Home / МОТУРИДИЙЛИК / ИМОМ МОТУРИДИЙ УЛАМОЛАР ЭЪТИРОФИДА

ИМОМ МОТУРИДИЙ УЛАМОЛАР ЭЪТИРОФИДА

Ўз илми ва маънавий дунёси билан Ислом дини равнақига беқиёс хисса қўшга буюк зотлар борки, уларнинг мероси асрлар ўтсада ўз аҳамиятини йўқотмайди. Ана шундай буюк алломалардан бири — Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридийдир. Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун ислом оламида ўз муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади.

Чунки, аллома яшаган даврда, ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетганлиги сабабли кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий ислом диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган.

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг икки қутбидан биридир.Аҳли сунна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда у зотнинг энг яқин издошлари бўлмиш Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳунинг суннатларини маҳкам тутган, дин пешволари бўлмиш саҳобалар, тобеинлар ва мўътабар тўрт фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил санад – устоз-шогирд услуби орқали қабул қилиб олган.

Имом Мотуридий аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳимоя қилиб, бидъат ва залолат аҳлига нақлий ва ақлий далиллар орқали раддиялар берган. Аллома  аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳимоя қилишдек машаққатли вазифани адо этишни Имом Ашъарийдан олдинроқ бошлаган. Имом Мотуридийнинг издошлари унга турли хил илмий унвонлар берган. «Имомул ҳуда» (ҳидоятга бошловчи имом), «Аламул ҳуда» (ҳидоят маёғи), «Имомул мутакаллимин» (мутакаллимлар устози), «Раису аҳлис сунна» (Аҳли сунна раиси), «Қолеу азолийлил фитнати вал бидъати» (фитна ва бидъат залолатларини таг-томири билан узиб ташловчи), «Шайхул ислом» (исломдаги буюк устоз) ва бошқалар унга берилган шарафли унвонлар жумласидандир. Ушбу унвонлар алломанинг ўз издошлари қалбидан чуқур жой олгани, суннатга ёрдам бериш ва уни ҳимоя қилиш йўлида салмоқли натижаларга эришганидан далолат беради. Зеро, Имом Мотуридий ислом оламининг шарқий ҳудудларида фаолият олиб борган бўлса, Абу Ҳасан Ашъарий марказий ҳудудларда фаолият юритиб, бузғунчи ва экстремистик ғоя эгаларига қарши кескин ва самарали кураш олиб борган. Иккиси ҳам бир-бирига ўхшаш ақидавий ёндашувга амал қилган.

Имом Мотуридий калом ва ақида, фиқҳ ва фиқҳ асослари ҳамда Қуръон илмларига доир бир қатор асарлар ёзган. Унинг «Тавҳид», «Мақолот», «Ар-радду алал-қаромита», «Радду таҳзибил-жадал лил-Каъбий» каби асарлари калом илмига бағишланган. Манбаларда Имом Мотуридийнинг фиқҳ ва фиқҳ асосларига доир «Ал-жадал» ва «Маохизуш-шариа фи усулил-фиқҳ» ёки «Маъхазуш шароиʼ» номли иккита китоби тилга олинади.  «Таъвилотул Қуръон», «Таъвилоту аҳлис сунна», «Таъвилот» каби номлар билан тилга олинадиган шоҳ асари тафсирнинг ҳам нақл, ҳам раъй йўналишида ёзилган.  Имом Абдулқодир Қураший бу китобга: «У тафсир бобида ҳеч қандай китоб унга тенг кела олмайдиган бир китобдир. Ҳатто ундан олдингилар ёзиб кетган асарлар ҳам унга яқин кела олмайди», деб таъриф берган.

Имом Мотуридий машҳур уламолар томонидан эътироф этилган ва олқишланган алломадир. Чунончи, Кафавий Имом Мотуридийнинг таржимаи ҳолида бундай дейди: «Мутакаллимлар имоми, мусулмонлар ақидасини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчи бўлган бу кишига Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўйиш билан мадад берган эди. Шунинг учун ҳам у динни ҳимоя қилишга бел боғлаб, улкан асарлар битган. Ботил ақидалар эгаларининг сўзларига раддиялар берган».

«Ар-равзатул баҳийя» китоби муаллифи Имом Ҳасан ибн Абу Азба бундай ёзган: «Шуни билингки, аҳли сунна вал жамоанинг барча ақидавий масалалари икки қутбнинг сўзларига асосланган. Уларнинг бири Имом Абу Ҳасан Ашъарий, иккинчиси Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ана шу икки имомдан бирига эргашган кишиларнинг барчаси ҳидоятни топган, ўз ақидасида ҳақиқатдан четга чиқиб кетиш ва бузилишдан саломат қолган бўлади».

Шунингдек, Мулло Али Қорий,  Муҳаммад Зоҳид Кавсарий, Ҳофиз Муртазо Забидий каби алломалар ҳам Имом Модрудий ҳақида бир қанча ижобий фикрлар билдириб ўтган.

Имом Сафориний Ҳанбалий «Лавомиул анворил баҳийя» номли китобида шундай дейилади: «Аҳли сунна вал жамоа учта фирқадир. Улар: Асарийлар. Уларнинг имоми Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳудир. Ашъарийлар. Уларнинг имоми Абу Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳдир. Мотуридийлар. Уларнинг имоми Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳдир. Аммо залолатдаги фирқаларга келсак, улар жуда ҳам кўпдир».

Муҳаддис Муҳаммад ибн Дарвеш Байрутий «Расоилу фи баяни ақоиди аҳли сунна вал жамоа» номли асарида «Фойда: моликийлар ва шофеийлар ашъарийдир. Уларнинг имоми Абу Ҳасан Ашъарий бўлиб, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг зурриётларидан биридир. Ҳанафийлар мотуридийлар бўлиб, уларнинг имоми Абу Мансур Мотуридийдир. Бу иккиси аҳли сунна вал жамоанинг икки имомидир. Ҳанбалийлар эса асарийлардир», дейди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг мотуридийлик таълимоти ислом оламининг энг забардаст ва эътиборли уламолари тарафидан якдиллик билан эътироф этилган. Бу шундан далолат берадики, у ҳақиқий маънода ҳидоятга бошловчи имомдир. Шундай экан биз, Имом Мотуридий авлодлари унинг ҳақ ва барқарор таълимотига асосланган эътиқодда бўлишимиз, ёшларимизни ҳам аждодларнинг бой илмий меросига садоқат руҳида тарбия қилишимиз лозим.

Алоуддин НEМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: «Samarqand» газетаси 2025 йил 1 май, 17(2582)-сон

Check Also

Дунё мотуридийшунослари Самарқанд зиёратида

Самарқандда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда. Дин ишлари …