Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Ақидада оҳод ҳадисларнинг ҳужжат сифатидаги аҳамияти» мавзусида илмий семинар бўлиб ўтди. Унда нуфузли турк олими, Истанбул университети профессори, доктор Ҳамза Бакрий Марказ ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури иштирокчилари, Ҳадис илми мактаби талабалари ва ислом илмлари тадқиқотчиларига маъруза қилди.
Анжуманда асосий эътибор ақида ва мантиқда муҳим ўрин тутадиган “хабарул оҳод” – яъни, якка шахс ёки озчилик томонидан етказилган хабарнинг аҳамияти ва унинг ақидавий масалалардаги ўрнини таҳлил қилишга қаратилди. Профессор Бакрий семинар давомида мазкур мавзудаги илмий баҳсларни теран таҳлил қилиб, тарихий ва назарий жиҳатларини ёритиб берди.
– Оҳод хабарнинг амалий масалаларда ҳужжат экани хусусида уламолар орасида иттифоқ бор. Бироқ унинг эътиқодий масалаларда қўлланиши ҳануз баҳсли масала бўлиб қолмоқда, – деди олим.
Бу борадаги илмий мунозараларнинг мураккаблиги “ҳужжат” ва “эътиқод” тушунчаларининг алоҳида-алоҳида ўринларда турлича таърифланиши ва оҳод хабарнинг даражасини белгилашда “қатъий” ёки “зонний” (эҳтимол ё тахминга асосланган) деган қарашлар ўртасидаги фарқлар билан боғлиқ экани қайд этилди.
Профессор Бакрий таъкидлаган муҳим жиҳатлардан бири – ақидадаги илмий усулнинг эҳтиёткорлик, синчковлик ва изчилликка асосланиши лозимлиги. Маърузачи оҳод хабарни рад этишда ақидадаги барча маълумотларни инкор этишгача етиб бормасдан, ҳар бир маълумотни илмий вазни ва далилига қараб баҳолаш кераклигини таъкидлади.
Профессорнинг фикрига кўра, ақидада оҳод хабардан қайсидир муайян ҳолатларда, яъни “зонний” ишонч даражасида фойдаланиш мумкин. Бу эса мўминдан биргина имон эмас, балки илм ва таҳқиқ асосидаги эътиқодни талаб қилади.
Тадбирда иштирок этган илм аҳли ва талаба ёшлар мавзу бўйича янги қараш ва илмий ёндашувлар билан танишиш имкониятига эга бўлди. Ислом фалсафаси ва калом илми (ақида) соҳасида катта тажрибага эга олимнинг таҳлил ва хулосалари ғоят манфаатли бўлгани таъкидланди.