Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / ҒОЙИБНАЗАР МИЁНКОЛИЙ ЗИЁРАТГОҲИ

ҒОЙИБНАЗАР МИЁНКОЛИЙ ЗИЁРАТГОҲИ

Марказий Осиёда тасаввуф намояндлари, уларнинг бой маънавий мероси ва бевосита тариқат вакиллари номи билан юритиладиган зиёратгоҳлар тарихини ўрганиш аҳамиятлидир.

Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия тариқатида фаолият кўрсатган кўплаб тасаввуф муршидлари орасида таниқли шоир Сўфи Оллоҳёр ва унинг шогирдлари силсиласи мазкур ҳудудда муҳим ўрин тутганлиги ҳамда уларнинг тарихи борасида изланишлар олиб бориш зарурлиги кейинги олиб борилаётган тадқиқотлардан маълум бўлмоқда.

Манбаларда Сўфи Оллоҳёрнинг Жон Муҳаммад, Ғойибназар каби шогирдлари[1] мазкур силсилани давом эттиришганлиги айтилади[2]. Айрим тадқиқотларда Сўфи Оллоҳёр Жон Муҳаммаддан бошқа[3] халифа тутмаганлиги ёзилган. Ҳақиқатда Сўфи Оллоҳёрнинг катта халифаси Жон Муҳаммад бўлиб, устози вафотидан кейин силсилани у тебратган. Жон Муҳаммад ҳам тасаввуфнинг таниқли  арбобларидан бири саналади. Халифа Жон Муҳаммад аслида Эшони Кўлобий нисбаси билан танилган бўлиб, бундай нисбага эгалигининг асосий сабаби, у 1085/1674 йилда Насафнинг Кўлоб мавзесида таваллуд топганлигидир[4]. Мазкур шайх 1175/1761 йилда Қоратоғда вафот этади[5]. Унинг шогирдлари қуйидаги шахслардир: шайх Ўтамиш, шайх Жабборқул, унинг ўғли Муҳаммад Ғани[6], хожа Солиҳ, Муҳаммад Содиқ. Сўфи Оллоҳёрнинг яна бир шогирди халифа Ғойибназар Мовароуннаҳр шаҳарлари бўйлаб, риёзатда, ибодатда яшаб, силсилани давом эттирган ва ўз даврида таниқли сўфилардан бири бўлган. Халифа Ғойибназар мавжуд манбалардаги маълумотларга кўра XVII-XVIII асрнинг ўрталарида яшаган бўлиши керак. Халифа Ғойибназарга нисбатан “Халифаи замон” номи ҳам берилган. У Миёнколда яшаб ўтганлиги сабабли “Миёнколий” нисбасини ҳам олган[7]. Бошқа бир манбада “Косоний”[8] нисбаси билан ҳам зикр этилган.  Айрим маълумотларга қараганда, у Хожаназар Ҳувайдонинг отаси бўлиши мумкин[9].

Сўфи Ғойибназар Миёнколий тўғрисидаги маълумотларни унинг шогирди сўфи Ислом шайх тарихи акс этган маноқиб ва тазкираларда кўриш мумкин. Манбаларда келтирилишича, Ислом шайх маънавий-руҳоний устози Хизр алайҳиссалом кўрсатмасига кўра[10], 1756 йили Сўфи Ғойибназарга[11] қўл бериб, иршоди кулли ижозатини расман олади. Бу пайтда Ғойибназар ҳазратлари анча қувватлари кетган, бетоб ҳолатда шогирдларини кутиб олиб, Ислом шайхга анча вақтдан бери кутаётганларини айтиб, хирқа ва силсила маснадини топширадилар.

Ислом шайх бетоб ётган устози Сўфи Ғойибназар билан бир қанча вақт суҳбатда бўлади. Мирзо Жунайдуллоҳ Хозиқ отаси Ислом шайхни бир қанча вақт туронлик машҳур сўфийлар билан суҳбатда тариқат сир-асрорларидан баҳраманд бўлиб, сайри сулук қилиб юрганлиги ҳақида ёзиб, Эшони халифа Ғойибназар даргоҳида бўлиб улар билан суҳбат бўлганлиги ҳақида маълумот беради[12]. Буни Ислом шайхнинг Мирзо Абул Ҳасан исмли ўғлидан бўлган  авлоди − Мирзо Бобохон Эшонбобо ўз бобоси ҳақида:  “Ҳазрат бобом (яъни Ислом шайх) ҳозирги Нурота шаҳрида жойлашган Ғазғон атрофларида 12 йил мобайнида риёзатда, эътикофда бўлдилар. Бу орада ул зотни Ҳазрати Хизр алайҳиссалом тарбиялаб, халифа Ғойибназар олдига боришликларини тайинлаган. Бу пайтда Ғойибназар ҳазратлари анча қувватлари кетган, бетоб ҳолатда шогирдларини кутиб олиб, Ислом шайхга анча вақтдан бери кутаётганларини айтиб, хирқа ва силсила маснадини топширадилар. Оз муддатдан сўнг вафот этадилар”[13], дея маълумот беради[14]. Халифа Ғойибназар, юқорида зикр қилинганидек, Сўфи Оллоҳёр каби келиб чиқиши Миёнколга бориб тақалади. Маноқиб, тазкира каби тарихий манбалар ва ахборотчилар берган маълумотлар асосида халифа Ғойибназар XVIII асрнинг бошларида 20 йилдан кўпроқ муддат пири Сўфи Оллоҳёр равишида, шариат арконлари ва тариқат одобларидан баҳраманд бўлганлигини таъкидлаш мумкин.

Халифа Ғойибназар умрининг охирини Миёнколда ўтказган ва шу ерда вафот этган. Ундан сўнг манбаларда исми қайд этилган Ислом шайх Каррухий мазкур тариқат фаолиятини давом эттиради.

Юқорида зикр қилинганидек, халифа Ғойибназар Сўфи Оллоҳёр сингари Миёнкол фарзанди. Сўфи Оллоҳёр Каттақўрғонда истиқомат қилган даврларида Ғойибназар унга шогирд тушган бўлиши мумкин. Аммо, бу фараз ўз тўлиқ ўз исботини топгани йўқ. Манбалар ва ахборотчилар маълумотларига кўра, халифа Ғойибназар XVIII асрнинг бошларида 20 йилдан кўпроқ муддат пири Сўфи Оллоҳёр ҳузурида шариат арконлари ва тариқат одобларидан баҳраманд бўлган. Халифа Ғойибназар умрининг охирини Миёнколда ўтказган ва шу ерда вафот этган[15]. Тадқиқот сафарлари жараёнида Каттақўрғон шаҳрида жойлашган “Эшон мозор” зиёратгоҳи билан танишув вақтида бу ердаги маҳаллий ахборотчилар билан танишганда улардан маълумотлар олинди ва кундаликка қайд қилинди[16].

В.Вяткин  Каттақўрғон шаҳридаги Оқ Олтин қишлоғида жойлашган бу қабристонни “Эшон мозор”[17], деб эътироф этади, маҳаллий аҳоли ҳам “Эшон мозор” дейишади. Қабристон дарвозаси тепасида “Сармозор қабристони”[18], деб ёзилган. Демак, Эшон мозор қабристони яна Сармозор, деб юритиларкан. Сармозор зиёратгоҳининг киришида чап томонда хонақоҳ кўринишидаги таҳоратхона бўлиб, у ташқи кўринишидан XVIII асрнинг охирлари XIX асрнинг бошларида барпо этилган.

Халифа Ғойибназар Миёнколийинг насл-насаби масаласида бир оз янглишлар мавжуд. Айрим манбаларда Ғойибназарнинг отаси Хожаназар Ҳувайдо деган бир фараз бор. Аслида Хожаназар Ҳувайдонинг отаси Ғойибназар Чимёний Нақшбандия тариқатининг Офоқхожа тармоғида фаолият олиб борганлиги таъкидлаб ўтилган. Сўфи Оллоҳёрнинг шогирди халифа Ғойибназар манбаларда Миёнколий нисбасида берилган. Ҳозирги Каттақўрғон шаҳридага Саримозор зиёратгоҳида, айнан халифа Ғойибназар Миёнколий қабри жойлашганлиги кузатув ишларида аниқланди. Шунингдек, олиб борилган изланишлар натижасида халифа Ғойибназар Миёнколийнинг ўғли халифа Абдулвоҳид махдум, у кишининг ўғли халифа Абдуллоҳ махдум, у кишининг ўғли мулла Неъматуллоҳ махдум, у кишининг ўғли Муҳаммад Очилдимурод эканлиги маълум бўлди. Мазкур авлод вакили Муҳаммад Очилдимурод (1830-1899) – Мирий тахаллуси билан ижод қилган шоир ва хаттот бўлганлиги машҳурдир.

Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия тариқатида фаолият кўрсатган Сўфи Оллоҳёр ва унинг шогирди Ғойибназар Миёнколийлар мазкур тариқат силсиласининг кенг ҳудуд бўйлаб тарқалишига муносиб хизмат кўрсатганлигини кўриш мумкин. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулазиз Амир Кулолий. Тарихи машойихи мутаххирини Бухоро. Қўлёзма. 21 варақ. 1333/1914. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №79/V.
  2. Мирзо Мақсуди Бухорий. Равойиҳ ул-қудс. Қўлёзма, форс тили, настаълиқ. 215 варақ. 1850. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонаси. №7.
  3. Мир Ҳусайн. Маҳозин ат-тақво. Қўлёзма. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. № 51. 312 варақ.
  4. Мирзо Жунайдуллоҳ Хозиқ. Воқеоти исломия. Қўлёзма. 8б-47б варақ. 1326/1906. ЎзР ФА ШИ Ҳамид Сулаймон фонди инв. № 3021/II.
  5. Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ. Воқеоти Исломия. Қўлёзма. 51а-б варақ. 1293/1875. Факсимил нусхаси. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  6. Муҳаммад Қосим ибн Ҳасан ал-Балхий. Маноқиби Ислом шайх. 94 варақ. 1315/1897. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №1590.
  7. Муҳаммад Ҳайдар. Силсилаи шариф. Қўлёзма. 82Х32 см. 1 варақ. 1299/1881. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  8. Рисолаи маноқиби Султон Каррухий. Қўлёзма. Форс тилида. 78 варақ. XIX аср. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  9. Ўз МАФ И-323, рўйхат-1, иш-49 (1 варақ), иш-1194/5 (1 варақ).
  10. ЎзМАФ И-18, рўйхат-1, иш-9994, 1 варақ.
  11. Иршоднома. Қўлёзма. 1 варақ. XIX аср. Қўқон адабиёт музейи фонди инв. № kp 10634 – pf 1728.
  12. Вақф ҳужжати. Қўлёзма. Форсча. 1 варақ. Самарқанд Давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, ҳужжатлар бўлими инв. №955.
  13. Абдулаҳатов Н., С. Аброров, А. Тошқулов. Сармозор зиёратгоҳи. – Т.: BAYOZ, 2014. – 192 б.
  14. Анке фон Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Муджаддидийа в Средней Трансоксании с XVIII – до начала XIX вв.: опыт детективного расследования. // Суфизм в Центральной Азии (зарубежные исследования). – СПб: Филологический факультет СПбГУ, 2001. – 275-330 с.
  15. Абдусаттор Жуманазар. Вахшувор. – Т.: Akademnashr, 2015. – 256 б.
  16. Амонов М. Сўфи Оллоҳёр шогирдлари. Ёш олимлар Республика илмий-амалий конференцияси. – Термиз. ТерДУ, 29-30 январ 2016.
  17. Вяткин В. Самаркандския легенды. Еврейский мудрець. – Чупанъ-ата. – Дарханъ. – Шейхъ Мотыридъ. – Шахъ-зинда / Справочная книжка Самаркандской области. Выпуск V. – Самарқанд: Типография Самаркандскаго областного Правления, 1897. – 224-240 с.
  18. Дала тадқиқот маълумотлари. Ахборотчи Мирзо Бобохон Ҳабибуллоҳ (1919-2005). Жумабозор. 2005 йил 7 январ.
  19. Necdet Tosun. Türkistan dervişlerinden yadigar. Orta Asya Türkçesiyle Yazılmış Tasavvufi Eserlar. – Istanbul: İnsan yayınları, 2011. – 198 s.
  20. Қаюмов П. Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти. – Т.: Tamaddun, – 380 б.
[1] Амонов М. Сўфи Оллоҳёр шогирдлари. Ёш олимлар Республика илмий-амалий конференцияси. – Термиз. ТерДУ, 29-30 январ 2016. Мазкур мақола асосида, тўлдирилган ҳолда ёзилди.
[2] Мир Ҳусайн. Маҳозин ат-тақво. ЎзР ФА ШИ № 51, 17а, 31а варақ.  Яна батафсил қаранг: Абдулазиз Амир Кулолий. Тарихи машойихи мутааххирини Бухоро. ЎзР ФА ШИ фонди инв. № 79/V, Мақсуди Бухорий. Равойиҳ ул-қудс. Комилхон Каттаев ш.к.да; Мирзо Жунайдуллоҳ Хозиқ. Воқеоти Исломия. ЎзР ФА ШИ Ҳамид Сулаймон фонди инв. № 3021. II қисм; Рисолаи маноқиби Султон Каррухий. Муаллиф ш.кда; Муҳаммад Қосим ибн Ҳасан ал Балхий. 1315/1897. ЎзР ФА ШИ фонди инв. №1590; Муҳаммад Ҳайдар. Силсилаи шариф. 1299/1881. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
[3] Абдусаттор Жуманазар. Вахшувор. – Б. 184.
[4] Ушбу жойда: – Б. 185.
[5] Абдусаттор Жуманазар ўзининг Вахшувор номли асарида Мир Ҳусайн. Маҳозин ат-тақво (ЎзР ФА ШИ. №51. 31а варақ) асари асосида қайд этган бўлса, бошқа бир тадқиқотда шайх Кўлобий вафот йилини 1174/1760-1761 йил деб келтирилган. Қаранг: Анке ф. Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Муджаддидийа // Суфизм в Центарльной Азии (зарубежные исследования). Сб. ст.памяти Фритца Майера (1912—1998) / Сост. и отв. редактор А.А. Хисматулин. — СПб.: Филологический факультет СПбГУ, 2001. – С. 293.
[6] Ўз МДА фонди И-323, 1-рўйхат, иш-49, иш-1194/5.
[7] Абдулазиз хожа Амир Кулолий ўзининг асарида Миёнколий, деб келтирган. Қаранг: Тарихи машойихи мутааххирини Бухоро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. № 79/V, 72б варақ.
[8] Иршоднома. Қўлёзма. Қўқон адабиёт музейи фонди инв. № kp 10634 – pf 1728.
[9] Абдусаттор Жуманазар. Вахшувор. – Б. 212.
[10] «Маноқиби Ислом шайх» асарида ҳам бу воқеа келтирилган.
[11] “Дар санаи сабаъин ва мия бадал алф (1170/1756) дар санад иршод нашастанд”, Абдулазиз Амир Кулолий. Тарихи машойихи мутааххирини Бухоро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. №79/V, 72б варақ.
[12] Мирзо Жунайдуллоҳ Хозиқ. Воқеоти Исломия. Факсимили нусхаси. 38а варақ. 
[13] Дала тадқиқот маълумотлари.. Ахборотчи Мирзо Бобохон Ҳабибуллоҳ ибн Мирзо Амонуллоҳ ибн шайх Мирзо Абул Туроб ибн шайх Мирзо Абул Фатҳ ибн шайх Мирзо Абул Ҳасан ибн Жаноби Шайхулислом (Ислом шайх) Каррухий раҳматуллоҳи алайҳ (1919-2005). Жумабозор. 2005 йил 7 январ. Мазкур маълумотни туркиялик олим Неждат Тосун тадқиқотида ҳам кўриш мумкин. Қаранг: Necdet Tosun. Türkistan dervişlerinden yadigar (Orta Asya Türkçesyle yazılmış tasavvuf eserler). – Istanbul. 2011. – S. 166.
[14] Ислом шайх ҳақидаги маълумотларни қуйироқда давом эттирамиз, энди Ғойибназар тарихига қайтсак.
[15] Чунки Ғойибназар шогирди Ислом шайх эътикофдан (ҳозирги Нурота туманида жойлашган Ғазғон мавзеси) кейин, Хизр (а.с.) кўрсатмаси ила устози билан кўришади.
[16] Эшон мозор” зиёратгоҳини обод қилиб келаётган Пўлот ҳожи бобо (ҳозирда нафақада 76 ёшда), оталари Муҳаммад Амин ибн Зубайдуллоҳ[16] ҳожи ибн Қудратуллоҳ) бизга бир қатор маълумотларни айтиб, тадқиқот кундалигимизга қайд қилишни сўрадилар.
[17] Вяткин В. Самаркандския легенды. Еврейский мудрець. – Чупанъ-ата. – Дарханъ. – Шейхъ Мотыридъ. – Шахъ-зинда / Справочная книжка Самаркандской области. Выпуск V. – Самарқанд: Типография Самаркандскаго областного Правления, 1897. – С. 247.
[18] “Сармозор” номли бир неча зиёратгоҳлар мавжуд, жумладан, Қўқон шаҳрида (бу ҳақида қаранг: Пўлотжон Қаюмов. Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти. – Т.: 2011. – Б. 83-84; Самарқанд Давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, тарихий ҳужжатлар бўлими. 955-рақам остида сақланаётган вақф ҳужжати), Тожикистон Республикаси Файзобод ноҳиясида, Жиззах вилоятида (Қаранг:ЎзМАФ фонд-18, рўйхат-1, иш-9994 Саримозор масжиди), Деҳинавнинг Дариқўрғон ҳудудида, Сарижўйнинг Шаргун ҳудудида, Қоматнинг Коми ҳудудида, Қоратегиннинг Обигарм, Ёҳақ ва Мужаҳарф ҳудудларида, Ҳариқони руднинг Дари қўрғон ҳудудида, Болжувоннинг Карнайчи ҳудудида…. (Абдулаҳатов Н., Аброров С. ва Тошқулов А. Сармозор зиёратгоҳи. – Т.: BAYOZ, 2014. – Б. 13.
Мехрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …