Home / МОТУРИДИЙЛИК / Имом Мотуридийнинг шонли илм туғи ҳамиша барҳаётдир

Имом Мотуридийнинг шонли илм туғи ҳамиша барҳаётдир

Имом Мотуридий ҳақида сўз очилганда, дастлаб ёдга келадиган мартабалар Имомул ҳуда (ҳидоятга бошловчи имом) ва Имомул мутакаллиминдир (калом илми олимларининг пешвоси). Дунё мусулмонларининг аксарияти асарларини ҳужжат деб қабул қиладиган, ақидасини таянч деб биладиган аллома бошқа юксак унвонлар билан ҳам шарафланган. Аламулҳуда (ҳидоят байроғи), Мусаҳҳиҳ ақоидилмуслимин (мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи), Қудвааҳлиссунна (аҳлисунна пешвоси) шулар жумласидандир.

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имом Аъзам, Қуръони каримдан кейин турадиган энг мўътабар манба саналувчи “Саҳиҳул Бухорий”нинг муаллифи Имом Бухорий каби ислом оламининг энг эътиборли ва эъзозли алломалари сафида доимо катта ҳурмат билан тилга олинади. Бу бежиз эмас. Ҳидоятга бошловчи имом ислом тарихининг ўта таҳликали даврида юзага келган кўплаб бузғунчи оқимларга мардонавор қарши туриш ва уларнинг ҳар бирига комил асосли раддиялар беришга журъат ва шижоат топа олган, ақида – калом илмига асос солиб, аҳли суннани энг мустаҳкам пойдевор узра жипслаштиришга бор куч-ғайрати, илми ва салоҳиятини йўналтира билган беназир алломадир.Мотуридия таълимоти  аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги эканини шу боис ҳам барча замонларда барча уламолар бирдек эътироф этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан қадим Самарқандда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унинг доирасида ЎзА мухбири Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Қодирхон МАҲМУДОВ билан суҳбатлашди.

– Аввало, Имом Мотуридийнинг ислом тарихидаги ўрни ва диний илмлар ривожида унинг таълимоти қандай аҳамият касб этиши ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Имом Мотуридий ҳар бир адашган оқимнинг таълимоти ботил эканини раддиялар билан асослай бориб, пировардида уларни “очиқ жанг майдони”да бутунлай мағлуб қилишдек улкан жасорати билан Имомул ҳуда унвонига сазовор бўлди. Имомул мутакаллимин мартабасига эса, ақиданинг ҳам ўз даври, ҳам келажак авлод учун ўлмас илмий пойдеворини бунёд қилгани, асрларга татийдиган манба, иккиланмай айтиш мумкинки, охирзамонга қадар кучини сақлаб турадиган истеҳкомни қад ростлатгани учун муносиб топилди.

Бу фикрни тасдиқлаш учун “Таъвилотул Қуръон”нинг исталган жойига назар солишнинг ўзи кифоя. Аллома Мусҳафи шарифни тафсир ва таъвил қилар экан, ўша даврдаги оқимларнинг ғоя ва қарашларини келтириб, уларга нақлий ва ақлий далиллар билан жавоб беради, қаерда қандай адашганини, хатоси нимадан иборат эканини кўрсатиб беради. Шу билан бирга, гўё узоқ келажакка кўз тикиб, ўзидан кейин рўй беражак воқеаларни кўргандек, “агар бизга фалон-фалон деб савол беришса, у ҳолда бундай деймиз…” деб, ҳали ўртага чиқмаган, баҳс майдонига ташланмаган масалаларни ҳам келтиради ва уларнинг ечимини кўрсатиб беради.

Имом Мотуридий шунчаки тафсир билан чекланиб қолмаган. Яъни “Аллоҳ таоло ушбу оятда бундай деяпти, унинг маъноси бундай бўлади, Парвардигор мана буни назарда тутган”, дейиш тафсир бўлса, таъвил оятнинг туб мазмунидан келиб чиқадиган бошқа маъноларга йўналиш бериш, зарурат тақозо қилганда бир маънони унга мос яна бир маънога буриб изоҳлашдир. Соддароқ айтадиган бўлсак, “Таъвилотул Қуръон”нинг доҳиёна асар эканига оддий мисоллардан бири шуки, муаллиф ўзининг сўз ва фикрлари тўғрилигига аввало Қуръоннинг ўзидан далил келтиради. Дейлик, бир оятни келтира туриб, унинг замиридан бошқа ўринда бошқа оят ҳақида айтган бошқа фикри тўғри эканига далолат бўладиган маъноларни чиқариб беради. Кейинги оят ҳақидаги фикрига, яна бир бошқа оятни далил қилиб келтиради. Бундай асосни эса, табиийки, ҳеч қанақасига инкор этиб ё рад қилиб бўлмайди.

Тафсир саҳобаларга, таъвил фиқҳ аҳлига хос, дейишади. Буни ҳам соддароқ айтадиган бўлсак, тафсир оят нозил бўлгандаги вазиятни, нозил бўлиш сабабларини, ўша пайтдаги бутун шароитни, ҳолатнинг ҳақиқатини аниқ билган шахснинг сўзларидир. Таъвилда эса, қатъий мақсад-маъно эмас, балки қайсидир маъноларга йўйиб тушуниш мумкинлиги айтилади. Мисол учун, “Алҳамду лиллаҳи” сўзларини баъзи муфассирлар “Аллоҳ Ўзига ҳамд айтган” деб, айримлари “Ўзига ҳамд айтишни буюрган” деб тафсир қилган. Буни таъвил билан айтадиган бўлсак, қуйидаги шаклга келади: “Бу ўриндаги ҳамд Унга ҳамду сано айтмоқ, Уни мақтамоқ маъносига йўйилади, Унга шукр қилиш амр этилмоқда, деб тушунилади, нимани ирода қилганини эса, Яратган Эгамнинг Ўзи яхши билади”. Имом Мотуридий икки йўналишни ҳам олади: Аллоҳ Ўзини мақташга ҳақли эканини ҳам, бу сўзларда бандаларга буйруқ-амр борлигини ҳам асослаб беради.

– “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман тўғрисидаги фикрларингиз?

– Форум аллома меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида халқаро миқёсдаги янги ҳамкорлик ришталарини вужудга келтиришига шубҳа йўқ. Дунё бўйлаб мотуридийликнинг энг забардаст олимларини бир жойга тўплаган бу анжуман ислом оламида янги мулоқот платформасини яратиш билан бирга, бугун ҳар турли шиорлар, бузғунчи мафкура ва ғаламис ишлар билан муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётган кучларга қарши курашиш учун мустаҳкам истеҳкомни ҳам пайдо қилади. Негаки, Имом Мотуридийнинг ёт ғоя ва фирқаларга қарши раддиялари яна бир бор олам узра бўй кўрсатиб, ҳар хил оқимларни яна бир карра ўзининг манфур овозини ичга ютишга мажбур қилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу анжуман баҳонасида Ўзбекистон ва дунё уламолари яна бир карра, таъбир жоиз бўлса, “соатларини текшириб олади”, турли бузғунчи кучларнинг уни ўчади, алломанинг руҳи яна бир карра шод бўлади. Зеро, 12 аср аввал кўтарган байроғи яна юксак-юксакларда мавжланади.

Айни пайтда ушбу форум нафақат мусулмон олами, балки бутун жаҳон аҳли учун долзарб масала ва муаммолар юзасидан фикр алмашиш, тажриба ва кўникмалар билан ўртоқлашиш, илғор таклиф ва ташаббусларни илгари суриш учун энг самарали мулоқот майдони бўляпти.

Бу ерда ўз соҳасининг етук билимдонлари саналган олим ва уламолар ҳозир бўлгани учун алломанинг мероси ҳақида ҳаммамиз яхши танийдиган атоқли илм одамининг – “Ал-Азҳар” ислом илмлари мажмуаси Бош котиби Шайх Муҳаммад Назир Айяднинг “Таъвилотул Қуръон” ҳақидаги сўзларини ёдингизга солмоқчиман: “Бу китоб тафсир соҳасида ёзилган асарлар орасида энг аҳамиятлиси ва энг авлосидир. У аҳли сунна вал жамоа наздида энг асосий манба деб ҳисобланади. Зеро, муаллиф диннинг ҳақиқатларини исботлаб бериш, унинг мазмунини баён қилиш учун ҳам ақлий, ҳам мантиқий далилларни келтиради”.

– Имом Мотуридий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз?

– Имом Мотуридий номи ислом оламининг энг эътиборли ва эъзозли алломалари сафида доимо катта ҳурмат билан тилга олинган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. Бунинг энг асосий, фунтаментал сабаби шуки, аллома ислом тарихининг ўта оғир даврида, ҳар хил фирқаларнинг фитналари авж олиб, мусулмон жамоалар бир-бирига ғайирли назар билан қараб қолган паллада яшаб ижод қилган.

Имом Мотуридийнинг ислом ақидасини тартибга солиш, ёт ғояларга қарши асосли раддиялар бериш мақсадида танлаган кураш йўли, ўша машъум замонда, бундан ўн бир аср аввалги вақтларда ёзган асарлари бугунги кунда ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмай келаётгани, аҳли сунна вал жамоа учун дастуруламал вазифасини ўтаётгани унинг ҳамиша ҳар томонлама ҳақ бўлиб келгани ва ҳақ бўлиб қолаётганига далолат бўлади, албатта.

Ақида – калом илмига асос солган, ўз даври учун ҳам, келажак авлод учун ҳам ўлмас илмий пойдевор бунёд қилган, асрларга татийдиган манба яратган аллома ижодининг аҳамиятли жиҳати шундаки, бугун ҳар қандай ёт ғоя ёки оқимга қарши курашда, ҳар қандай бузғунчи кучнинг унини ўчиришда барчамиз ҳеч иккиланмасдан мотуридия таълимотига мурожаат қиламиз, фитначиларга раддия беришда Имом Мотуридий меросидан жавоб излаймиз ва албатта топамиз ҳам. Бу фикрни тасдиқлаш учун “Таъвилотул Қуръон” ё “Тавҳид” асарларининг исталган саҳифасига назар солиш кифоя.

Одатда илмий асар бошланғич, ўрта ё олий маълумотга эга шахслар учун ёзилади. Олий таълим даргоҳида олий математикадан таълим олиш учун мактабда Пифагор теоремасини яхшилаб ўрганган бўлиш зарур. Бу – илмий ҳақиқат.

Лекин Имом Мотуридий мероси ҳақида сўз юритсак, аллома “Таъвилотул Қуръон”ни шундай ёзганки, уни ислом таълимотининг ҳар қандай босқичида бўлган инсон бемалол ўқиб, ўзига керакли маълумотни ола билади.Масалан, аллома уйқу ҳақида фикр юритиб, бу ҳодисанинг яратилиши Парвардигорнинг ҳукми ҳамма учун бирдек қонун эканини англатишини, ҳамма Қодир Худонинг тасарруфида эканини билдиришини таъкидлайди. “Уйқудан сақланиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, ундан қутулишнинг ҳеч қандай имкони йўқ”, дейди. Кейин уйқуни оғир юкка қиёслаб давом этади. Яъни киши елкасига юк олса, ҳорғин бўлади. Уни қўймагунча чарчоғи кетмайди. Уйқудан қолган киши ҳам ҳаловатини йўқотади. Уйқудан кейин эса енгиллик ва роҳатни ҳис қилади.

Имом Мотуридий Набаъ сурасининг 10-11-оятларидаги “Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” сўзларини таъвил қилаётганда, тунга нисбатан қўлланган “либос” сўзи кўзларнинг либоси (тўсилиши) эканини, ундан бошқа нарса эмаслигини айтади. Бунинг тасдиғи учун ўша “либос” иссиқ ё совуқдан келадиган заҳматнинг олдини олишда бизнинг тушунчамиздаги либоснинг вазифасини бажармаслигини таъкидлайди. Худди шу тарзда кундуз тирикчилик қилинадиган вақт эканини айтади. “Унинг ўзи тирикчилик воситаси эмас. Анъом сурасининг 96-оятида кундуз“мубсирон” дейилади, чунки унинг воситасида нарсалар кўрилади. Лекин бу унинг, кундузнинг ўзи мустақил равишда кўрувчи эканини англатмайди”, дейди.

Аллома Аллоҳ сўзининг нимадан иштиқоқ қилингани, яъни этимологияси ҳақида сўз юритар экан, бу калима билан Яратувчи зикр этилишини, у билан Парвардигорга дуо қилинишини айтади ва ҳар хил тилларда турли шаклда бўлса-да, маъно-моҳияти доим бир хил қолишини таъкидлайди. “Сўзлаш чоғида товуш ва бўғинлар фақат мақсадни англатиш учунгина ишлатилиши ўша товуш ва бўғинлар айнан исмнинг ўзидир деган тасаввурга олиб бормайди”, дейди.

Бу ўзбек халқининг ҳолва деган билан оғиз ширин бўлиб қолмаслиги тўғрисидаги нақлига ўхшайди. Яъни аллома бу шоҳ асарини олим ҳам, авом ҳам бирдек тушунадиган содда, равон тилда, халқчил услубда, айни пайтда юксак илмий савияда, фикрларни ҳар томонлама асослаган ҳолда ёзган.

– Яъни Имом Мотуридий илмий мероси ҳозирги даврда майдонга чиқаётган масала ва муаммоларга ҳам ечим бўлади, шундайми?

– Албатта. Имом Мотуридий меросини ўрганишнинг долзарблиги шундаки, аллома ўз асарларида ўша даврдаги оқимларнинг ғоя ва қарашларини ҳам келтириб, уларга нақлий ва ақлий далиллар билан раддия ёзган, даъволари асоссиз эканини кўрсатиб берган. Ўша ғоя ва қарашлар бугун қандайдир деструктив кучлар томонидан янгиланадиган бўлса, бизнинг уларга жавобимиз тайёр, қарши курашишнинг усул ва услублари ҳам қўлимиздадир.

Шу билан бирга, Ҳидоятга бошловчи бу буюк имом келажакни кўра билгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Алломанинг асарлари бошқа китоблардан шуниси билан ҳам фарқ қиладики, у ўзидан кейин рўй берадиган воқеаларни кўргандек, “агар бизга фалон-фалон деб савол беришса, у ҳолда бундай деймиз…” деб, ҳали ўртага ташланмаган масалаларни ҳам келтиради ва уларнинг ечимини кўрсатиб беради.

Имом Мотуридий таълимотида муайян масала юзасидан билдирилган ҳар бир фикр аввало Қуръони карим ояти билан асосланади. Шунинг учун унинг таъкидларини рад қилиб бўлмайди. Албатта, аллома ҳадисларга, саҳобалар ва мужтаҳид уламоларнинг фикрларига ҳам таянади. Лекин бу унинг ҳақлигига салбий таъсир қилмайди, аксинча, янада мустаҳкамлайди.

Мана шу омилларни назарда тутган ҳолда ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу конференция исломни ёт ақидалардан ҳимоя қилиш, унинг соф инсонпарварлик ва тинчликпарварлик, бунёдкорлик ва ҳамкорлик, бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини тарғиб этишда, бузғунчи куч ва ғояларга қарши туришда халқаро илмий-амалий ҳамкорликнинг, кенг кўламда тажриба, билим, маҳорат ва кўникмалар билан ўртоқлашиш учун қулай имкониятлар майдонини юзага келтиряпти.

Анжуманда ўртага ташланган фикр ва ғоялар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар фақат конференция доираси билан чекланиб қолмайди, балки турли шакл ва механизмлардан иборат бардавом мулоқотга дебоча бўлади, албатта.

ЎзА мухбири Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.
Манба

Check Also

Дунё мотуридийшунослари Самарқанд зиёратида

Самарқандда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда. Дин ишлари …