Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорий жамлаган илм

Имом Бухорий жамлаган илм

Имом Бухорий яшаган даврда илм-маърифат юксалиб, олимлар, фозиллар, таниқли тарихчилар ва шоирлар етишиб чиқаётганди. Лекин жамиятда бир иллат илдиз отаётгандики, уни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун ўта билимдон тарихчи, зукко олим, маърифатли инсон керак эди. Замон ва келажак имом Бухорийга муҳтож эди. У ўзининг заковати, ҳалоллиги ва илми туфайли ана шу юксак вазифани шараф билан уддалади.

Ҳижрий учинчи асрдаги бу иллат шундан иборат эдики, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида асоссиз фикрлар юзага кела бошлаганди. У зотнинг муборак турмуш тарзлари, гўзал ахлоқлари, Ислом динини юзага келтириш ва шакллантиришдаги буюк хизматлари тўғрисида нотўғри талқинлар, ишончсиз ҳадислар пайдо бўлди. Бундай иллат Ислом дини равнақи учун ўта хавфли эди. Шу туфайли Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига қолдирган буюк маънавий меросини асраб-авайлаш ўша даврнинг энг долзарб муаммосига айланди.

Имом Бухорий бу муаммони ўз вақтида пайқади ва фитналар илдизини қуритишга киришди. Ёш олим Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёд олиш билан бирга уларнинг мазмун-моҳиятини, Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитган кишини, тингланган вақтини ҳам аниқлашга муяссар бўлди. Бу вазифа кишидан жуда катта меҳнат ва илм талаб қиларди. Имом Бухорий эшитган ҳадислари ичидан фақат энг ишончлиларини қоғозга туширар, агар бирор ҳадисга нисбатан қалбида заррача шубҳа уйғонса, дарҳол ундан воз кечарди. Бу шарафли вазифани бажариш учун туну кун йўл юришдан чарчамади. Саудия Арабистони ва Ироқ мамлакатларидаги чекка қишлоқларгача борди. Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки маротаба кезиб чиқди. Айнан шу мақсадда олти йил Ҳижоз (Саудия Арабистони)да истиқомат қилди. Куфа, Бағдод ва Басра шаҳарларига такрор-такрор келиб кетарди. Бу ҳақидаги тарихий манбалардан бирида бундай дейилади: “Бухорий барча диёрлардаги муҳаддислар ҳузурига сафар қилди. У ўз рисолаларини Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда ёзди”.

У қаерда бўлмасин, ғайрат ва шижоат билан ижод қилди. Маккаи мукаррамада яшаган пайтлари кўплаб китоблар ёзди. Машҳур асари “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”га асос солди. Серғайрат ижодлари хусусида у кишининг ўзи бундай баён қилади: “Ўн саккизга кирганимда “Қазоёс-саҳобати ваттобеъин” китобини тасниф қилдим. Кейин “Ат-тарих ал-кабийр”ни ёздим. Бу, Мадинаи Мунавварада Набий алайҳиссаломнинг муборак қабрлари ёнида, ойдин тунларда бўлди”.

Имом Бухорийнинг ёзган ҳар бир асари ўша давр олимлари, тарихчилари, ҳатто ҳукмдорлари томонидан жуда катта мамнуният ва қизиқиш билан қабул қилинарди. Чунки тасниф этилган ҳар бир китоб жуда катта илм-маърифат манбаси ва тенгсиз маърифий бойлик эди.

Тарихий ёзувларда таъкидланишича, машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ имом Бухорий ёзган “Тарих” номли китобни олиб, ўша даврнинг нуфузли олимларидан бири, айни пайтда Хуросон амири лавозимида турган Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг ҳузурига боради ва унга қараб: “Эй Амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?” – деди. Амир унинг гапларидан ажабланди. Ибн Роҳавайҳ мамнуният билан имом Бухорий янги тасниф этган китобни унга узатди. Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобни диққат билан варақларкан: “Унинг қандай ёзилганига ақлим етмади”, деди.

Имом Бухорийнинг шарафи юксалган сайин, уни ғийбат қилувчилар, ёзган асарларига ҳасад кўзи билан қаровчилар пайдо бўла бошлади. Аллома бундай ғаламисларга ўз илми, юксак ақл-заковати билан жавоб қайтарарди.

Самарқандда турганларида ана шундай имтиҳонлардан бири бўлиб ўтди. Ҳадис эшитувчилардан тўрт юз нафари етти кун давомида муҳаддислар султонини адаштиришга ҳаракат қилишди. Шом иснодини Ироқ иснодига ва аксинча, Ироқ иснодини Шом иснодига киритишди. Ҳарам иснодини Яман иснодига, айни дамда Яман иснодини Ҳарам иснодига киритдилар. Улар қанчалик уринишмасин, устозни иснодда ҳам, матнда ҳам бирор лабзга адаштиришолмади.

Худди шундай имтиҳон Бағдодда ҳам бўлиб ўтди. Имом Бухорийнинг бу ерга келганини эшитган муҳаддислар тўпланишиб юзта ҳадисни танлаб олдилар. Улардан бирининг матнини бошқа иснодга, бошқасининг иснодини матнига алмаштириб қўйишди. Сўнгра ўн нафар кишининг ҳар бирига ўша чалкаштирилган ҳадисларни ўнтадан бўлиб беришди.

Йиғиннинг вақти-соати тайин қилинди. Ушбу мажлисга Хуросон ва бошқа юртлардан ҳам муҳаддислар таклиф қилинди. Даврадагиларнинг мақсади аниқ эди. Имом Бухорий келгач, ҳалиги вазифа олганлар навбати билан ҳадисларни айта бошлашди. Имом Бухорий хотиржамлик билан: “Буни билмайман”, деб жавоб қайтарди. Кейинги ҳадис ҳақида сўралганида яна шу жавобни олишди. Шу тариқа алмаштирилган ҳадисларнинг ҳаммаси сўраб бўлинди. Жавоб эса бир хилда эди. Бу ҳолатдан таажжубланган кишилар устозни ожизлик ва илмсизликда айблай бошлашди.

Саволлар тугагач, имом Бухорий ҳадис айтган кишининг биринчисига юзланиб, дастлабки айтган ҳадиснинг тўғриси бундай, иккинчисининг жавоби эса мана бундай, дея айтилган юзта ҳадиснинг ҳаммасини матни ва иснодини жой-жойига қўйиб тўғрилаб чиқди. Бирор сўзга адашмади. Ушбу мажлисда ҳозир бўлганлар имом Бухорийнинг илми ва фазилатига яна бир бор тан беришди.

Абу Ҳомид Аъмаший бундай ёзади: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни Абу Усмон Саъйид ибн Марвоннинг жанозасида кўрдим. Муҳаммад ибн Яҳё ундан исмлар, кунялар ва ҳадиснинг иллатлари ҳақида сўрарди. Муҳаммад ибн Исмоил ҳар бир саволга ўқдек тез, “қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқигандек жавоб қайтарарди”.

Имом Бухорий бундай юксак фазилатга ва тенгсиз илмга Аллоҳ таолонинг марҳамати ва Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг беғубор муҳаббатлари туфайли эришди. Бу ҳақида имом Бухорийнинг ўзларидан нақл қилинган бир ривоятда бундай дейилади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Мен ул зотнинг олдиларида туриб, қўлимдаги елпиғич билан елпимоқдаман. Баъзи таъбирчиларга тушимни айтсам, сен ул зотдан ёлғонларни четлатар экансан, дейишди. Мана шу нарса “Саҳиҳ”ни чиқаришимга туртки бўлди”.

Муҳаммад Исмоил Бухорий ҳазратлари келажак авлодга ўзларидан жуда катта бойлик бўлган илмий-маънавий мерос қолдирди. Булар “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-тарих ал-кабийр”, “Китоб уз-зуафо”, “Китобус-сунан фил фиқҳ”, “Ал- асмаа ва куний”, “Биррул волидайни”, “Ал-жомеъ ал-кабийр”, “Ал-муснад ал-кабийр” ва бошқа ўнлаб мукаммал асарлардир.

Ушбу бебаҳо бойликни ўқиб ўрганиш, улар асосида илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқимиз орасидан яна кўплаб забардаст ҳадисшунос олимларнинг етишиб чиқишига елкадош бўлиш бугунги авлод зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуслари билан ташкил этилган имом Бухорий номидаги Ҳадис мактабининг асосий вазифаси ҳам шундан иборат.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси
Манба: iiau.uz

Check Also

ПАЙҒАМБАРЛИКНИНГ ХАЛҚ УЧУН АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА КУМУШХОНАВИЙ ҒОЯЛАРИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022  йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берди …