Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мовароуннаҳр – ислом илмлари ривожида муҳим маскан

Мовароуннаҳр – ислом илмлари ривожида муҳим маскан

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги синовли кунларда ҳам ўз олдига қўйилган вазифаларни бекаму кўст адо этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Хусусан, Марказ халқаро илмий марказлар ва муассасалар билан эришилган келишувларни Соvid-19  инфекцияси хавфи туфайли онлайн тарзда амалга оширмоқда.

Жумладан, Марказ томонидан турли мамлакатлардаги нуфузли илмий-тадқиқот муассасаларининг таниқли олимлари иштирокида онлайн семинарлар ташкил этилиб, унда илмий ходимларнинг ўзаро тажриба алмашинувига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай семинарларнинг навбатдагиси Анқара Йилдирим Боязид университети Исломий илмлар факультети профессори, ҳадисшунос олим, профессор Аҳмад Йилдирим иштирокида бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг профессор ўқитувчилари ва ёш олимлардан иборат 80 га яқин иштирокчи қатнашди.

Онлайн мулоқот “Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муҳаддислар ва уларнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусига бағишланиб,  семинар давомида профессор Аҳмад Йилдиримнинг “Ҳадис илми тарихи”, “Мовароуннаҳрлик машҳур муҳаддислар” “Машҳур ҳадис тўпламлари ва уларга ёзилган шарҳлар”  тўғрисидаги  маърузалари тингланди. 

 –  Манбалардан маълумки, Мовароуннаҳрдaн илм-фан, хусусан, ислом илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Ана шундай алломалардан бири ислом оламида мусулмонлар пешвоси саналган, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларидир. Тадқиқотларим натижасидан келиб чиқиб, баралла айтишим мумкинки, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари бугунги глобаллашув жараёнида айрим муаммоли масалаларни ечишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу асар ислом оламида бежизга Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба деб эътироф этилмаган. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари дунё илм аҳли наздида ҳозиргача илмий ва амалий аҳамиятини йўқотган эмас. Биз ушбу асарни қанча кўп ўқисак ва тарғиб этсак, шунча кўп фойда оламиз деди, – ҳадисшунос олим Аҳмад Йилдирим.

Семинарда шунингдек, Имом Термизий, Имом Доримий каби алломаларнинг ислом илми ривожига қўшган ҳиссаси, улар томонидан ёзиб қолдирилган асарлар ва унинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

 Маълумот ўрнида айтиш жоиз, профессор Аҳмад Йилдирим 1990 йилда  “Доримий ва Сунани” мавзусида магистрлик, 1996 йилда “Тасаввуф таълимотининг ҳадислардаги асослари” мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилган.

Ҳозирда Aнқара Йилдирим Боязид университети Исломий илмлар факультетида илмий ишларини давом эттирмоқда. Аҳмад Йилдирим бир қатор китоб, мақола, таҳқиқ, таржималар муаллифи саналади. Хусусан, унинг “Тасаввуф таълимотининг ҳадислардаги асослари”, “Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Ҳадис маданияти”, “Дин, дунёвийлашиш ва зуҳд”, “Пайғамбарнинг оддий ҳаёти”, “Ҳадислар билан тасаввуф” каби китоблари чоп этилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Матбуот хизмати

Check Also

Стипендиатнинг илмий сафарлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро стипендия дастури асосида амалиёт ўтаётган Ашраф Ишроқий бин Жамил …