Home / МАҚОЛАЛАР / Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни мамлакатга қайтариш борасида амалга оширирилган тадбирлар

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни мамлакатга қайтариш борасида амалга оширирилган тадбирлар

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданий бойликларни асраб авайлаш, уларни келажак авлодларга муносиб етказиш ишлари амалга оширилди. Бу даврда нафақат мамлакатимизда мавжуд маданий бойликлар ўрганилди, балки, ўз вақтида турли йўллар билан хорижга чиқиб кетган маданий бойликларимизнинг юртимизга қайтарилиши бўйича ишлар амалга оширилди. Натижада, бу борада кўзга кўринарли ютуқлар қўлга киритилди. 2016 йилдан эътиборан мазкур тадбирлар янги босқичга кўтарилди. Шу сабадан, мазкур жараён тарихини ёритиш ва уни таҳлил қилиш ҳозирги куннинг долзарб маслаларидан бири ҳисобланади.

Тарихдан маълумки, моддий ва маънавий жиҳатдан бойлиги билан ажралиб турувчи Туркистон қадимдан йирик босқинчи мамлакатлар эътиборини тортиб келган. Бу эса ўз навбатида, улар томонидан турли даврларда босқинлар уюштирилишига ва халқимизнинг моддий ва маънавий бойликларининг таланишига олиб келган. Жумладан, XIII асрда чингизийларнинг Ўрта Осиёга босқини даврида Туркистон ўлкаси вайрон этилиб, мамлакат бойлиги талон-торож қилинган бўлса, 1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ истилоси натижасида халқимиз мулки яна талаб кетилди[1].

Ўрта Осиёдаги бойликларни эгаллашга ҳаракат қилган Россия империяси эса Туркистон босқини (1850—1916 йиллар) даврида Ўрта Осиё хонликлари, жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Хўжанд каби кўҳна шаҳарлар хазинасида тўпланган бойликларга махфий режалар асосида эга бўлишга ҳаракат қилди. Россия империяси аскар ва зобитлари Ўрта Осиёнинг Бухоро, Хива, Самарқанд, Қўқон, Хўжанд, Тошкент каби шаҳарлари ва хонликларидан олтин, кумуш, амалий санъат намуналари, қўлёзма китоблар, тарихий ҳужжатлар, муҳрлар, тамға, туғ, тангалар, антиқа буюмлар, сўзаналар, хуржун, қоп, гиламлар, заргарлик, мисгарлик буюмлари, нодир металлар, эгар-жабдуқ, ёқут, дур-гавҳар тошлар ва бошқа барча қимматбаҳо буюмларнн ўлжа олишиб, Петербург, Москва музейлари, кутубхоналарига махсус карвонлар орқали юбориб турганлар[2].

Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунга келиб Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингтадан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Уларнинг асосий қисми ЮКЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган. Бундан ташқари ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг қўлёзмалари Буюк Британия ва Германия, Испания ва Россия, АҚШ ва Франция, Миср ва Ҳиндистон, Эрон ва Туркия каби кўплаб мамлакат кутубхоналарининг “олтин фонди”ни ташкил этади[3]. Мазкур маданий бойликларни қайтариш ва уларни илмий тадқиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 20 июнда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарори[4] эълон қилинди.

Мазкур қарор асосида ташкил этилиши режалаштирилган марказнинг асосий вазифлари белгилаб берилди. Жумладан, ушбу марказ зиммасига миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ҳамда маданиятига оид бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ҳамда уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар билан биргаликда тадқиқотлар олиб бориш, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш сингари кўплаб вазифалар қўйилди[5]. 

Ушбу марказнинг фаолияти натижасида бу борада катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, марказ ходимлари томонидан ёзма меросимизга оид манбаларни излаш, аниқлаш ва улар устида дастлабки тадқиқотлар юритиш мақсадида нашрлардан ташқари бир неча минглаб қўлёзма китоб ва ҳужжатлар сақланадиган Москвадаги Россия давлат кутубхонаси ва Санкт-Петербург шаҳридаги Россия миллий кутубхонасига илмий сафар уюштирилди.

Мазкур ташриф натижасида Россия давлат кутубхонаси қўлёзмалар фондида 60 дан ортиқ қўлёзма Ўзбекистонга оид эканлиги аниқланган бўлса, Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида эса 110 га яқин қўлёзма мамлакатимизга тегишли эканлиги аниқланди. Булар қаторида Россия давлат кутубхонаси қўлёзмалар фондидаги Мирзо Улуғбекнинг “Зижи”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг 1593 йили кўчирилган “Тазкират уш-шуаро” асарларининг ноёб қўлёзма нусхалари, шунингдек, Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида Алишер Навоийнинг ҳаётлиги даври – 1465 йили кўчирилган “Илк девон”и қўлёзмасини ҳамда 1592–1596 йиллари Озарбайжоннинг Қизилоғоч шаҳрида кўчирилган Алишер Навоий асарларидан иборат “Мажмуа”ни тилга олиш мумкин. Умуман олганда, Россия давлат ҳамда миллий кутубхонасида сақланувчи Ўзбекистонга оид қўлёзмалар ҳақидаги 160 дан ортиқ маълумот Марказ реестрига киритилиб, илмий тавсиф қилиниши йўлга қўйилди. Бундан ташқари 2019 йилгача бўлган давр мобайнида маданий меросимизга оид 5000 га яқин маълумот мазкур реестрга киритилди .[6]  

Бундан ташқари, ҳозирги кунга келиб Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида ҳам дунёда ягона нусхада бўлган ва Қўқон хонлиги тарихини ўрганишда муҳим манба саналувчи Қўқон хони Умархон даври тарихига бағишланган Мушриф Исфарагийнинг “Шоҳномаи Умархоний” ва Фазлий Намангонийнинг “Умарнома” асарлари қўлёзмалари каби бир қатор ноёб қўлёзмалар сақланмоқда. Мазкур ташриф давомида Марказ билан институт маъмурияти томонидан. мазкур икки қўлёзма нусхаларни Ўзбекистонга келтириш ва факсимил нашрларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, илмий сафарлар натижаси сифатида келгусида тилга олинган икки фонддаги қўлёзмалар асосида “Россия Давлат кутубхонасидаги Ўзбекистонга оид қўлёзмалар” ҳамда “Россия Миллий кутубхонасидаги Қўқон хонлигига оид қўлёзмлар” сингари каталоглар яратиш ва илмий жамоатчиликни хориждаги меросимизга оид қўлёзмалар билан таништириш ишлари бошлаб юборилди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида миллий – маънавий меросимизни тиклаш ва асраш борасида катта ишлар амалга оширилди. 2016 йилдан бошлаб эса бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Бунда айниқса, хориждаги Ўзбекистонга оид маданий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш ишлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Натижада мазкур соҳада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, мазкур соҳага ихтисослашган махсус марказ ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, ушбу қарор асосида алоҳида марказ ташкил қилинди ва ўз фаолиятини бошлади. Бу борада бир қанча илмий сафарлар уюштирилди ва хорижий илмий марказлар билан  салмоқли келишувларга эришилди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонга оид маданий бойликлар ҳақида янада кўпроқ маълумотлар тўплаш имконини берди.

Жумаев Жонибек
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Диний – маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими
[1] https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/yurt-boynidagi-qilich-yoki-istilo/yurtimiz-boyliklarining-talon-toroji-madaniyatimizning-dunyoga-sochilgan-durdonalari/
[2] Мажид Ҳасаний. “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило”, Тошкент. «Адолат». 1997
[3] Каттаев К. Маҳдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг машҳур авлодларидан мерос қолган қадимий нодир китоблар каталоги. Тошкент, “Тафаккур бўстони” нашриёти, 2016 йил, 4-бет.
[4] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида” http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasi-vazirlar-ma-kamasi-uzuridagi-zbekisto-20-06-2017
[5] Қурбонова Д. Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар фахру ифтихоримиз ва ғуруримиз рамзидир. Халқ сўзи, 2017 йил 12 июл
[6] https://aniq.uz/yangiliklar/rossiya-kutubxonalaridan-uzbekiston-tarixiga-oid-eng-nodir-qulyozmalar-topildi

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …