Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ДАҲБЕД МАКТАБИ

ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ДАҲБЕД МАКТАБИ

Тасаввуфнинг Даҳбед мактабига нақшбандия тариқатининг таниқли уламоларидан бири Мавлоно Муҳаммад Қозининг (XV a.-1516) шогирди, Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатларида “60 та авлиёни етиштирган пир” унвонига муяссар бўлган мутафаккир Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний – Даҳбедий Махдуми Аъзам (1461-1542) асос солган. Мавлоно Муҳаммад Қози нақшбандийлик сулукини Хожа Аҳрор Вали (1404-1490)дан олган [8].

Махдуми Аъзам нақшбандия тариқати асосларини ўз устози Мавлоно Муҳаммад Қозидан ўрганади. Мавлоно Муҳаммад Қози ибн Бурҳониддин Мискиний Самарқандий нақшбандия тариқати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган таниқли олим, фақиҳ ва эътиқодли суфийлардан бири бўлган. У XV асрда Самарқанд шаҳрида маърифатли фозил инсон Бурхониддин Самарқандий (тахаллуси – Мискиний) оиласида дунёга келган. Туғилган йили манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Муҳаммаднинг отаси Бурҳониддин Мискиний Самарқандий машҳур Имодиддин қозига яқинлиги сабабли унинг ўғлини Муҳаммад Қози деб аташган дейилади манбаларда [3: 284]. Мавлоно Муҳаммад Қози “Силсилату-л-орифийн” ва “Тазкирату-с-сиддиқийн” асарларининг муаллифи. Бу китобларнинг ёзилган вақти тарихи ҳижрий 885 деб берилган, бу сана милодий 1480 йилга тўғри келади. Олим нақшбандия тариқатининг йирик пиру муршидларидан бири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валига қўл бериб муридлик қилганлар. Махдуми Аъзам нақшбандия тариқати арконларини ўз устози Мавлоно Муҳаммад Қозидан ўрганиб, мазкур тариқат арконларини Марказий Осиё халқлари менталитетига, айниқса туркий тилда гаплашувчи оддий мусулмонлар орасида ёйишга алоҳида эътибор қаратган. Шу сабабли Махдуми Аъзам ўзининг “Рисолаи чаҳор калима” номли асарида нақшбандия арконларини содда тилда форсча ва ўзбекча (туркий лаҳжада) баён қилади. Чунки шу даврда шаҳарларда форсий лаҳжада сўзлашиш удумга (модага) кирган эди. Туркий лаҳжаларда сўзлашувчи оддий, ўша давр ибораси билан айтилганда “қора халқ” аслзодаларнинг форсий лаҳжадаги илмоқдор гапларини тушуна олмас эди. Шу сабабли форсий ва туркий лаҳжаларнинг нозик томонларини пайқай оладиган фарғоналик уламо – Махдуми Аъзам нақшбандия ғояларини кенг халқ оммаси орасида ёйишга алоҳида урғу берганлар. Шу туфайли нақшбандия тариқати ўзбеклар, қозоқ ва қирғизлар орасида анча кенг ёйилди. Махдуми Аъзамнинг нақшбандия тариқатига қўшган яна бир муҳим тамойили “Дин ва муқаддас китоблар инсон учун, унинг ахлоқий камолоти учун берилгандир. Инсон дин учун эмас дин инсон учундир” [7: 31] деган гуманистик принципи, нақшбандия ғояларининг халқ орасида янада кенгроқ ёйилишига сабаб бўлган. Нақшбандия арконларининг туркий тилларга таржима қилиниши тариқат кўламини бир зумда кенгайтириб юборди. Бу тариқат Шарқий Туркистонга, Хитойга, Ҳиндистонга, Румга (Туркияга) ва бошқа туркийлар яшайдиган ҳудудларга ёйила бошлаган.

Махдуми Аъзам нақшбандия тариқатининг иродат сулугини ўзининг севимли шогирди Мавлоно Лутфуллоҳ Чустийга (1485-1571) топширган. Мавлоно Лутфуллоҳ Махдуми Аъзамнинг тўртинчи фарзанди, Хожа Исҳоқ Валига (1505-1598) устозлик қилган.

Мавлоно Лутфулло Чустий, таниқли манбашунос олим К. Каттаевнинг таърифига кўра, “Махдуми Аъзамнинг улуғ асҳоб ва халифаларидан бири бўлиб, Чустда туғилган. Ёшлигида Мавлоно Муҳаммад Қозининг муриди бўлган” [2: 54]. Чустий XV асрнинг иккинчи ярмида Фарғона водийсининг Ахсикент мавзесидан 30-35 км. ғарбда жойлашган Чодак қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси Мавлоно Фатҳуллоҳ яссавия шайхларидан бўлган. Муфти Оҳангароний маълумотига қараганда унинг насаб шажараси Абу Бакр Сиддиқ авлодидан эканлиги таъкидланган. Лутфуллоҳ беш ёшга кирганда уни мактабга берадилар ва етги ёшида Қуръонни тўла хатм қилади [10]. Мавлоно Чустийнинг маноқибида баён этилишича, Махдуми Аъзам Мавлоно Лутфуллоҳ Чустийга пирлик ҳуқуқини ёзиб берган. Унда қуйидаги жумлалар бор: “Жаннатмаоб ва камолот иқтисоб тошкандлик, паркатлик, пискатлик, ахсикатлик бошқа ерлик биродарлар! Ўз қадрлари ва тавфиқлари билан билиб қўйсинларким, шу пайтларда жаноби диний биродар ва яқин дўст, шариат ва тариқат йўлидаги солик, ҳақиқат ошиёнининг беландпарвоз лочини Мавлоно Лутфуллоҳ ҳисобланади. Чунки у пешқадам ёронлардандир. Ёронлардан тобеъ бўлиш сўралади, ул зот олдида одоб сакдансин! Чунонки дебдурлар: “Адаб пеши ёри пешқадам аз жумлаи лавозим аст”, Яъни пешқадам ёрларнинг қошида одоб сақлаш лозим нарсалар жумласидандир. Бас, барча ёронлар, биродарларга вожибдурким, у киши олдида адабни ўрнига қўйсинлар, яхши суҳбатлар ўтказсинларки, тариқатда бўлмаган одам эшитса таъсирлансин ва тариқатга кирсин!…

Ал-фақир ал-ҳақир Аҳмад ал-Косоний” [5: 45]. Бу мактуб ёзилгач, орадан 15 кундан сўнг Махдуми Аъзам оламдан ўтади. Демак, бу ҳодиса 1542 йилда рўй берган. Шундан сўнг, Лутфуллоҳ Чустий нақшбандия тариқатининг Махдуми Аъзамдан кейинги йирик вакили бўлиб тарихга кирган. У Махдуми Аъзамнинг илтимосига биноан Хожа Исҳоқ Валига устозлик ва раҳнамолик қилган.

Хожа Исҳоқ Вали ҳақида гап борганда тадқиқотчилар уни фавқулодий қобилиятлар соҳиби, Нақшбандия тариқатининг изчил ҳимоячиси, ислом дини тараққиётига, ислом цивилизацияси тараққиётига беназир ҳисса қўшган йирик жамоат ва сиёсий арбоб сифатида тилга олишади. У нақшбандия таълимотини умумжаҳон гуманистик маърифий ҳаракат даражасига олиб чиққан.

Нақшбандия тариқатининг Даҳбед мактаби вакилларидан яна бири Махдуми Аъзамнинг катта ўғли Муҳаммад Аминхожа (Хожаи Калон) (1497-1579). Куняси Абу Муҳаммад. Манбаларда Махдуми Аъзам ўзининг катта ўғли Муҳаммад Аминга пирлик иршодини ёшлигидан берган, деган маълумотлар учрайди.

(Тариқат тарихида Муҳаммад Аминнинг икки ўғли Ҳошимхожа Даҳбедда ва Солиҳхожа Балхда тариқат илмини давом эттиришган деган маълумотлар бор [4]. Унинг кенжа ўғли Хожа Юсуф (ваф.1640) эса амакиси Хожа Исҳоқ Вали фарзандлари билан Шарқий Туркистонда фаолият олиб борган). Аммо Махдуми Аъзам вафотидан кейин ҳам тариқатга раҳбарлик қилишни Муҳаммад Амин ўз зиммасига олмайди ва нақшбандия тариқати раҳбарлигини Жўйбори ҳожилардан бирига беришни талаб қилади ва Муҳаммад Аминхожа нақшбандия арконларини ривожлантириш вазифасини Хожа Исломга топширади.

Хожа Ислом Жўйборий (1493-1563) нақшбандия тариқати арконларини мамлакатни адолатли бошқариш ва юртни ободонлаштириш ишларига йўналтиради. У мамлакатни ҳар тарафлама гуллатиб яшнатиш ишларига бош-қош бўлган, мадрасаларни таъмирлаш, бозорларни тартибга келтириш, аҳолини чучук сув билан таъминлашни йўлга қўяди ва Бухоро шаҳридан олти километр четда жойлашган Чор Бакр зиёратгоҳи меъморчилик ансамблини қурдирган. Бу зиёратгоҳ тўртта авлиё Абу Бакр Саъд (ваф. 970 й.), Абу Бакр Ҳомид (ваф. 937 й.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (ваф. 991 й.), Абу Бакр Тархон (ваф. 945 й.) шарофатлари билан уларнинг мақбаралари устида бунёд этилади.

Даҳбед мактабининг яна бир намояндаси Хожа Ҳошим Даҳбедий (ваф.1642), Муҳаммад Аминнинг ўғли, Махдуми Аъзамнинг невараси. У Марказий Осиё-да машҳур бўлган саркарда Ялангтўш Баҳодирнинг (1578-1656) пири-муршиди бўлган. Хожа Ҳошимнинг рағбати билан Ялангтўш Баҳодир Самарқанд шаҳрида ва Даҳбедда мадрасалар, хонақоҳлар қурдиради. Жумладан, Улуғбек мадрасаси рўпарасида Шердор мадрасасини (1616), уларнинг ўртасида Тиллакори мадрасасини (1618), Даҳбедда 1618 йили [1: 50]. Махдуми Аъзам масжиди ва хонақоҳини қурдиради. Мақсуд Бухорийнинг “Равойиҳ-ул-қудс” [10] асарида Хожа Ҳошимга “Ҳазрати Хожа Ҳошим мартабада Ҳазрати Ғавсул Аъзам билан, соҳиби мақоматликда Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд билан бир ўринда турадилар” – деб таъкидлаган.

Нақшбандия тариқатининг Даҳбед мактабига мансуб тариқатчилар бутун Маказий Осиё, Хуросон ва Ҳиндистонда тариқатчилик ғояларини ёйишган.

Муҳаммад Аминнинг кенжа ўғли Хожа Юсуф, Хожа Исҳоқ Валининг Хожа Муҳаммад Яҳё (ваф. 1645) (Хожа Шоди номи билан машҳур) [6: 6] ўғли Шарқий Туркис-тоннинг Қоратоғ ва Ёркент ҳудудларида фаолият олиб боришган.

Айрим тадқиқотчилар хожаисҳоқийлар ва хожакалонийларнинг Шарқий Туркистондаги тариқатчилик фаолиятини тож тахт талашишлар деб талқин этишади. Аслида, уларнинг фаолиятини мазкур ҳудуддаги ҳукмдорларнинг ўзаро тортишувлари билан аралаштириб юборишади. Тариқат намояндалари нақшбандия тариқати тамойилларига садоқатли бўлишган. Улар мамлакат ободлиги, халқ фаровонлиги, мусулмонларнинг ўзаро аҳиллигини таъминлаш йўлида жон куйдиришган. Муҳаммад Амин (Хожаи Калон) билан Хожа Исҳоқ Вали ўртасида ака-укалик меҳр-муҳаббати кучли бўлган ва улар бу муносабатни мустаҳкам сақлашни ўз фарзандларига ҳам қатъий сингдиришган. Аммо айрим ҳокимиятпараст кучлар ўз мавқеларини мустаҳкамлаш мақсадида ака-укалар, қариндош-уруғлар орасига нифоқ солишга ҳаракат қилишган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Каттаев К. Махдуми Аъзам ва Даҳбед. Самарқанд: Суғдиён, 1994.
  2. Каттаев К. Махдуми Аъзам тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати (Таърихи Махдуми Аъзамия ва тариқи комилони Даҳбедия). Самарқанд, 2011.
  3. Мирза Муҳаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. Отв.ред. д.ист.н. А.Урунбаев. Т.: Фан, 1996. С.284.
  4. Муҳаммад Доро Шукуҳ Ханафий ал-Қодирий. – Лакхнав, ҳиж. 1328.
  5. Муҳаммад Муфти Оҳангароний. Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби. – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғараси нашриёти, 2002.
  6. Саид Назар Хожа Хўқандий. Қалбларнинг зиёси. Хожа Исҳоқи Валий маноқиби. – Т.: Наврўз, 2014.
  7. Тураев Б.О. Махдуми Аъзам – мутафаккир. Самарқанд: ИБХМ нашриёти, Тафаккур, 2013.
  8. Хожа Аҳрор Вали нақшбандия сулукини Яъқуб Чархий(ваф.1447)дан олган.
  9. arm.tersu.uz/…/Mavlono%20Lutfulloh%20Manoqibi.pdf
  10. http://makhdumi-azam.uz/chairman/rarity_books/7-ravoyih-ul-quds
Бахтиёр ТУРАЕВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …