Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ ТИЖОРАТ АҲЛИ ТЎҒРИСИДА

АЛИШЕР НАВОИЙ ТИЖОРАТ АҲЛИ ТЎҒРИСИДА

Иқтисодиётнинг бозор муносабатлари ҳукмронлик қилаётган ҳозирги замонамизда бозор ва савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, кийим–кечаклару, уй-рўзғор буюмларигача бўлган савдо молларини кўтара олиб, улгуржи сотиш оммалашган, тижоратга оид ахлоқ-одоб нормалари ҳийла заифлашган  бир шароитда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар) [1;] асарини  ўрганиш долзарб аҳамият касб этади.   

Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида XV-XVI асрлар жамиятидаги бир қатор ижтимоий тоифаларнинг  феъл-атворларини таърифлар экан, тижорат аҳлига хос сифатларга ҳам тўҳталади.

Жумладан, савдогарлар аҳли тўғрисида мутафаккир  – “Ҳалол ризқ талабида узоқ масофаларни босиб ўтган. Кўринишидан осуда ҳаёт кечираётгандек туюлса-да, ичидаги паришонликлар унга (савдогарга) етарлидир. Савдогарнинг бошида бирни юз қиламан деган савдо, бўзни шойига айлантираман деган истак бор. Савдогар фақат фойдани ўйламаслиги ва бу фойда учун қаттиқ қайғурмаслиги керак. Савдо учун денгизга кема сурмаслиги ва дур учун наҳангнинг комига  ўзини урмаслиги керак. Пул ва бойлик орттираман деб шу бойлик менинг обрўйим демаслиги, хизматкор ва гумашталарни ўз обрўсини ошириш сабаби деб билмаслиги, нафис матоларни ўзига ҳам раво кўрмай, оддий чопон киймаслиги, лаззатли таомларни ўзидан ҳам қизғониб, қаттиқ нон емаслиги керак. Унинг тортган машаққати ҳаётининг яхши ўтиши учун хизмат қилиши керак. Қанийди, сафардан муроди азизларнинг суҳбатига етишиш бўлса. Унинг саховати туфайли бева-бечоралар ҳам баҳра топса ва улар ҳам муродига етса. Шариат буюрган закот бўйнида қолмаса. Фақирларнинг ҳақига хиёнат қилмаса ва уларнинг молларини азиз тутиб, ўзларини хор қилмаса. Савдогар лозим бўлган эҳсонларни бермай, ўз обрўсини тўкмаслиги ва топган бойлигини меросхўрлари совуриши учун сақлаб қўймаслиги керак”, деб ёзади.[1; 43-44 б.]  

Мутафаккир савдогарлар мисолида инсон табиатига хос иллатларни санаб ўтар экан, кишиларга бойлик орттириш мақсадида ўз ҳаётини хавф-ҳатарга қўймасликни тавсия этади. Бойликни обрў қозониш воситаси деб биладиганларни, зиқналик туфайли орттирган бойлигини ҳатто ўзидан ҳам қизғанадиган очкўзларни ўткир танқид қилади. Аксинча, инсон қилган меҳнати, тортган машаққатларига яраша ҳузур-ҳаловатда яшаб, топган бойлигини хайрли ишларга сарфлаши, муҳтож ва фақирларга мурувват кўрсатиш орқали ажр ва савоб олиш лозимлигини уқтиради. Инсонларни ўзидаги ёмон хислатлардан воз кечиш ва эзгу сифатларни ўзлаштириш орқали комилликка даъват этади. 

Байт:

Мундоқ кишида йўқ хирад ва хушдин нишон,

Билгил гадо агарчи эрирур Хожаи Жаҳон 

 

Шарҳи:

Бундай кишида ақлу ҳушдан нишона йўқ,

Агар хожаи Жаҳон (Жаҳонни эргаштирувчи) бўлса ҳам, уни гадо деб билгил.

Улуғ шоир шаҳардаги олиб сотарлар зикрида – “Шаҳар савдогари хиёнатчи, ўз фойдасини кўзлаб, мусулмонларга қаҳатчилик тилайди. Элнинг зарари – унинг фойдаси, енгил олиб, оғир қилиб сотмоқ – мақсади. У олишда шойини бўз дейди, сотишда бўзни шойи дейди. Шолни тўрқа (канопдан тўқилган мато) ўрнида ўтказишда сустлик қилмайди, бўйрани зарбафт ўрнида сотишда ўйлаб ўтирмайди. Дўконида инсофдан бўлак ҳамма нарса бор, ўз айбига иқрор бўлишликдан бўлак, ноинсофликнинг барча тури топилади. Бозор олиб сотарга фойдалию, харидорга нуқсонли молга тўла. Олиб сотар ҳар икки  томондан ёлғон онт ичган даллолдир”, дея таърифлайди.[1; 44-б.]

Байт:

Бу хайл одам эмасллар, яхши боқ сан,

Эрур судинг алардин гар йироқсан.

 

Шарҳи:

Яхшилаб қарасанг, бу тоифадагилар одам эмаслар,

Улардан қанча йироқ бўлсанг, ўзингга фойда.

Бозор косиблари зикрида мутафаккир – “Улар (косиблар) бир пуллик нарсани юз баробарига сотиб, мақтанадилар. Минг сўмлик молни юз сўмга олишдан заррача уялмайдилар. Чунки тўғрилик билан савдо қилиш улар учун зарар  келтиради, ваъдага вафо қилиш улар учун бадкирдорликдир. Улар савдо ишида охиратни унутадилар, адолат ва инсоф тарозисини тан олмайдилар. Буларнинг ҳунари ўғил отани алдаш, фикру ўйлари қўполликларини кироман котибайндан (елкадаги икки фариштадан) яширмоқликдир” дейди. [1; 45-б.]

Байт:

Булардин кимки дер ўзни валийдур,

Агар билсанг яқин, бир доғулийдур.

 Шарҳи:

Булардан қайси бири ўзини авлиё деса,

Агар аниғини билсанг, билки бир доғули (алдамчи, фирибгар, айёр) ёлғончидир.

Муаллиф бозордаги олиб сотарлар ҳамда косиб-ҳунармандларга хос бўлган инсофсизлик, уятсизлик, лафзсизлик, бадкирдорлик ва алдамчилик каби иллатларни бўрттириш орқали ўқувчида бундай иллатларга нисбатан нафрат уйғотиб, улардан узоқ бўлишга чақиради.  

Алишер Навоий  “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ижтимоий тоифаларнинг феъл-атворига хос хислат ва иллатларни танқидий-таҳлил қилар экан, жамият ҳаётини юксалтириш, уни тўғри йўлга солиш ва шахс маънавиятини тарбиялашни мақсад қилади. Инсониятни адолат, тўғрилик, ҳалоллик,  инсоф, диёнатга чақиради. Мутафаккир замонасидан кейин беш асрлик узоқ тарихий давр ўтганлигига қарамасдан, бугунги кишилар табиатида фирибгарлик, ёлғончилик, маккорлик, зиқналик, ноинсофлик, очкўзлик ўзганинг ҳаққига ҳиёнат каби қусурларнинг учраши инсониятни ҳали ҳануз бундай иллатлардан буткул ҳоли бўла олмаганлигини кўрсатади. Одамзот феъл-атворини яхши билаган ҳазрат Навоий ўткир тафаккур кўзи ила узоқ келажакни олдиндан кўра билди ва ёмон иллатлар туфайли етадиган хавфдан инсониятни огоҳ этди. Айни бу жиҳат синергетиканинг “келажакнинг бугунга таъсири” тамойилига мисолдир. Шундай экан, Навоийни англаш, асарларини қунт билан мутола қилиш ва насиҳатларига оғишмай амал қилиш, бешак, инсонни маънан улуғлаб, комилликка бошлайди.  

Бахтиёр Турсунов,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

АДАБИЁТЛАР:

1.Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилга табдил.Т.: “Sano-standart”, 2018, 189 бет.

Check Also

Ислоҳотлар – фаровон ҳаёт гарови

Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам қатор муҳим вазифа …