Home / АЛЛОМАЛАР / НАРУН ВАҚҚОДУН(ЁНДИРУВЧИ ОЛОВ) ДЕЯ ТАЪРИФЛАНГАН АЛЛОМА

НАРУН ВАҚҚОДУН(ЁНДИРУВЧИ ОЛОВ) ДЕЯ ТАЪРИФЛАНГАН АЛЛОМА

Алломанинг тўлиқ исми Убайдуллоҳ ибн Масъуд Содруш шариъа асғор ибн Масъуд ибн Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий Бухорийдир. Катта Содруш шариъа, Тожуш шариъа ва кичик Содруш шариъа каби унвонлар соҳиби Убайдуллоҳи ибн Масъуд (ваф.747/1346.)[1:369] ва унинг боболари ислом оламида катта ном қозонган. Улардан қолган бой илмий мерос ҳозиргача мадраса талабаларига фиқҳ илмидан дарслик сифатида ўқитилади.

Ҳижрий 616 йили Чингизхон қўшини Бухорони забт этиб, шаҳарни талон-тарож қилади. Убайдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳам айнан мўғуллар Мовароуннаҳрни эгаллаб, хароб қилган даврга тўғри келган. Ибн Баттута айтади: “Бухоро Жайҳун дарёси ортидаги қалъа эди. Уни мўғул Чингизхон вайрон қилди. Ҳозир аксар масжидлари, мадрасалари, бозорлари вайрон бўлган…”

Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг катта бобоси Садруш шариъа Аҳмад ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий Бухорий ҳам замонасининг машҳур ҳуқуқшунос олими бўлган. Жумладан, “Ҳидоя”га ёзилган шарҳлардан бирининг муаллифи сифатида танилган. Алломанинг бобоси Тожуш шариъа унвони билан шуҳрат қозонган Маҳмуд ибн Сардуш шариъа ислом ҳуқуқи бўйича ҳанафий мазҳабида ўзидан унутилмас илмий асарлар қолдиради. Тожуш шариъа, ўз невараси (Садруш шариъа ас-соний, яъни иккинчи ёки кичик Садруш шариъа)нинг қалбига фиқҳий масалаларни сингдириб, етук қилиш мақсадида Бурҳониддин Марғинонийнинг шоҳ асари “Ҳидоя”ни қисқа жумлаларда тартиблаб (бошқа бир китобда ижодий шаклда жамлаб, дейилган), «Виқоятур-ривоя фи масоилил-Ҳидоя (“Ҳидоя” масалаларидаги ривоятларни сақлаш)» китобини ёзади [3: 212].

Ёш Убайдуллоҳ боболари имом Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Содруш шариъанинг тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишди. Ўша пайтдаги таҳликали вазият Содруш шариъалар оиласининг Бухородан Хуросон томон, яъни Кирмонга кўчишишига сабаб бўлади. Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.747/1346.) боболарининг қўл остида таълим ва таҳсилни давом эттиради. Манбалардаги маълумотларга кўра, алломанинг боболари Кирмон шаҳрида вафот этишган. Кейинчалик, у зот Кирмонни ташлаб, ўша даврда Хуросоннинг йирик марказларидан бири – Ҳиротга келади ва илмий фаолиятларини шу ерда давом эттиради. Доимо у зотнинг қалби она ватани Бухоро томонга талпинади.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.747/1346.)нинг насаби улуғ саҳоба Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳуга боради[7: 246]. Алломага “Убодий” нисбасининг берилишига ҳам шу сабабдир. “Маҳбубий” нисбаси ҳам боболаридан бирларига бориб тақалади. Демак, аллома илм зиёсига тўла хонадонда вояга етган. Зеро, у илмларни асосан боболари имом Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Содруш шариъадан олган. Бобоси ўз отаси Содруш шариъадан, у отаси Жамолиддин Маҳбубийдан, у эса, шайх муфтий Имомзодадан, у эса Имодиддиндан, у отаси Шамсул аъимма Заранжийдан, у эса Сарахсийдан, у Ҳалвонийдан, у Абу Али Насафийдан, у Муҳаммад ибн Фазлдан, у Субазмунийдан, у Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирдан, у Имом Муҳаммаддан, у Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан илм олган[5: 517]. Гувоҳи бўлганингиздек, бу илм силсиласи ўн тўрт табақа орқали буюк имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга, ундан кейин силсила кетма-кетлиги Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб боради [4: 37].

Имом Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий (ваф.747/1346.) усулул фиқҳ, фуруъ ал-фиқҳ, хилоф, жадал, ҳадис, наҳв, луғат, адабиёт, калом, мантиқ каби илмларда пешқадам бўлган[8: 419]. У кишининг таълим беришдаги ўзига хос услуби шундай бўлганки, таълим бериш жараёнида толибларга масалаларнинг туб моҳиятини англаб етиши учун ўта дақиқлик ва илгари ҳеч ким пайқамаган нозик нуқталаригача тўхталган. У зотнинг фанга бўлган хассослиги тасниф этган рисола ва шарҳ китобларида ҳам яққол намоён бўлади. Аллома “Ниқоя” асарининг дебочасида шундай дейди: “Мен баъзи илм таҳсил қилувчиларнинг “Виқоятур ривоя” матнларини ёдлашда ҳимматларининг камайиб кетганини кўрганимдан сўнг, толиби илмлар ҳифз қилиши енгил бўлиши учун “Мухтасарул виқоя” асарини таълиф этмоққа киришдим. “Ҳидоя” масалаларини ўз зеҳнида ҳозир бўлишини маҳбуб кўрган ҳар қандай инсон ушбу “Мухтасарул виқоя”ни ёд олмоғи лозимдир. Кимники, вақти тиғиз ва илм таҳсил қилиш учун ҳиммати қисқалик қилса, “Мухтасар”ни ёд олишга киришсин”[7].

Дарҳақиқат, ҳанафийлик фиқҳига оид ушбу мўжаз асар қанча асрлардан буён Бухоро, қолаверса Ўрта Осиё мадрасаларида фиқҳ фанидан асосий дарслик сифатида талабаларга ўқитилган. Унда мазҳабимиздаги зарурий масалалар қисқа ва лўнда шаклда, ёд олишга қулай тарзда маҳорат билан битилган.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.747/1346.)нинг фикри теран ва сўзи ўткир бўлгани боис, ҳар қандай олим у киши билан илмий баҳс ва мунозара олиб боришга журъат қила олмаган. Ҳар бир масалага шаръий далиллар ва раддияларни керакли ўринларда дақиқ тарзда етказиб бера олган.

Тошкўприлизода[1]дан ҳикоя қилинади: “Аллома Қутбиддин Розий Содруш шариъа билан илмий мунозара қилмоқ истагида шогирдларидан бири мавлоно Муборакшоҳни у кишининг ҳузурларига юборади. Содруш шариъа у вақтда Ҳиротда эди. Муборакшоҳ алломани Ибн Синонинг “Ишорот” китобидан талабаларга дарс айтиб турган ҳолида учратади. Муборакшоҳ дарс жараёнида Содруш шариъанинг китоб мусаннифи Ибн Сино ва унинг шориҳи Муҳаммад Тусийга эргашмай, кучли ва ёрқин далиллар билан раддия бераётганини кўриб ҳангу манг бўлади ва устози Қутбиддин Розийга шундай мактуб йўллайди: “Бу киши “нарун ваққодун”, яъни “ёндирувчи олов”дир. У киши билан мунозара қилишингиз сизга маломат олиб келиши мумкин. Аллома ўз фикри ва ижтиҳоди ила иш кўрар экан”. Шу билан аллома Розий шогирдининг эътирофини қабул этиб, мақсадидан қайтади.

Абдулҳай Лакнавий “Фавоид” асарида: “Содруш шариъа тасниф этган китобларнинг барчаси уламолар наздида мақбул, фуқаҳолар наздида эътиборга сазовор”, дея эътироф этган.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд қаламига мансуб мўътабар асарлар:

  1. “Танқиҳул усул”. Ушбу асар ҳанафийлик усули фиқҳига оид бўлиб, аҳли илмлар орасида “Танқиҳ” номи билан машҳурдир. 2. “Тавзиҳ алат-Танқиҳ”. Ушбу асар “Танқиҳ”нинг матнига ёзилган шарҳ бўлиб, мусанниф унда бошқа усул китобларида учрамайдиган дақиқ масалаларни ёритган. 3. “Муқаддаматул арбаъ”. У ҳам “Тавзиҳ” масалаларини ўз ичига олади ва унда усулда мушкул саналган масалалар баён этилади. 4. “Шарҳул виқоя”. Ҳанафий мазҳаби фиқҳининг муфассал манбаларидан биридир. 5. “Мухтасарул виқоя”. Унинг бошқа бир номи “Ниқоя” бўлган. 6. “Аш-шурут вал маҳозир”. 7. “Таъдилул улум”. 8. “Шарҳул фусулил хомсийн”. 9. “Ал-виҳош фил маъони вал баён”. 10. “Ал-Арбаъун ҳадис”.

У зот таълиф этган асарлар ҳанафий мазҳабида ёзилган бошқа йирик манбалардан тубдан фарқ қилади. Яъни, асар таълиф этишда мусаннифнинг ўзига хос йўналиши мавжуд. Билдириладиган танқидий ва эътирозий фикрлар асосли ва ишонарли тарзда, ўқувчи фаҳмига тез етиб борадиган услублар билан баён қилинади. Шунинг учун ҳам Бухоро мадрасаларида Содруш шариъанинг асарлари асосий дарслик сифатида қунт билан ўқитилган. Ҳозир ҳам юртимиздаги мадрасалар таълим дастури фиқҳ фани бўйича алломанинг “Мухтасарул виқоя” асарлари асосида шакллантирилган. Толиби илмлар фиқҳий сабоқларни айнан ушбу дарсликдан ўзлаштиради. Чунки «Мухтасарул виқоя” фиқҳни англашда “Ҳидоя” масалаларини тўла тушуниш учун муҳим восита вазифасини бажаради. Бундан ташқари “Ҳидоя” масалаларини ўрганишда диёрларимизда у кишининг “Шарҳул виқоя” асарлари ҳам алоҳида аҳамият билан ўқитиб келинган. Бу асарни ўқиш орқали талабалар катта фиқҳий китобларни тушуниш учун етарли малака ҳосил қилишган. Миллатимизнинг етук фиқҳий арбоби, ўзидан сўнг авлодларга муносиб мерос қолдирган Убайдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ 747 ҳижрий, милодий ҳисоб бўйича 1346 йили бу фоний ҳаётдан кўз юмади. У кишининг ва ўзларидан кейинги барча авлодларининг қабрлари Бухоро вилоятининг Шеробод мавзесида жойлашган[2: 132].

Абдувоҳид ЎРОЗОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулқодир ибн Муҳаммад Қурший. “Ал-Жавоҳир ал-мазия фи тобоқот ал-ҳанафия” 2008 й. – Ж. 4.
  2. Абу Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Канавий. “Ал-Фавоиду ал-баҳия фий тарожими ал-ҳанафия”. “Император”. –Қозон., 1903.
  3. Муаллифлар жамоаси. Ал-Мавсуа. Доиратул Маъориф; 2007.
  4. Салоҳ Муҳаммад. Шарҳул-виқоя ва маъаҳу мунтаҳо ан-ниқоя аъла шарҳил-виқоя. “Муассасатул-варроқ”. Иордания. 2006 й. – Ж. 1.
  5. Тақйиддин Абу Бакр ибн Ҳусайний. “Китоб аълом ал-ахёр фи ҳалли ғоятил ихтисор”. 2012.
  6. Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин. –Байрут. Мактаба ал-мусанна. 2008. –  Ж .6.
  7. Убайдуллоҳ ибн Масъуд. “Мухтасарул виқоя”. –Т.: Чўлпон. 1994.
  8. Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун”; 2008 й. – Б. 419.
[1] У зотнинг асл исми Аҳмаб ибн Мустафо  Абулхайр Исомиддин (901 968 ҳ)дир. У “Шақоиқун нуъманийя фи уламаид давлатил усманийя”, “Мифтаҳус саъада ва Мисбаҳус саяда” ва “Ҳаваший алал Байзавий” номли асарлар ёзган (“Мифтаҳус саъада”;  Ж. – 2; Б. – 170-241).

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …