Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари Данияр Иссабеков “Ҳанафий мазҳабининг муҳим матнларидан бири – “Ҳидоя” асарига ёзилган икки шарҳнинг қиёсий таҳлили” ва Хадижа Демиржи Акюз ўзининг “Имом Бухорий ва унинг “Тарихул кабир” асари: тузилиши, манбалардан фойдаланиш ва танқид усули” мавзусида олиб бораётган илмий изланишлари тақдимотини ўтказди.
Мармара университети докторанти Данияр Иссабеков XIII-XIV асрларда Марказий Осиёдаги сиёсий ва илмий ўзгаришлар шароитида “Ҳидоя” асарининг икки муҳим шарҳи — Ҳисомиддин Ҳусайн Сиғноқийнинг “Ан-Ниҳоя фий шарҳил Ҳидоя” ва Жалолиддин Гурланийнинг “Ал-Кифоя фий шарҳил Ҳидоя” асарларининг юзага келиш тарихи, муаллифларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида атрофлича маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Сиғноқий ўзига хос илмий таҳлил ва мантиқий фикр юритиш услуби билан ажралиб туради. У оят ва ҳадисларни тўлиқ келтириб, маъноларини чуқур шарҳлайди. Гурланий эса амалиётга мослаштирилган, қисқа ва равон услубни танлаган.
Тадқиқотчи, шунингдек, икки муаллиф ўртасидаги услубий фарқларни, уларнинг манбаларга муносабатини илмий мисоллар асосида ёритди.
Маъруза давомида тингловчилар “Ҳидоя”га Марказий Осиё ва араб Шарқида ёзилган шарҳлар ўртасидаги методологик фарқлар, шунингдек, Сиғноқий асаридаги дидактик услубнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларга эга бўлди.
Тадбир давомида Трабзон университети тадқиқотчиси Хадижа Демиржи Акюз Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” асари юзасидан мазмунли маъруза қилди.
Тадқиқотчи асосий эътиборни асарнинг ёзилиш жараёни, тасниф тизими, биографик маълумотларни тақдим қилиш услуби ва ровийлар танқидининг ўзига хос шаклларига қаратди. Айниқса, тартиб ва таснифга алоҳида урғу берди – асарда жами 13 минг 787 ровий ҳақида маълумот берилган бўлиб, ҳаммаси алифбо тартибида келтирилган ва саҳобийларга алоҳида эътибор қаратилган. Ровийларнинг шахсияти, яшаган минтақалари, ривоятлари, устоз-шогирд алоқалари, баъзан ҳатто касби кори ҳақида аниқ маълумот берилган.
Муҳаддис ровийларга муносабат билдиришда (жарҳ ё таъдил – қабул қилиш ёки рад этиш) ўзига хос танқидий ифода ва истилоҳлардан (“фийҳи назар” – “уни текшириб кўриш керак”, “мункарул ҳадис” – “ҳадиси инкор қилинган” каби) фойдаланган, олдинги авлод уламолари фикрларига таянган.
Маърузачи ҳадисларнинг ҳақиқийлигини ровийларнинг шахсияти, сифати, манбаси, ривоят қилиш усули ва матн мазмуни асосида танқидий таҳлил қилиб, хулоса ўрнида “Тарихул кабир” нафақат ровийлар тарихини ёритиш, балки илмий танқид (жарҳ-таъдил) методларини шакллантиришда беқиёс аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Икки тадбир ҳам қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар билан давом этди.
Тадбир давомида, шунингдек, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида ҳам фикрлар билдирилди. Таъкидланганидек, юртимизда турли дин ва миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва тинчлик муҳити яратилган. Бу мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлиб, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” доирасида амалга оширилмоқда. Концепциянинг амалий натижаларидан бири сифатида, диний илм ва тарихий меросни холис, илмий асосда ўрганиш, уларни халқ ва жаҳон жамоатчилигига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро стипендия дастури доирасида олиб борилаётган бу каби илмий таҳлиллар нафақат тарихий меросимизни чуқур ўрганиш, балки ёш тадқиқотчиларни етиштириш ва Ўзбекистон илмий имижини халқаро майдонда мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.