Home / МАҚОЛАЛАР / АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таолога, Унинг исмлари ва комил сифатларига имон келтирадиган, Уни ҳар қандай камчилик ва нуқсонлардан пок деб эътиқод қиладиган, яккаю ягоналигига имон келтириш ва Унга итоат қилишни фарз деб биладиган мўмин-мусулмонлардир. Шунингдек, улар Аллоҳ таолонинг фаришталарига, нозил қилган китобларига, юборган пайғамбарларига, қиёмат кунига, қазо ва қадарга, ғайбий масалалар ҳамда хабарлар ичидан аниқ ва ишончли йўл билан етиб келганларига ҳам имон келтирадилар. Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони каримга эргашадилар. Пайғамбар алайҳиссалом, тўғри йўлда яшаб ўтган буюк халифалар ҳамда саҳобалар ва тобиъийларнинг йўлларидан юрадилар. Аҳли ҳадис ва аҳли раъй фақиҳларидан иборат мўътабар зотларнинг фиқҳий мазҳабларига амал қиладилар. Улар Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумларнинг халифаликларига бирдек имон келтирадилар. Барча саҳобалар адолатли зотлар бўлишганига, улар ўртасида содир бўлган ихтилофлар юзасидан сукут сақлашга, уларга ижтиҳод қилганлик савоби берилишига имон келтирадилар. Аҳли қибладан ҳеч бир инсонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармайдилар. Шаръий ҳукмларни чиқаришда ислом динининг тўртта асосий манбалари – Қуръони карим, ҳадиси шариф, Ижмоъ ва Қиёсга таяниб иш қиладилар. Мужтаҳид имомларнинг жузъий ҳукмлар юзасидан ихтилоф қилишганини мусулмонлар ўртасига тафриқа солиш деб билмайдилар. Шу ихтилофларни деб ҳеч кимни фосиққа, мубтадиъга ёки кофирга чиқармайдилар.

Шу нарса аниқки, Аҳли сунна вал жамоа тушунчаси Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келиб турган замонлардаёқ вужудга келган ва ўша пайтдаги илк мусулмонларга нисбатан, Аҳли сунна номи ишлатилган. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига имон келтирганлар, у зотнинг изларидан юрганлар ва суннатларини маҳкам тутганлар. Аҳли сунна вал жамоа атамаси ҳижрий биринчи асрда кенг тарқалмаган бўлган. Зотан, барча мусулмонлар фақат битта ном – мусулмонлар номи остида бўлганлар. Аммо хаворижлар, шийъалар, муътазилалар, мужассималар ва бошқа фирқалар ўртага чиққанларидан кейин, бу атама кенг қўлланила бошлаган ҳамда оммалашиб борган. Чунки Аҳли сунна билан ўша фирқаларнинг ўртасини ажратиб, таниб олишга эҳтиёж пайдо бўлган.

Аҳли сунна иборасига, вал жамоа сўзининг ҳам қўшимча қилинишига Пайғамбар алайҳиссаломнинг диндаги фирқаланиб кетиш ҳақидаги ҳадисда айтган “Улар жамоадир”, деган сўзлари сабаб бўлган. Чунки мусулмонлар жамоаси ҳақ йўл устида жамоа бўлишган ва динда фирқаланиб кетишмаган. Ҳақ йўлдаги имомларнинг ортларидан эргашишган ва эътиқодий масалалардан ҳеч бирида у йўлдан четга чиқишмаган.

Демак, Аҳли сунна вал жамоанинг илк муассиси бу, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидир. Ундаги энг асосий шахслар қуйидагилардир:

  1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
  2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.
  3. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.
  4. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
  5. Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча саҳобалари.
  6. Улардан кейин келган барча тобиъийлар ва уларнинг йўлларини маҳкам тутган қуйидаги уламолар:
  7. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ.
  8. Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий раҳимаҳуллоҳ.
  9. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ.
  10. Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ.
  11. Имом Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳ.
  12. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ.

Аҳли сунна вал жамоа вакилларининг ақидавий масалалардаги манбалари Қуръони карим, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларида собитлиги ва далолат қилиши ўта ишончли бўлган йўл билан келган хабарлар ҳамда Ижмоъдир.

Дин асосларини Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам ҳеч кимнинг унда бирор нарсани қўшимча қилишга ҳаққи йўқ. Қуръон ва ҳадисни тушуниб етишдаги асосий манба бу, уларни баён қилиб берадиган матнлар, салафи солиҳлар ва уларнинг изларидан юрган уламоларнинг тушунчаларидир.

Аҳли сунна вал жамоа вакиллари Аллоҳ таолога, Унинг исм ва сифатларига ҳеч бир ўхшатиш ва кўринишсиз имон келтирадилар. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули инкор қилган сифатларни ҳеч бир ўзгартиришсиз ва йўққа чиқармасдан инкор этадилар, ҳар қандай кўринишдаги ибодатга фақат Унинг ўзигина ҳақлидир деб эътиқод қиладилар.

Улар Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким ғайбни билмайди, У зотдан бошқа бирор кимса, жумладан, фолбинлар ва мунажжимлар ғайбни билади деб ишонишни куфр деб эътиқод қиладилар.

Улар бандаларни ҳидоятга ёки залолатга бошлаш фақат Аллоҳнинг ихтиёридадир, У зот кимни ҳидоятга бошлаган бўлса, ўзининг марҳамати билан бошлаган ва кимни залолатга бошлаган бўлса, ўзининг адолати билан бошлаган, бандаларнинг ўзларини ҳам, амалларини ҳам Аллоҳ таоло яратади ва Ундан ўзга ҳеч бир яратувчи зот йўқ, деб эътиқод қиладилар.

Улар Аллоҳ таолонинг ишларида ҳикмат бор, сабаблар Унинг хоҳиши билан ишлайди, деб эътиқод қиладилар.

Улар барча фаришталарга умумий тарзда имон келтирадилар. Қуръон ва ҳадисда номлари келган фаришталарга эса, уларнинг номлари ва сифатларига кўра имон келтирадилар.

Улар пайғамбарлар ва расулларга имон келтирадилар. Улар инсониятнинг энг яхшиларидир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, пайғамбар ва расулларнинг энг сўнггисидир, у зотдан сўнг ваҳий тўхтатган деб эътиқод қиладилар.

Улар Аллоҳ нозил қилган барча китобларга имон келтирадилар. Бироқ, ундан аввалги китоблар ўзгартириб юборилган, Қуръони карим ўзидан аввалги барча китобларнинг ҳукмини бекор қилувчи ва энг буюк китобдир деб эътиқод қиладилар.

Улар қиёмат бўлишига, ундан аввал бўладиган аломатлари ва белгилари борлигига имон келтирадилар.

Улар қазо ва қадарга, унинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига имон келтирадилар.

Улар пайғамбарларнинг мўжизаларига, валий ва солиҳ бандаларнинг кароматларига имон келтирадилар. Ҳар қандай ғайри оддий нарсани мўжиза ёки каромат деб билмайдилар. Бу борада Қуръони карим ва ҳадиси шарифни ўзларига меъёр қилиб оладилар. Унга тўғри келгани мўжиза ёки каромат, тўғри келмагани истидрождир. Истидрож – кофир ёки ўта фосиқ одамдан содир бўладиган ғайри оддий ишлардир.

Улар ғайб оламига тааллуқли Арш, Курси, Жаннат, Дўзах, қабр азоби ёки роҳати, Сирот кўприги, тарози ва бошқаларга имон келтирадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, бошқа пайғамбарлар, фаришталар ва солиҳ инсонларга Аллоҳ таоло шафоат қилиш имконини беради, деб эътиқод қиладилар.

Улар охиратда мўминлар жаннатга кирганларидан сўнг, Аллоҳ таолони кўришларига, бу дунёда эса ҳеч ким Уни кўриши мумкин эмаслигига имон келтирадилар.

Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоддаги мазҳаби ашъарийлик ва мотуридийлик, фиқҳдаги мазҳаблари эса ҳанафийлик, шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликдир.

Юқорида зикр қилинган гаплардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аҳли сунна вал жамоа ақидасидаги мўмин-мусулмонлар барча ишларда ўртамиёналик йўлини тутганлар. Мусулмонлар ўзларига раҳбар қилиб сайлаган кишиларга қарши чиқиш, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқариш, ўзларидан аввал яшаб ўтган мўмин-мусулмонларни, айниқса, мужтаҳид имомларни залолатга кетганликда айблаш, айни вақтда мусулмонлар иттифоқ қилиб турган масалалар борасида ихтилофлар чиқариб, уларнинг ораларига тафриқа солиш каби салбий иллатлар ўзини Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида деб билган мўминлар учун номақбул ишлардир. Улар дин ва давлатнинг равнақи, мусулмонларнинг иттифоқи ва илмий тараққиётини ўзларининг энг устувор вазифалари деб биладилар.

Алоуддин Ҳофий
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …