овоза,

Аҳли карам шаҳрига унга

Ҳар доимо беркдир дарвоза [2: 31-32].

Агарда уйидан чиқариб берса,

Бору йўқ яримта нонини гадо,

Ярим хазинасин берган подшодан,

Сахийлик бобида шу гадо аъло! [2: 37]

Қаноат ҳам жавонмардларга хос бўлган фазилат булиб, аҳли тариқат, яъни сўфийларга ҳам хос ҳисобланади.Ушбу буюк хислат ҳақида Жомий “Баҳористон” асарида шундай ёзади:

Кимнинг қалб дилига кирди қаноат,

Ҳирс билан тамаъдан қутулди бори.

Қаноат гилами тушалган ерда,

Синди очкўзлигу тамаъ бозори.

 Адолатли бўлишни золимликка қарши қўйиб, Жомий “Баҳористон”да шундай ёзади:

Агар чиқса адолатнинг куёши,

Таралгай ҳар томон нури зиёси.

Агар зулм этса золим,бу ситамдан,

Жахон бўлгай қаро,йўқ интихоси [2: 22].

Шундай қилиб, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асари бугунги авлод учун бебаҳо хазинадир. Чунки асар комил инсон ахлоқига қаратилган бўлиб, барча юксак инсоний фазилатларни ўзига мужассам эттирган. Айниқса, бугунги кунда оммавий маданият орқали ривожланиб кетаётган инсоният маънавий таназзули, “Баҳористон” каби буюк ахлоқий фазилатларни тараннум этадиган асарларни ўқиш ва ҳар томонлама ўрганиш зарур ва долзарбдир.

Дилфуза БАХРИЕВА,
СамДУ ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулвосеъ Бохарзий. Мақомоти Жомий. – Теҳрон, 1371.
  2. Абдураҳмон Жомий. Баҳористон. Форс тилидан Ш.Шомуҳаммедов таржимаси. – Т.: Ёш гвардия, 1979.
  3. Алишер Навоий. Асарлар. Т. 6. – Т., 1968.
  4. Аълохон Афсаҳзод. Нақд ва баррасии осор ва шарҳи аҳволи Жомий. –Душанбе. Ирфон, 1995.
  5. Бертельс Е.Э. Джами Жизнь, эпоха, творчество. – Сталинобод, 1949.
  6. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат, Ўзбекистон, 1999.
  7. Наврўзова Г., Зоиров Э. Нақшбандия таълимотидаги ижтимоий-сиёсий қарашларларнинг тадрижий ўзгариши. “Илмий тадқиқотлар ахборотномаси” журнали. СамДУ, 2003.
  8. Холмўминов Ж. Жомий ва ваҳдат ул вужуд таълимоти. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2008.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …