Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИС ВА РАЪЙ МАКТАБЛАРИ

ҲАДИС ВА РАЪЙ МАКТАБЛАРИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг турли ҳудудлардаги олим саҳобалар уммат ичида юзага келган масалаларга Қуръон ва суннатга таянган ҳолда жавоб берганлар. Саҳобалардан кейинги тобиъийнлар даврида ҳам етук олимлар уммат ичида юзага келган масалаларга асосий манбаларга асосланган ҳолда ечим топганлар.

Аммо ислом сарҳадлари кенгая бошлагач, турли маданиятга, урф-одатларга эга халқлар исломни қабул қила бошлаган. Табийки, бу кўплаб янги-янги саволлар, муаммо ва масалаларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса, исломда янги тармоқ ‒ фиқҳ илмининг шаклланишига, ривожланишига олиб келган. Умматнинг етук олимлари Қуръон ва суннатга таянган ҳолда турли масалаларга жавоб бера бошлаган. Шу тариқа ҳудудлар кесимида фиқҳий мактаблар ва мазҳаблар шакллана бошлаган.

Ушбу мактаб ва мазҳаблар манбалардан фойдаланиш жиҳатига кўра иккига ‒ ҳадис ва раъй мактабларига бўлинади.

Ҳадис мактаби вакиллари асосан Ҳижоз (Макка ва Мадина) ўлкаси вакиллари ҳисобланади. Ислом вужудга келган ушбу ҳудуднинг урф-одатлари, ижтимоий муаммолари деярли Қуръон ва суннатда акс этган эди. Олимлар бирор бир масалага дуч келишса, Қуръон ва суннатга таянган ҳолда уларга жавоб топиш имкониятига эга бўлар эди.

Аммо, ислом кенгая бошлагач, турли урф-одатларга, маданиятларга эга ҳалқлар уни қабул қилдилар. Уларда юзага келган барча масалалар ҳам Қуръон ва суннатдан топилавермас эди. Шунда “аҳли раъй” ҳисобланган ироқлик олимлар асосий манбаларда жавоби топилмаган масалаларга Қуръон ва суннатга таянган ҳолда ижтиҳод ва қиёс асосида жавоб бера бошладилар.  

Лекин, шу жойда биз эътибор қиладиган бир жиҳат бор. Ҳадис мактаби вакиллари Қуръон ва суннатдан фойдаланиб, Раъй мактаби вакиллари фақат ўз раъйи (фикри) асосида иш юритган деган хулосага келмаслик лозим. Икки мактаб вакиллари ҳам масалаларга жавоб топишда Қуръон ва суннатни асос қилиб олганлар.

“Аҳли раъй” деганда ироқлик олимлар, Абу Ҳанифа ва унинг издошлари назарда тутилади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асли ажамлардан бўлиб, у яшаган ҳудуд аҳолиси ҳам араб бўлмаган, турли урф-одатларга эга халқлар бўлишган. У ерда юзага келган масалаларнинг ҳаммаси ҳам Қуръон ва суннатда акс этмас эди. Шу сабабли, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ечими Қуръон ва суннатда бўлмаган масалаларга ўз раъйи (фикри) асосида жавоб берганлар.

Кўпчилик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни раъйнинг асосчиси деб, уни масалаларни ечишда ҳадисдан фойдаланмаган деб таъна қилишади. Аслида бу нотўғри фикр. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ биринчи навбатда ҳадисларга таянган ҳолда иш юритган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” асарида келтирилади: “Али Қорининг “Мухтасари Виқоя” китобига ёзган шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.

Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим, шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила “Эълоус-сунан” номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб ўлкан меҳнат самараси ўлароқ, Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди”.

Биз бу борада “Эълоус-сунан”да келган бир масалани кўриб чиқамиз. Китобнинг “Боб сифату-л-вузуъ ва фазлиҳи” (Таҳоратнинг хусусияти ва фазли боби) бобида таҳоратда тирсакнинг қўшиб ювилиши тўғрисида қуйидагича келади:

“Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади. Унга Ато ибн Язид хабар қилди. Унга Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳумрон хабар қилди:

“У Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни сув идиши билан кўрди. У уч марта қўлларига сув олиб, уни ювди. Сўнг идишдан сув олиб, оғзини ва бурнини ювди. Сўнг уч марта юзини ва уч марта тирсагигача қўлларини ювди. Сўнг бошига масҳ тортди. Сўнг уч марта икки оёғини тўпиғигача ювди…”.

“Мулхис” асари муаллифи Ғунайя Мустамлийдан ривоят қилиб, ҳадисдаги “Ила мирфақайни” (тирсагигача) ибораси ҳақида Зуфар раҳимаҳуллоҳ ва Довуд Зоҳирийга хилоф ўлароқ: “Албатта, тирсак ва тўпиқ ювилиши керак бўлган жойларга киради”, дейди. Улар (Зуфар ва Довуд) ишонч билан бошқача қабул қилишган (яъни “тирсаккача ювилади” дейишган). Чунки, “ила” (гача) дан кейин келган нарса ундан олдинги нарсага кирган ҳам бўлади ва кирмаган ҳам бўлади.

Замахшарий дейди: ““Ила” мутлоқ чегара маъносини билдиради. Аммо, унинг ҳукмга кириши ва чиқишига келсак, вазият далиллар билан бирга ўзгаради”.

“Баҳру-р-роиқ”да: “Зикр қилинаётган бирор нарсанинг ҳақлиги фараз қилишга эҳтиёж қолдирмайди”, дейилганидек, бизда унинг (тирсакнинг) ювиладиган жойга киришига умматнинг ижмоси бор.

Унинг фарзлигига (яъни, ювилиш кераклигига) асосий далил ижмо қилиш билан бўлган. Имом Шофиъий “Ал-Умм” асарида: “Биз таҳоратда икки тирсакни (ювиладиган жойларга) киришини тасдиқлашда қарама-қаршиликни билмаймиз ва бу ижмо билан ювиладиган жойдандир”, деган.

“Мунтақий”да у ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У (Абу Ҳурайра) таҳорат қилди. Бас, юзини ювди. Таҳоратни тўлиқ қилди. Сўнг ўнг қўлини ювди. Ҳатто, билагини ҳам ювди. Сўнг чап қўлини ювди. Ҳатто, билагини ҳам ювди. Сўнг бошига масҳ тортди. Сўнг ўнг оёғини ювди. Ҳатто, соқини ҳам қўшиб ювди. Сўнг чап оёғини ювди. Ҳатто, соқини ҳам қўшиб ювди. Сўнгра у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди шундай таҳорат қилганини кўрганман”, деди.

Ушбу келтирилган мисолда таҳоратда қўлнинг тирсаги ва оёқларнинг соқи ювиладиган жойга киришлиги исбот қилинган. Қарши томонларнинг ҳам фикрлари ва уларга қарши исботлар ҳам тўлиқ келтирилган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “аҳли раъй” ҳам “аҳли ҳадис” ҳам масалалар ечимини Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда ечишган. “Аҳли раъйни” асосий манбалардан фойдаланмай, фақат ўз фикри билан иш юритган дейиш нотўғридир. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаблари бу билан қарама-қаршиликка бормайди. Балки, шу жиҳатлари билан бир-бирини тўлдириб туради.

Равшан ЭЛМУРОДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ИСЛОМДА ТАВФИҚ МАСАЛАСИ (2-қисм)

Тавфиқнинг тавсифи ҳақида сўзимизни давом эттирар эканмиз, гуноҳ ва ёмон ишлардан сақланиш ҳам Аллоҳ тавфиқ …