Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда мазҳабларнинг юзага келиши

Исломда мазҳабларнинг юзага келиши

Исломда мазҳабларнинг юзага келиши бевосита фиқҳ тарихи билан боғлиқ. “Фиқҳ” сўзи луғатда “чуқур тушуниш”, “идрок этиш”, “билиш” маъноларини билдиради. Истилоҳий маънода эса “фиқҳ” – шариат ҳукмларини ўрганиш, шариат қоидаларини барча қисмлари билан англаш ҳамда қайси мақсадда ишлаб чиқарилганини тушуниш ва ўзлаштирилган ушбу илмни амалга татбиқ этиш демакдир. Яна бир таърифда: “Фиқҳ – бу Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали нозил қилган шариатни теран англамоқдир”, дейилган. Фиқҳнинг асосий манбаси: Қуръон, суннат, ижмо ва қиёс.

  1. Қуръони карим. Бу Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган китобидир. Ҳар бир фақиҳ бирор нарсанинг ҳукми қандай эканини билмоқчи бўлса, аввало, Қуръонга мурожаат қилади. Ундаги мавжуд ҳукмни ҳеч иккиланмай қабул қилади.
  2. Суннат. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган ишлари ва тақрирларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида биров бирон ишни қилган бўлса ва унга эътироз билдирмаган бўлсалар, “тақрир” дейилади.
  3. Ижмо. Бир даврда яшаб ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг муайян масалани якдиллик ила қабул қилишига “ижмо” дейилади.
  4. Қиёс. Бирон бир масаланинг жавоби топилмаса, уни ўзига ўхшаш бўлган ҳамда Қуръон ва ҳадисда ечими аниқ баён қилинган масалага солиштириш орқали ҳукм чиқариш қиёс деб аталади.

Тарихга назар соладиган бўлсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида инсонларда бирор ҳукм борасида саволлар пайдо бўлса, у зотга мурожаат қилар эдилар.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу саволларга жавоб берар экан, юзага келган масалаларни қандай ҳал қилиш йўлини ўз саҳобаларига таълим берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганида ундан сўради: “Агар сен бирор масалани ҳал этишинг лозим бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” Муоз: “Аллоҳнинг китоби ила ҳукм чиқараман” деди.

  • Аллоҳнинг китобидан ҳукм топа олмасанг-чи?
  • Расулуллоҳнинг суннати ила ҳукм чиқараман.
  • Расулуллоҳнинг суннатидан ҳам топа олмасангчи?
  • Масалани ҳал этиш учун ўз раъйим – тафаккурим билан бор салоҳиятимни ишга солиб ҳаракат қиламан, лекин тўхтаб қолмайман.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳ элчисини Аллоҳ ва унинг расули рози бўладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”, деди. Мазкур ҳадисдан билиш мумкинки, илк ислом даврида фиқҳ илмига тарғиб ва ташвиқ қилинган. Ислом шариатида масалалар асосий шаръий манбалар бўлмиш Қуръон ва ҳадис асосида, агар бу икки манбада жавоб очиқ баён қилинмаган бўлса, унда раъй ва ижмо, яъни тафаккур ва кўпчилик фақиҳларнинг биргаликда якдиллик билан қабул қилган қарори орқали ҳал этилишига эътибор қаратиш зарур.

Саҳобалар бир шаҳарда фаолият юритмай, турли ўлкаларга тарқалиб кетганлар. Оқибатда фиқҳ илми ҳам турли ўлкалар шароитида, турлича тараққий этган. Шариатнинг асосий манбаларида аниқ баён қилинган масалаларда барча фақиҳлар якдил бўлганлар. Лекин раъй ва қиёс орқали ҳукм чиқарганда, албатта, бири-биридан олисда, турли иқлим ва шароитларда фаолият юритган фақиҳларнинг чиқарган фатволари фарқли бўлиши табиий.

Саҳобалардан кейин уларнинг издошлари бўлмиш тобеинлар даврида ҳам фиқҳ илми ривож топди. Айнан шу даврда турли ўлкаларда илк фиқҳ мактаблари юзага келди. Бу ўз навбатида, ислом динида бир қанча фиқҳий мазҳабларнинг шаклланишига олиб келди.  

Ислом дини тарқалган ҳудуд кенгайиб, турли миллатлар ва халқлар шу динни қабул қилганларидан сўнг уни ўз ҳаёт тарзига айлантирдилар. Диний масалаларни ҳал қилиш мақсадида мусулмон олимлар катта хизмат қилишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин у кишининг ишини халифалар, саҳобийлар, сўнг тобеинлар давом эттирдилар. Пайғамбардан кейин у кишининг ишини сунна асосида давом эттирганлар “суннийлар” ёки “аҳли сунна вал жамоа” номини олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бирор масала юзасидан савол пайдо бўлса, одамлар дарҳол шу ҳолатни пайғамбарга этказиб, ўзларига аниқ жавоб олганлар. Шунинг учун бу даврда ихтилофлар бўлмаган. Саҳобийлар ҳам бирор ихтилофли масалаларга дуч келганларида ишни маслаҳат билан ҳал қилинган. Аммо саҳобийлар даври тугаб бориши натижасида мусулмонлар орасида турли ихтилофлар кўпайди.

VIII асрга келиб мусулмонлар орасида шариатнинг турли масалаларни мустақил эчиб бера оладиган олимлар чиқа бошлади. Улар турли фиқҳий масалаларни ҳал қилишда Қуръон оятлари ва ҳадисларни шарҳлаб, шу билан бирга саҳобийларнинг қилган ишларини мукаммал ўрганиб, ўшалар асосида ҳукмлар чиқариб берганлар. Ушбу фақиҳ олимлар атрофида шогирдлари кўпайиб, уларнинг қарашларини ёзиб, оммалаштирганлар. Тўртинчи ҳижрий асргача кўплаб мужтаҳидлар фаолият олиб борган, ҳар бирининг ўзига хос услуби, йўналиши бўлган ва кўпларининг ўз мазҳаблари бўлган. Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзининг “ал-Мийзан аш-шаърония” асарида йигирмага яқин саҳобалар ҳамда тобеинларнинг ўз мазҳаблари бўлганлигини зикр қилган. Ушбу мужтаҳидлар асос солган мазҳабларнинг ҳаммаси ҳам ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан муайян омилларга кўра бу мазҳабларнинг орасидан тўрт мазҳаб ажралиб чиқди. Бизнингча тўрт мазҳаб сақланиб қолишининг сабаби бу мазҳабларнинг таълимоти бошқа мазҳаблардан кучлироқ экани эмас, балки тўрт мазҳаб юқоридаги ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир. Масалан, ҳанафий мазҳабининг шаклланишида Абдуллоҳ ибн Масъуд мазҳабининг таъсири кўзга ташланади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд Куфада асос солган фиқҳий мактабни унинг шогирди Алқама давом эттирди. Алқамадан Иброҳим Нахаъий, ундан эса Ҳаммод ибн Аби Сулаймон фиқҳ илмини ўрганган. Ҳаммод ибн Аби Сулаймоннинг энг яқин ва асосий шогирди бўлиб, Имоми Аъзам танилди. Имоми Аъзам фиқҳ илмини ўрганган устозлари қаторида Умар ибн Хаттоб издошларини зикр этган. Демак, Абу Ҳанифа мазҳаби ўзида Ибн Умар мазҳабини ҳам акс эттирган деган хулосага келиш ўринли.[1]

 “Мазҳаб” арабча сўз бўлиб, “йўналиш”, “йўл”, “диний таълимот” маъноларини билдиради. Ислом шариати ва ақидасининг муайян бир тизимга солинган ҳолатдаги кўриниши мазҳаб дейилади. Кўриб ўтганимиздек, мазҳаблар фиқҳий ва ақидавий деган икки қисмга бўлинади. Фиқҳий мазҳаблар тўртта: ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий. Ақидавий мазҳаблар: мотуридийлик ва ашъарийликдир.

Фиқҳ билан чуқур шуғулланган олимлар фақиҳлар, яъни шариатнинг моҳиятини чуқур англаган ва бошқаларга тушунтириб бера оладиган (фиқҳ олими, ҳуқуқшунос) деб номланди. Булар орасида энг кўзга кўринган ва фиқҳий мазҳаби ҳозиргача этиб келган мужтаҳид олимлар қуйидагилардир: Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий, имом Молик ибн Анас Мадиний, имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал Шайбоний. Мазкур мазҳаблар, ақида нуқтаи назардан бир хил, фақат фиқҳий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Шунингдек, булар бир-бирини инкор этмайди, балки қўллаб-қувватлайди. Мазҳабларнинг мақсади диний манбалардаги матнларни кенг халқ оммасига осон тушунтириш бўлган ва бу билан оддий халқ ўз кундалик масалаларини тезда хал қилганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, динимизда мазҳаблар тўлиқ маънода бирдамликка, аҳлликка чақиради. Мазҳабсизлик, уни тан олмаслик ва унга амал қилмаслик оқибатида инсон тўғри йўлдан адашиб кетиш мумкинлигини англаш мумкин.

Машраб Хидиров
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] С.Саиджалолов. Исломдаги мазҳаблар ва оқимлар. Т.: 2012. Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. –Б. 23

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …