Home / ҲАДИС / ЗАЛОЛАТГА ЮЗ ТУТГАНЛАР

ЗАЛОЛАТГА ЮЗ ТУТГАНЛАР

7048 – حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ حَدَّثَنَا بِشْرُ بْنُ السَّرِيِّ حَدَّثَنَا نَافِعُ بْنُ عُمَرَ عَنْ ابْنِ أَبِي مُلَيْكَةَ قَالَ قَالَتْ أَسْمَاءُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَنَا عَلَى حَوْضِي أَنْتَظِرُ مَنْ يَرِدُ عَلَيَّ فَيُؤْخَذُ بِنَاسٍ مِنْ دُونِي فَأَقُولُ أُمَّتِي فَيُقَالُ لَا تَدْرِي مَشَوْا عَلَى الْقَهْقَرَى قَالَ ابْنُ أَبِي مُلَيْكَةَ اللَّهُمَّ إِنَّا نَعُوذُ بِكَ أَنْ نَرْجِعَ عَلَى أَعْقَابِنَا أَوْ نُفْتَنَ .

7048-ҳадис. Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинади: Асмо бинти Абу Бакр ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен (қиёматда) Ҳавзи (Кавсар)им лабида унинг сувидан қонгани келувчиларни кутиб ўтираман, аммо менинг рўпарамдан бир инсонларни қайтариб олиб кетишади. Мен: “Булар менинг умматларимдир!” – дейман. Аллоҳ таоло: Ё Муҳаммад, сен уларнинг диндан қайтиб залолатга юз тутганларидан бехабарсан! – дейди,” – дедилар. Шунда Ибн Абу Мулайка: “Ё Парвардигоро, бизни диндан қайтишдан ҳамда фитначи бўлишдан Ўз паноҳингда асрагин!” – деб юборди.”

Асмо бинти Абу Бакр – маккалик саҳобия, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизи, Абдуллоҳ ва Урва ибн Зубайрларнинг онаси, эри – Зубайр ибн Аввом. Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳонинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ. Биринчи иймон келтирган фазилатли саҳобиялардан. Имон келтирган мусулмонларнинг ўн еттинчиси бўлиб, 14 ёшида мусулмонликни қабул қилганлар. Ислом тарихида бобоси, ота-онаси, эри ва ўғли саҳобийлардан бўлган ягона аёл. Онаси Қутайла бинт Абдулуззо. Эри Зубайр ибн Аввом бўлиб, “ашараи мубашшара”нинг бири, 595-м.йилда туғилган, саҳобалар орасида 15-ўринда исломга кирган, 692 м.йилда вафот этган.

ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр Мадинаи мунавварада туғилган биринчи мусулмон чақалоқ эдилар. Ота бир синглиси Оиша розияллоҳу анҳо эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутаҳҳараларидан. Акаси улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Абу Бакр. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига “Зотун нитоқайн – икки белбоғ соҳибаси”[1] деган унвонни берган эдилар.

Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо 73/692 йил ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) қатл этилганидан уч ой ўтиб, тахминан юз ёшида вафот этган.

Ибн Абу Мулайка – Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Абу Мулайка (Зуҳайр) ибн Абдуллоҳ ибн Жудъон ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай Абу Бакр ал-Қураший ат-Таймий, машҳур тобеъинлардан, имом, ҳофизу-л-Қуръон вал-ҳадис, фақиҳ олим бўлган. Али ибн Абдулмутталиб халифалиги даврида туғилган. У Оиша ва Асмоъ, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр, ас-Саҳмий, Ибн Умар, Ибн Зубайр, Умму Салама, Абдуллоҳ ибн Жаъфар ва Усмон ибн Аффонлардан ривоят қилган. Ибн Абу Мулайка 117 йилда вафот этган, сиҳоҳи ситта соҳиблари ундан ривоят қилишган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен (қиёматда) Ҳавзи (Кавсар)им лабида унинг сувидан қонгани келувчиларни кутиб ўтираман,”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган даражотлардан бири қиёмат куни инсонлар қайта тирилганда маҳшаргоҳда ўз умматига ва олдинги умматларнинг мусулмонларига Кавсар ҳовузидан сув тарқатмоғидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Кавсар ҳовузи бўйида унинг сувидан ичишга келадиган умматларини уларга сув бериш учун кутиб ўтирар эканлар.

“аммо менинг рўпарамдан бир инсонларни қайтариб олиб кетишади.”

Аммо Кавсарнинг сувидан ичишга келганлар орасидан айнан Пайғамбаримизга уммат бўлган баъзи мусулмон кимсалар фаришталар томонидан ҳовузга етмасдан қайтариб олиб кетилар экан.

“Мен: “Булар менинг умматларимдир!” – дейман.”

Расули акрам у фаришталарни тўхтатишга ҳаракат қилиб, сизлар олиб кетаётган кишилар менинг умматларим, сизлар хато қилаяпсизлар, уларни Кавсар ёнига қайтаринглар, деган мазмунда “Булар менинг умматларим” деганларида  “Аллоҳ таолодан: Ё Муҳаммад, сен уларнинг диндан қайтиб залолатга юз тутганларидан бехабарсан! – деган нидо келар экан. Дарҳақиқат, қиёматда Кавсар сувидан маҳрум бўладиган мусулмонлар тоифасига фитначилар дохил бўлар экан. Фитначи оқимлардаги кишиларни Аллоҳ таоло “диндан қайтганлар” деб сифатлаётганига эътибор қаратсак, уларнинг Кавсар сувидан маҳрум бўлиши қиёмат азобларини фақат бошланиши эканлиги ҳамда бунинг ортида аламли дўзах азоби уларни кутаётганлиги маълум бўлади. Шунинг учун “Ибн Абу Мулайка: “Ё Парвардигоро, бизни диндан қайтишдан ҳамда фитначи бўлишдан Ўз паноҳингда асрагин!” – деб юборди.”

Мусулмон киши имондан кейин куфрга қайтиб қолмоқдан хафвсираб яшамоққа, яъни доимий огоҳликка чорланади. Қалблар шамолда қолган пат каби Роҳманнинг бармоқларидан иккисини орасидадир. Хоҳласа уни турли фитналар ва синовлар гирдобига ташлаб қўйиб куфрга етаклайди, хоҳласа бу фитна ва синовлардан сақлаб уни имонга мушарраф этади. Шунинг учун ибн Абу Мулайка фитналарга алданиб диндан қайтиб қолишдан ҳамда умматичига фитна уруғини сочувчи ва уларни фитнага етакловчи кишилар тоифасидан бўлиб қолмасликдан паноҳ сўраб дуо қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Сизлардан бирингиз жаннат амалини қилиб бораверади ва ҳато жаннатга киришига бир газ қолганда тақдир ундан ўтиб кетиб, дўзахийларнинг амалини қилиб қўяди ва унга киради” , деб айтганлар. Шунинг учун ўтган солиҳларнинг одатларидан бири ўз амаллари билан фахрланмаслик ва ана шундай фитналардан ўзларини сақлаб юриш бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муминун сурасининг 57-61-оятларида: “Албатта, Парвардигорларидан қўрқиб хавфда тургувчи кишилар(57.), Парвардигорларининг оятларига иймон келтирадиган кишилар(58.), Парвардигорларига ширк келтирмайдиган кишилар(59.), (Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар(60.) –Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар(61.).” Яъни, солиҳ, хайрли ишларни амалда бажарадилар ва қилган хайрли амаллари билан фахрланиб фитналанмасдан, аксинча, уни Аллоҳ таолони ҳузурида қабул бўлиш-бўлмаслигини билмагани учун хавфу хавотир қилиб яшайдилар.

 Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Қиёматда мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришлари.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Кавсар ҳовузидан умматларига сув тарқатиши.
  3. Кавсар сувидан ичишга ҳамма мусулмонлар ҳам муяссар бўлмаслиги.
  4. Фитначи кишиларни диндан қайтган муртадлар билан баробарлиги.
  5. Диндан қайтиб, фитначи инсонларга айланиб қолишдан эҳтиёт бўлиш.
  6. Фитналар ва унга сабаб бўладиган амаллардан паноҳ сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилиш.
Н.Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Ҳижрат куни Расулуллоҳ ва Абу Бакрнинг юкларини боғлашга арқон топилмаганида ўз белбоғини иккига бўлиб бергани учун Пайғамбар (алайҳис-салом) томонидан “Зотун-нитоқайн” кунясига сазовор бўлган.

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …