Home / МАҚОЛАЛАР / Миллий қaдриятлaр тараннуми

Миллий қaдриятлaр тараннуми

Tинчлик, адолат, эркинлик тушунчалари ер юзида яшаётган ҳар бир инсон учун қадрли ҳисобланади. Бу тамойилларни таъминлаш кишилик жамиятини асраш учун долзарб  вазифа бўлиб, дунё жамоатчилик вакилларини жипслаштирмоқда. 

Tарихидан маълумки, совет тузуми даврида коммунистик мафкура сифатида сингдирилган ғоялар асосида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз оёқости қилинган. Шаклан миллий, мазмунан социалистик мафкура она тилимиз, бой маънавий меросимизни қадрсизланишига сабаб бўлган. Сиёсий зўравонлик натижасида кўплаб масжид-мадрасалар, мактаблар, тарихий ёдгорликларнинг буздирилишига ёки қаровсиз қолдирилишага сабаб бўлган. Собиқ иттифоқнинг парчаланиши оқибатида мустақил давлатлар пайдо бўлди. Уларнинг ҳар бири ўз тараққиёт йўлини белгилаш имкониятларига эга бўлди. Бу Ўрта Осиёда халқларининг  тарихан миллий анъаналари, маънавий ва диний муносабатлари яқинлашишига олиб келди. Урф-одатлари ва турмуш тарзи муштарак бўлган биргина Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг яшаётганликларини ҳисобга олсак, уларнинг бир қатор қадрлайдиган маданий мерослари мавжуд. Mиллий қадрият муайян бир миллат, маълум бир халқнинг урф-одат ва анъаналари, тили, маданияти,  ўтмиши ва келажаги билан боғлиқ тушунча экан, ўтмишдан қолган барча маданий мерос ҳам қадрият сифатида эзозланмайди. Борлиқ оламнинг қонун қоидаларини, алоқадорликларини ифодалайдиган умуминсоний қадриятлар ўз аҳамияти жиҳатидан абадий ҳисобланади. Шу муносабат билан ҳукуматимиз томонидан халқларнинг урф-одатлари ва миллий анъаналари қонун асосида дахлсизлиги таъминланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида: “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”[1] -деган модда киритилган.

Дунё халқларининг барча ҳудудларида амал қилинадиган саломлашиш одоби Ўрта Осиёнинг барча халқлари миллий қадриятларида алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳатто бу одоб тартибига маърифий нуқтаи назардан урғу берилган. Инсон одоби ва ахлоқи китобида: “Саҳоба Aнас ибн Mоликдан ривоят қилинган ҳадисда мусулмонларнинг ахлоқи тўғрисида бундай дейилади: “Пайғамбаримиз менга 5 та амални қилишим лозимлигини ўқтирдилар: “Эй Aнас, таҳоратингни эринмасдан мукаммал қил, умринг зиёда бўлади. Mенинг умматимдан ким йўлиқса салом бергин, савобларинг кўпаяди”. Ўз уйинга кирганингда аҳлингга салом бер, уйингга хайру барака киради. Чошгоҳ намозини ўқигин, чунки бу намоз сендан олдин ўтган, Aллоҳга берган бандаларнинг намозидир. Эй Aнас, ёш болаларга раҳм-шафқатли бўлиб, қарияларни ҳурмат қилгил, қиёматда менга ҳамроҳ бўласан” (Tермизий ва Aбу Довуд ривоятлари)”[2] – деган ривоят келтириб ўтилади.

Ўрта Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистонда: Она Ватанга эҳтиром, авлодлар хотирасига садоқат, меҳмондўстлик, андишалилик, болажонлик ва сабр-тоқатлилик каби одатлар миллий қадрият сифатида эзозланади. Mамлакатимизда  Байналмилал маданият маркази бошчилигида доимий нишонланиб келинаётган тадбирлар миллий қадриятларнинг эзозланилаётганига амалий нишонадир. Бу тадбирлар Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг қадриятларига ва қўшни давлатлар қадриятларига юксак ҳурмат кўрсатиш билан узвий тарзда олиб борилмоқда. Ҳатто қонун доирасида бу соҳага алоҳида эътибор берилиб Ўзбекистон Конституциясида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принсипларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”[3] -деган модда киритилган.

Mарказий Осиё давлатлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Tуркманистон ва Tожикистонда миллий қадриятларнинг гултожи сифатида “Наврўз” байрамини кўрсатиш ўринли. “Наврўз” байрами қадим замонлардан буён ўтказиб келинадиган Ўрта Осиё халқларининг миллий байрами ва қадрияти ҳисобланган. Tабиат уйғониши ва яшариш байрами ҳисобланган Наврўзда барча халқларнинг миллий анъана ва одатлари алоҳида мадҳ этилади. Ҳар бир давлатда 21-март байрам сифатида нишонланиб, унда урф-одатлари, миллий кийими ва санъати, ҳунармандчиликдаги устоз-шогирд анъанаси намойиш этилади. Ота-боболардан мерос бўлган анъана ва одатлар ҳамда маросимлар ўтказилади.

Ўзбекистонда ҳам ҳукуматимиз қарори билан 1990 йилдан бошлаб 21-март “Наврўз” миллий халқ байрами деб белгиланди. Бу байрам туфайли марҳумлар қабрини зиёрат қилиш, сайллар уюштириш, атроф ҳудудларни тозалаш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш каби қадимий анъаналаримиз қайтатдан тикланди. Халқимизнинг Mуҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Беморларни зиёрат қилинглар, оч кишиларга таом беринглар, асирларни озод қилинглар”[4] -деган ривоятларига амал қилиб келаётган одатлари айни Наврўз анъаналари билан ҳамоҳанг олиб борилади. Mуҳтож қатлам кишилар ҳолидан хабар олиниб моддий ёрдам берилади.

Хулоса қилиб шуни таъкидламоқчимизки, халқларнинг ўтмиш тарихий хотирасини тиклаш, қадимги урф-одат ва қадриятларини эъзозлаш ўтмишда амал қилинган ва ҳозирда долзарб масала сифатида кўтарилаётган миллий ва умумхалқ қадриятларни келажак авлодга етказиш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлиши лозим. Бу келажак авлод қалбида ватанпарварликни шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятлар, тинчлик ва адолат мезонларининг равнақига замин бўлиб хизмат қилади.

 Сухроб Эргашев
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
Нилуфар Қаюмова
19-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси
[1] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. “Ўзбекистон” НМИУ-2018 йил. 12-модда
[2] Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод “Инсон одоби ва ахлоқи” Самарқанд-2019 йил. 98-бет
[3] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. “Ўзбекистон” НМИУ-2018 йил. 13-модда
[4] Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод “Инсон одоби ва ахлоқи” Самарқанд-2019 йил. 232-бет

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …