Home / АЛЛОМАЛАР / ЎРТА АСРЛАР: ДАБУСИЯ ШАҲРИ ВА АЛЛОМАЛАРИ

ЎРТА АСРЛАР: ДАБУСИЯ ШАҲРИ ВА АЛЛОМАЛАРИ

Қадимдан ғарбу шарқни боғловчи Буюк ипак йўлидаги шаҳар, қалъа ва қишлоқлар савдо учун жуда қулай жой ҳисобланган. Айни шу йўл устида жойлашган шаҳарлардан бири Дабусиядир. Бошидан не-не қирғинбарот жангларни, шон-шавкатли кунларни кечирган Дабусия шаҳри Қутайба ибн Муслим, Чингизхон, Мирзо Бобур ва Шайбонийхон каби лашкарбошилар ва ҳукмдорлар билан юзма-юз бўлган. Бу шаҳарда XX асрнинг 30-йилларигача ҳаёт давом этган. Сўнгра, айрим сабабларга кўра аста-секин инқирозга учраб, унинг катта қисми қабристонга айланган ва у ердаги Зиёвуддин беклиги ҳозирги Зиёвуддин шаҳарчасига кўчган.

Дабусия шаҳарчаси ҳақида Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий “Бухоро тарихи” асарида шундай келтиради. “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқларидан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Харқонруд, Вардона, Таровча, Сафна ва Исвоналар ўша қишлоқлар жумласидандир. Ҳукмдор турадиган катта қишлоқ Бойканд (Пойканд) эди. Шаҳар “Қалъайи Дабусий” – “Дабусий қалъаси” бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар.[1]

Дабусия ёдгорлиги Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани Дабусқалъа қишлоғининг шимолий томонида, Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида жойлашган.

2007 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти ходимлари Япониянинг Киото шаҳридаги Япон маданиятини ўрганиш халқаро илмий маркази олимлари билан ҳамкорликда илк марта Дабусия ёдгорлигида қазишма ишлари олиб борди. Экспедицияга Япония томонидан профессор Уно Такао ва Ўзбекистон томонидан Археология институтининг етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов раҳбарлик қилган.

Ёдгорлик уч қисм: Арк, Шаҳристон ва Рабоддан иборат бўлиб, арк ёдгорликнинг шимоли-ғарбий бурчагида жойлашган. Аркнинг шимолий қисмидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади, ғарбий қисми эса баланд мудофаа девори билан ўралган. Аркнинг жанубий қисми шаҳристондан чуқур хандақ орқали ажратилган. Арк билан шаҳристон фақатгина шарқ томондан бир-бирига туташган.

Аркнинг шимолий қисмини ҳозирда Зарафшон дарёсининг тўлқинлари ювиб (емириб) бормоқда. Дарё ювган томон 5-6 метрлик маданий қатлам ва унда мавжуд бўлган санитария ташландиқ ўралар ўрни (бадраблар) яққол кўриниб турибди.[2]

Аркда ҳукмдор, шаҳристонда аслзодалар, мансабдорлар, савдогарлар, ҳунармандлар ва оддий хизматкорлар истиқомат қилган. Рабод қисмида эса бозорлар, карвонсаройлар ва ҳунармандлар расталари жойлашган.

Ёдгорликдаги қазишма ишлари Арк, Шаҳристоннинг шарқий бурчаги ва Рабоднинг ўртасида олиб борилган. Қазишмалар чоғида яхши сақланган сопол қувурлар, милодий VII-XI асрларига оид уй-жойлар қолдиқлари, тандирлар, ўчоқлар, мис ва бронза тангалар топилган. Айниқса, сополдан сифатли қилиб жойлаштирилган қувурларнинг топилиши, аҳамиятли бўлган.

Савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, санъат ва маданият, ривожланган ушбу шаҳар XIII асрнинг бошида Чингизхон бошчилигидаги мўғул босқинчиларининг қаҳрига дучор бўлади. Дабусия халқи катта сонли мўғулларга қаршилик кўрсатади. Бироқ, мўғуллар шаҳарни ишғол этиб, уни вайрон қилишади. Шундан сўнг шаҳар ҳудуди анча торайиб, у “Дабусқалъа” номини олади.

Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврига келиб, Дабусия ўз қаддини тиклайди. Бу ерда яна илм-фан, санъат ва маданият ривожлана бошлайди. Аммо шаҳар майдони мўғуллар истилосигача бўлган ҳолатига қайтмайди.

Тарихий ва археологик манбаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, Дабусияда айниқса, кулолчилик, тўқимачилик, меъморчилик яхши ривожланган.

X асрда Мовароуннаҳрга ташриф буюрган араб сайёҳи Ибн Хавқал Дабусияда бўлади ва бу шаҳарнинг ҳунармандчилиги ҳақида: “Дабусияда деҳқонлар етиштирган пахтадан “Ведари” навли газлама ишлаб чиқарилган. Юмшоқ, сарғишранг бу мато жуда пишиқ бўлиб, ювилганида ҳам ранги чиқмаган. Бу мато Хуросонда жуда машҳур бўлиб, уни “хуросон парчаси” деб ҳам аташган. Ундан амирлар, вазирлар ҳамда аслзодалар либос тиктириб кийган”, деб ёзади.

Хуросонда юмшоқ ва пишиқ бу газламадан тўқилган либосларни асосан амалдорлар кийган. Ҳатто Бағдодда ҳам бу газламаларни ниҳоятда қадрлашган. Бошқа юртларда ишлаб чиқарилган газламалар 1 динордан сотилган бўлса, Дабусияда тўқилган газламалар 2 динордан 10 диноргача баҳоланган.[3]

Шунингдек, Дабусияда жундан тўқилган матолар ва теридан ясалган маҳсулотлар ҳам кўп миқдорда ишлаб чиқарилган.

Дабусия заргарлар ясаган турли тақинчоқлар, кулоллари ясаган идиш-товоқлари билан жуда машҳур бўлган.

Дабусия ҳунармандлар томонидан пахта ва жундан тўқилган турли хил тўқима газлама, матолар, теридан ясалган маҳсулотлар ва заргарлар томонидан ясалган заргарлик буюмлари Шарқу ғарбнинг бозорларини безаб турган.

Қадимги Дабусиянинг мақтовга сазовор томони – унинг алломаларидир, десак хато бўлмайди. Тарихий манбаларда, бу шаҳардан кўплаб улуғ олимлар етишиб чиқиб, диний ва дунёвий илмларнинг турли соҳаларида ижод этганликлари ёзилган. Қуйида биз улардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз:

Абдулғушайм Дабусий. Унинг тўлиқ исми Зулайм ибн Ҳатит ибн Довуд Сулаймон ибн Маҳни ибн Абдуллоҳ ибн Шижоъ ибн Даҳи Сайф ибн Анмор ибн Убда ибн Абу Каъб Аздий Жаҳзамий Дабусий бўлиб, Абдулғушайм эса унинг куняси (лақаби)дир. Абдулғушайм Дабусий фозил, доно киши бўлиб, ўз замонасида ишончли ҳадис ровийларидан ҳисобланган. Аллома илм олиш ниятида Ироққа сафар қилиб у ерда кўплаб ровийлардан ҳадислар ёзиб олган. Абдулғушайм Дабусий илм олиш билан бир қаторда кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Жумладан, Умар ибн Муҳаммад Ҳамадоний ва ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) каби машҳур муҳаддислар Абдулғушайм Дабусийдан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.

Абулғушайм Дабусий ҳижрий 252 йил муҳаррам (866 йил январь ёки февраль) ойида Дабусияда вафот этган.[4]

Абу Зайд Дабусий. Унинг тўлиқ исми Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо Дабусий бўлиб, у машҳур фақиҳ, қози бўлган. У зот Бухоронинг етти машҳур қозилари (қуззоти сабъа)дан бири, ҳанафий мазҳабининг йирик вакили бўлган. Абу Зайд Дабусий 978 йили Дабусияда таваллуд топган.

Абу Зайд Дабусий бошланғич таълимни туғилиб ўсган шаҳри Дабусия олимларидан олади. Унинг фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) илмига бўлган қизиқиши сабабли бу илмни чуқур ўрганади ва натижада буюк фақиҳ бўлиб етишган. Абу Зайд Дабусий бундан Х аср аввал “усул ва хилоф” (қиёсий ҳуқуқшунослик) илми номли янги фанга асос солган бўлиб, бу фан XX асрга келиб “қиёсий ҳуқуқшунослик” деб атала бошланди. Бундан ташқари, Абу Зайд Дабусий усул, жадал (баҳс-мунозара, диалектика) ва тасаввуф илмлари бўйича ҳам буюк олим даражасига кўтарилган. Унинг 10 дан ортиқ асарлари бўлгани манбаларда қайд этилган ва улардан айримлари бизгача етиб келган. Ҳозирда алломанинг бешта асарининг нодир қўлёзма нусхалари Туркиянинг Сулаймония кутубхонаси фондларида сақланмоқда. Жумладан, “Таъсис ан-назар” (“Қарашларни асослаш”) номли асари И. Исмоил Ҳаққи кутубхонасида (№ 00521-001 рақам)да, “Тақвим ал-адилла” (“Далилларни баҳолаш”) номли асари Бағдодли Ваҳби кутубхонасида (№ 00350 рақам)да ва Йани Жоми кутубхонасида (№ 00310 рақам)да, “Ал-Асрор фил усул вал-фуру” (“Усул илми ва тармоқларининг сирлари”) номли асари Аясофя кутубхонасида (№ 00490 рақам)да, Шаҳид Али пошо кутубхонасида (№ 00689 рақам)да ва Ҳожа Салим оға кутубхонасида (№ 00279 рақам)да, “Ал-Иъмад ал-ақсо” (“Энг олис мақсад”) номли асари Асад Афанди кутубхонасида (№ 03521-001 рақам)да, Ҳожи Башир оға кутубхонасида (№ 00339 рақам)да, Лалили кутубхонасида (№ 01337 рақам)да, Шаҳид Али пошо кутубхонасида (№ 01459-002 рақам)да, Роғиб пошо кутубхонасида (№ 0647 рақам)да ва “Ал-Асрор” (“Сирлар”) номли асари Ҳожи Башир оға кутубхонасида (№ 00310 рақам)да сақланмоқда. Алломанинг ёзиб қолдирган нодир асарлари кейин яшаб ўтган алломалар учун дастурул амал бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Юридик фанлари доктори Абдулҳаким Жузжоний “Бухоролик буюк фақиҳ – Абу Зайд Дабусий” номли рисоласида (Тошкент 2007 й.) аллома ҳақида батафсил маълумот бериб ўтган.

Абу Зайд Дабусий 1039 йили 63 ёшида Бухорода вафот этган ва Имом Абу Бакр Тархун мақбараси яқинида дафн этилган.

Абулқосим Дабусий. Унинг тўлиқ исми Абулқосим Али ибн Абу Яъло Музаффар ибн Зайд ибн Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб Алавий Ҳусайний[5] Шофиъий Дабусийдир. У зот муҳаддис, фақиҳ бўлиб, усул илми ва араб тилини мукаммал ўзлаштирган. Абулқосим Дабусий сўзга бой адиб, айтган сўзига ҳужжат келтира оладиган, баҳс-мунозарада эса қўли устун келувчи, чиройли хулқли, қўли очиқ, саховатпеша инсон бўлган. У бошланғич таълимни Дабусиядаги устозлардан олган. 479\1086 йилда Бағдодга бориб, у ерда уламолар суҳбатида бўлиб, улардан кўплаб ҳадислар ривоят қилган. У илмга чанқоқлиги ва тиришқоқлиги билан тенгдошларидан алоҳида ажралиб турган. Натижада, ўзи таълим олган “Низомия” мадрасасида мударрислик қилган.

Аллома етук олим бўлиш баробарида ўзидан бир неча шогирдлар ҳам қолдирган. Ҳибатуллоҳ ибн Сақатий, Абулизза Қалонисий, Абдулваҳҳоб Анмотий, Абу Фазл Абдураҳмон ибн Ҳасан Шаррофий каби ровийлар шулар жумласидан бўлиб, улар Абулқосим Дабусийдан таълим олган ва ҳадислар ривоят қилган.

Ҳибатуллоҳ ибн Сақатий устозига шундай таъриф беради: “Абулқосим Дабусий Шофиъий мазҳабининг етук имомларидан бири, Қуръон, фиқҳ, ҳадис, усул, луғат ва араб тили каби фанларни мукаммал ўзлаштирган, ёш, шижоатли бўлиб, калом (ақида) илмида чуқур билимга эга, тортишувларни фасоҳат билан ҳал қилувчи ва илмий баҳсларда устун келувчи ҳамда фатволари кучли киши эди”.[6] Абулқосим Дабусий 482\1089 йил Жумадус-соний ойининг йигирманчи куни (1089 йил 29 августда) Бағдотда вафот этган.[7]

Абулфатҳ Дабусий. Унинг тўлиқ исми Абулфатҳ Маймун ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Бакр ибн Мажжа Дабусий бўлиб, у тахминан 460\1067 йил Дабусияда таваллуд топган. Абулфатҳ Дабусий йирик фақиҳ бўлиб, ўзининг ҳусни хулқи ва мулойимлиги билан алоҳида ажралиб турган. Аллома бир муддат Бухорода исиқомат қилиб, у ерда Саъид Исмоил ибн Муҳаммад ибн Муҳсин Ҳусайний ва Абу Саъид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Табарий каби бир қанча уламолардан таҳсил олган. Кейин Марв шаҳрига бориб, у ерда Имом Абдулмузфир Жаддий ва Абдулқосим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Зоҳирийдан. таълим олган.

Абулфатҳ Дабусий умрининг охиригача Марвда қолиб, 532\1137 йил Робиъу-л-аввал ойи охирида шу ерда вафот этган ва Санжизонда дафн қилинган”. [8]

Абу Нун Дабусий. Унинг тўлиқ исми Юнус ибн Иброҳим ибн Абдулқавий ибн Қосим ибн Довуд Канъоний Асқалоний Дабусий бўлиб, Абу Нун унинг куняси бўлидир. Манбаларда уни яна “Мақир” деган номи бўлганлиги ҳам қайд этилган. Абу Нун Дабусий 635/1237 йил Дабусияда таваллуд топган. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Дунё Қаршийнинг “Ал-Қаноат” китобида Мақир (Абу Нун Дабусий) томонидан ривоят қилинган ҳадисларни келтирганлигини учратиш мумкин. Абу Нун Дабусий ҳижрий 729 йил жумадул-аввал ойи (милодий 1329 йил март ойи) 92 ёшида вафот этган.[9]

Абу Усмон Дабусий. Унинг тўлиқ исми Саъид ибн Аҳвас Аздий Дабусий бўлиб, Абу Усмон эса унинг кунясидир. Абу Усмон Дабусий Хуросон, Ироқ, Шом, Миср ва Басра каби мамлакат ва шаҳарларга сафар қилиб у ерларда бир қанча олимлардан таҳсил олган ва ҳадислар ривоят қилган. Аллома етук олим бўлиб етишгач, ўзидан бир неча шогирдлар қолдирган. Аҳмад ибн Солиҳ ибн Ужайф Самарқандий ва Абу Ҳасан Муҳийб ибн Салим Карманий каби олимлар шулар жумласидандир.[10] У зотнинг туғилган ва вафот этган йили борасидаги маълумотлар манбаларда қайд этилмаган.

Ўрта асрларда Дабусиядан чиққан алломалар ҳақида сўз кетганида, албатта, Абу Амр Дабусий, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Дабусий, Абдулқосим Маҳмуд ибн Маймун ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Бакр Мажжа Дабусий, Абу Наср Мансур ибн Жаъфар Дабусий, Муҳаддис Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Дабусийларнинг номларини ҳам санаб ўтиш лозим. Чунки булар ҳам ўз замонасининг таниқли олими, машҳур ровийлари бўлишган.

Албатта, биз бу билан Дабусия шаҳри тарихи ва Ўрта асрларда Дабусияда туғилган барча алломаларнинг номларини тўлиқ ёритдик, деган даъводан йироқмиз. Албатта, бу борада ҳали кўплаб тадқиқотлар олиб борилади. Ҳали яъна Дабусия ёдгорлиги қарида сақланиб келинаётган тарихий сир-синоатлар ва у ерга мансуб алломалар ҳаёти ва илмий меросини ҳар томонлама теран ўрганиб, бундан халқимиз ва ёш авлодларни бохабар қилишимиз лозим.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи
[1]. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. –Т.: Камалак. 1991. –Б.91.
[2]. Қаранг: Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар 2006-2007 йиллар 6-сони. “Фан” нашриёти. –Т.: 2009. –Б.76. // А.Э. Бердимурадов, Уно Такао, К.А. Раҳимов. Дабусияда ўтказилган археологик тадқиқотлар.
[3]. https://saviya.uz. Дабусия шаҳар бўлган. Иззатулла Норқувватов, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.
[4]. Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Ж,2, –Байрут,. 1988. –Б. 454.
[5]. Имом Шамсиддин Заҳабий. “Сияр аълом ан-нубало”. Ж. 19. –Байрут. 1410/1990. –Б. 91-92; Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Ж,2. –Байрут. 1988. –Б.454.
[6]. Имом Шамсиддин Заҳабий. “Сияр аълом ан-нубало”. Ж. 19. –Байрут. 1410/1990. –Б. 91-92.
[7]. Имом Шамсиддин Заҳабий. “Сияр аълом ан-нубало”. Ж. 19. –Байрут. 1410/1990. –Б. 91-92; Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Ж. 2. –Байрут. 1988.– Б.454.
[8]. Абу Саъд Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Ж,2. –Байрут. 1988. –Б.454; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. “Ўрта Осиё олимлари қомуси”. –Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти. 2007. –Б.160.
[9]. Абу Тоййиб Муҳаммад ибн Аҳмад. “Зайл ат-тақйид фи ривоят ас-сунани ва-л-асанид”. Ж. 2. 1990/1410. –Б.334; Имом Шамсиддин Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. Ж.16. –Байрут. 2002. –Б. 191-192.
[10]. Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. “Ўрта Осиё олимлари қомуси”. –Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти. 2007. –Б.160.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …