Home / АЛЛОМАЛАР / АЗИЗИДДИН НАСАФИЙ – ШАРҚ УЙҒОНИШ ДАВРИНИНГ БУЮК МУТАФАККИРИ

АЗИЗИДДИН НАСАФИЙ – ШАРҚ УЙҒОНИШ ДАВРИНИНГ БУЮК МУТАФАККИРИ

Инсоният тамаддуни ва илмий тафаккури тараққиёти тарихида Насаф ва Кеш шаҳарларига ўхшаш кўплаб адабпарвар мозий шаҳарлар мавжуддирки, уларнинг адабий ҳаёти тадқиқотчилар томонидан ҳали ҳанузгача мукаммал таҳлил ва тадқиқ қилинмаган. Насаф ва Кеш ўлкаси кўплаб ўзига хос услубда ижод қилган ва сўз санъатида моҳир бўлган буюк шоирлар, олимлар ва адибларни ўзининг меҳрга тўла қучоғида паваришлаб камол топтирди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Каримов таъкидлаганидек: “Бугун, орадан деярли минг йил ўтганидан кейин ҳам биз ўрта асрларда яшаб ижод қилган, жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг дахоси, илм-фаннинг турли йўналишларидаги изланишлари ва қомусий билимлари олдида ҳайратга тушамиз. Афсуски, инсоният бошидан кечирган ҳар хил фожиалар, урушлар, табиий офатлар натижасида улар қолдирган буюк мероснинг, айтиш мумкинки, мингдан бир қисмигина бизгача етиб келган, холос”[1].

Шундай буюк алломалардан бири Шарқ ўрта асрлар буюк мутафаккири Азизиддин ибн Муҳаммад Насафий [1240-1300] бўлиб, бу буюк алломанинг асарларини ўрганиш ва таҳлилу тадқиқ қилиш фақат Мустақиллик даврининг шарофати туфайли бошланди.  

Ҳаёти. Азизиддин Насафий [1240, Насаф – 1300, Эрон, Абаркўҳ] – шоир, табиб, антрополог, фармаколог, олим, мутафаккир, файласуф ва буюк аллома бўлиб, милодий 1240 йилида Насаф [Нахшаб – ҳозирги Қарши] шаҳрида туғилган. Унинг асл номи Азизиддин бин Муҳаммад Насафий бўлиб, айрим манбаларда, “Шайх Азиз бин Муҳаммад Насафий” ва унинг форс шарқшунос олими Аҳмад Маҳдавий томонидан нашрга тайёрланган “Кашф ал-ҳақойиқ” асарида “Шайх Абдулазиз бин Муҳаммад Насафий” ва “Баён ат-танзил” рисоласида “Мавлоно шайх-ул-ислом, аълам-ул-муваҳҳидин ва афзал-ул-муҳаққиқин сир-уллаҳ фил-арзийин, азиз-ул-миллат вад-дин Абдулазиз бинни Муҳаммад ан-Насафӣ адамуллаҳу баракатаҳу” [4: 4] шаклида келтирилган. Азизиддиннинг отаси Муҳаммад номли маърифатпарвар шахс бўлиб, фарзандининг камолоти учун узлуксиз ҳаракат қилган. У ёшлигиданоқ, илк диний ва дунёвий илмий маълумотларни ўз ватани Насаф шаҳрида отаси Муҳаммаддан ўрганиб, кейинроқ мукаммал билим олиш мақсадида, шу даврнинг Марказий Осиё мамлакатидаги ислом маданияти маркази бўлган Бухорои шариф шаҳрига юз тутиб, ўз давридаги диний ва дунёвий илмларни: форс ва араб тиллари грамматикаси, калом, ҳадис, тасаввуф таълимоти, тафсир, таъвил, адабиёт, ахлоқ, поэтика, тарих, фалсафа, риёзиёт, мантиқ, табиатшунослик, нужум [астрономия], фиқҳ, психология, кимё, биология, тиббиёт илмларининг антропология, генетика, анатомия, физиология, фармакология ва даволаш усулларини ўзлаштиришга жидду жаҳд билан киришган. Ёш олим Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида сафарда бўлиб, ўз замонасининг мазкур шаҳарлардаги илмий адабий муҳитида яшаб ижод қилаётган шайху олимлар, шоиру адиблар ва файласуфу мутафаккирлари билан танишиб, уларнинг фикру мулоҳазаларини илмий таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришга ҳаракат қилган.

Азизиддин Насафий Бухоро шаҳрида ўз замонасининг машҳур олимлари ва шайхларидан мукаммал билим олганидан кейин, калом илми, ҳикмат илми ва тасаввуф таълимотидан мадрасаларга мударрислик қилди. Мутафаккир ниҳоятда нозик табиат, зукко, теран илмий-фалсафий тафаккур ва эркин дунёқарашга эга файласуф олимлиги билан тезда Насаф ва Бухорои Шариф шаҳарларида шуҳрат қозонди. Кейинроқ, мутафаккирнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва Хуросон мамлакатларига кенг ёйилди. Файласуф кўпроқ, ҳикмат илми [фалсафа] га қизиқар эди. Шунинг учун у қадимги Шарқ фалсафаси, зардуштийлик ва буддавийлик динлари, антик юнон фалсафасининг етук намояндалари: Фалес, Анаксимандр, Анаксимен, Анаксагор, Пифагор, Гераклит, Суқрот, Афлотун, Аристотель, Левкип, Демокрит, Эпикур, Лукреций, Гиппократ ва Гален каби файласуф ва табибларининг таълимотларини ўқиб ўзлаштирди ва уларни Шарқ Уйғониш даври фалсафаси тарихининг йирик мутафаккир ва файласуфлари: Абу Юсуф Киндий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Бакр Муҳаммад Розий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Носир Хисрав, Насриддин Тусий, Маҳмуд Шабустарий, Муҳйиддин ибн Арабий, Айнулқузот Ҳамадоний, Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Саъдиддин Ҳамавий ва бошқа файласуф олимларнинг таълимотларини ўзаро таққослаб илмий таҳлил қилган ва улардан илмий ҳақиқат назариясини яратишга ҳаракат қилди. Адабий ва тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Азизиддин Насафий диний ва дунёвий илмларни ўзлаштиргандан кейин тасаввуф таълимотини мукаммал ўрганиш мақсадида, шайх Саъдиддин Ҳамавийга мурид бўлади. Шайх Саъдиддин Ҳамавий [1191-1252] кубровия тариқатининг асосчиси Шайх Нажмиддин Кубронинг муриди ва халифаларидан эди [5: 5, 41-42]. Азизиддин Насафийнинг шайх Саъдиддин Ҳамавийга мурид бўлиши ва у кишидан тасаввуф таълимотини ўзлаштириши, шубҳасиз насафлик мутафаккирнинг кубровия сулукига эътиқоддалиги ва мансублигининг ёрқин далилидир. У ўз муршиди шайх Саъдиддин Ҳамавийдан тасаввуф таълимотини мукаммал ўзлаштириб, “шайх” даражасига сазовор бўлади.

Азизиддин Насафийнинг ота-онаси, оилавий аҳволи, хотини ва фарзандлари ҳақида ҳозиргача манбаларда маълумот келтирилмаган. Файласуфнинг асарларидан сезиладики, у ёшлигиданоқ, Насаф шаҳридан Бухоро шаҳрига бориб, умрининг баракали йилларини мазкур илм ва маданият марказида ўтказган. Таъкидлаш жоиздирки, файласуфнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида адабий ва тарихий манбаларда кам маълумот мавжуд.

Тарихий манбалар. Азизиддин Насафийнинг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ баъзи маълумотлар, унинг “Мақсад ул-ақсо”, “Кашф ул-ҳақойиқ” ва “Зубдат ул-ҳақойиқ” асарларидан айрим ишоралари орқали топилади. Жумладан, насафлик мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодиёти ҳақида ўзининг асарларидаги баъзи ишоралардан ташқари бошқа адабий-тарихий тазкиралар ва илмий манбаларда ҳам айрим маълумот мавжуд. “Мажолис ул-ушшоқ” [1503] асарининг 28-мажлисида Ҳусайн Бойқаро шайх Азизиддин Насафийни Абу Ҳомид Ғаззолий қаторига қўшиб, унинг таълимотига оид ўз таассуротларини баён этган [2: 5]. Мазкур маълумот асосида Ризоқулихон Ҳидоят ўзининг “Мажмаъ ул-фусаҳо” ва “Риёз ал-орифин” асарларида Азизиддин Насафий ҳақида муҳим маълумот келтирган. Шамсиддин Муҳаммад ибн Яҳё ибн Али Гелоний Лоҳижийнинг “Мафотеҳ ул-эъжоз” ёки “Тафсири Лоҳижий” асарида Азизиддин Насафийнинг номи комил инсон маърифатининг тадқиқотчиси ва назариётчи файласуф олими сифатида зикр қилинган. “Лоҳижий тафсири”нинг муаллифи насафлик мутафаккирни Ибн Арабий, Саъдиддин Ҳамавий ва Сайид Ҳайдар Омулий қаторида келтириб, унинг буюк файласуф олим ва мутафаккирлигини эътироф этган. Азизиддин Насафийнинг зикри ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси, зуллисонайн шоир Алишер Навоийнинг “Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер” асарида, ўзининг пиру устози, ринди дарвеш Сайид Ҳасан Ардашер бобида фикр юритганда, уни ўрта асрлар фалсафасининг йирик намояндалари Абу Ҳомид Ғаззолий ва Азизиддин Насафий асрларини завқ-шавқ ва қизиқиш билан мутолаа қилганлигини тасвирланган. Бу ҳақда Алишер Навоий ўзининг “Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер” номли асарида куйидаги сўзларни келтирган: “…Ба тахсис “Кимиёи саодат” дин ва Шайх Азиз Насафий қуддиса сирриҳу расоилин ҳам таъриф қилурлар эрди ва андин сўзлар нақл қилурлар эрди” [3: 5]. Алишер Навоийнинг ринди дарвеш Сайид Ҳасан Ардашер билан тез-тез мулоқотда бўлиши ва пиру муршид деб эътиқод қилиши ҳамда мазкур ринди дарвешнинг Азизиддин Насафий асарларини муҳаббат билан мутолаа қилиши ҳақида келтирган маълумотидан ёрқин сезиладики, насафлик файласуф олимнинг таълимоти Алишер Навоий ижодиётига ҳам қаттиқ таъсир етказган. Бу ғоявий таъсир Алишер Навоийнинг форс тилида ижод қилган “Руҳ ал-қудс” қадсидасида ёрқин ифодасини топган. Илмий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Азизиддин Насафий таълимотидан нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий ва Сайид Али Ҳамадоний каби машойих, файласуфлар, олимлар ва мутафаккирлар ғоявий баҳраманд бўлганлар.

Асарлари. Азизиддин Насафийнинг ўз умри давомида ижод қилган маънавий мероси намуналаридан кўплаб ирфоний-фалсафий асарлари бизнинг давримизгача етиб келган. Унинг асарлари Шарқ фалсафаси, ислом дини, тасаввуф таълимоти, тиб илми, табиатшунослик ва космология муаммоларига бағишланган. Азизиддин Насафийнинг адабий ва илмий манбаларда зикр қилинган асарларининг номлари қуйидагилардан иборат:

  1. Мақсад ал-ақсо (Охирги мақсад);
  2. Кашф ал-ҳақойиқ (Ҳақиқатларнинг ечилиши);
  3. Зубдат ал-ҳақойиқ (Ҳақиқатларнинг қаймоғи);
  4. Манозил ас-соирин (Сайр этувчиларнинг манзили);
  5. Китоб ал-инсон ил-комил фи маърифат ал-вофир (Комил инсон китоби);
  6. Баён ат-танзил (Нузулнинг баёни);
  7. Танзил ал-арвоҳ (Руҳларнинг нозили);
  8. Кашф ас-сирот (Сиротнинг кашфи);
  9. Усул ва фуруъ (Усул ва шохлар);
  10. Мабдаъ ва маъод (Бошланиш ва қайтиш).

Мутафаккирнинг “Зубдат ал-ҳақойиқ” рисоласининг муқаддимасида, шу асарнинг ёзилиши сабаби ҳақида маълумот беришига биноан, у бир гуруҳ дарвешлар илтимоси ва таклифига мувофиқ кубро олами [коинот] ва суғро оламини [инсон] билишига бағишлаб, “Мабдаъ ва маъод” рисоласини ёзган. Мазкур рисолани ёзиб тугатганидан кейин, муаллиф уни мазкур дарвешларга тақдим этган. Улар рисолани мутолаа қилгандан кейин рисола муаллифидан талаб қилганки, бу асар хос ва авомга тушунарли ва содда услубда ижод қилинган. Рисола шундай бўлсинки, унинг ботиний маъноси фақат хос кишиларга, илм аҳлига ва зоҳирий жиҳатдан авом [оддий саводли кишилар]га аён бўлсин. Азизиддин Насафий дарвешларнинг ушбу талаб ва илтимосини инобатга олиб, “Мабдаъ ва маъод” рисоласини қисқартириб уни “Зубдат ал-ҳақойиқ” номлаган. Азизиддин Насафийнинг юқорида номларини келтирилган асарларининг баъзилари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ва Тожикистон Республикаси Фанлар Академияси шарқшунослик институтининг қўлёзмалар захираларида сақланади. Азизиддин Насафийнинг кўплаб асарлари Санкт-Петербург [собиқ Ленинград], Лондон, Лейден, Вена, Теҳрон ва бошқа хорижий мамлакатларнинг кутубхона ва музейларида сақланиб келинмоқда. Насафлик мутафаккирнинг асарлари мукаммал ўрганилмаган ва илмий жиҳатдан таҳлил ва тадқиқ қилинмаган. Файласуфнинг асарлари фалсафа, калом илми ва тасаввуф таълимотига бағишлаб ижод қилинган бўлиб, унинг марказида фалсафа ва тасаввуф фалсафасининг маънавий, ахлоқий, табиий, ирфоний ва фалсафий масалаларига кўпроқ эътибор берилган. Азизиддин Насафий таълимотига биноан, комил инсон ҳаракат, маърифат ва ҳақиқат орқали ўз юрагини ёмон хислатлардан поклаб, яхшилик ва ҳамида сифатларга сазовор бўлади. Мутафаккир “Мақсад ал-ақсо” асарида ўзининг фалсафий дунёқарашини мукаммалроқ тасвирлаган. “Зубдат ал-ҳақойиқ” асарида эса, фалсафий ва илмий дунёқарашининг моҳияти мужассамлаштирилган. Унинг асарлари фалсафадаги жавҳар ва араз, модда ва руҳ, сурат ва маъно, ҳаракат ва турғунлик, ҳақиқат, маърифат, фано ва бақо, ишқ ва ақл, зикр, ўзликни англаш каби диалектик категориялар масалаларини ўзида мужассамлаштирган.

Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ал-ҳақойиқ”, “Кашф ал-ҳақойиқ” ва “Китоб ал-инсон ал-комил фи маърифат ал-вофир” асарларида фалсафа ва тасаввуф таълимотидаги Мутлақ руҳ, олам ва одам муносабати, комил инсон идеали, маърифат, ҳақиқат ва ўзликни англаш ғояси ҳақида эркин дунёқараш нуқтаи назаридан ўзининг фалсафий таълимотини инъикос этган. Файласуф “Зубдат ал-ҳақойиқ” рисоласида, Шарқ фалсафий тафаккурининг учта вакили: шариат аҳли, ҳикмат аҳли ва ваҳдат аҳли тилидан фикр юритган ҳамда уларнинг олам ва одам тўғрисидаги ғояларини бирбирига солиштириб, таҳлил ва тадқиқ қилган.

Азизиддин Насафий кўплаб асарларини Бухоро шаҳрида ижод қилган. Мутафаккир умрининг охиригача Бухоро шаҳрида яшай олмади. Тарих гувохдирки, ХIII асрнинг 20-йилларидан бошлаб, Мовароуннаҳрни муғуллар қўшинлари босиб олган эди. Азизиддин Насафий ана шундай маънавий ва иқтисодий қашшоқлик даври ва вайронагарчилик зулматининг осмонида тонг юлдузидек порлаб, ўрта асрлар маънавий муҳитини порлоқ нурлари билан ёруғлаштира бошлади. Аммо унинг таълимотини ҳар томонлама ривожлантириш учун Мовароуннаҳрнинг маънавий муҳити мувофиқ эмас эди. Шу боисдан файласуф ўз таълимотини форс мамлакатларида, жумладан, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Покистон, Ҳиндистон ва Арабистон давлатларигача тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсади билан бирга, ўзига тинч макон истаб, Мовароуннаҳрдан Хуросон мамлакатлари томон сафарга чиқди. Айрим манбаларнинг маълумот беришича, Азизиддин Насафий ўзига тинч макон исташ ва ўз таълимотини Мовароуннаҳр ва Хуросон мамлакатларида ривожлантириши билан бирга, ўз пиру устози ва муршиди шайх Саъдиддин Ҳамавий қабрини зиёрат қилиш мақсадида, Эрон мамлакатига сафар қилган.

Азизиддин Насафий 1273 йилда Бухоро шаҳридан Хуросон мамлакатига сафар қилиб, Баҳробод, Шероз, Исфаҳон, Кирмон [1281] Машҳад, Тус ва бошқа шаҳарларни сайр этиб, умрининг охирида Абаркўҳга бориб, шу ерда умрининг охиригача яшайди. Тарихий ва илмий манбаларнинг маълумот беришича, насафлик мутафаккир 1300 йили Абаркўҳ шаҳрида вафот қилган ва қабри шу жойдадир.

Азизиддин Насафийнинг вафот этган йили ҳақида, шарқшунос олимлар томонидан тарихий ва илмий манбаларда турли хил йиллар кўрсатилган. Тожикистонлик файласуф олим Бобомурод Исматовнинг “Пантеистическая философская традиция в персидско-таджикской поэзии IХ-ХV в. [IХ-ХV асрлардаги форс-тожик шеъриятида пантеистик фалсафий анъана] номли асарида Азизиддин Насафийнинг вафот этган йилини ҳижрий 665 йили деб кўрсатилган. Рус шарқшунос олими А.Е. Бертельснинг “Пять философских трактатов на тему “Афак ва Анфус” [“Офоқ ва Анфус” мавзуси ҳақида беш фалсафий рисола”] асарида Азизиддин Насафийнинг ҳижрий 663 йилда вафот этганлигининг нотўғрилигини қайд қилинган. Зеро, айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, насафлик файласуфнинг “Кашф ал-ҳақойиқ” асари 700/1300 йилида таълиф этилган [2: 23-32]. Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ал-ҳақойиқ” рисоласидаги ишораларидан маълумки, у мазкур фалсафий ва ирфоний асарини умрининг охирги йилларида ёзган. Охирги тарихий далилларга таянган ҳолда, Азизиддин Насафийнинг вафот этган йилини 1300 йили деб кўрсатиш ҳақиқатга мувофиқдир.

Азизиддин Насафийнинг юқорида номлари кетирилган асарлари ва уларнинг қисқача изоҳидан ёрқин аёндирки, насафлик мутафаккир ўзининг самарали умри давомида инсоният тамаддуни ва илмий тафаккури тараққиётида коинот ва инсон муносабати ва комил инсон идеалига оид нодир асарлар ижод қилган.

Азизиддин Насафийнинг ниҳоятда зукко файласуф олимлиги шундан сезиладики, у жамиятдаги энг камтарин инсон, дарвешни идеал шахс – комил инсон даражасига кўтарган. Мутафаккирнинг таълимотига кўра, дарвеш ўзининг ички маънавий дунёсига сафар қилиши, ботиний сирларини билиши, ўзлигини англаши ва маънавий-руҳий жиҳатдан тадрижий ривожланиши натижасида, юрагида дунёвий ва илоҳий сирларни мужассамланадиган ойнаи жаҳоннамодек поклаб, комил инсон даражасига етиши учун доимий маънавий-руҳий ва жисмоний ривожланиш ва ҳаракатдадир.

Азизиддин Насафийнинг тиб илми [медицина] билан ҳам шуғулланганлиги ва табиблик қилганлигининг ўзидан маълумдирки, у инсоннинг ички ва ташқи организмларининг анатомик-физиологик, психологик хусусиятлари ва сирларини ниҳоятда нозиклик ва зукколикча илмий билиш нуқтаи назардан теран англаган файласуф олимдир.

Норхўжа ЧОРИЕВ,
СамДМИ ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. https://www.goodle.com. Президент Ислом Каримовнинг “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи. – Самарқанд. 2014 йил, 15-16 май.
  2. Бертельс А.Е. Пять философских трактатов на тему «Афак ва Анфус». – М., 1970.
  3. Навоий Алишер. Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер. Мукаммал асарлар тўплами. Т. 15. – Т., 1999.
  4. Насафий Азизиддин. Баён ут-танзил.
  5. Ҳазратқулов М. Тасаввуф. – Душанбе: Маориф, 1988.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …