Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Зайд Дабусий ҳаёти ва илмий мероси

Абу Зайд Дабусий ҳаёти ва илмий мероси

Ислом оламида катта нуфузга эга бўлган, айниқса, фақиҳлар табақасида ўзининг салмоқли фаолияти билан донг таратган Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусий 978 йил Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги Дабусия шаҳрида таваллуд топган. У ўз илмий фаолияти давомида кўплаб асарлар ёзиб, фиқҳ илмининг ривожига катта ҳисса қўшди.

Абу Зайд Дабусий фиқҳ илмини икки буюк фақиҳлар Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Бакр Жассоснинг шогирди бўлмиш Абу Жаъфар ибн Абдуллоҳ Уструшанийдан ўрганиб фиқҳ, усул ул-фиқҳ, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли олим даражасига кўтарилди.

Манбаларда Абу Зайд Дабусийнинг фиқҳда қайси устозлар силсиласи орқали Имом Абу Ҳанифага бориб тақалиши қуйидагича кўрсатилган:

“У (Абу Зайд Дабусий) фиқҳ илмини Шайхулимом Абу Жаъфар Уструшанийдан, у Шайхулимом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан, у устоз Имом Абдуллоҳ Саййидмутийдан, у Абу Ҳафс Сағирдан, у отаси Имомул Кабирдан, у Муҳаммад (Шайбоний)дан, у Абу Ҳанифадан ўрганган”[1].

Абу Зайд Дабусий Қорахонийлар даврида Уструшанийдан сўнг Бухоро қозиси этиб тайинланган. Манбаларда уни Бухоронинг йирик “етти қози”сидан бири сифатида зикр қилишади. Бу ҳақида Абдулкарим Самъоний ўз китобида: “Қози Абу Зайд Абдуллоҳ ибн Умар Дабусий соҳиб “Ал-асрор”, далил билан гапирувчи, назарлари ўткир ва ҳар бир масалага асосли жавоб берувчи зот эдилар. Самарқанд ва Бухоронинг йирик олимлари билан мунозара қилардилар”[2] – деб келтиради.

Абу Зайд Дабусий “Таъсис ан-назар” (Қарашларни асослаш), “Тақвим ал-адилла фи усул ал-фиқҳ” (Усул ал-фиқҳдаги далилларни тўғрилаш)”, “Китоб ал-асрор фи-л-усул ва-л-фуруъ” (Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб), “Ал-амад ал-ақсо” (Энг олис мақсад), “Хизонат ул-ҳуда” (Ҳидоят хазинаси), “Шарҳ ал-жомиъ ал-кабийр” (Жомиъ ал-кабирнинг шарҳи), “Ал-анвор фий усул ул-фиқҳ” (Фиқҳ асосларини очувчи нурлар), “Ан-нузум фил-фатово” (Фатволардаги тартиб-қоидалар), “Тажнис уд-Дабусий” (Дабусийнинг тартиб ва таснифи), “Ат-таълиқа” (Ҳошия) каби қимматли асарларни ёзган. Аммо уларнинг ҳаммаси мавжуд эмас.

Мазкур ўнта асардан тўрттасининг қўлёзма нусхалари турли кутубхоналарда мавжуд бўлиб, улардан баъзилари қисман, биринчи ва иккинчиси мукаммал ҳолда нашр этилган. Кейинги олти китоб манбаларда зикр этилган бўлса ҳам бизгача етиб келмаган деб ҳисобланади.

Алломанинг кўплаб асарлари айнан фиқҳга оиддир. О.Қориев ўз китобида тарихчи Фуад Сезгиннинг алломанинг фиқҳга оид етти асари борлиги ҳақида айтганлигини келтириб ўтган[3]. 

Олимнинг айниқса “усул ал-фиқҳ” соҳаси бўйича ёзган “Тақвим ал-адилла” асари машҳурдир. Манбаларда унинг ушбу асари бу соҳада Мовароуннаҳрда яратилган ва бизгача етиб келган энг қадимий асар эканлиги айтилади. Шу сабабли Абу Зайд Дабусийни ислом қонуншунослиги ва ҳуқуқ назарияси (усулул фиқҳ) фанининг Мовароуннаҳрдаги асосчиси дейиш мумкин. Ушбу асарни Фахрулислом Баздавий шарҳлаган.

“Тақвиму-л-адилла” китобида қиёс методининг имкониятлари, унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидалари изоҳлаб берилган. Ибн Халдун олимнинг хизматларини бундай таърифлаган: “Ҳанафий имомларидан Абу Зайд Даббусий қиёс бўйича барчадан кўра кенг кўламли асарлар ёзди, қиёсга тегишли бўлган барча баҳс- мунозараларга якун ясади. Шу йўсинда усулул фиқҳ илми мукаммал даражасига кўтарилиб, унга тегишли масалалар ўз ечимини топди, қоидалари тартибга келтирилди”.

Аллома аҳли сунна мазҳаблари орасидаги ихтилофларни тартибга солиб, илмий услубда ўрганган. Унинг “Таъсис ан-назар” асари мазҳабларнинг муаммоларни ҳал қилишдаги ёндашув принципларини ёритиб берди. “Ал-асрор” номли йирик ҳажмли асарида эса амалий фиқҳ масалаларини ечиш услублари батафсил баён қилинган. Аммо бу асарлар етарли даражада ўрганилмаган.

Профессор А.Саидов олимнинг бу икки асари хусусида қуйидагича: ““Ал-Асрор” ва “Та’сис ан-назар” асарларининг Мовароуннаҳр илмий муҳити билан боғлаган ҳолда тадқиқот олиб борилмаган. Бундан ташқари, алломанинг инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мақомига оид қарашлари умуман ўрганилмаган”[4] деб фикр билдиради.

Абу Зайд Дабусий ислом ҳуқуқшунослигида “Илмул хилоф” деб аталган янги фаннинг асосчиси ҳисобланадилар[5].

“Хилоф” илмида шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш ўрганилади.

Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидларнинг манбалари ва услублари ҳамда қарашлари турличадир. Шунинг учун бу каби хилофларнинг бўлиши оддий ҳолдир. Абу зайд Дабусийнинг “Таъсис ан-назар”, “Китобут-таълийқа” асарлари ушбу соҳада ёзилган нодир китоблар ҳисобланади.

Шу тариқа бу буюк олим ўз илмий фаолияти орқали ислом оламида юксак даражага эришди. Айниқса, фиқҳ илми ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, ислом илмлари орасида янги бир йўналишга асос солди.

Абу Зайд Дабусий ҳижрий 430 (милодий 1039) йили 63 ёшида Бухорода вафот этди ва Имом Абу Бакр ибн Тархон қабри ёнига дафн этилди.

Р. Элмуродов
ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
 
[1] Мустафо Муҳаммад Баққоний Димашқий. Таъсис ан-назар ва ялийҳи рисалату Имом Абул Ҳасан Кархий фий усул. Дор ибн Зайдун. ‒ Байрут, 2015. ‒ Б.7.
[2] Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. Тошкен –2017. –Б.112.
[3] О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. Т:.“Фан”, 2009. –Б.28.
[4] С.А.Саидов. Исломда инсон ҳуқуқларининг ёритилиши (Абу Зайд Дабусий илмий мероси асосида). ‒Т.: “Тафаккур”, 2010. ‒Б.5.
[5] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. “Дурдона”, 2012. –Б.75.

Check Also

Имом Бухорий муфассир сифатида

Ҳадис илми фақатгина ҳадисларни тўплаш, ровийлар ҳақида сўз юритиш, ҳадисларни саҳиҳ ва саҳиҳ эмасга ажратишдангина …