Home / МАҚОЛАЛАР / МЕҲР КЎРСАТМАГАН КИШИГА МАРҲАМАТ ҚИЛИНМАЙДИ

МЕҲР КЎРСАТМАГАН КИШИГА МАРҲАМАТ ҚИЛИНМАЙДИ

Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни набиралари имом Ҳусайнни ўпдилар, шу вақтда ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис (р.а.) ўтирган эди. У киши: «Менинг ўнта болам бор, улардан биттасини ҳам ўпган эмасман», дедилар. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қарадилар-да: «Меҳр кўрсатмаган кишига Аллоҳ таоло ҳам марҳамат қилмайди», дедилар».

Шафқат, меҳр, лутф ва олийжаноблик каби гўзал сифатлар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг табиатларида бор эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча ўринларида буни таъкидлаган: Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!”[1], “(Эй Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди”[2].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг меҳр-шафқатлари жуда кучли бўлиб, кофирларнинг куфри, иймондан юз ўгирганларнинг юз ўгиришига ачинардилар. Шунинг учун, Аллоҳ таоло у зотга тасалли бериб: “(Эй Муҳаммад!) Улар ушбу Сўзга (Қуръонга) имон келтирмасалар, эҳтимол, Сиз уларнинг ортидан, афсуслик билан ўзингизни ҳалок қилувчидирсиз?!” деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда раҳмдил эдилар. Молик ибн Ҳувайрис (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдик. Бизлар ёш, тенгдош эдик. У зот ҳузурларида йигирма кун турдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) меҳрибон эдилар. Биз оилаларимизни соғинганимизни сезиб: “Оилаларимиз ҳақида сўрадилар, сўнг: “Оилаларингизга қайтинг. У ерда туриб, уларга таълим беринг, уларни яхшиликка чақиринг”, дедилар”[3].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қизларининг чақалоғи оғирлашиб қолганда уни у зотга олиб келишди. Боланинг нафаси хириллаб чиқар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўзларидан ёш оқди. Саъд (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, бу нима?” деб сўради. У зот: “Бу – Аллоҳ таоло бандалари қалбига солган раҳматдир. Аллоҳ бандаларидан меҳрлиларига меҳр кўрсатади”, дедилар[4]. 

Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади. Аъробийлардан бир неча киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб: «Сизлар ёш гўдакларингизни ўпасизларми?» дейишганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳа», дедилар. Аъробийлар: «Аллоҳга қасамки, биз уларни ўпмаймиз», дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ қалбларингиздан раҳматни тортиб олган бўлса, мен ўрнига солиб қўя олармидим?!» дедилар[5].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меҳрлари, шафқатлари зиёдалигидан болаларни ўпардилар. Болаларга нисбатан бундай муомала, яъни уларга меҳр кўрсатиш, ўпиб, эркалаш уларга ижобий таъсир қилади. Лекин инсон агар қалби қаттиқ бўлса, бошқаларнинг ҳис-туйғуларини сезмаслиги мумкин. Балки у болалар бундай муомалани англамайди, улар ҳис-туйғуни билмайди, деб ўйлаши мумкин. Шу сабабли уларга эътиборсиз, беписандлик билан муомала қилади, жеркийди. Лекин болалар меҳрли муомала билан меҳрсиз муомалани яхши ажратади. Улар билан суҳбатлашган, кулишиб гаплашганларни унутмайдилар.

Буни билишни истасангиз, ўзингизнинг ёшлигингизни эслаб кўринг. Сизга ширинлик берган, ширин гапирган кишиларни ҳозиргача эслайсиз. Худди шу каби, сизни жеркиган, қўполлик қилганлар ҳам эсингизда.

Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Ҳ.Расулов
 

[1] Оли Имрон, 159.

[2] Тавба, 128.

[3] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[4] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[5] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …