Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом динида соғлиққа муносабат

Ислом динида соғлиққа муносабат

Аллоҳ таоло бизга бу дунёда сон-саноқсиз неъматлар берган. Соғлиқ неъмати Аллоҳ таоло бизга берган энг қимматли неъматлардан биридир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”[1].

Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларининг энг асосийларидан бири соғлиқ неъматидир. Авваламбор, биз бу дунёда бахтли, ҳузурли яшашимиз, Аллоҳ таолонинг бизларга буюрган буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтишимиз ва ижтимоий ҳаётда бизлардан кутилган вазифаларни муносиб тарзда бажаришимиз учун соғлом бўлишимиз керак. Носоғлом одамнинг ҳузур-халовати бўлмайди. Бундай киши на ўзига, на оиласига, на жамиятига ёрдам бера олади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпи бу неъматларни фойдаланишда алданади. Булар сиҳат ва бўш вақтдир”[2], дедилар.

Соғлом ҳаёт кечиришнинг иккита асосий йўли бор. Биринчиси касал бўлишдан олдин соғлиқни асраш, иккинчиси эса, касал бўлган вақтда олдинги соғлом бўлган вақтимизга қайтишимиз учун даволашимиз керак.

Динимизда тозаликка катта эътибор қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи васаллам “Тозалик (поклик) иймоннинг ярми”, деганлар. Намознинг асосий шартларидан бири ҳам тозаликдир. Чунки инсон тоза ва пок бўлмаса, унинг ибодати ҳам қабул бўлмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитрат бештадир: Суннат қилиш, чотларни қириш, қўлтиқ остини қириш, мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш”[3].  

Доим соғ бўлиб юришнинг йўлларидан бири васатия, яъни ўрта холликдир. Биз ҳамма ишимизда ҳам ўрта хол бўлишимиз керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”[4].

Шу сабабли ейиш ва ичишда ўртача бўлишимиз керак. Ҳаддан ташқари кўп ейиш исрофга олиб боради ва соғлигимизга ҳам зарарли бўлади. Мусулмон киши ҳар ишида бўлгани каби, ейишида ҳам ўрта ҳол бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи қорнидан кўп зарарли бир идиш тўлдирмаган”, деди. Ошқозонимизни уч қисмга ажратишимиз керак. Учдан бирини овқатга, учдан бирини ичимликка (сувга), учдан бирини эса ҳавога.

Доим соғ бўлиб юришимиз учун аввало оғиз ва тишимиз соғлигига катта эътибор қаратишимиз лозим. Чунки овқат ошқозонимизга оғзимиздан киради. Тишимиз қанчалик соғлом бўлса, еган овқатимиз ҳам шунчалик тез ҳазм бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом оғиз ва тиш соғлиги учун доим мисвок ишлатган ва умматларига ҳам мисвок ишлатишни тавсия қилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга қийин қилиб қўяман демаганимда, ҳар бир намоз ўқишдан олдин мисвок билан тиш тозалашни буюрар эдим”, – деганлар”[5].

Соғ бўлишнинг яна бир йўли соғлиққа зарарли нарсалардан узоқ туришдир. Аллоҳ таоло соғлиққа зарарли бўладиган нарсаларни харом қилган ва булардан узоқ туришимиз учун бизларга тавсияда бўлган.

Ичимликлар ичида инсонга энг зарарли нарса спиртли – алкаголли ичимликлардир. Кўриниши ва таъми ҳар бўлса бўлса ҳам одамни сархуш (маст) қиладиган ичимликларнинг ҳаммаси ҳам ҳаром қилинган. Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”[6].

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Маст қиладиган ҳамма ичимликлар ҳаром”, деганлар[7]. Алкаголли ичимлик ичган одам нафақат ўзига, балки атрофидагиларга ҳам катта зарар келтиради. Маст бўлган одам ақлини юқотиши сабабли, оилаларига ва ёнидагиларга зарари тегади. Бунинг натижасида инсон бошқалар билан душман бўлиб қолади.

Шунингдек, вужудимизга зарарли бўлган наркотик моддалар ҳам динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “…ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!…”[8]

Биз соғлом бўлишимиз учун жисмоний соғлигимиз билан бир қаторда руҳий соғлигимизни ҳам асрашимиз керак. Бунинг учун Аллоҳ таолога иймон келтириш, ҳар бир ишимизда Аллоҳга таваккул қилиш, бошимиз келган воқеа-ҳодисаларга сабр қилиш тавсия қилинган. Ёлғон, тухмат, бировни кўролмаслик, дунё ва молга бўлган хирслик ва ҳасадгўйлик кабилардан узоқда бўлишимиз керак. Чунки булар инсоннинг руҳини носоғлом қилади. Динимизда руҳимиз тетик бўлиши учун таҳорат, намоз, рўза ва шу кабилар тавсия қилинган. Қуръон ўқиш билан ҳам инсон руҳан хотиржам бўлади.

Тушкунликдан, қўрқувдан, ғам ва қайғулардан қутулишнинг энг асосий йўли Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Иймонли бўлган киши Аллоҳ таолонинг ўзини асло қийинчиликлар ичида қолдирмаслигини, зиммасига кучи етмаган ишлар юкламаслигини ва бошига мусийбат келганда ўзини ёлғиз ташламай, унга ёрдам беришига ишонади.

Нашрлар бўлими ходими
Олим Жўраев
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. Наҳл  сураси, 18-оят мазмуни.
[2] Термизий. 2473-ҳадис.
[3] Муслим. Таҳорат, 50.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Аъроф сураси, 31-оят мазмуни.
[5] Саҳиҳи Бухорий. 887-ҳадис.
[6] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Моида сураси, 90-оят мазмуни.
[7] Муслим. Ичимлик. 67.
[8] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Бақара сураси, 195-оят мазмуни.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …