Home / АЛЛОМАЛАР / Алоуддин Бухорий (779-841./1377-1438.) ва унинг “Ақидату Алоуддин Бухорий” номли асари

Алоуддин Бухорий (779-841./1377-1438.) ва унинг “Ақидату Алоуддин Бухорий” номли асари

У кишининг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ало Бухорий Ҳанафийдир. У киши 779 ҳижрий санада форс шаҳарларидан бирида туғилди ва Бухорода улғайди.

У дастлаб отаси Муҳаммад ибн Ало ва Азуд Ийжининг шогирди бўлган ўзининг тоғаси Ало ибн Абдураҳмон Тошлоқийдан дарс олди. Сўнг “Шарҳу ақоид ан-Насафий” асарининг муаллифи Аллома Саъдуддин Тафтазонийдан ҳам дарс олди. Аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг олдида илмда маълум даражага етди. Аллома Саъдуддин Тафтазонийдан фойдаланган ва ўнинг қўлида таълим олган киши қандай ҳам яхшидир. Аллома Саъдуддин Тафтазоний кўплаб илмларда барча уламоларнинг ўрнига кифоя қиладиган киши бўлган. Аллоҳ таоло барча уламоларни ўз раҳматига олсин.

Бу имомнинг таржимаи ҳолига назар ташласак, Алоуддин Бухорий ўз даврида фиқҳ, усулуд дин, усулул фиқҳ, калом, араб тили, луғат, мантиқ, жадал, маъоний, баён ва фасоҳат илмларида моҳир бўлганини кўрамиз.  У киши ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан эди. Нақлий ва ақлий илмларни яхши биларди. Адабиётда моҳир ва тасаввуфда маълум даражага етган эди. Устоз Саид Абдулатиф Фуда: “У кишининг тасаввуфда лозим тутган ва суянган тариқати менга маълум бўлмади. Лекин улар кўпинча Нақшбандия тариқатида бўлар эди”, деган.

Ибн Ҳажар Асқалоний Алоуддин Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақида: “Алоуддин Бухорий уламолардан таълим олишда қаттиқ ҳаракат қилди. Ҳатто, ақлий, нақлий, мантиқ, луғат ва араб тили илмларида моҳир бўлди ва ўз асрининг улуғ имоми даражасига етди”, деди.

Алоуддин Бухорий эътиқодда Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабида бўлган. Фиқҳда ҳанафий мазҳабида бўлган. Лекин фиқҳий масалаларни шофиъий ва ҳанафий мазҳабига кўра таҳрир қилган. Устози Саъдуддин Тафтазоний ҳам худди шундай қиларди. Бу эса Алоуддин Бухорийнинг фиқҳ илмида имконияти кенглигига далолат қилади. У киши тавҳид ва фиқҳ илмини маҳкам ушлаган ҳолида тасаввуфда Аҳли сунна ва жамоанинг тариқатида эди. Суфий ва муршидларнинг катталаридан бўлган. У киши тасаввуфда Аҳли сунна жорий қилган қоидаларга хилоф бўлмаган. Балки тасаввуфни тавҳиднинг асли ва фиқҳнинг ҳукмларига кўра баён қилиб берган.

У киши ёшлигида илм талаб қилиб кўплаб мамлакатларга борган. У киши дастлаб Ҳиндистонга бориб, шу ерда бир муддат яшаб қолди. Сўнг Маккага келиб, Каъбага қўшни бўлиб яшади. Маккада яшаганида кўп одамлар унинг илмидан фойдаландилар. Маккадан кейин Мисрга келиб, шу ерда яшаб қолди ва Мисрнинг қориларини маҳкам ушлаб, улардан фойдаланди. Мисрнинг кўплаб олимлари ва фозил кишилари у кишидан илм олди ва фойдаландилар. У киши ўзининг илми ва тақвоси туфайли Қоҳирада улуғ даражага етди. Мисрнинг улуғлари у кишини олдига келиб зиёрат қиларди ва ҳурмат қиларди. Агар қозилар у киши билан бир жойда тўпланиб қолсалар, у кишининг ўнг ва чап тарафига ўтирардилар. У киши Қоҳирада яшаганида инсонларни яхшиликка буюрарди ва ёмонликдан қайтарарди. Султон у кишидан Мисрда яшашини бир неча марта сўраганда ҳам, таклифини қабул қилмасдан Шомга кўчиб ўтди ва вафот этгунча шу ерда яшаб қолди. Ибн Тағро Бурдий, Саховий ва бошқа уламолар Алоуддин Бухорийни ҳижрий 841 йил Маззада[1] вафот этган ва унинг этагида дафн этилган деб зикр қилган. Аммо вафот этган куни ҳақида ихтилоф қилганлар. Ибн Тағро Бурдий: “Рамазон ойининг саккизинчиси Пайшанба куни вафот этган”, деди. Имом Саховий: “Рамазоннинг ўн учинчи куни вафот этган”, деди. Имом Жалолиддин Суютий: “Рамазоннинг бешинчи куни вафот этган”, деди.   

Имом Бадриддин Айний: “Имом Алоуддин Бухорий тақвода ва илмда улуғ даражага эришган эди. У киши маҳоратда, тақвода, парҳезкорликда, ибодатда, ҳақ ва суннатни зоҳир қилишда, бидъатларни йўқ қилишда ва зулм ва жабр аҳлига раддия беришда ўзидан кейин ўзига ўхшаш бирор кишини қолдирмагандир”, деди.

Алоуддин Бухорийнинг китоблари жуда оздир. Эҳтимол, у киши илм ва таҳқиқда улуғ даражага етган бўлса ҳам, китоб таълиф қилишдан кўра таълим беришни муҳим деб биладиган уламолардандир. Ислом тарихида бунга ўхшаш уламолар жуда кўпдир. Алоуддин Бухорийдан таълим олган шогирдларининг кўпчилиги у кишининг таржимаи ҳолини ёзиб кетганлар. Мана шунинг ўзи ҳам Алоуддин Бухорийнинг даражаси улуғлигига далилдир. Устоз Саид Абдулатиф Фуда Алоуддин Бухорийнинг таржимаи ҳолини баён қилганда шогирдларидан 45 тасини номма-ном зикр қилиб келтирган. Чунки олим кишининг даражаси фақат ёзган китоблари билан ўлчанмайди. У киши бир неча китоблар таълиф этган.

  1. “Фазиҳату-л-мулаҳҳидийн ва насиҳату-л-муваҳҳидийн” номли асар. Муаллиф бу асарни Дамашқда Ибн Арабийга раддия тарзида ёзган. Бу асар кўп шаҳарларда машҳур бўлиб кетган ва забардаст уламолар уни ўқиган. Кўплаб уламолар ва толиби илмлар бу асарни дарс қилганлар. Муҳаммад ибн Иброҳим Авзий ҳижрий 1414 йил “Уммул қуро” университетида магистрлик даражасини олиш учун ушбу асарни тадқиқ қилган.
  2. “Назҳату-н-назар фи кашфи ҳақиқати-л-инша ва-л-хабар” номли асар. “Кашфу-з-зунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа бу асарнинг ёзилиш сабабини зикр қилиб шундай деган: “Мавлоно Фанорий ва Миср уламолари “الحمد لله” жумласининг иншоий ва хабарий жумлалиги ҳақида баҳс қилдилар. Бу воқеа Мавлоно Фанорий Мисрга борганда ҳижрий 823 йил Мисрда содир бўлди. Мавлоно Фанорий буни жумлаи иншоийя деди. Ибн Ҳумом ва бир жамоа уламолар у кишига мувофиқ бўлдилар. Шайх Алоуддин Бухорий эса у кишига қарши бўлди ва “Назҳату-н-назар фи кашфи ҳақиқати-л-инша ва-л-хабар” номли рисоласини ёзди. Қолган уламолар у кишига эргашдилар. Муҳаммад Ҳасан Мустафо Баётий бу асарни тадқиқ қилди ва милодий 2002 йил араб тили ихтисослиги бўйича фалсафа докторлик даражасини олди.
  3. “Фатаво фи ҳукми ижтимаъи-р-рижал ва-н-ниса ли-з-зикр” номли асар. Бу асарнинг қўлёзмаси Саудия Арабистонинг Риёз шаҳридаги Малик Файсал тадқиқот ва исломий дарслар марказида 263/4 рақам остида сақланади.
  4. Исмоил Пошо ўзининг “Ҳидояту-л-орифийн” китобида Алоуддин Бухорийнинг “Фазиҳату-л-мулаҳҳидийн”дан бошқа асари ҳам борлигини зикр қилган. Унинг номи “Рисала фи-р-родди ала-л-вужудия ва фусуси-ш-шайх ал-акбар ва амсалиҳ фи арбаъи карорийс”дир.
  5. “Ҳошия ала ҳашияти-т-Тафтазоний ала-л-Кашшоф” номли асар. Бу асарнинг қўлёзмаси Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги Худайвия кутубхонасида 1/168 рақам остида сақланади. Бу асар “Мактабату-т-турос” кутубхонасида тўққизинчи асрда вафот этган Алоуддин Бухорий ва Алоий номлари билан машҳур бўлган Муҳаммад Бухорийга нисбат берилгандир. Демак, бу асар Алоуддин Бухорийники эканлиги аниқ бўлади.
  6. “Рисала фи-л-мавзуъ” номли асар. Аллома Саховий Алоуддин Бухорийнинг шогирдларидан бири Али ибн Аҳмад ибн Исмоил Қалақшандийнинг таржимаи ҳолини баён қилаётганда бу асарни Алоуддин Бухорийга нисбат берган. Аллома Саховий Али ибн Аҳмад ибн Исмоил Қалақшандий бу рисолани Алоуддин Бухорийдан ўрганган деб зикр қилади. Али ибн Аҳмад ибн Исмоил Қалақшандий Алоуддин Бухорийнинг “Фазиҳату-л-мулаҳҳидийн ва насиҳату-л-муваҳҳидийн” ва “Назҳату-н-назар фи кашфи ҳақиқати-л-инша ва-л-хабар” номли китобларини алломанинг ўзидан ўрганган.
  7. “ал-Малжама ли-л-мужассима” номли асар. Ибн Тулун бу асарни Алоуддин Бухорийга нисбат берган. “Назҳату-н-назар фи кашфи ҳақиқати-л-инша ва-л-хабар” асарининг муҳаққиқи ҳам шунга ишора қилган.
  8. “Ақидату Алоуддин Бухорий” номли асар. Бу асар “Рисала фи-л-эътиқод” деб ҳам номланади. Устоз Саид Абдулатиф Фуда: “Мен ҳозиргача бу китобнинг бир нусхасидан бошқасини тополмадим. Лекин у тўлиқ ва ёзуви тиниқ бўлган нусхадир”, деган. Устоз Саид Абдулатиф Фуда айтган нусха Иордания университетидаги 584 рақамли электрон нусхадир. Бу Туркиядаги “Шаҳид Али” кутубхонасида 282 рақам билан сақланадиган ҳозирча дунёда ёлғиз бўлган ва асл қўлёзма нусхасидан кўчирилгандир.

Бу китоб тавҳид илмининг турли хил масалаларини Аҳли сунна ва жамоанинг эътиқодига мувофиқ баён қилиб беради. Чунки бу китоб тавҳид илмига таъаллуқли бўлган масалаларни қамраб олади. Бу китоб қисқалигида камчилик ва ноаниқлик бўлмаган ҳолда, умумий ва аниқ иборалар билан ифодаланган. Бу китоб Имом Саъдуддин Тафтазонийнинг тадқиқотларини ва унинг атрофида юз берган кўплаб баҳсларни жамлашлиги билан ажралиб туради. Яъни бу асар “Шарҳу ақоид ан-Насафий” асарининг хулосасини баён қилувчидир. Имом Алоуддин Бухорий Имом Саъдуддин Тафтазоний зикр қилган нарсаларни қисқартирмаган. Балки Имом Саъдуддин Тафтазоний ишора қилмаган фойдаларни ва ҳукмларни қўшимча қилиб келтирган. Буни нақлий ва ақлий далилларга тааллуқли масалаларда кўришимиз мумкин. Имом Алоуддин Бухорий бу китобдаги масалаларни ҳанафий-мотуридийларнинг фикрига мувофиқ таҳқиқ қилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
А. Шоназаров
[1] Мазза ёки Мизза Суриядаги Дамашқ шаҳрининг минтақаларидан биридир. У шаҳарнинг жанубий-ғарбий қисмида Мазза тоғининг этагида жойлашган. У қадимда Дамашқ қишлоқларидан бири бўлган. Маззанинг этаги деганда Дамашқнинг текисликларидан баландроқ жой тушунилади.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …