Home / МАҚОЛАЛАР / Тасаввуф ва фақиҳ алломалари шаҳри

Тасаввуф ва фақиҳ алломалари шаҳри

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) маданият вазирларининг 9-анжумани қарорига кўра, 2020 йилда Бухоро (Ўзбекистон), Миср Қоҳира (Миср), Бамако (Мали) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди. Мазкур нуфузли ташкилот томонидан Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва ундан чиққан олимларнинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасининг яна бир бор тасдиғидир. Аслида Бухорои шариф бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган, десак ҳам муболаға бўлмайди. Унинг тарихда “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) ҳар йили 3 та шаҳарни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилади. Уларнинг бири Араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон мамлакатлар орасидан танланади. 2007 йил мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳри худди шу номга сазовор бўлган эди.

Қадимги шаҳар-давлатчилик анъаналарига назар ташлайдиган бўлсак, шаҳарларнинг давлатчилик бўлишига асосий омиллардан бири – уларнинг мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги билан ҳамдир. Бухоро воҳасининг аҳолиси ҳам чўл ерларда яшовчи кўчманчи-чорвачи қабилаларни босқинчилик ҳужумларидан сақлаш мақсадида воҳа атрофини мустаҳкам девор билан ўраган.

Бухородаги бу девор харобалари ҳозиргача сақланиб қолган. У маҳаллий халқ орасида “Канпирак”, “Кампирдевор”, “Девори Канпирак” каби номлар билан аталган.

Тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида бундай ёзади: “Бухоро амири бўлиб турган Муҳтадий ибн Ҳаммод деворни қуришга, ҳар бир фарсанг (масофа)да бир дарвоза қуришга ва ҳар ярим мил (масофа)да биттадан мустаҳкам минора кўтаришга буюради. Бухоро қозиси Саъд ибн Халоф Бухорий бу ишга муттасадди этиб тайинланади. Ниҳоят, девор 830 йили Муҳаммад ибн Ҳалжод ибн Варақнинг даврида битказиб тугатилади”.

Бухоронинг Ислом маъданияти пойтахти деб эълон қилиниши улкан тарихий-маданий ва сиёсий воқеадир. Зеро, Бухорои шариф ҳақиқатдан ҳам бундай шарафга муносиблиги борасида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бухоро азалдан минтақамиз тарихида муҳим ўрин тутган, жаҳон динлари туташган марказлардан бири бўлиб келган. Айниқса, Ислом тамаддуни тарихидаги ўрни беқиёсдир. Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилишини, у ерда етишиб чиққан забардаст алломаларнинг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасининг тасдиғи сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Ҳолбуки, буюк аждодларимизнинг илм-фан ва маданиятнинг кўплаб соҳалари тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини дунё тан олган. Биргина Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг дунё мусулмонларига тақдим этган “Саҳиҳул Бухорий” асари уламолар томонидан Қуръондан кейинги иккинчи манба сифатида тан олинган. Жумладан, Бухорои шарифда етти номи билан боғлиқ улуғ мутасаввиф зотларнинг ўтганлиги ҳам мазкур шаҳарнинг шарафини янада зиёда этиб турибди. Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103–1179), Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитоний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Ҳазрати Саййид Муҳаммад Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунёуд-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин каби валий зотларнинг номларини санар эканмиз, дунё тамаддунида улар танлаган йўлнинг нақадар беқиёслигига амин бўламиз. Биргина Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома” асаридаги ўгитлар ҳозиргача мусулмонлар учун юксак тавсия бўлиб келмоқда. Асарда жумладан, шундай дейилади:

* Эй, фарзанд! Мен сенга барча ҳолатларда илм, адаб ва тақвода бўлишингни васият қиламан!

* Ўтган уламоларнинг изидан юришинг лозим. Аҳли сунна ва жамоанинг мулозими бўл!

* Фиқҳ ва ҳадис ўрган!

* Жоҳил сўфилардан эҳтиёт бўл!

* Ҳаргиз машҳурликни талаб қилма! Чунки, шуҳратда офат бор!

* Бирор мансабга қаттиқ боғланиб қолма!

* Доимо номинг йўқ (гумном, яъни номинг кўп ҳам чиқавермасин! бўлсин! Камтарин бўл!).

* Cамоъ (рақсли зикр) бўлаётган жойда кўп бўлма. Чунки, самоъда мунофиқлик юзага келади. Кўп самоъ дилни ўлдиради. Уни инкор ҳам қилма. Чунки, самоънинг ҳам ўз эгалари бор.

* Кам гапир, кам еб-ич ва кам ухла!

* Ҳалолдан егин, шубҳали емишлардан сақлан!

* Иложи борича уйланаверма, у ҳолда, мол-дунё талабкори бўлиб қоласан.

* Мол-дунё талабида динингни барбод қилма!

* Кўп кулма! Қаҳқаҳа хандасидан узоқ бўл! Кўп кулгу дилни ўлдиради.

 Ёйинки, Бухоро алломалари қаторида фиқҳ илмида юксак мақомдаги асарлар таълиф этган Садруш шариълар силсиласини зикр этиш мумкин. Ҳозиргача, мадрасаларда дарслик қилиб ўқитилаётган “Мухтасарул виқоя” китоби ва унинг шарҳи муаллифи Убайдуллоҳ ибн Масъуд каби алломаларнинг номини тилга олмасдан иложимиз йўқ. Мазкур аллома Содруш шариъа силсиласидан бўлиб, манбаларда унинг бобоси, катта боболарини Бурҳонуш шариъа, Тожуш шариъа каби унвонлар билан номлангани қайд этилади. Бу ҳақда Садруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд “Ниқоя”нинг муқаддимасида шундай ёзади: “Аллоҳга кучли воситани васила қилувчи камина Убайдуллоҳ Садруш шариъа ибн Масъуд ибн Тожуш шариаъ айтаман: “Бобом, хожам раббоний олим, омили самадоний, Бурҳонуш шариъа вал ҳақ вад дин Маҳмуд ибн Садруш шариъа (у кишини Аллоҳ мен ва бошқа мусулмонлар номидан энг яхши мукофот билан сийласин) мен ёдлашим учун “Виқоятур ривоя фи масоилил ҳидоя” китобини ёзди…”

Бухоро заминидан етишиб чиққан мазкур алломалар силсиласи, фиқҳий ишончли манбалардан бири бўлган “Виқоя” китобининг муаллифлари ҳисобланади. Шундай экан, қадимги Бухорои шариф Ислом олами маданияти пойтахти деган шарафли унвонга бир неча марталаб ҳақли, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган ўндан ортиқ олий ва ўрта махсус билим юртларидан, Мир Араб олий, Мир Араб ўрта махсус ва Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус мадрасаси ҳам айнан Бухоро шаҳрида жойлашган. Иншоаллоҳ, яқин келажакда мазкур заминдан яна кўплаб фақиҳ ва тасаввуф илми тадқиқотчилари, буюк аждотларимизнинг муносиб ворислари бўлиб, дунё маданияти тамаддунига ҳисса қўшадиган олиму мураббиялар етишиб чиқишидан умид қиламиз.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …