Home / МАҚОЛАЛАР / ТИРИКЛАРНИНГ ДУО ВА ЭҲСОНЛАРИДА МАРҲУМЛАР УЧУН МАНФААТ БОР

ТИРИКЛАРНИНГ ДУО ВА ЭҲСОНЛАРИДА МАРҲУМЛАР УЧУН МАНФААТ БОР

Инсон вафот этиши билан яхши ва ёмон амалларидан қайси бири оғир келса, шунга кўра мукофотланади ёки жазоланади. Марҳумларга икки йўл билан манфаат бориб туради. Биринчиси: ўлган одамнинг тириклигида қилган амалидан. Яъни, инсоннинг тириклик чоғида охирати учун қилган ишлари, эзгу амаллари вафот этганидан сўнг ҳам ўзига манфаат етишига сабаб бўлади. Иккинчиси: унинг ҳаққига мусулмонларни қилган дуолари ва айтган истиғфорлари. Унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари.

Марҳумнинг тириклар зиммасида ҳақлари ва тирикларнинг ўтмишдошлари олдида бурчлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш тарғиб этилган. Қуръони каримда мусулмон умматини ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифланган. Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”! (Ҳашр сураси, 10-оят)

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади. Имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозосидаги амалдир. Демак, Ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, уларнинг кейинги келганлари олдин ўтганларини яхшиликда ёдга олиб, ҳақларига хайрли дуоларда бўлади.

Албатта, биз мусулмонлар ўтганларни руҳларини шод қилиш мақсадида уларни қанча кўп хотирлаб дуолар қилсак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Улар ҳам бизларни хотирлаб дуолар қилишади. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ёки ака-укасидан ёки дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”. (Байҳақий ривояти)

Шунинг учун киши вафот этган кундан бошлаб ҳар куни имкон қадар савобини маййитга бағишлаб садақа қилиш фарзандлари ва яқинларига мустаҳабдир. Шунингдек, маййитнинг оиласи учун қўшнилар таом қилиб чиқаришлари ҳам мустаҳабдир.

Уламолар жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган киши тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Жисмоний ибодат бўлмиш дуо вафот этганга манфаат бергандан кейин рўза ва намоз каби бошқа жисмоний ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки, орада фарқ йўқ. Бунинг устига бошқа ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор. Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан шариатимизда жорий қилинган амалдир.

Шунингдек, мусулмонлар, вафот этган инсоннинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона киши бўлса ҳам тўлаб қўйса унинг зиммасидаги қарз соқит бўлади деган фикрга келишган. Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб савоби вафот этганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.

Ҳар бир киши охирати обод бўлиши учун тириклигида яхши амаллар қилиб яшаши лозим, вафотидан сўнг фарзанд ва яқинлари дуо ва эҳсонлар қилиб, унинг ҳаққига савобини бағишлаши муқаддас динимизнинг кўрсатмаларидан биридир.

Абдувоси Шоназаров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …