Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ФИҚҲИДА МЕРОС НОРМАЛАРИ

ИСЛОМ ФИҚҲИДА МЕРОС НОРМАЛАРИ

Ҳамма замонларда ижтимоий маданий ҳаётнинг барча соҳаларида мерос масаласи алоҳида ўринга эга бўлган ва шундай бўлиб келмоқда. Бу масала ислом фиқҳида, яъни қонунчилигида ҳам алоҳида ўрин тутади. Мерос масаласи билан ислом фиқҳининг фароиз илми шуғулланади.

Фароиз бу содда қилиб айтганда мерос ҳақидаги илм. Фароиз илми мерос ва ворислар ҳамда уларнинг қай бирига қанча миқдорда мерос тегишини белгилаб берадиган фандир. Буни билиш ва унга амал қилиш жамиятдаги ҳамда оилалардаги низоларни бартараф этишга ёрдам беради.

Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир муборак ҳадиси шарифларида “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У умматимдан энг аввал унутиладиган нарсадир” [2: 12], деганлар. Мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, пайғамбар алайҳиссалом бошқа илмларга бунчалик равишда тарғиб қилмаганлар. Чунки бу илм кишиларга қолган меросни бўлишга оид жуда ҳам нозик илмдир. Инсонлар ўз меҳнатисиз яқин кишисининг моли мулкининг маълум қисмига эгалик қилар экан, бу жараён доимо меросхўрлар ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлиб келган. Шунинг учун ҳам мерос тақсимлаш ишига ҳамма ҳам ўзини уравермайди. Низоларга аралашишни хоҳламайди. Шу сабабли ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу илмни ўрганишни тарғиб қилган бўлсалар керак. Албатта, ушбу илм ҳалол-ҳаромни ва бировнинг ҳаққини тўғри ва адолатли ажрата олишни талаб қилади. Мусулмонлар, айниқса, диний илмни эгаллаган дин пешволари бу илмни мукаммал билишлари лозим. Чунки улар кишилар орасида доимий тушунтиришлар олиб борадилар, лозим бўлган тақдирда мусулмонлар орасида меросни шарий йўл билан бўлиб бериб оилалардаги меҳр-муҳаббатни бардавом қиладилар.

Фароиз илми маданий ҳуқуқимизнинг учинчи бўлагини ташкил қилади. Унда вафот этган кишидан қолган молларга тааллуқли ҳуқуқлар ва бу молларнинг ҳақдорларга қайси йўл билан тақсимланиши ҳақида баҳс юритилади. Яъни, фароиз илми марҳумдан қолган меросга шу марҳум меросхўрларидан ҳар бирининг табиий ҳуқуқларини, мафрузини, демакки, фарз бўлган ҳиссасини, тегишли насибаларини фарқлай билишнинг фиқҳий қоидалари ва ҳисблари ўзида мужассамлаштиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр қилинган даъватлари, улуғ уламоларнинг беҳисоб қимматли асарлар таълиф этишларига сабаб бўлди.

“Мерос” сўзининг луғатдаги шундай маъноси борки, у бир нарсанинг бир кишидан иккинчи кишига, бир қавмдан иккинчи қавмга ўтишини англатади. Бу нарса фақат мол-мулкка тегишли бўлмай, илм, шону шараф ва бошқа маъноларни ҳам ўз ичига олади.

Шаръий маънода эса, мерос мулкиятининг вафот этган кишидан унинг тирик меросхўрларига ўтишини билдиради.

Шариат илмига, хусусан, мўътабар манбаларга таяниб ёзилган Боситхон Шошийнинг “Фароиз илми” асарида баён қилинган маълумотларга кўра, ўлган кишидан қолган тарикага, яъни мулкиятга бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартибда адо этилади:

  1. Бир мусулмон вафот этгандан кейин унинг молу мулки ҳисоб қилиниб, биринчи навбатда уни кафанлаб кўмиш учун кетадиган сарф харажатлар ажратилади.

Бунда уни кафанлашга, ювишга, кўмишга, гўрини қазишга, олиб бориб кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди.

  1. Ундан кейин марҳумнинг одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.

Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳаққидан устун ҳақ ҳисобланади. Пайғамбар (а.с.)нинг Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда “Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради” [1], деганлар. Бошқа бир ҳадисда айтилишича, ҳатто маййит шаҳид бўлса ҳам қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан сўнг шаҳидларга ваъда қилинган мартабага эришади.

  1. Маййитнинг молиявий васиятларига сарф қилинади.

Агар васият қилинган мол миқдори меросга қолган мол миқдорининг учдан бир қисмига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса, васиятга амал қилинади. Учдан биридан кўп миқдорга эса васият ўтмайди. Қолган мероснинг учдан бир қисмигача миқдоридаги васиятни ҳеч кимдан сўрамай берилаверади. Аммо учдан бирдан ортиғи меросхўрларнинг ҳаққи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлса васият қилинган хайрли ишга сарф қилинади, улар рози бўлмасалар сарф қилинмайди. Бунга далил Расулуллоҳнинг суннатларидан олинган. Саъд ибн Абу Ваққос ўз молларининг ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканликларини айтганларида пайғамбар (с.а.в.) рухсат бермаганлар, ярминичи деб сўраганларида ҳам изн бермаганлар. Учдан бириничи? деб сўраганларида, у зот:

“учдан бири майли, учдан бири ҳам кўп, сен меросхўрларингни бой ҳолда қолдириб кетмоғинг уларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолларида қолдириб кетмоғингдан яхшидир” [2: 19] , деганлар.

Жони узилаётган одамнинг ўз ўлими олдидан кўзига ҳеч нарса кўринмай, охиратини ўйлаб бору будини садақа қилишга тайёр туради. Агар унинг васияти ўтадиган бўлиб қолса, меросхўрларга ҳеч нарса қолмаслиги аниқ. Бунда меросхўрларга зулм бўлади.

Бу ҳукм орқали меросхўрларнинг ҳақлари ҳимоя қилинган. Шу билан бирга молни топган кишининг ўлимидан олдин хайр эҳсон қилиш ниятини бутунлай тўсмаслик мақсадида, мол-мулкнинг учдан бир миқдоридаги васияти амалга ошадиган қилиб қўйилган. Масалан: бир одам вафотидан олдин “мендан қоладиган ҳамма пулга масжид қурилсин” деб васият қилган бўлса, унинг пули ўттизминг чиқса, ўн минги масжидга ишлатилади, йигирма минги меросхўрларга бўлиб берилади.

  1. Маййитнинг кўмиш харажатлари, қарзи ва васиятдан (хайрли иш учун қилган васияти) ортиб қолган моли меросхўрларга бўлиб берилади.

Бунинг учун кимлар мерос олиш ҳаққига эга ва меросхўрлиги даражаси қай даражада эканлигини билиб олишимиз керак.

Мерос олиш ҳаққи уч хил йўл орқали бўлади.

  1. Насаб йўли билан.

Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар ҳамда бошқа тоифадаги яқинлар ва қариндошлар шунга киради. Бу тоифани уламолар ота-она ва уларга мансуб кишилар деб атайдилар.

  1. Никоҳ йўли билан мерос олиш ҳаққи собит бўлади.

Тўғри, шарьий йўл орқали никоҳ билан боғланган кишилар орасида ҳам бир-биридан мерос олиш ҳақи жорий бўлади. Фосид ва ботил никоҳ туфайли мерос олиш ҳақи жорий бўлмайди.

  1. Қулни озод қилиш туфайли.

Аввалги вақтда озод қилинган қул вафот этса-ю, меросхўри бўлмаса, ундан қолган меросга уни озод қилган киши ҳақли бўлган. Чунки бу киши яхшилик қилиб, марҳумни қулликдан озод қилган эди.

Ушбу айтиб ўтилган меросхўрларнинг меросхўрлик даражаси турлича бўлади. Маййитдан мерос олишга ҳақли бўлган ворислар ўз ҳақларини олишда баробар эмаслар. Улар бир-бирларидан мерос олишда ўз даражалари билан фарқ қиладилар. Уларнинг даражалари қуйидагичадир:

  1. Асҳобул фуруз – Фарз эгалари. Буларга биринчи бўлиб меросдан Қуръон, суннат ёки ижмоъда белгиланган миқдорда мерос берилади.
  2. Асабат насабия – насабий қариндошлар. Бунда фарз эгалари меросда белгиланган ҳақларини олиб бўлгач, кейин насабий қариндошларга меросдаги ҳиссалари берилади. Насабий қариндош деб,фарз эгалари мавжуд бўлса, ундан қолган меросни, фарз эгалари бўлмай ўзи ворис бўлса, барча меросни олишга ҳақли бўлган маййитнинг яқинларига айтилади. Бунга ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган амаки каби маййитни яқинлари киради.
  3. Асабат сабабийя – сабабий қариндошлар. Булар озод қилиш орқали қариндошлиги боғланган киши, яъни қул озод қилувчилар. Агар озод қилинган қул вафот этганда унинг фарз эгаларидан ёки насаб қариндошларидан бирорта вориси бўлмаса, бу ҳолда сабабий қариндош, яъни уни озод қилган киши мерос олади. Қул озод қилиш йўли билан қариндош бўлган кишига “мавлал атоқи” дейилади. Бу “озод қилиш ҳуқуқига эга бўлган киши деганидир. Агар қул озод қилган кишининг ўзи тирик бўлмаса меросни унинг ўғил ворислари олади.
  4. Завил арҳам. Фарз эгаси ёки асаба бўлмаган узоқроқ қариндошларнинг бирортаси бўлмаса, меросни завил арҳамга берилади. Бу ҳанафий ва ҳанбалийларга кўрадир. Шофиъий ва моликийларга кўра эса завил арҳамга мерос берилмайди. Балки фарз эгаси ёки асаба бўлмаса меросни байтул молга топширилади.
  5. Мавлал муволот (яъни насаби номаълум бир шахс бошқасига “сен менинг ҳожамсан, мен ўлсам мендан мерос оласан, агар жиноят қилсам уни товонини тўлайсан” деганда, у ҳам қабул қилдим деган кишига мавлал-муволот дейилади). Олдинги тўрт қисм ворисларнинг бирови бўлмаса, мерос мавлал муволотга берилади.
  6. Насаби иқрор қилинган киши, яъни маййит ҳаётлик вақтида бировнинг насабини иқрор қилган бўлса, ота-онаси бир кишини бу менинг акам ёки укам деб тан олса, иқрор қилинган киши юқорида мазкур ворислардан бири бўлмаса меросни олади. Бу ҳолатда ворис тўртта шарт асосида мерос олади.

Биринчидан, насаби иқрор қилинган кишининг насаби номаълум бўлиши.

Иккинчидан, иқрор қилувчининг иқрори насабнинг собит бўлишида ўзидан бошқага нисбат берган бўлиши керак. Масалан: “бу акам” деб иқрор қилиши билан насабни отасидан собит бўлганига ишорат қилинади.

Учинчидан, Бу иқрор билан насаби собит бўлмаслиги, яъни бу акам деб иқрор қилса, бу иқрорни отаси тасдиқламаслиги керак.

Тўринчидан, иқрор қилувчи ўлгунича иқрорида туриши.

  1. Васият қилинган кишига молнинг барчасини берилади. Юқорида зикри ўтган ворисларнинг бирортаси мавжуд бўлмай, маййит ҳамма молини васият қилган бўлса, васият қилинган кишига берилади.
  2. Байтул мол. Яъни, мазкур ворислар мавжуд бўлмаса, меросни йўқолиб кетишдан асраш ва мусулмонларнинг умумий манфаатларига ишлатиш учун давлат ҳазинасига топширилади.

Бунда меросхўрларнинг ҳар бири фароиз илмида гуруҳларга ажратиб, қай бири қанча мерос олиши, бири бўлмаса ундан пасткиси унинг ўрнига қачон ўтиши, буларннг барчаси чуқур ва далиллар асосида ўрганилган.

Шундай қилиб фикримизча, энг илғор исломий қадриятлар турмуш тарзимизнинг таркибий қисмига айланиб бораётган ҳозирги шароитларда ушбу масалаларни атрофлича билиш ва таҳлил қилиш мерос ҳақидаги замонавий қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида уларни имкон қадар инобатга олиш жамиятимизни маънавий жиҳатдан соғломлаштиришга, соғлом ахлоқий муҳитни қарор топтиришга муайян даражада хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Фароиз фанидан маърузалар матни. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004.
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. Фароиз ва васиятлар. – Т.: Шарқ, 2005.
  3. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Тошкент ислом университети, 2012.
  4. Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший. Мисбоҳул анвор – Муқаддимаи илми фароиз. – Т.: Ғафур Ғулом, 2016.
  5. Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ал-Мусилий ал-Ҳанафий. Ал-ихтиёр ли таълилил мухтор. Азҳар университети марказий идораси, 1989.
Муҳаббат ИБРАГИМОВА
исломшунос, тадқиқотчи

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …