Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 29 апрель куни Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази профессори Френсис Ричард ва Франциядаги “College de Frаnсе” доктори Мария Эфтимию иштирокида “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида бошланган семинар-тренинг иккинчи босқичи 1 май куни бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ҳудудларидан таълим, фан ва маданият муассасалари олим ва тадқиқотчилари, Марказ илмий ходимлари, Франция, Туркия ҳамда қўшни давлатлардан келган олимларга профессор Френсис Ричард кодикология бўйича олиб борган тадқиқотлари билан ўртоқлашди. Қўлёзмаларни тадқиқ этиш жараёнида эътибор қилиш лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталди. Колофон шакли, унда келтирилган буюртмачи номи, котиб ёки хаттотнинг исми, қўлёзма кўчирилган йил, ой, сана ҳамда жой номи, муҳрни синчковлик билан ўрганиш кераклигини таъкидлади. Буларнинг барчаси қўлёзмалар билан ишлашда муҳим аҳамият касб этиб, муҳим тарихий ҳақиқатларни очишда ҳал қилувчи омил бўлишини уқтирди.
Профессор маъруза давомида Ўрта Осиё қўлёзмаларининг Ўзбекистон ва хорижда сақланаётган нусхаларидан мисол келтирди. Шунингдек, реставрация жараёнида юзага келиши эҳтимоли юқори бўлган турли ҳолатларда қўлланиладиган чоралар тавсифини берди.
Куннинг иккинчи ярмида семинар-тренинг амалий қисми Самарқанддаги Конигил туризм қишлоғида ташкил этилди. Унда иштирокчилар Ўрта Осиё қўлёзмалари тарихида муҳим ўрин тутувчи Самарқанд қоғози тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишди.
Машҳур “Коннигил мерос” устахонасида маҳаллий ҳунармандлар томонидан қадимий анъаналар асосида тайёрланаётган қоғоз ишлаб чиқариш жараёни иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу жараёнда ипак, тут пилласи ва табиий ёғоч ёрдамида қоғоз эзиш, ювиш, силлиқлаш ва қуритиш каби босқичларни амалий тарзда кузатиб, айримлари жараёнда бевосита иштирок ҳам этди.
Семинар қатнашчиларига Самарқанд қоғозининг қадимда диний, илмий ва бадиий асарларни кўчиришда қандай муҳим аҳамиятга эга бўлгани, унинг юз йиллаб чиримай сақланиш хусусияти ҳақида маълумот берилди. Профессор Френсис Ричард ва доктор Мария Эфтимию Самарқанд қоғозининг кодикологик таҳлилдаги аҳамиятига алоҳида урғу бериб ўтди.
Семинар-тренингда “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда турли дин, миллат ва маданият вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликда яшаши учун зарур ҳуқуқий ва маънавий асослар яратилган. Айниқса, тарихий-диний меросни ўрганиш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш масалаларида виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати муҳим ўрин тутади. Семинар иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсонпарвар ва бағрикенг сиёсат, жумладан, маданий меросни асраш ва тадқиқ этишга қаратилган илмий лойиҳалар халқаро ҳамжамиятда ҳам юқори баҳоланаётганини таъкидлади.
Семинарнинг ушбу қисми илмий билим билан амалий тажрибани уйғунлаштириш, ёш тадқиқотчилар ва мутахассислар учун кодикологияни фақат назарий эмас, балки манба таҳлили ва тарихий ҳужжатлар билан тўғридан-тўғри ишлаш маҳоратини оширишга хизмат қилиб, уларда маънавий-маърифий жиҳатдан улкан таассуротлар қолдирди.