Home / ЯНГИЛИКЛАР / Цивилизациялараро мулоқот ҳамкорлик ва тотувликка хизмат қилади

Цивилизациялараро мулоқот ҳамкорлик ва тотувликка хизмат қилади

Тошкент шаҳрида 21 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, “Конрад Аденауэр” жамғармасининг (Германия) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Анжуманда юртимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Илмий-амалий семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда цивилизациялараро муносабатлардаги муаммоларни баҳолаш ва танқидий таҳлил қилиш, асосий, жорий, қисқа ва узоқ муддатли мақсадларни аниқлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишдан иборат.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Бош маслаҳатчиси Бахтиёр Тўраев иштирок этди.

Марказ раҳбари ўз нутқида халқлар ва давлатлар ўртасида интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган бугунги шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги барча мамлакатлар учун долзарб масала эканини таъкидлади.

– Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси шу мавзуни чуқур идрок этган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Илмий ходимлар бу йўналишдаги тадқиқотларни янада фаоллаштириш ва рағбатлантириш доимо эътибор марказида бўлиши керак, деб ҳисоблайди, – деди Ш.Зиёдов.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …