Самарқандда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишлаб “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этиш учун мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Миср Араб Республикаси Вақф ишлари вазири Усома Азҳарий, Миср Араб Республикаси муфтийси Муҳаммад Назир Айяд, Миср Араб Республикаси ал-Азҳар уламолар кенгаши аъзоси Доктор Али Жума бошчилигида бир гуруҳ меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Дастлаб меҳмонлар Имом Бухорий хотирасига ҳурмат бажо келтириб, унинг ҳақига дуои тиловат қилди.
Шундан сўнг, меҳмонлар Марказ музейи билан яқиндан танишди. Уларга музейда сақланаётган қимматли қўлёзмалар, тарихий ашёлар, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид экспонатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф давомида Миср делегацияси ва Марказ масъуллари ўртасида самимий мулоқотлар бўлиб ўтди. Илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ислом таълимотини тинчлик ва бағрикенглик руҳида кенг тарғиб этиб, ёш авлодни соф ақидавий йўналишда тарбиялаш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар, хусусан, ал-Азҳар уламоларининг буюк аждодлар илмий меросига бўлган қизиқиши ва унинг бугунги ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти ҳақида сўз юритиб, Имом Бухорий каби буюк муҳаддисларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва улуғлаш ҳар бир мусулмон учун шараф эканини таъкидлади.
Ташриф доирасида яна бир эзгу тадбир — Марказ боғида мевали дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Мисрлик фахрий меҳмонлар ҳамда Марказ раҳбарияти биргаликда ниҳоллар ўтқазди. Тинчлик, ҳамжиҳатлик, бардавомлик ва маънавий бирдамлик рамзи сифатида ерга қадалган ҳар бир кўчат келажакка умид, дўстона муносабатлар ва диний-маърифий ҳамкорликнинг янги босқичини ифодалайди.
Шунингдек, ташриф сўнгида делегация аъзолари Фахрий меҳмонлар китобига ташаккур ва самимий тилакларини ёзиб қолдирди. Унда меҳмонлар Ўзбекистонда исломий меросни асраб-авайлаш ва уни дунё миқёсида тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берган.