Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / ДАРВЕШ ШАЙХ АЗИЗОН ҲАСАБНОМА(СИЛСИЛА)СИ ВА НАСАБНОМАСИ

ДАРВЕШ ШАЙХ АЗИЗОН ҲАСАБНОМА(СИЛСИЛА)СИ ВА НАСАБНОМАСИ

Ҳар бир ўзбек фарзанди “етти авлод”ини билиши, айниқса, ўзининг насабномаси-шажараси ва унинг тарихини билиши муҳим ва долзарбдир. Шундан келиб чиқиб тадқиқотимиз асосий обьекти бўлган Дарвеш шайх Азизоннинг устоз-шогирдлик ва насл-насаб занжирини ўрганиш унинг тарихи, фаолиятини ўрганиш учун муҳим аҳамият касб этади. Бошқа жиҳатдан тарихнинг ёрдамчи соҳаси бўлган генеалогия фани учун ҳам маълумотлар тақдим этади.

Ҳасабнома – тариқат силсиласи, устоз ва шогирд шажараси, муршид ва мурид олтин занжири, маънавий баркамоллик давомийлигини акс эттирувчи сулукдир.

Тарихий манбаларда мазкур силсила соҳиблари шажараси етарлича қайд этилган[1].

Дарвеш шайх Азизон Ясавия-Султония-Жаҳрия силсиласи маснади хирқасини Шайх Худойдоди Валидан[2] олган, ул зот Шайх Жамолиддиндан, у киши Ходим Шайхдан, у киши Шайх Мавдуддан, у киши Шайх Алидан, у киши Ямин (Эламин) бободан, у киши Садр Отадан, у киши 3анги Отадан, у киши Ҳаким Отадан, у киши Султон ул-орифийн Хожа Аҳмад Ясавийдан иршодланган соҳиби силсиладирлар.

Аҳмад Яссавийга қадар силсила икки тармоқ орқали етиб келган, биринчи тармоқ: Султон ул-орифийн Хожа Аҳмад Яссавий Хожа Юсуф Ҳамадоний шогирди, у киши Шайх Абу Али Фармадий, у киши шайх Абу-л Қосим Гургоний-Тусий, у киши Абу-л Ҳасан Ҳарақоний, у киши Боязид Бастомий, у киши Имом Жаъфари Содиқ, (шу ердан яна бир тармоқ орқали давом этган: у киши Қосим ибн Муҳаммад, у киши Салмоний Форсий, у киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган) у киши Имом Муҳаммад Боқир, у киши Имом Зайнулобидин, у киши Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳудан иршодланган бўлиб, Халифа Ҳазрат Али ўз навбатида Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан тариқат ва шайхлик хирқаси воситаси ила силсила занжирига уланган.

Иккинчи тармоқ: Жаҳрия силсиласи Ҳазрати расули акрам соллаллоҳи алайҳи васалламдан халифа-ўринбосарларга, сўнгра эса Имом Ҳасанга кейин Шоҳ Абул Муҳсинга, сўнгра Шоҳ Мусога, сўнг Довуд ал-Муросга, сўнг Яҳё Зоҳидга, сўнг Саййид Абдуллога, сўнг Мусо Чангийга, сўнг Муҳаммад Солиҳга, сўнг Ҳазрати Ғавсул-сақалайн Шайх Абдулқодири Жилонийга, сўнг Шаҳобиддин Суҳравардийга, сўнг Ҳазрати Султон Хожа Аҳмади Яссавийга, сўнг Ҳаким Отага, сўнг 3анги Отага, сўнг Садр Отага, сўнг Ямин (Эламин) бобога, сўнг Шайх Алига, сўнг Шайх Мавдудга, сўнг Ходим Шайхга, сўнг Шайх Жамолиддинга[3], сўнг Шайх Худойдоди Валидан Дарвеш шайх Азизон Алиободийга маснад силсиласи уланган.

Дарвеш шайх азизоннинг энг яқин халифа шогирдлари қуйидагилар эди: Малоно Муҳиб Али, Муҳаммад Тохир шайх, Мўмин шайх, Хожа Камолий бобо, Бобо Ҳуши, Мавлоно Муҳаммад Ҳусан Нўғай, Жонбобо шайх, Ҳузурбўлди Сўфи[4].

Дарвеш шайх Азизон Насабномаси

Насабнома – муайян насл-насабни билдириб турувчи “шажара” ҳисобланади.

Дарвеш шайх Азизоннинг аждодлари шажараси учун асосий маълумотлар қуйидаги манбалардан олинган:

  • Ламаҳот;
  • Мажма ал-ансоб ва-л ашжор;
  • Туҳфат ул-ансоб;
  • Олим шайх Азизон қабртошидаги насабнома.

Юқоридаги асарлар ва манбаларга асосланиб мазкур шайхнинг насабномаси қуйидагича кўриниш касб этган:

  1. Дарвеш шайх ибн шайх Хованд ← шайх Фатхуллоҳ ← шайх Хованд (лақаблари Сармаст) ← Фатҳуллоҳ ← Хайбатуллоҳ ← Фатхуллоҳ шайх ← Тожиддин ← Алоуддин ← Ҳазрат Қутб ул-ақтоб шайх Зайниддин ← Ҳазрат шайх Шаҳобиддин Суҳравардий[5]нинг ўғли, ул зот эса ўн уч восита ила Амир ал Мўминийн Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.
  2. Ҳазрат шайх Дарвеш ибн шайх Хованд-шох ибн шайх Фатҳуллоҳ ибн шайх Хованд-шоҳ (лақаби Сармаст) ибн Фатҳуллоҳ шайх ибн шайх Тожиддин шайх ибн шайх Алоуддин ибн шайх Зайниддин Бобо ибн шайхулислом Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар ибн шайх Муҳаммад Муртазо ибн Абдуллоҳ ибн Амуйа Абдуллоҳ ал-Кубро-Шаҳобиддин ибн Саъд ибн ал-Ҳусайн ибн ал-Қосим ибн ан-Назр ибн ал-Қосим ибн ан-Назр ибн Абдураҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу.
  3. Дарвеш шайх ← Хованд шайх ← Фатҳуллоҳ шайх ← Хованд шоҳ (лақаби Сармаст) ← Фатҳуллоҳ шайх ← Ҳайбатуллоҳ шайх ← Алоуддин шайх ← қутб ул-авлиё шайх Зайниддин ← Абу Ҳафс Умар Сиддиқий Суҳравардий ← шайх Абдуллоҳ ← Муҳаммад ← Абдуллоҳ ← Муҳаммад Саид ← Ҳусайн ← Қосим ← Наср ← Қосим ← Муҳаммад ← Абдуллоҳ ← Абдураҳмон ← Қосим ← Муҳаммад ← Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу[6].

Энди кўриб ўтилган мазкур манбаларни таҳлилига кўра:

Ҳазрат шайх Дарвеш ← Ховандшоҳ ← шайх Фатҳуллоҳ ← шайх Ховандшоҳ Сармаст ← Фатҳуллоҳ шайх ← Ҳайбатуллоҳ шайх ← Фатҳуллоҳ шайх ← шайх Тоджиддин шайх ← шайх Алоуддин ← шайх Зайниддин бобо ← шайхулислом Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар ← шайх Абдуллоҳ ← Муҳаммад ← Абдуллоҳ ← Муҳаммад Саъид ← Ҳусайн ← Қосим ← Наср ← Қосим ← Муҳаммад ← Абдуллоҳ ← Абдураҳмон ← Қосим ← Муҳаммад ← Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу.

Янглиш бўлмасинким, тарихий манбаларда “Дарвеш шайх” исмли бир неча шахс номи учрайди. Жумладан, Дарвеш шайх Азизон, Дарвеш Муҳаммад Охунд Туркистоний, Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Самарқандий Бухорий (машҳур тасаввуф олими Хожа Имканагийнинг отаси, вафоти 1562 йил), Дарвеш Муҳаммад шайх ибн Ҳазрат Хофиз[7], Дарвеш Муҳаммад шайх (Бобо Хожа Бобожўш авлоди)[8], мулла Дарвеш сарбон[9], Дарвеш шайх ибн Абдулхақ шайх … каби машҳур шайх ва олимлар мазкур ҳудудда яшаб ўтган ёки бевосита боғлиқлигини айтиб ўтиш мумкин.

Дарвеш шайх Азизон қабристонида яна бир Дарвеш шайх (ибн Абдулҳақ шайх) исмли тасаввуф намояндаси мазкур зиёратгоҳда дафн этилганлиги, юқорида кўрилган қабртош ёзувлардан маълум бўлди.

Абдулҳақ шайх ўз замонасининг етук тасаввуф арбобларидан бири бўлиб, манбаларда унинг Иброҳим шайх исмли ўғли борлиги айтилади[10].

Иброҳим шайх Дарвеш шайхнинг акаси ёки укаси, бўлиши эҳтимоли мавжуд[11].

Манбаларда Абдулҳақ шайх “Қутб ул-кубаро”[12] деб ҳурматланган вали зотлардан, ул зот ўз навбатида яссавия тариқати мактаби етакчиларидан бири Ходим шайх азизонннинг фарзанди аржуманди ҳамда силсилаи жаҳрия-султонияда мурид-халифасидир.

 Агар қабртошдаги ёзувларга эътибор қаратиб, Дарвеш шайхни Бахшойиш шайх азизоннинг авлоди эканлиги тушинилса, Бахшойиш шайхнинг шажараси қуйидагича кўринишга эга бўлади:

Бахшойиш шайх шажараси қуйидагича: “Бахшойиш[13] шайх азизон ибн Хожа Камолиддин Хўжандий ибн Қутлуғ Азиз ибн Таваккал Азиз ибн Муҳаммад шайх Азиз ибн Қанбар шайх Азиз ибн Арслон шайх Азиз ибн Йигит Аҳмад ибн Йодгорхон ибн Билолхон ибн Рустамхон ибн Исмоилхон ибн Қилич Арслонхон ибн Чақир Тиконхон  ибн Мансурхон ибн Авлиёхон ибн Иртуз Қарохон ибн Абдураҳим боб ибн Абдуқаххор ибн Абдужаббор ибн Абдуфаттоҳ ибн Имом Муҳаммад Ҳанифа ибн амир ал-Мўминийн  Ҳазрат Али”[14] каррамаллоҳу важҳаҳу ажмаъийнга етади.

Шунингдек, “Дарвеш шайх мозори”да Раҳмонберди Хожа азизон, Султон Хожа азизон, Абдухолиқ Хожа азизон каби улуғ зотлар мазкур зиёратгоҳда мангу қўним топган, аждодларимиздир.

Мақоланинг келгуси сонида Дарвеш шайх Азизоннинг Мўмин шайх, Тоҳир шайх ва Олим шайх Азизон каби авлодлари ҳақида сўз боради.

М.Ў. Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билан ишлаш
ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Қаранг: Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айн ал-ҳаёт (обиҳаёт томчилари) /Таржимон Домла Худойберган ибн Бекмуҳаммад // Нашрга тайёрловчилар М. Ҳасаний, Б. Умрзоқ. Т.: 2004.; Ҳасан Хожа Нисорий. Музаккир ул-аҳбоб / Форсчадан таржимон, сўз боши ва изоҳлар муаллифи И. Бекжон. Т.: 1993.; С. Иноятов, Ҳ. Тўраев. Қосим Шайх Азизон. Т.: 2001.; Маджмаъу-л-ансоб ва-л-ашджар. Алматы. 2005 (Кўрс. асар); Ҳамидхон Исломий. Султон ул-орифин Хожа Аҳмад Ясавий. Т.: 2005.;  О. Абдимўминов. Бешигида авлиёлар ўсган ватан. Т.: 2007.; Н. Хасанов. Самарқандлик икки Ясавия шайхи // Ролъ города Самарканда в истории мирового кулътурного развития. Материалы Международного нучного симпозиума, посвяшенного 2750-летнему юбилея города Самарканда. Ташкент, Самарканд: Фан. 2007.; С. Иноятов, А. Қандаҳоров. Шайх Худойдод Вали-Кармана фарзанди. Т.: 2008.; С. Мустафо. Кармана азизлари. Т.: 2010.; Муҳаммад Олим шайх Азизон. Ламаҳот. Таржима, сўзбоши, илмий-тадқиқот ва изоҳлар муаллифлари К. Каттаев ва А. Нарзуллаев. Самарқанд. 2012.; К. Каттаев. Шайх Худойдоди Вали тарихи. Самарқанд: СамДУ. 2015.
[2] Ўрта Осиё тасаввуфи Ясавия-Султония-Жаҳрия тариқатининг етук намояндаси «Шайх Худойдоди Вали» номи билан тарихда чуқур из қолдирган бу зотнинг асл номи Худойберди бўлиб, отаси Ортиқ шайх азизондир. Батафсил қаранг: К. Каттаев. Шайх Худойдоди Вали тарихи. Самарқанд: СамДУ нашриёти. 2015. –Б. 8.
[3] К. Каттаев. Шайх Худойдоди Вали тарихи. – Самарқанд . СамДУ нашриёти. 2015. – Б. 32.
[4] Ламаҳот. – Б. 86-130., Маджма` ал-ансоб ва-л-ашджар. – Стр. 11.
[5] Ҳазрат шайх Шаҳобиддин Суҳравардий ҳақида батафсил қаранг: Даминов И. Шаҳобуддин Умар Суҳравардий (Мири Жанда ота). Т.: Мовароуннаҳр. 2010. – Б. 32.
[6] “Олим шайх, Мўмин шайх, Тохир шайх, Дарвеш шайх мозори”. Дала тадқиқот манбалари. 2017 йил 5 август. Респондентлар Химмат бобо (68 ёшда), Холбўта ота ибн  Турсун бобо ибн Муҳаммади (71 ёшда) ва Шуҳрат Эрназаров (37 ёшда) ва Хожа Абдураҳмон Ҳисорий. Туҳфат ул-ансоб. Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик Институти (бундан кейин ЎзФАШИ) қўлёзмалар фонди № 1459, 34-б варақ.
[7] Қабри Кумушкент атрофларида
[8] Абдимўминов О. Бешигида авлиёлар ўсган ватан. Т.: 2007. – Б. 77.; С. Мустафоев. Жўш – ўн асрлик маскан // “Зарафшон” газетаси. 2014 йил 19 август сони (мазкур манбада тадқиқотчи, Бобожўш авлоди бўлган Муҳаммад Дарвеш шайхни “Азизон” нисбаси билан келтириб, бироз адашмовчиликка йўл қўйилган).
[9] XVI асрда яшаб ўтган Кубровия тариқати вакили. Бу ҳақда қаранг: Мир Ҳусайн Соктарий. Маноқиби Ҳазрат Муҳаммад Поянда Соктарий. ЎзФАШИ қўлёзмалар фонди №2501-8 131-а варақ.
[10] Муҳаммад Олим шайх Азизон. Ламаҳот. Таржима, сўзбоши, илмий-тадқиқот ва изоҳлар муаллифлари Каттаев К. ва Нарзуллаев А. Самарқанд. 2012. – Б. 50.
[11] Ҳозирча мазкур қабртошдан бошқа манбаларда учрамади.
[12]Абдулқодир ибн Муҳаммад Амин. Маджмаъ ал-ансоб ва-л-ашджар / История Казахстна ва персидских источниках, II т. // введ, перс. с арабского, персидского и тюркского языков, комментарии, подготовка факсимиле к изданию Вохидова Ш.Х., Муминова А.К., Аминова Б.Б. Алматы. 2005. – Стр. 11.
[13] Бахшойиш шайхнинг Каримберди шайх ва Мавлонберди шайх исмли ўғиллари бўлган.
[14] Маджма` ал-ансоб ва-л-ашджар. – Стр. 213.

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …