Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / Мавлоно Ўзбек хожа Шаҳрисабзий (ми? ёки) Ургутий

Мавлоно Ўзбек хожа Шаҳрисабзий (ми? ёки) Ургутий

Мавлоно Ўзбек хожа Шаҳрисабзий XVIII асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган.

У илм ўрганиш мақсадида Ҳиротнинг Каррух шаҳарчасидаги Ислом шайх мадрасасига боради. Бу пайтда Ислом шайх даргоҳида қирқ минг муриду шогирдлар таълим-тарбия олаётган эди.

У узоқ вақт пирга хизмат қилгач, устози Ислом шайх одатий шогирдларини синовдан ўтказади. Ислом шайх Қуръони оятларидан бирини қоғозга ёздириб, ўзи ўтирган хонақоҳнинг кириш эшиги остонаси тагига кўмдиради ва бирин-кетин шогирдларни бир эшикдан кириб, иккинчи эшикдан чиқиб кетишларини таъкидлайди. Шунда, Ўзбек хожа Шаҳрисабзий (ва Ой хожа, Марал эшон, Қулбўлди эшон, Қосим эшонлар ҳам) остона хатламасдан, ушбу қоғоздаги оятни (ғойибона англаб) такрорлаб, ичкарига кирмасдан, ташқарида туришади. Буни кўрган муршид Ислом шайх шогирдлари маънан камолга етганлигини англаб, уларга хати иршод ёзиб, қўлларига асо (ҳасса) ва бошларига кулоҳи намад (махсус тикилган бош кийим-шайдойи)ни кийгизиб, дуо қилади, уларга дарёи Амудан ўтгач, қўлларидаги асо қаерда кўкарса, ўша ерда хонақоҳ барпо этиб, халқ тарбиясида машғул бўлишликни таъкидлайди.

Мавлоно Ўзбек хожа устози кўрсатмаси билан дарёи Амудан ўтиб Қашқадарё воҳасига келади, халқни тариқат одобларидан баҳраманд этади.

Мавлоно Ўзбек хожа насабда Эшон (И)скандар хожа ибн Довуд хожа Ўзгандий авлодидан[1], эканлиги айтилади.

Мавлоно Ўзбек хожа қабрини излаб дастлаб, Қашқадарё ҳудудидаги зиёратгоҳлар тарихи борасида изланишлар олиб бораётган олиму тадқиқотчилардан у киши ҳақида сўраганимизда, бири куни китоблик Аҳадқул ҳожи Бердиев ҳамроҳлигида ҳозирги Китоб тумани марказида “Китоб-Фахр” қурилиш ташкилотининг боғида, катта ариқ яқинидаги зиёратгоҳни бориб кўргандик. Уни маҳаллий аҳоли “Мавлавий зиёратгоҳи”, деб аташаркан. Мазкур зиёратгоҳ Мавлоно Ўзбек хожа номи билан боғлиқ эмасмикин, деган фикрларни ҳам ўртага ташлагандилар. Аммо ушбу қабрда қабртош ва бирон бир белги йўқлиги сабаб, тадқиқотни давом эттирдик.

Яна мазкур тумандаги Дониёршайх қишлоғида яшовчи мазкур авлод вакилларидан хожа Аҳмад бобо “қишлоқ қабристонида жойлашган “Исмоил ибн Иброҳим” номли зиёратгоҳида, ул зот (яъни Ўзбек хожа) дафн этилган бўлсалар керак”, деб бир қабрни қўрсатдилар, бу қабрда ҳам қабртош мавжуд эмас, манбаларда ҳам ишора кўрмадик.

Узоқ изланишдан сўнг, шоир, таржимон, табиб ва тасаввуф олимларидан бири Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ қаламига мансуб бўлган “Маноқиб” (Воқеоти исломия)ни варақлаб турган вақтимда “Баланд қишлоқ” атамаси беихтиёр кўзга ташланди. Шунда, мазкур сатрларни бошидан ўқишни давом эттириб, унда: “Дар вилояти Самарқанд, имдат ул-восилин ва зубдат ул-комилийн Ҳазрат халифа Ўзбек хожа эшонро амр намуда буданд. Муддати жамиъ толибон онжо эшон буд. Дар Баланд қишлоқ сакано доштанд”[2], деган маълумот қайд этилганлиги маълум бўлди.

Демак, Самарқанд вилоятидаги Баланд қишлоқда комилларни бириктирувчи ва уларнинг қаймоғи бўлган Ҳазрат халифа Ўзбек хожа эшон бир қанча муддат устозидан таълим олгач, пирининг рухсати билан, Баланд қишлоқда муридлар тарбияси билан машғул бўлганлиги ҳамда мазур қишлоқ (Баланд қишлоқ)да яшаганликлари айтилиб, юқорида биз айтган маълумотларни тўлдириб турибди.  Ҳозирда “Баланд қишлоқ” Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳудудида жойлашган ва бу ерда бугунги кунда ҳам Ўзбек хожа авлодлари истиқомат қилишади[3]. Шунингдек, ул зотнинг авлодлари дафн этилган хилхона (мақбара) ҳам бўлиб, мақбара ичида битта қабр ва унинг атрофида мазкур авлод вакиллари дафн этилган.

XVIII асрнинг охирларида Мавлоно Ўзбек хожа устози Сўфи Ислом шайх Каррухий хизматида туриб, иршод олгач, Ҳирот, Мозори шариф, Деҳи нав, Ғузор, Шаҳрисабз, Китоб шаҳарлари (яқин қариндошлари ва сулук пешволари олди)да бўлиб, Ургутнинг Баланд қишлоғига келади ҳамда хонақоҳ, масжид ва лангар ташкил этади[4]. Бу жойда тасаввуф силсиласини юритиб, халқни “нақшбандия-мужаддидия-исломия”[5] тариқат сир-асрорларидан баҳраманд этади. Кўплаб шаҳарларда саёҳат ва сайри сулук қилади …

Манбалардан келтирилган маълумотларга кўра Мавлоно Ўзбек хожа XIX асрнинг ўрталарида вафот этган кўринади. Чунки, Мирзо Ҳозиқ ўз асарида ул зот билан ҳамсуҳбат бўлган ва китобини ёзаётган вақтда ҳали ҳаёт эканлиги айтилади. Шунга кўра Мавлоно Ўзбек хожа XVIII асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топиб, XIX асрнинг ўрталарида вафот этган дейишимизга асос бўлади.

Мавлоно Ўзбек хожанинг қабрлари ҳозирги хонақоҳ (Ер масжид)дан ўттиз қадам чамаси қуёш чиқар (шарқ) томонда жойлашган. Маҳаллий аҳоли ва зиёратчилар бу жойни эъзоз билиб зиёрат қилиб туришган. Кейинчалик (совет тузумининг тазйиқлар сабаб бўлса керак), бу зиёратгоҳ соҳибининг номи аҳоли томонидан деярли унутилишига олиб келган.

Мазкур Хонақоҳда ул зотдан сўнг ўғли Муҳаммад Шокирхожа маснадга ўтиради[6].

Мазкур муқаддас заминда Эшон Ходихожа, Муҳаммад Порсо хожа, Оллоҳбердихон каби авлод вакиллари[7] истиқомат қилган ва хонақоҳ яқинидаги қабристонга дафн этилган.

Мазкур хонақоҳ яқинидаги қабристонда ғиштин, гумбазли мақбара ҳам мавжуд бўлиб, ташқи кўринишига кўра XX аср бошларида бунёд этилган кўринади.

Мавлоно Ўзбек хожа Сайрамий (шу шаҳарда туғилган)[8], Шаҳрисабзий (бу шаҳарда истиқомат қилган)[9] ва Ургутий (бу жой ул зотнинг сўнги макони бўлган)[10], деб ёзувларимизни тўғирлаб қўйсак, келгусида бу жойлар обод бўлишига ҳамда Мавлоно Ўзбек хожа ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги янги маълумотлар топилиб, баҳраманд бўлишни умид қилиб қоламиз…

ИБХИТМ қўлёзмалар билан
ишлаш ва музей бўлими бошлиғи М.Ў. Амонов
[1] Дала тадқиқот манбалари. Жумабозор-Ургут-Баланд қишлоқ. Респондент-ахборотчи Асроров Акбархон. 2017 йил 5 январь.
[2] Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ. Воқеоти исломия. Қўлёзма, форсча. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймон фонди инв№3021, 16-а варақ.
[3] Ургутлик Акбархон Асроров ҳамроҳлигида 2017 йил 5 январь кунида Сўфи Ислом шайх Каррухий издоши Мавлоно Ўзбек хожа ва ул зотнинг авлодлари зиёратгоҳи билан яқиндан танишган эдик.
[4] Хонақоҳ, масжид ва лангар қолдиқларини ҳозир ҳам кўриш мумкин.
[5] Иршоднома. Қўлёзма. Қўқон адабиёт музейи фонди инв. № kp 10634 – pf 1728.
[6] Унинг маънавий устозлари отаси Ўзбакхожа ҳамда Неъматуллоҳ Маҳви Қайсарийдан тарбият топгандир. Қабри ҳозирча номаълум, ундан кейинги барча авлод ушбу масканда дафн этилган ва муқаддас зиёратгоҳдир.
[7] Мазкур авлод вакилларидан яна Мавлоно Муҳаммад Раҳматуллоҳ хожа, Муҳаммад Саййид Аҳмадхон хожа, Муҳаммад Атоуллохон хожа, Муҳаммад Раҳматуллохон хожа сингари зиёли маърифатпарвар инсонларни эслаб ўтиш мумкин.
[8] Ул зотнинг авлодлари шундай эътироф этишади.
[9] Муҳаммад Ҳайдар. Силсилаи шариф. Қўлёзма. 1299/1881. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
[10] Юқоридаги манбаларда зикр қилиб ўтилди.

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …