Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОН – РУҲИЙ ПОКЛАНИШ ВА ЮКСАЛИШ ОЙИ

РАМАЗОН – РУҲИЙ ПОКЛАНИШ ВА ЮКСАЛИШ ОЙИ

Маълумки, рўза тутиш давомида очлик азобини ҳис қилган рўзадорнинг қалбида камбағаллар ва муҳтожларга нисбатан меҳр-шафқат туйғулари пайдо бўлади. Ана шунда у Аллоҳ таолонинг розилигини истаб дарҳол хайр-саховат қилишга тушади. Бунинг учун унинг ҳеч қандай дунёвий мақсади бўлмайди ва ҳеч кимдан бирор эваз умид қилмайди ҳам. Саховатли инсон ёрдам бериш учун муҳтожларнинг сўрашларини кутиб ўтирмайди, унинг ўзи муҳтожларни қидириб топади. Аллоҳ таолонинг яхшилик қилувчи бандаларга ваъда қилган кўпдан-кўп мукофотларидан умидвор бўлиб, чин дилдан чиқариб ва рози бўлиб уларга хайру эҳсонлар қилади.

Саховат – умумий тушунчадир. Унинг маънавийси ҳам, моддийси ҳам бор. Саховатнинг кўринишлари хилма-хил бўлиб, одамларга яхшилик ва инфоқ қилиш, саховат кўрсатиш, яхшилик ва тақво ишларида ҳамкор бўлиш, савдо-сотиқ ва бошқа муомалалар борасида бағрикенг бўлиш, қайғу ичида қолганларнинг кўнгилларини кўтариш, ўзига раво кўрганни бошқаларга ҳам раво кўриш, мурувватли бўлиш, ғазабни ичга ютиш, озор берган ва ранжитган инсонларни афв этиш шулар жумласидандир.

Рамазон – покланиш ва юксалиш ойидир. Бу ойда сахий инсонлар ахлоқи билан хулқлансак, ўзимиз ва жамиятимизни бахиллик, зиқналик, исроф қилиш ва худбинликдан тозаласак қандай ҳам гўзал! Иш шу даражага етсаки, суюкли ватанимизда камбағалларга юраги ачийдиган бойларни, кичикларга меҳрибонлик қиладиган катталарни ва катталарни ҳурмат қиладиган кичикларни кўрсак. Ҳадиси шарифларда: “Сочлари оқарган (кексайиб қолган) мусулмоннинг иззат-икромини жойига қўйиш Аллоҳни улуғлаш кабидир”, “Кимда ким кичикларимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳақларини билмаса, бизлардан эмасдир” [1], дейилган.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эсаётган шамолдан ҳам сахийроқ бўлганлар:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг Рамазон ойидаги энг сахийликлари Жаброил у кишига йўлиққан пайтда бўларди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойи тугагунича ҳар кеча учрашар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса у зотга Қуръон ўқиб берар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у кишига йўлиққанида яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар”[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағал бўлиб қолишдан қўрқмайдиган кишилар ҳадя қилганларидек ҳадя қилганлар:

Анас розияллоҳу анҳу: “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ўртасидаги қўйлар подасини сўраган эди, унга бериб юбордилар. Шунда бояги одам ўз қавмининг олдига келиб: “Эй, одамлар! Исломни қабул қилинг! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад камбағалликдан қўрқмайдиган кишилар ҳадя қилганлари каби ҳадя қилди”, деди”[3].

Саҳобалар розияллоҳу анҳум саховат борасида ўзаро беллашганлар:

Мана шундай беллашувни Табук жанггидаги саховат мисолида кўрамиз. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга садақа қилишни буюрдилар. Аллоҳга қасамки, бу гап менинг ҳузуримда молим бўлган вақтга тўғри келиб қолди. Шунда мен: “Агар бугун Абу Бакрдан ўзиб кетсам ундан ўзиб кетаман”, дедим ва молимни ярмини олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз аҳлинг учун нима қолдирдинг?” дедилар. Мен: “Шунинг тенг ярмини”, дедим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзидаги молнинг барчасини олиб келган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўз аҳлинг учун нима қолдирдинг?” дедилар. У киши: “Уларга Аллоҳ ва Расулини қолдирдим”, деди. Шундан сўнг мен “Мен абадул абад сиз билан ҳеч нарса учун беллашмайман”, дедим”[4].

Мусулмон одам ўз ҳаётида тежамкор бўлиши, исроф қилмаслиги ва мол-давлатидан муҳтожлар учун ҳам улуш ажратиб юриши лозим:

Мискинлар ва қариндошларга инфоқ-эҳсон қилишга буюриб, исрофгарчиликдан қайтарар экан Қуръони карим ана шу маънога ишора қилган. Чунки исрофгар одам нодон ва ўзига зарар қиладиган, ўз давлатининг энг сараларини шахсий истаклари йўлида зое қилиб юборадиган кишидир. Шундай бўлганидан кейин зиммасидаги вожиб ҳақлар ва кўмак учун унда нима ҳам қолар эди?!

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”[5].

 Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Сахий инсон – шариатнинг (закот бериш, аҳли аёлига нафақа қилиш каби) вожиб амрларини бажо қилган, мурувватни (аҳли аёлига тазйиқ ўтказмаслик, тубан ишлардан узоқ бўлиш ва орттирган мол-давлатини муҳтожларга улашиш каби амалларни) маҳкам тутиб олган кишидир”.

Аллоҳ таоло мусулмонларни камбағал ва муҳтожларга яхшилик билан орқа ўгиришга, агар улар сўраган нарсани беришга имконлари бўлмаса, яхши гап билан қайтаришга буюриб шундай марҳамат қилади: “Агар Сиз Раббингиз (томони)дан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда улардан юз ўгирадиган (ёрдам бермайдиган) бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!”[6].

Аҳли оилага саховат қилиш улар билан яхши муомала қилиш ва нафақа бериш билан бўлади:

Ойиша розияллоҳу анҳо шундай деган: “Ҳеч ким Расулуллоҳдан кўра гўзал хулқлироқ эмасди. Саҳобалари ёки хонадон аҳлларидан бирортаси у зотни чақириб қоладиган бўлса, у зот албатта “Лаббай!” деб жавоб берар эдилар”.

Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга (Хадича онамиз розияллоҳу анҳонинг вафотларидан сўнг) бирор ҳадя олиб келишса, “Буни фалончининг уйига олиб боринг. Чунки у Хадичанинг дугонаси эди. У Хадичани яхши кўрар эди”, дер эдилар”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мусулмон одам савоб умиди билан ўз аҳлига бир нафақа қиладиган бўлса, унинг учун садақа бўлади”[7], деганлар. Шундай экан, мусулмон одам ўз оиласи ва бола-чақасига исроф қилмасдан ўртамиёналик билан саховат қилиши, унинг эвазига Аллоҳ таоло берадиган мукофотни қўлга киритиш учун қилаётган ҳар бир нафақасида нияти холис бўлиши лозим.

Қариндошлар бошқа одамлардан кўра ҳақлироқдир:

Аллоҳ таоло: Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар”[8], деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Мискинга қилинган садақа бир яхшиликдир. Қариндошга қилинган садақа иккита яхшиликдир. Ҳам садақа, ҳам силаи раҳм”[9], деганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай деди:

“Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Мадина шаҳрида ансорийлар ичида мол-мулки энг кўп киши эди. Мол-мулки ичида “Байруҳо” боғи энг маҳбуби эди. Бу боғ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боққа кириб, ундаги ширин сувдан ичар эдилар. Ўша кунларда “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз[10], деган мазмундаги ояти карима нозил бўлганда, Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» деб баён қилди. Мол-мулким ичида мен учун энг маҳбуби “Байруҳо”дир. Уни Аллоҳ учун садақа қилдим, Аллоҳнинг ҳузуридаги яхшилиги ва савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, Сиз уни ўзингиз хоҳлаган жойга ишлатинг”, деди. Шунда У зот: “Яхши, бу фойда берувчи мол, бу фойда берувчи мол. Бу боғ ҳақида нима деяётганингни тушундим. Мен уни қариндошларингга ишлатсанг дейман”, дедилар. Абу Толҳа розияллоҳу анҳу: “Ҳудди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. Кейин уни Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қариндошлари ва амакисининг ўғилларига тақсимлаб берди”[11].

Гўзал ахлоқ ва одамлар эҳтиёжини қондириш билан бўладиган саховат:

Битта жисмга ва ғанимга таслим бўлмайдиган мустаҳкам қалъага айланишимиз учун биз ҳозир гўзал ахлоқ ҳамда моддий-маънавий бирдамлик билан ўз миллатдошларимизга саховат кўрсатишга жуда ҳам муҳтож бир даврда яшаяпмиз.

“Биродаринг юзига қилган табассуминг садақадир. Яхшиликка буюришинг, ёмонликдан қайтаришинг садақадир. Адашиб юрган кишига йўл кўрсатиб юборишинг сен учун садақадир. Йўлдан озор берадиган нарсани, тикан ва суякни олиб ташлашинг сен учун садақадир. Ўз идишингдаги сувни биродаринг идишига қуйиб беришинг сен учун садақадир. Кўзи ожиз одамга ҳамроҳлик қилишинг сен учун садақадир”[12]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадисларида келган тавсиялар ислом динидаги хайр-саховатнинг кўринишлари ҳисобланади.

Пайғамбар алайҳиссалом: “Сизлардан қайси бирингиз бугун рўза тутган?” дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, деди. “Сизлардан қайси бирингиз бугун жаноза намозида иштирок этдингиз?” дедилар. “Мен”, деди Абу Бакр. “Сизлардан қайси бирингиз бугун мискинга таом едирдингиз?” дедилар. Абу Бакр яна: “Мен”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу ишлар қайси бир инсонда мужассам бўлса, албатта жаннатга киради”, дедилар[13].

Ўзига ёмонлик қилганларни афв этиш билан саховат кўрсатган кишининг қиссаси:

Улба ибн Зайд ибн Ҳориса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири эди. У зот одамларни садақа беришга тарғиб қилганларида улардан ҳар ким тоқати етганича нарса кўтариб келди. Шунда Улба ибн Зайд: “Эй, Аллоҳ! Албатта, менинг садақа қиладиган ҳеч нарсам йўқ. Эй, Аллоҳ! Мен ўз шаънимни Сенинг бандаларинг ичидан мени бадном қилган ва ҳақоратлаган кишиларга садақа қиламан”, деди.

Пайғамбар алайҳиссалом жарчига “Бугун оқшом ўз шаънини садақа қилиб юборган киши қаерда?” деб жар солишни буюрдилар. Улба: “Мен”, деди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Сенинг садақанг қабул қилинди”, дедилар[14].

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотган вақтида, сотиб олаётган вақтида ва ўз ҳақини талаб қилаётган вақтида бағри кенглик қилган кишига Аллоҳ марҳамат кўрсатсин!” дедилар”[15].

Яна: “Кимни Аллоҳ қиёмат кунидаги ғам-ташвишлардан нажот бериши хурсанд қилса, қарзини тўлолмай турган одамга енгиллик берсин ёки уни кечиб юборсин”[16], дедилар.

Икки мусулмоннинг энг яхшиси биринчи бўлиб салом берганидир:

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши, бир-бирлари билан учрашиб қолган вақтда иккиси ҳам юз ўгириб кетиши ҳалол эмас. Уларнинг энг яхшиси биринчи бўлиб салом берганидир”[17], дедилар”.

Хўш, бизлардан ўз биродарига биринчи бўлиб салом берадиган ва бу билан унга саховат кўрсатадиган киши бормики, Аллоҳнинг ҳузурида ва одамларнинг наздида ўша биродаридан кўра яхши инсон бўлиб қолса.

Бошқаларни ўзидан устун қўйиш:

Ҳузайфа Адавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У деди: “Ярмук ғазотида сув кўтариб олиб қатл қилинганлар орасидан амакимнинг ўғлини қидира бошладим. Агар ҳали жони узилмаган бўлса, унга сув бераман ва юзларини сув билан силайман, деган ниятда эдим. Излаб-излаб уни топиб олдим ва “Сув ичириб қўяйми?” деган эдим у “Ҳа!” деган ишорани қилди. Баногоҳ, бир кишининг “Оҳ!” деб ётганини эшитиб, амакимнинг ўғли менга сувни унга олиб бор деган ишорани қилди. Мен унинг олдига келиб қарасам Ҳишом ибн Ос экан. “Сув ичириб қўяйми?”. Бу гапимни бошқа бир киши эшитиб “Оҳ!” деди. Шунда Ҳишом сувни унга олиб боришимга ишора қилди. Мен унинг олдига келганимда у вафот этган эди. Қайтиб Ҳишомнинг олдига келдим. У ҳам вафот этганди. Кейин амакимнинг ўғли олдига қайтиб келдим. У ҳам вафот этганди”.

Бахилликдан қайтариш:

Ким бахиллик қилса, ўзининг зарарига қилган бўлади. Аллоҳ таоло: Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз”[18], деган.

Бахилларга тайин қилинган жазо:

Аллоҳ таоло шундай деган: 

“Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади. Осмонлар ва Ернинг мероси Аллоҳга (қолур). Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир”[19].

Демак, дунё ва охират саодатига фақат ўз қалбидан бахиллик хислатини таг-томири билан суғуриб ташлаган, сахийлик ва қўли очиқликка одатланган кишиларгина етишадилар. Аллоҳ таоло: “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз, (насиҳатга) қулоқ тутингиз ва итоат этингиз ҳамда эҳсон қилингиз, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқдир. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчидирлар”[20], деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахий инсон Аллоҳга яқин, одамларга яқин, жаннатга яқиндир. Бахил инсон Аллоҳдан узоқ, одамлардан узоқ, жаннатдан узоқ, дўзахга яқиндир. Саховатли жоҳил одам бахил обиддан кўра Аллоҳ таолога суюклироқдир”[21].

Сахийлик ажру савоб, хотиржамлик ва саодатга эришиш йўлидир:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар[22].

Хайр-эҳсон мол-давлатни зиёда қилиш йўлидир:

Аллоҳ таоло: Ҳар бир эҳсон қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир[23], деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: Эй Аллоҳ хайр-эҳсон қилувчининг хайр-эҳсони ўрнини тўлдиргин, иккинчиси эса: Эй Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер дейди”[24].

“Бир киши чўл ерда кетаётган эди. Булут ичидан чиқаётган бир овозни эшитди. Унда Фалончининг боғини суғоргин, дейиларди. Кейин ҳалиги булут жойидан силжиб, бир тошлоқ ерга бордида, ўзидаги сувни ўша ерга бўшатди. Сел тўпланадиган ерлардан бири у сувнинг барчасини ўзида жамлади. Овоз эшитган киши сув ортидан эргашиб бориб қараса, бир киши боғида таёқ билан сувларнинг йўналишини ҳар тарафга ўзгартириб турибди. Ҳалиги овоз эшитган киши: Эй Аллоҳнинг бандаси, исминг нима? деган эди, бу боғдаги киши: Фалончи, деб ҳалиги булутдан эшитилган исмни айтди. Кейин бу боғдаги киши: Эй Аллоҳнинг бандаси, нима учун исмимни сўраяпсан? деганда, ҳалиги киши: Чунки мен бу сувни келтирган булутдан, Фалончининг бўстонини суғоргин, деб сенинг исмингни зикр қилганини эшитдим, деб яна: Сен бу ерда нима билан шуғулланасан? деб сўраганда, у: Сен мендан сўрар экансан (бунга жавоб бераман). Мен бу ердан униб чиққан ҳосилга қараб унинг учдан бирини Аллоҳ йўлида садақа қиламан. Учдан бирини ўзим оила аъзоларим билан ейман. Қолган учдан бирини эса (уруғликка олиб қолиш ила) ўзига қайтараман[25]. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нарсага қасам ичаман ва сизларга бир гапни айтаман уни ёдлаб олинг: Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди. Кимга бирор зулм етганида сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Ким тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади…”[26].

Доимий қоладиган садақа:

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар:

Банда Менинг молим, менинг молим, дейди. Ваҳоланки, унга молидан учтаси: еб битиргани, кийиб чиритгани ва бериб, ўзига савоб олгани бўлади, холос. Ундан бошқаси беҳуда кетган ёки одамларга қолган бўлади[27].

Пайғамбар алайҳиссаломнинг хонадонларида бир қўй сўйилди. Ойша розияллоҳу анҳо шу қўйни тақсим қилдилар. У зот алайҳиссалом келгач, онамиздан сўрадилар: “Қўйдан рўзғорга нима қолди?”. Ойиша розияллоҳу анҳо: “Битта қўли қолди”, дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Қўлидан бошқа ҳаммаси ўзимизники бўлибди”, дедилар. 

Ихлос ва меҳр билан берилган эҳсон гуноҳларни ювиб юборади:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир* ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир[28].

Яна:

“Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва(гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир”[29].

Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди. Албатта махфий (тарзда берилган) садақа Парвардигор ғазабини сўндиради. Албатта силаи раҳм умрни узун қилиб, камбағалликни кетказади”[30], дедилар.

Мусулмонлар жамияти битта жисм каби бўлишлари, унинг бир аъзоси оғриб қолса бошқа аъзолари ҳам туни билан иситма қилиб, бедор бўлиб чиққани каби бир-бирларига меҳр-оқибатли, ҳамдард ва яхшиликни илинадиган бўлишлари керак. Бу хусусда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, бир-бирларига меҳрибонликлари ва меҳр кўрса­тишлари худди бир жасадга ўхшашини кўрасиз. Ундаги бир аъзо хаста бўлиб қолса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бе­дор бўлади ва иситмалайди”[31].

Ушбу ҳадисда зикр қилинган бир-бирларига меҳрибонлик деганда мусулмонларнинг бир-бирларига диндошлик юзасидан раҳм қилишлари тушунилади. Ўзаро дўстлик деганда эса бир-бирларини зиёрат қилиб туриш, совға-салом улашиб туриш каби дўстлик ва муҳаббатга сабаб бўладиган алоқалар назарда тутилади. Аммо меҳр кўрсатишга келсак, ундан мурод яхшилик ва таво ишларида бир-бирларига кўмакчи бўлишдир.

Бой-бадавлат мусулмоннинг камбағал ва эҳтиёжманд мўмин биродарининг ҳолатини ҳис этган ҳолда унга бирдамлик кўрсатиши мўминлар ўртасида биродарлик риштасини мустаҳкамлайдиган омиллардан биридир. Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари камбағал ва эҳтиёжманд мусулмонлари билан ана шу нуқтаи назар асосида муомалада бўлишлари лозим.

Бирдамлик ва бунёдкорлик:

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқорида айтиб ўтилган эзгу амаллар жамият равнақи ва барқарорлиги учун энг муҳим ва кучли воситалари ҳисобланади. Чунки бу ишларнинг самараси ўлароқ одамларда бунёдкорлик ғоялари ҳаракатга келади, жипслашадилар ва ўзларини ҳар жиҳатдан бошқалар олдида масъул ҳисоблайдилар. Хайрли ва эзгу ишларда бир-бирларига ҳамкор бўлсалар, гуноҳ, адоват ва бошқа салбий ишларда бир-бирларининг қўлидан ушлаб қоладиган насиҳатгўй бўладилар. Аллоҳ ва Унинг Расули биз мўмин-мусулмонларда талаб қилгани ҳам айнан ана шудир.

Алоуддин Ҳофий
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази
илмий ходими

 

[1] Иккала ҳадисни ҳам Абу Довуд ривоят қилган.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Имом Муслим ривояти.
[4] Абу Довуд ривояти.
[5] Исро сураси, 26-27 оятлар.
[6] Исро сураси, 28-оят.
[7] Имом Бухорий ривояти.
[8] Аҳзоб сураси, 6-оят.
[9] Имом Термизий ривоти.
[10] Оли Имрон сураси, 92-оят.
[11] Имом Бухорий ривояти.
[12] Имом Бухорий ривояти.
[13] Имом Муслим ривояти.
[14] Ҳофиз Ибн Ҳажар “Ал-Исоба”да ривоят қилган.
[15] Имом Бухорий ривояти.
[16] Имом Муслим ривояти.
[17] Имом Бухорий ривояти.
[18] Муҳаммад сураси, 38-оят.
[19] Оли Имрон сураси, 180-оят.
[20] Тағобун сураси, 16-оят.
[21] Имом Термизий ривояти.
[22] Бақара сураси, 274-оят.
[23] Сабаъ сураси, 39-оят.
[24] Имом Бухорий ривояти.
[25] Имом Муслим ривояти.
[26] Имом Термизий ривояти.
[27] Имом Муслим ривояти.
[28] Бақара сураси, 271-оят.
[29] Тағобун сураси, 17-оят.
[30] Табароний ривояти.
[31] Ал-луълуъу вал маржон фийма иттафақо ъалайҳиш шайхон.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …