Home / МАҚОЛАЛАР / Илмдаги холис ният

Илмдаги холис ният

Илм инсонларга дунё ва охиратда энг тўғри йўл кўрсатувчидур. У толиби илмни сахий, жуванмард, камтарин, журъатли, шикастадил, иффатли – ҳар маънода покиза хислатларнинг файзу – барокатларидан баҳраманд бўлиш бахтига эриштиради. Бахиллик – қизғанчиқ, қўрқоқ ва журъатсизлик, манманлик, исрофгарчилик ва ўта иқтисодчи – зиқна бўлиш каби ёмон ахлоқлардан ўзини сақлаб, кишилар кўрганларида суҳбатига ошиқадиган гўзал ҳулқ эгаси бўлиб камол топишига сабаб бўлади. Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради. Инсон орзу мақсадларига илм орқали етишади.

 Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини тўшайди. Олимнинг ҳаққига осмондаги фаришталар, ердаги мавжудотлар, ҳатто, сувдаги балиқлар хам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазли ортиқлигига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайгамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган экан».

Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳумуллоҳ айтади: “Ният, ирода ва қасд қилишлик битта нарсадан иборат бўлиб, илм ва амалдан иборат иккита нарсани ўз ичига олган қалбдаги бир сифат ва ҳолатдир”. Инсон билими билан қадрланади. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган сир илм эди. Қуръонда ўқиш ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳнинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда ҳам кучли шаклда эканлигини ифодалайди. Ният шариатнинг дастурий талаблари ва диннинг асос қилиб олинадиган қоидаларидан бўлганлиги сабабли Аллоҳ таоло ихлос билан ва ўзининг розилигини истаб қилинган амални қабул қилади. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни ниятнинг шаъни улуғлигидан ва мақсадни бузадиган ва амални йўқка чиқарадиган айбларнинг ихлосга аралашиб кетишидан сақланишлик зарурлиги тўғрисида огоҳлантирди. Алқама ибн Ваққос Лайсийдан ривоят қилинган ҳадисда, у киши айтади: “Мен Умар розияллоҳу анҳудан эшитдим. Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта амаллар ниятга боғлиқ бўлади, ким нимани ният қилган бўлса, ўша нарса амалга ошади. Зеро, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг Расули учун бўлса, бас унинг ҳижрати Аллоҳга ва унинг Расулигадур ва кимнинг ҳижрати дунёга етишлик ва хотинга никоҳланиш учун бўлса, унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсасига кўра бўлади”(яъни бу ҳижрат сабабли унга охиратда насиба йўқдир) деб айтаётганларини эшитдим. Имом Нававий айтади: “Уламолар бу ҳадиснинг даражаси улуғлигига, фойдасининг кўплигига ва унинг тўғрилигига ижмо қилишган”. Абдурроҳман ибн Маҳдий айтади: “Китоб ёзмоқчи бўлган киши китобхонга ниятни тўғри қилишликни эслатиш учун ушбу ҳадис билан бошлашлиги зарурдир”. Шунингдек, Имом Бухорий ҳар бир ишни, хусусан ўзининг ҳадис тўпламини ҳам шу ҳадис билан бошлаб, еттита ўринда зикр қилиб ўтган.

Аллоҳ таоло шариатда ибодатлардаги холислик фақатгина ўзи учун бўлишлигини қонун қилиб қўйди. Илм талаб қилишда ниятни чиройли қилмоқлик Аллоҳнинг розичилигини, илмига амал қилишликни, шариатни тирилтиришликни, қалбини ёритишликни, ботинини безатишни, қиёматда Аллоҳга яқин бўлишликни ва ўзининг аҳли учун хозирлаган нарсаси сабабли Аллоҳнинг розичилигига ва улуғ фазлига дучор бўлишликни  қасд қилишлик деганидур. Суфён Саврий айтади: “Инсонни ниятидан кўра кўпроқ даволайдиган нарсани топмадим”.

Абу Юсуф роҳимаҳумуллоҳ шундай деганлар: “Эй одамлар, Аллоҳ таолони илмларингиз билан истангизлар. Зеро, мен қайси мажлисда бўлмасин, камтарликни ният қилсам, албатта уларнинг энг олийси бўлиб қўзғалдим ва агар ўтирган мажлисимда олийликни ният қилсам, жойимдан уятга қолиб қўзғалдим”.

Илм олишлик ибодатлардан бир ибодат ва Аллоҳга яқин бўлишликдаги бир яқин йўлки, унда ниятни фақат ҳолис Аллоҳ таоло учун қилса унинг амали қабул қилинади, муваффақият топади ва унинг баракаси кўпаяди. Аммо илм билан Аллоҳдан бошқанинг розичилиги қасд қилинса, Аллоҳ у олинган илмни ўчиради ва зоя қилади ва бандаси билан ўртадаги битимни йўқга чиқаради. Кўпинча бу мақсадлар бандадан кетади ва уларга эришолмай, унинг қасд қилган нарсаси пучга чиқади ва сай-ҳаракати зоя кетади[1].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Кимки илмни уламоларга мақтаниш, улар билан рақобатлашиш учун ё аҳмоқлар билан баҳслашиш учун ёки одамлар унга эътибор бериши учун талаб қилса, унинг жойи дўзахдадур”. Юқоридаги ҳадис толиби илмга: “Сен илм олиш жарёнида ниятингни ёлғиз Аллоҳ таоло учун йўналтириб, Аллоҳнинг розичилигини талаб қил ва Аллоҳдан савоб умид қил, ҳеч қачон одамларнинг назарида улардан юқори даражада бўламан деган ниятни қилмагин. Китоблар мутоаласи ва илм такрори билан нафсингга уйқуни ҳаром қилиб қанча-қанча кечаларни бедор ўтказдинг. Нима сабабли бундай қилганингни билмайман? Агар ниятинг дунё матоларига етишмоқ, уни молу-мулкларини ўзинга жалб қилишлик, унинг мансаб лавозимларини ҳосил қилмоқлик ва тенгқур тенгдошларга мақтаниш, ман-манлик қилиш бўлса, сенга вайл бўлсин ва яна вайл бўлсин! Агар мақсадинг Набий Саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариъатларини тирилтирмоқ, ахлоқингни тузатмоқ ва нафси амморани синдирмоқ бўлса, сенга жаннат бўлсин ва яна жаннат бўлсин!.” деган ҳукмни чиқаради. Ушбу шеърни айтган одам ҳақиқатни айтгандир:

Зойиъ бўлувчидир кўзлар Ундан бошқа учун бедор бўлса,

Ундан ўзганинг фироқида кўз ёш тўкмоқлик  ботилдир.

Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими: Баҳриев О.

[1] Тазкиротус самеъ валмутакаллим. 68 бет

Check Also

Қуръони карим қироатидаги зарурий одоблар

Қуръони Карим Аллоҳнинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилган китоби, Исломнинг ўлмас мўъжизаси …