Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони карим барча замон муаммоларига ечимдир

Қуръони карим барча замон муаммоларига ечимдир

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё ва охират саодатига элтувчи муқаддас каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олиб, умматларига омонат ила етказганлар, уни ҳаётга татбиқ этиб кўрсатганлар. Муқаддас Ислом динининг асл эзгу ғояси доимо инсоният манфаати ва жамият фойдаси учун хизмат қилиб келган. Ислом динига фақат чиройли сўз ва ҳикмат билан тарғиб этилиши Қуръони каримнинг қуйидаги оятида батафсил баён қилинган: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала – мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур[1].

Зотан Ислом динининг ўзи воқелик динидир. Аллоҳ таоло уни хаёл учун эмас, воқеликда яшаш учун юборгандир. Ўша динга Аллоҳ таоло фариштани эмас, ҳаётда ҳамма танийдиган, бошқалар каби инсоний сифатларга эга бўлган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб танлади. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу шароитда пайғамбарлик қилишлари ҳақиқий мўъжиза эди. Агар у зот фаришта ёки ғайриоддий шахс бўлганларида одамлар “Бу фаришта бўлгани ёки ғайриоддий бўлгани учун Аллоҳ таолонинг амрларини бажармоқда, биз эса оддий одаммиз “, деб баҳона топган бўлар эдилар.

Ўша диннинг муқаддас дастури бўлган Қуръони карим ҳам воқеликдаги китоб бўлиши лозим эди. Агар бу китоб хаёл аралаш, осмонда турадиган китоб бўлганида, одамлар унга амал қилмаслик учун баҳона топар эдилар. Қуръони каримнинг сифатларидан бири “Фурқон” бўлиб, фарқловчи, ажратувчи деган маъноларни англатади. Чунки у ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни фарқлаб, ажратиб берган Китобдир. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур[2].

Ушбу ояти каримада зикр қилинган “нур”дан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини, “ойдин Китоб”дан мурод эса Қуръони каримдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир. Қуръони каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида унинг ойдин Китоб эканини тушунадилар. Асрлар, йиллар, ойлар ва кунлар ўтиши билан Қуръони каримнинг илоҳий мўъжизалиги тобора аёнлашиб бормоқда. Бунга илм фаннинг ривожи сабаб бўлмоқда. Кўпгина илм эгалари иймонга келиб, Исломни қабул этмоқдалар. Улар “Нима учун мусулмон бўлдингиз?” деган саволга “Қуръонни ўқиб чиқиб, “Бундай Китобни Аллоҳнинг ўзи яратмаса, инсон зоти тўқиб чиқара олмайди”, деган фикрга келдим ва мусулмон бўлдим”, деб жавоб бермоқдалар. Аммо қадимда бўлганидек, ҳозир ҳам кўпчилик бу илоҳий Китобни ўқимай ёки уни инсоф билан ўрганмай туриб, инкор қиладилар. У ҳақида турли бўлмағур гаплар айтадилар. Ўша ойдин Китоб – Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз розилигини истаб, мусулмон бўлган бандаларини тинчлик йўлларига бошлайди.

Қуръони карим туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи, оиласи, шаҳар – қишлоғи, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади. Яъни қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади. Низом шундай. Тинчлик ҳукм сурмоқдами, демак, барча нарса ўз ўрнида амалга оширилади. Барча бахтли ҳаёт кечиради. Фақат мусулмон бўлган, Аллоҳнинг розилигини истаган бандаларгина Аллоҳ тамонидан тинчликнинг барча йўлларига ҳидоят қилинадилар. Шунинг учун ҳам инсоният ҳақиқий тинчликни ҳоҳлайдиган бўлса, мусулмон бўлиши шартдир. Тинчликнинг қанчалар буюк неъмат эканини ҳис қилиш учун ушбу неъматларни бой бериб қўйган халқларнинг аҳволига ибрат кўзи билан биргина қараб қўйишнинг ўзи кифоя.

Қуръони карим йўлидан бошқа ҳар қандай йўл, қайси ном билан аталишидан қатъий назар зулматдир. Ким Қуръони каримдан бошқа йўлни ихтиёр қилса, нурни қўйиб, зулматни ихтиёр этган бўлади. Оқибатда адашувга ва хасоратга юрган бўлади. Қуръони карим ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамликка тарғиб қилиш баробарида зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди. Шулар қатори Қуръони каримда терроризм ва оммавий қирғин ҳам таъқиқланган. Ислом дини бундай ҳатти-ҳаракатларни кескин қоралайди. Аллоҳ таолонинг мазкур таъқиқи Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади[3].

Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун нафақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан ҳам узоқ бўлмоғи лозим. Диндан дунёвий мақсад учун фойдаланиш, дин ниқоби остида динга ёт бўлган ишларни амалга ошириш аслида динда бўлмаганларнинг ишидир. Бу ишлари орқали улар одамларни диндан бездириб, бошқаларнинг мусулмонларга салбий назар билан қарашига сабаб бўладилар. Бугунги кунда баъзи бир мутассиб оқим вакиллари динни ўзларича талқин қилиб, фирқаларга бўлиниб, мусулмонлар орасида қанчдан-қанча кўнгилсизликлар келтириб чиқарганликлари барчага маълум.

Хулоса қилиб айтганда, Қуръони карим ҳар бир жамиятга ва ҳар бир замонга муносиб келишининг асосий сабабларидан бири – у инсон табиатини тўла қамраб олганлигидан халқимизни Қуръон карим таълимоти билан хулқлантирмоғимиз зарурдир.

О.Баҳриев
Қуръоншунослик бўлими илмий ходими
[1] Наҳл, 125.
[2] Моида, 16.
[3] Моида, 32

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …