Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим қадам

Зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим қадам

Жорий йил 27 июнь куни Индонезия Республикасининг “Умра плюс” ва зиёрат туризми йўналишида фаолият юритувчи 20 га яқин нуфузли туризм муассасалари раҳбарларидан иборат делегация Самарқандга ташриф доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди.

Меҳмонлар Марказдаги илмий-тадқиқот ишлари, музей фаолияти, қадимий қўлёзмалар ва бой маънавий мерос билан танишди. Имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳул Бухорий” асари орқали бутун ислом оламида тутган юксак ўрни ҳақида маълумот берилди. Делегация аъзолари юртимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини юқори баҳолаб, Ўзбекистонни “муқаддас илм сарчашмаси”, дея эътироф этди.

Ўзаро мулоқотда Индонезия фуқаролари учун “Умра плюс” доирасида Ислом илми ва маърифати марказларига амалий сафарларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Ушбу ташриф ислом оламидаги буюк алломалар илмий меросини ўрганишга эътиборни янада ошириш ва Ўзбекистонни мусулмон дунёсидаги муҳим манзиллардан бири сифатида кенгроқ тарғиб қилишда алоҳида аҳамият касб этди.

Индонезиялик меҳмонлар Имом Бухорий номидаги илмий марказ фаолиятига юқори баҳо бериб, бу каби амалий ташрифлар икки томонлама манфаатли ва бардавом бўлишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” Самарқандга етиб келди

Юртимизда маърифат, маданият ва маънавиятни кенг тарғиб этишга қаратилган “Маърифат карвони” тадбирлари Самарқанд вилоятида давом …