Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳиндистон Фиқҳ академияси Бош котиби Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди

Ҳиндистон Фиқҳ академияси Бош котиби Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди

Айни кунларда Ҳанафий мазҳаби фиқҳи бўйича замонамизнинг етук уламолардан бири Ҳиндистон Фиқҳ академияси Бош котиби, Ҳайдарободдаги ислом институти ректори Мавлоно Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний бошчилигидаги уламолар жамоаси юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Мавлоно Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний ҳазратлари 11 март куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Ташриф аввалида меҳмонлар муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Аждодларимизга муносиб эҳтиром рамзи сифатида бунёд этилган муаззам мажмуа меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.

Шундан сўнг ҳиндистонлик уламолар жамоаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабида бўлиб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Талабалар билан суҳбатда бўлди.

Мактаб ректори О.Юсупов меҳмонларга таълим муассасасининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, дарс жараёнлари хусусида сўзлаб берди. Талабаларни ўқишга қабул қилиш тизими ва ўқув режалари дунёнинг етакчи таълим муассасалари ва ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан алоҳида эътироф этилганини таъкидлади. Ўқув жараёнида қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистонда кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг бебаҳо меросини ўрганиш, шу асосда ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш ва буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни, бу ерда ўқитувчи ва талабалар учун яратилган шароитларни юқори баҳолашди.

Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Check Also

“Турк абруси тарихи”

2024 йил 22 май куни соат 10:00 да  Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий …