Home / ЯНГИЛИКЛАР / “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” ЭНДИ СОДДА ВА РАВОН ТИЛДА

“ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” ЭНДИ СОДДА ВА РАВОН ТИЛДА

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлган кўплаб эзгу ишлар истиқлолнинг нақадар буюк неъмат эканини чуқур англашимизда муҳим омил бўлаётгани билан аҳамиятли. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан ўзбек тилидаги “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг дастлабки 30-жузи дунё юзини кўргани ҳам минг-минглаб юртдошларимизда бугунги кунларга шукроналик ҳиссини оширади. Зеро, бир пайтлар асарлари у ёқда турсин, ўзлари ҳақида ҳам дурустроқ маълумотга эга бўлмаганимиз — Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг ноёб асарларини бугун эмин-эркин ўрганишга ҳақлимиз.

Президентимиз ташаббуси билан илмий қиммати баланд, мотуридийлик таълимотининг асоси бўлган “Таъвилот ал-Қуръон” асари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан таржима қилинди. Асар ўзида ҳанафийлик, аҳли сунна вал жамоанинг бутун ақидасини таълиф қилгани билан қимматлидир. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига асар тақдимоти сабаб йиғилган марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли уламолар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба-ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар ҳам айни фикрни алоҳида эътироф этдилар.

Шунингдек, тақдимотда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий меросини ўрганиш ҳамда аллома асарларининг бугунги кундаги илмий аҳамияти, уларни тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар, шунингдек, янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталдилар.

— Зиммамизда буюк аждодларимиз меросини оммабоп қилиб халқимизга етказиш билан бир қаторда Президентимиз ишончини оқлашдек юксак масъулият ҳам бор эди. Таржима ишлари давом этган бир йилдан зиёд вақт мобайнида буюк уламолар, мотуридийшунос алломалар билан мулоқотда бўлиб турдик. Хусусан, асарни илк бора араб тилидан турк тилига ўгирган Юсуф Шавқий Явуз жаноблари, таниқли олим, мотуридийшунос Аҳмад Саъд Даманҳурий, Туркиянинг Мармара университети профессори, доктор Умар Челик каби олимлар билан фикр алмашдик. Бундан ташқари, ўзимизнинг устозларимиз шайх Абдулазиз Мансур, Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳ ва бир қатор кўзга кўринган калом илми уламолари билан маслаҳатлашиб, асарнинг халқимизга содда, равон тилда етиб боришини таъминлашга ҳаракат қилдик. Ўйлаймизки, ушбу асар ҳаммамиз учун манфаатли бўлади, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази таржимонлар гуруҳи раҳбари Оловхон Неъматов.

Дарҳақиқат, илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси асарнинг 30-порасини таржима қилишда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратган. Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилди. Китобдан кўплаб ҳадислар, саҳобаларнинг сўзлари ўрин олган.

Муножат МЎМИНОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 10-сентябрь, 181-сон

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …